13:42 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон маҳаллий радиосидаги диний эшиттириш тўхтатилди

22.11.2005 21:51 msk

Алимардон Саидов

Андижондаги "Дийдор" радиосида ҳар жума куни эфирга узатиладиган "Жума сабоқлари" диний-маърифий дастури яқинда Андижон вилоят ҳокимлиги буйруғи билан ёпиб қўйилди. Одатда эшиттириш Қуръони Карим қироати билан Андижондаги етук уламолар, дин арбоблари иштирокида ўтарди.

Мутасаддиларнинг айтишларича, дастурнинг ёпилишига Андижон шаҳар "Девонабой" жомеъ масжиди бош имом хатиби Муҳаммад Содиқ қори Ҳошимжон қори ўғлининг “ножоиз” маърузаси сабаб бўлган. Муҳаммад Содиқ қорининг сўзларига кўра, у ўша эшиттиришда бенамозлик, бенамоз одамлар ҳақида маъруза қилган, фуқароларни намоз ўқишга, имон ва эътиқодга даъват этган.

Водий аҳолиси "Жума сабоқлари" дастурини севиб тинглар ва ҳар жума кутар эди. Дастурнинг ёпилиши тингловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Андижон шаҳрида яшовчи новвой Ҳакимжон Аслиддиновнинг айтишича, радиодаги ягона эшитиш мумкин бўлган дастур "Жума сабоқлари" эди.

- Мен ўша кунги эшиттиришни эшитгандим, - дейди Ҳакимжон Аслиддинов. - Ҳеч қандай сиёсатга қарши гап бўлмаган. Қори домла жуда тўғри гапларни гапирган эдилар. Менимча у кишининг бенамоз одамлар ҳақида айтган тагдор гаплари айрим намоз ўқимайдиган раҳбарларимизга тегиб кетган кўринади.

Ҳозирча Муҳаммад Содиқ қори матбуотга яқин йўлатилмаяпти. “Жума сабоқлари" дастури яна эфирга бериладими-йўқми?”, деган саволга "Дийдор" радиоси мутасаддиларидан ҳам, вилоят ҳокимлигидан ҳам тайинли жавоб олинмади.

"Дийдор" радиоси эшиттиришларини қўшни Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари аҳолиси ҳам FM - тўлқинларида тинглай олади.