16:28 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Аввал – хотиним ва қизимнинг қабрига” Журналист Дилмурод Сайид – турмада одамни нима синдириши мумкинлиги ҳақида

08.02.2018 23:31 msk

Фарғона

Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви даврида тизимга қарши бош кўтарган одамнинг омон қолишига бирор имконият йўқ эди. Бунга мисол тариқасида содир этмаган жиноятлар учун 12,5 йилга қамалган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Сайидни келтириш мумкин.

“Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг Тошкент вилояти бўлими фаоли оммавий ахборот воситалари республикада инсон ҳуқуқлари бузилиши мавзуларини қўрқмай ёритар, хусусан, расмийлар учун номақбул шахсларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ҳақида ёзарди.

2009 йилда Сайиднинг ўзи судланувчиларнинг қора курсисига ўтиришига тўғри келди. Товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича айблов бошидан охиригача сохталаштирилгани, гувоҳлар ўзлари олдин берган кўрсатмаларидан воз кечгани ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг иш фигурантларига нисбатан босим ўтказиш ҳолатларни аниқланганига қарамай суд ўша даврлар учун одатий бўлган ҳукмни чиқарди.

Мана энди ҳибсга олинганидан 9 йил ўтиб Дилмурод Сайид ниҳоят озодликка чиқди. “Фарғона” агентлигига интервьюда журналист қамоқда ўтириши тафсилотлари, сил дардига чалингани, озодликка чиқиш шартлари ва Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.

- Аҳволингиз қандай?

Дилмурод Сайид: Шунча йил ўтирган одам истаса-истамаса соғлиғини йўқотади, ҳеч бўлмаса бир қисмини. Менда ҳам шундай бўлди. Боз устига силга чалиндим, вазнимни йўқотдим, тишларим тўкилди... Асаблар, руҳий ҳолат ҳам талабга жавоб бермайди. Соғлиқ ҳақида анча нарсаларни гапириш мумкин.

- Аммо силга чалинганингизга анча бўлди, янги қамалганингизда.

Биринчи марта мени 1997 йилда қамашган ва 1998 йилдан сўнг номаълум сабабларга кўра мени тубзонага, силнинг очиқ формаси билан касалланган беморлар бор жойга жўнатишди. Кейин мени бошқа тубзонага кўчирдилар ва мана 20 йилдан бери мен сил касаллар ҳисобидаман.

- Дардингиз кучаймаяптими?

Йўқ, айни фурсатда кучаймаяпти, бироқ барибир кучимни олиб қўйяпти. Боз устига, тўрт йилга яқин давр мобайнида мен сил касаллар учун махсус колонияда ўтирдим, у ерда мени даволадилар, бу ҳақда мен 2010 йилда ёзганман, ўлимимни кутиб яшаётганим ҳақидаги мақолам ҳам чоп этилган. Бироқ барибир, сўнгги йилларда, бир неча бор изоляторларда ўтирганим, доимий назорат остида бўлганим, буларнинг ҳаммаси соғлиғимга таъсир қилмай қўймади.

- Ҳозир даволаниш ҳақида ўйлаяпсизми?

Албатта, мен даволанишни аниқ режалаб қўйдим, даволаниш керак, бусиз бўлмайди.

- Тушунарли, айтинчи сизнинг озод этилишингиз нималарга боғлиқ бўлди? Нима деб ўйлайсиз?

- Расмий ҳужжатларга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73 моддасига мувофиқ мен Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш бўйича озод қилиндим.

- Агар расмий ҳужжатларга қарамайдиган бўлсакчи? Унда сизнинг озод этилишингиз нималара боғлиқ?

Ўйлашимча, Ўзбекистонда ҳозир бўлаётган катта ўзгаришлар кўриниб турибди. Биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи кўплаб одамлар ва ташкилотлар катта ишларни амалга оширдилар. Агар уларни номма-ном санаб ўтадиган бўлсам, кўп вақт кетади.

– Яъни, сизнингча халқаро ташкилотларнинг аралашуви катта роль ўйнаган, шундайми?

Ҳа, албатта, улар тинмай курашиб келмоқда. Менгача кўплаб ҳамкасбларим чиқишди. Мана ёнимда Азамат Турғунов ўтирибди, мен уни жуда яхши танийман, биз кейин чиқдик. Бизга сунъий қоидабузарликлар қўлламай қўйишди, ҳаммасини олиб ташлашди биздан. Ўша куни, 19 январда бизни комиссияга олиб киришди. Биз билмагандик ҳам. Судга жўнатишди. 3 февраль куни суд мажлиси бўлиб ўтди ва бизни ўша куниёқ қўйиб юборишди.

– 19 январгача нима бўлганди?

- 19 январь куни бизни кутилмаганда штабга чақиришди ва олдинги қоидабузарликлар учун қўлланган жазоларнинг қонунийлигини кўриб чиқиш тўғрисида ариза ёзиш керак дейишди. Бунақа аризаларни 20 дан зиёд киши ёзди. Ана ўша куннинг ўзида бу аризалар комиссияга киритилди.

- Демак, очиққа чиқишингиздан олдин сизга тартиб бузиш - “нарушение режима” илиб қўйишган эканда?

Ҳа, 2017 йил 1 июлгача шундай бўлган. Биз ариза ёзишдан бош тортганмиз. Бунақа қоидабузарликлар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик актлар: амнистия, УДО қўлламаслик учун илинарди. Негаки, агар маҳкумда бунақа “нарушение”лардан бир-иккита бўлса, уни ашаддий қоидабузарга чиқарилар, уни тузалмайдиганлар тоифасига киритиб қўйишарди.

- УДО (муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш) бўйича озод қилишнинг шартлари қандай? Демак, сизга белгиланган жазодан уч ярим йил кам ўтирган экансизда?

Ҳа.

– УДО бўйича агар сиз мана шу уч йил давомида яна бирорта қоидабузарлик қилсангиз, сизни қайта қамашлари мумкинми?

Ҳа, бу муддат кейингисига қўшиб берилади. Шунинг учун ҳам шартли равишда озод қилиш деб аталади.

- Сиз учун нималар қоидабузарлик саналади? Нима деб ўйлайсиз?

- Илгари қандайдир мақола ва хабарнинг чоп этилиши ҳам қоидабузарлик саналарди. Биров қандайдир ҳокимият вакилига нисбатан танқидий фикр билдирса, бу қоидабузарлик саналарди.

– Эндичи, агар сиз шунақа кайфиятда ёзсангиз, бу қоидабузарлик бўладими?

Бўлмайди деб умид қиламан. Чунки катта ўзгаришларни кўряпман. Менгача озодликка чиққанлар билан учрашдим. Улар уч-тўрт ойдан бери озодликда юришганини, ҳозирги вазият қанақалигини, расмийлар бизга ўхшаганларга қандай муносабатда эканликларини ва яхши томонга ўзгаришлар бўлаётганини айтиб беришди.

- Яъни, сиз вазиятнинг яхшиланганини Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатга раҳбар бўлгани билан боғлаяпсиз, шундайми?

Биз истаймизми ёки истамаймизми, бироқ жуда кўп нарсалар мамлакат раҳбарига боғлиқ. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мисол учун бизга яқинроқ советлар даврига, унда Брежнев даври билан Сталин даврини солиштирадиган бўлсак, жуда катта фарқни кўрамиз. Жуда кўп нарса биринчи шахсга боғлиқлиги очиқ ва равшан.

– Ҳозир нима билан шуғулланмоқчисиз?

Биринчи навбатда Самарқандга бориб марҳума рафиқам ва қизимнинг қабрини зиёрат қилмоқчиман. Кейин соғлиғимни тиклаш керак. Ва йўл-йўлакай журналистика билан шуғулланаман.

– Журналистика? Ҳуқуқ ҳимоя журналистикаси биланми? Яъни, сиз ҳуқуқ ҳимоя фаолиятингизга қайтмоқчимисиз?

Мен қайтмоқчиман деб айта олмайман. Мен бу фаолиятимни тарк этмаганман. Мен бу иш билан жазони ўташ жойларида ҳам шуғулланганман. Мен у ерда ёзганман, қандайдир айланма йўллар орқали уларни жўнатганман ва улар интернетда чоп этилган. Мана энди бўлса менда ёзиш ва ўз фаолиятим билан шуғулланишнинг яхши имкониятлари пайдо бўлди.

- Тушунишимча, колония сизни маънан синдира олмаган.

- Колония мени маънан синдира олмади, лекин яқинларимнинг бошига тушган ишлар менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Бунинг таъсири қаттиқроқ бўлди, буни мен ҳеч қачон унута олмайман.

– Бир вақтнинг ўзида ҳам хотинингиз ва қизингиз ҳалок бўлганини эшитганингизда нималарни ҳис этганингизни тасаввур қилиш қийин...

- Озодликдан 10 йилга маҳрум этишадими ёки 20 йилгами ва ҳатто 50 йилга маҳрум этишсин, бу ҳеч нарса эмас. Аммо яқинларинг билан бўлиб ўтган фожиа ҳар қанақа инсонни синдириб қўйиши мумкин. Бунақа ҳолат нафақат мен билан, балки бошқа одамлар билан ҳам бўлган.

- Бироқ сиз синмадингиз. Маҳкам бўлинг.

Мен бироз букилдим, холос. Синмайман ҳам. Менинг ёшимда синилмайди. Одам 60 ёшга етиб қолай деганда, чекиниш ёки кимгадир сотилиш, бу менга тўғри келмайди.

Сид Янышев суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги