01:27 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Бу ердан тирик чиқмайсан”. Бобомурод Абдуллаев онасига МХХ қийноқ қўллаётганини маълум қилди

08.02.2018 23:29 msk

Фарғона

2017 йилнинг 1 октябрида ҳибсга олинган журналист Бобомуров Абдуллаевнинг онаси Гавҳаржон Мадаминова беш ойдан бери уни озод қилиш ҳаракатида юрибди. Айниқса охирги ой қийин келди: МХХ тергов изоляторида сақланаётган ўғли билан 10 январда учрашган пайтида Бобомуродни қатттиқ қийнашаётганини билиб қолди. Ташқи кўринишидан ҳам билиниб турарди – жуда озиб кетган, кўзлари киртайиб қолган, қўл томирлари шунчалик бўртиб кетганидан уларни санаб чиқса ҳам бўларди.

“Би-би-си” хабар беришича, тергов изоляторида кўрганлари ҳақида Гавҳаржон Мадаминова президент Шавкат Мирзиёевга қилган шикоятида ёзиб берган. “Нега адвокат Майоровнинг хизматидан воз кечганини сўрасам, уни мажбур қилишганини айтди”, – деб ёзади. “14 декабрда Майоров келганида, белим моматалоқ бўлиб кетган эди. Майоров кийимимни ечиб, кўрсатишни сўради. Мен унамадим, ҳеч нимани кўрсатмадим”, – деган Бобомурод.

Абдуллаевга кўра, МХХ терговчилари унга, агар барча айбловларни тан олмаса, бу ердан ўлиги чиқишини айтишган. “Мен бутун суд процесси давомида уларнинг қўл остида қолар эканман. Агар ҳамма айбловларни бўйнимга олмасам, бу ердан тирик чиқмас эканман”, – деган Бобомурод онасига.

Ҳар сафар у ҳақда оммавий ахборот воситаларида бирорта янгилик пайдо бўлиши билан уни қийнашар экан. Шу сабабли Бобомурод онасидан изоляторда кўрган-эшитганларини ҳеч кимга айтмасликни илтимос қилган. “Ҳаммага аҳволим яхшилигини айтинг. Бошқа иложим йўқ, онажон, ҳеч қаерга мурожаат қилманг. Фақат Худодан сўранг”, – деган. Мен жароҳатини кўриш учун кийимини кўтармоқчи бўлиб қўл узатганимда, қўлимни тўсиб, “керак эмас” деди. Бизни МХХ ходими кузатиб турди”, – дейди Гавҳаржон Мадаминова.

Учрашувда кўрган нарсалари туфайли бу аёл тушкунликка тушиб қолиб, кечалари ухлай олмаяпти ва хаёлидан ўғли кетмаяпти. Ҳеч кимга индамаслик илтимос қилинган бўлса ҳам барибир бу аёл виртуал қабулхонага хат ёзиб, президентдан ёрдам сўрашга аҳд қилди. Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) раҳбари Сурат Икромовга кўра, Мадаминова 2017 йилнинг октябрида ҳам президент ва бош прокурор номига шикоят юборган эди. “Бу сафар унинг мурожаатини МХХнинг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ва янги бош прокурор Отабек Муродов кўриб чиқади, деб умид қилмоқда”, – дея изоҳ беришди ЎМҲҲТГ аъзолари. Бобомуроднинг онаси Мирзиёев номига янги мурожаат тайёрлашда ёрдам сўраб, ЎМҲҲТГга мурожаат қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларга кўра, Рустам Иноятов истеъфога чиққани боис Бобомурод Абдуллаевнинг иши ижобий ҳал бўлишига умид пайдо бўлди. Икромовнинг айтишича, ҳозир “МХХ нима қилишни билмаяпти”, МХХнинг янги раҳбари ҳамма ишларни қўлга олгунича вақт керак бўлади. “Аммо Иноятов сенат аъзоси ва президент маслаҳатчиси бўлгани ўзгаришларга халақит бериши мумкин”, – дея хавотирланади ЎМҲҲТГ раҳбари.

Ундаги маълумотларга кўра, Бобомурод Абдуллаев иши бўйича тергов ишлари 2017 йилнинг 27 декабрида тугаган. 2 феврал куни терговчи Александр Веселов журналистнинг хотини Қутлиқиз (Катя) Балхибоевага хабар берганки, айблов хулосасини 6 феврал куни тасдиқлаш учун Бош прокуратурага топширишади.

Бобомурод Абдуллаевни қийнашгани ҳақидаги хабарга таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари фикр билдиришди.

Умида Ниёзова, “Ўзбекистон-Германия форуми” (УГФ) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг раҳбари, Берлин:

“Онаси ва хотини Бобомурод билан учрашганидан кейин уни қийнашгани ҳақида анчагача айта олмай юришди. Уни баттар қийнашлари мумкинлигидан қўрқишган. Қийноқ ҳақида айтиш керакми ёки йўқми? Кўпчилик маҳбуслар ва уларнинг қариндошлари шунақа мушкул танлов олдида эсанкираб қоладилар. Чунки бу мамлакатнинг ҳуқуқий тизимида яқинларини ҳимоя қилиб бўлмаслигини тушунишади.

Тергов давомида қийноққа тутилаётганини Бобомурод айтмаса ҳам, бу аниқ-равшан эди. Чунки у Тошкентдаги энг яхши адвокатлардан бири бўлган Сергей Майоровнинг хизматидан “ихтиёрий равишда” воз кечганидан сўнг бу тушунарли бўлганди.

“Учрашган пайтимизда зўрға оёқда турувди, деворга суяниб қолганди”, – деб эслайди Бобомуроднинг хотини. Унга судда айбига иқрор бўлишни буюришган, чунки у “яна МХХ ертўласига қайтади”. Шуларни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, Бобомурод судда нималарга иқрор бўлиши умуман муҳим эмас, муҳими – терговчилар Александр Веселов билан Нодир Тўрақулов қандай далил-исбот келтира олишида. Ўшалар қийноқ йўллашга рухсат берган.

Бобомурод Абдуллаевнинг жиноят иши худди Сталин қатағонлари давридаги уйдирма ишлар каби бемаъни ва мудҳишдир. Ўша даврлар аллақачон ўтиб кетган, аммо Бобомуродга қарши илгари сурилган айбловларни ўқисангиз, ишнинг айнан 85 йил олдинги катта террорда ишлатилган тилда ёзилганини кўрасиз. Мамлакатни қўлга олиш учун Бобомурод аллақандай “Жатва” деган операцияни режалаштиргани, “давлатни тўнтариш мақсадида Ўзбекистоннинг тўртта йирик шаҳрида кенг оммани” тайёрлагани ҳақидаги айбловларни ўқиб шундай хулосага келасиз.

Агар “Жатва” операциясини тайёрлаш ҳақидаги айбловларга жиддий ёндашадиган бўлсак, унда МХХдан далил-исбот кутиб қоламиз. Кучишлатар тузилмалар ҳаммаёқни эгаллаган мамлакатда битта оддий одам қандай қилиб давлатни тўнтариши мумкин? Бобомурод давлат тўнтариши учун қанча одамни тўплагани, қанча қурол йиққани, у Тошкентда ва бошқа шаҳарларда ким қўллаб-қувватлагани борасидаги тафсилотларни МХХдан кутиб қоламиз. Қани ўша одамлар? Улар қўлга олиндими? Бобомурод ва унинг “ёрдамчилари”да давлат тўнтаришини амалга ошириш ва оммани кўтариш имкониятлари аслида қанча?

Ҳеч қанақа далил-исбот йўқлигига мен аминман, чунки бу иш уйдирма. Сохтагарчилик. Бу иш фақат МХХ ходимларининг калласида мавжуд. Аммо ҳеч нарсани исботлашга ҳожат қолмаслиги учун терговчилар Бобомуродни яхши адвокатдан воз кечишга мажбур қилишди, унинг иродасини синдириб, иқрор қилдириш учун бутунлай изоляцияда сақлашмоқда.

Бир-икки кун олдин либерал кайфиятдаги одамлар МХХ раиси Рустам Иноятовнинг истеъфосидан хурсанд бўлишаётган эди. Умид қиламанки, бу истеъфо Бобомуродга ёрдам беради ва уни озод қилишади. Аммо ҳозирги шаклдаги МХХни тугатиб, ўрнига янги тузилмалар ташкил қилиш жуда муҳим.

Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши тузилмалар давлат учун зарурлигига шубҳа йўқ. Аммо у ерда умуман бошқача одамлар ишлаши керак”.

Стив Свердлов (Steve Swerdlow), Марказий Осиё бўйича HRW тадқиқотчиси:

“Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин Ўзбекистондаги ўзгаришларни кузатиб бораётганлар учун Бобомурод Абдуллаевнинг тақдири янги раҳбариятнинг ҳақиқий ислоҳотлар ўтказиш йўлида қатъийлигининг даражасини билдириб турган эди. Бугун эса МХХ изоляторида унга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақидаги ташвишли хабарни эшитган пайтимизда, ислоҳотларнинг зарурлиги ҳақидаги хулосаларимиз янада муҳим аҳамият касб этади.

Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши Human Rights Watch Ўзбекистонда ишлашга рухсат олган пайтга тўғри келди. Ташкилот мамлакатда етти йилдан бери ишламаётган эди. Биз Бобомуроднинг адвокатлари билан суҳбатлашдик, яқинлари билан кўришдик, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан гаплашдик. Улар Бобомуроднинг оиласига ёрдам беришмоқда ва ҳукумат билан учрашувларда унинг масаласини кўтаришмоқда.

Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин ҳокимиятга келган янги президент бир ярим йил ичида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мушкул вазиятни тўғрилаш борасида бир қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, 18 та сиёсий маҳбус озод этилди, фикр эркинлигига оид айрим чекловлар юмшатилди, миллий хавфсизликнинг “қора рўйхати” қисқартирилди ва ҳукуматнинг фуқаролар олдида ҳисоб бериши йўлга қўйилмоқда.

Бу қадамлар билан бирга ташқи сиёсатдаги бурилиш, яъни минтақадаги қўшни давлатлар билан муносабатларни нормаллаштиришга қўйилган қадамлар туфайли Ўзбекистонда ўзгаришларга умид уйғонди. Бу ўзгаришлар мамлакатга анчадан бери зарур эди. Аммо журналистларга нисбатан янги айбловларнинг илгари сурилгани кишида хавотир уйғотади, бундай сиёсий мотивга эга ҳибслар аввалгидек давом этиши мумкинлигини эслатади. Ҳалигача авторитар бўлиб турган сиёсий тизимнинг дастлабки ижобий қадамларни институционал ислоҳотларга айлантира олиши ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилай олиши-олмаслиги ҳозирча ноаниқ. Қийноқ қўллаш, сиёсий сабаблар билан қамаш, пахта далаларидаги мажбурий меҳнат каби инсон ҳуқуқининг қўпол бузилиши ҳолатлари аввалгидек кенг тарқалган.

Бобомурод Абдуллаевга яқин манбаларнинг шу кунларда Human Rights Watch ташкилотига хабар беришича, қўлга олинганидан бери МХХ ходимлари уни шафқатсизларча қийнашмоқда. Уни уйи атрофида қўлга олишган: кутилмаганда тўрт киши ўраб олиб, ташланиб қолишган. Ўзларини танитишмаган, кейинчалик буларнинг МХХ ходимлари эканини билган. Абдуллаев нима гаплигини сўрашга улгурмасдан, бошига қоп кийгизишган ва ички аъзоларига қаттиқ ура бошлашган. Кейин қўлини боғлаб, автомобилга ўтқазишган. Қаерга олиб кетишаётганини билмаган. Бу воқеа қўшниларнинг кўз ўнгида содир бўлган.

Кейинчалик Абдуллаевнинг айтишича, қўлга олингандан кейин уни совуқ камерада яланғоч сақлашган, ўтириш ёки ётишга қўйишмаган. Беш кун давомида ейишга ҳеч нарса беришмаган, ҳушидан кетганидан кейингина егулик беришган. Кўп марта оч қолдиришган, доимий равишда психологик тазйиқ ўтказишмоқда (таҳдид, хўрлаш ва ҳоказолар). Яна шуни айтишга улгурдики, уни каравотга боғлаб қўйишган ва шу ҳолатда бир неча соат ётган. Бундай қийноқ оқибатида баданда кучли оғриқ ва титроқ туради, одам кучдан қолади.

Ўзбекистонда ҳақиқий ислоҳотлар ўтказилишига умид қилганлар, жумладан ҳукумат аъзоларида ҳам Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўлланганига нисбатан қизғин муносабат билдиришлари керак. Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматини бундай қийноқ қўллаш ҳолати юзасидан дарҳол текширув ўтказиш ва тергов пайтида Абдуллаевни уй қамоғида сақлашга чақиради.

Ҳар қандай журналистнинг ҳибсга олиниши сўз эркинлигига салбий таъсир кўрсатади ва цензуранинг кучайишига олиб келади, демакки демократик жамият тамойилларига зид келади. Илгари сурилаётган айбловларга далил-исбот йўқлиги сабабли журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаётхон Насриддиновларга қарши қўзғатилган жиноий ишларни ёпиш керак”.

Надежда Атаева, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси президенти (Париж, Франция):

“Бошиданоқ ўзбек расмийлари Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши сабабини тушунтирмади. Уни МХХ тергов изоляторига қамашди, бир неча ҳафта давомида қариндошларига ҳам, адвокатга ҳам ҳеч нарсани хабар қилишмади. Унга нисбатан айблов илгари сурилди: интернет орқали амалдаги тузумни ўзгартириш ва ҳокимиятни қўлга олишга чақирувчи мақолалар тарқатиш. Бу айбловга асос бўлган нарсалар унинг юқори мансабдорлар ҳақидаги танқидий мақолалари ва сиёсий мухолифат аъзолари билан танишлигидир. Тергов якунида Бобомурод Абдуллаев иқрор бўлган тақдирда ҳам, бу мақолаларни у ёзганига менда шубҳа бор.

2 февралда маълум бўлишича, тўрт ойлик тергов давомида Бобомуродга нисбатан қийноқ қўлланган ва ўзига ва бошқаларга қарши кўрсатма беришга мажбурланган. Шу сабабли бу жиноий иш бўйича айблов томонининг хулосалари қонуний эмас. Ишни қайта терговга юбориш лозим. Бобомурод Абдуллаев ва бошқа маҳбусларни қийноқдан ҳимоялаш учун уларни уй қамоғида сақлаш лозим. Танқидий фикрлари учун журналистни МХХ ертўласида сақлаш умуман мақсадга мувофиқ иш эмас. Бобомурод Абдуллаевнинг давлат хавфсизлигига таҳдид солмаслиги аниқ.

Бобомурод Абдуллаевнинг яқинлари президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонасига мурожаат қилишди. Улар собиқ Миллий хавфсизлик хизмати раиси Иноятовнинг истеъфосидан кейин адолат қарор топишига умид боғлашмоқда. 2017 йилнинг 30 ноябридаёқ Мирзиёев шундай фармонни имзолаган, унда жиноий иш қатнашчиларига нисбатан қийноқ қўллаш мумкин эмаслиги ёзилган. Аммо бу талаблар ҳозирча қуруқ гап бўлиб қолмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг ишига зудлик билан халқаро ҳамжамият аралашиши керак. Фақатгина ташқаридан босим ўтказиш орқали қуйидагиларга эришиш мумкин:

– қийноқ қўллангани ҳолати юзасидан мустақил экспертлар иштирокида тиббий экспертиза ўтказиш;

– бу ишда айбдорлар, жумладан, қийноқ қўллаганлар ва терговчиларни жавобгарликка тортиш.

Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда танқид учун ҳеч ким жазоланмайди, обрў-эътиборни тўкиш ва бўҳтон учун жаримага тортилади холос. Аммо Ўзбекистонда қийноқ қўлланади, майиб қилинади ва озодликдан маҳрум қилинади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотларнинг фаол ҳаракати натижасида журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаётхон Насриддиновларнинг озод қилинишига эришиш мумкинлигига ишонаман.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги