18:07 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўртоқ Исломҳожи. Каримовнинг 80 йиллигига бағишланади, биринчи қисм

05.02.2018 13:38 msk

Фарғона

Ислом Каримов КПСС МҚ аъзоси бўлган пайтда. Tvc.ru сайтидан олинган сурат.

Бугун Ўзбекистонда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги нишонланмоқда: хотира тадбирлари бўлиб ўтяпти, ОАВ унинг беваси, қизлари ва қўшниларининг риёкорона чучмалликларга тўла хотираларини эълон қиляпти, Қаршида унинг навбатдаги ҳайкали очилди. “Фарғона” ҳам Каримов юбилейини нишонлаш мақсадида Каримов ҳақидаги энг яхши мақола танловини эълон қилди. Афсуски, жуда кам мақола келиб тушди, шунинг учун танлов бўлиб ўтди деб айта олмаймиз. Аммо барибир иккита мақолани чоп этадиган бўлдик, уларнинг муаллифлари рағбатлантирувчи мукофот олишади. Биринчи мақолани муаллиф “Йўлдаги ҳамроҳ билан суҳбат” деб номлаган.

Ҳамроҳ билан суҳбат

“Парвардигорнинг ўзи барча хайрли ишларимизда бизни қўллаб-қувватласин!”

Президент Ислом Каримов мустақилликнинг 24 йиллигига бағишланган тантаналарда сўзлаган нутқидан

1992 йилнинг май ойи. Заводимиз директори бошчилигидаги уч кишидан иборат делегация Тошкентдан Истанбулга учиб кетдик. У ердан эса Болгарияга кўп йиллик ҳамкорларимиз билан гидравлика ва пневматика соҳасида ҳамкорлик бўйича шартнома тузиш учун боришимиз керак. Бу йўл Москва орқали боргандан кўра қисқароқ ва арзонроқ эди.

Ҳамма яхши кайфиятда эди, ахир Иттифоқ вазирлигининг доимий назоратидан қутулган эдик. Ўзимизнинг ўзбек давлатининг бошқарув тузилмаси – бошқарув, солиқ банк ва бошқа тизимлари ташкил этила бошланганди. Уларни ташкил этиш жараёнида эса биздан, яъни йирик корхоналар мутахассисларидан маслаҳат олишар, йиғилишларга чақиришар эди. Назаримда, бизнинг фикримизни инобатга олишаётган эди. Мана бу хизмат сафарини ҳам завод буйруғи билан расмийлаштиришди; ТИФ Миллий банкидаги завод ҳисоб рақамидан валюта олдик, собиқ Иттифоқнинг қизил рангдаги хорижга чиқиш паспортининг охирги бетига ХЧКФБ штампи урилди ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг самолётида Истанбулга қараб учдик. Бироқ, тўғрисини айтганда, авиация, экскаватор ва баъзи бошқа заводларнинг етакчи мутахассислари орасида “энди иш қидириб бошқа давлатга кетиш керак, бу соҳалар мутахассислари учун келажак йўқ” деган гаплар юрган эди. Аммо биз – қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ва биринчи навбатда пахтачилик соҳаси учун техника ишлаб чиқарувчи “Ташсельмаш”, агрегат, “Таштекстильмаш”, “Ўзбексельмаш” заводлари – ўзимизни керакли ва қайсидир маънода жуда керакли деб ҳисоблар эдик.

Истанбул бизни катта шаҳарга хос қий-чув билан кутиб олди.

Аэропортдан чиқиб автобекатга бордик. Болгариялик дўстлар билан келишувга мувофиқ, биз автобусда Болгариянинг Туркия билан чегарасидаги “Капитан Андреево” пост-терминалига боришимиз керак эди. У ерда эса ўз машиналарида кутиб олишади. СССРнинг хорижга чиқиш паспорти билан Болгарияга кириш учун виза талаб қилинмас эди.

Софияга кетаётган автобусга учта билет олдик.

Автобусда директоримиз ва хизмат сафари билан келаётган учинчи шеригимиз ёнма-ён ўтиришди, мен эса автобусда йўналишнинг бошланғич нуқтаси - Дамашқдан келаётган йўловчининг ёнига ўтирдим. Йўловчиларнинг асосий қисми Сурия фуқаролари эди. У пайтда Сурияда ҳозирги президентнинг отаси – катта Асад раҳбарлик қиларди.

Бизни Туркия-Болгария чегарасигача 260 км, 3 соатлик йўл кутиб турганди. Шунинг учун ҳамроҳим билан тезда суҳбатни ҳам бошлаб юбордик.

Жаноб Муҳаммад (шундай деб атайлик) инглиз тилини яхши билар экан, Дамашқданман, тарих ўқитувчисиман, ёшим эллик бешда, деб суҳбатни бошлади.

Айтишича, мактабдаги маоши оиласини боқиш учун етмас экан, шунинг учун Софияда дўкон очишга мажбур бўлган, ҳозир дўконига навбатдаги молни олиб кетаётган экан. Автобусга яхшилаб юкланган тугунлардаги парда матолари экан.

Шундан сўнг биринчи одатий: “қаерликсан?” деган саволи бўлди. Мен: Ўзбекистонданман, деб, энди юртимиз қаерда жойлашганини тушунтирмоқчи бўлгандим, Муҳаммад гапимни бўлди: “Биламан, бу Ўрта Осиёдаги давлат, пойтахти – Тошкент, президенти – Ислом Каримов”. Унинг юртимизни билишидан хурсанд бўлдим. У тарих ўқитувчиси сифатида янги тарих билан, жумладан СССР қулаши билан боғлиқ воқеалар билан жуда қизиқишини айтди. Биз Сурия ва Ўзбекистон ҳақида бир-икки оғиз фикр алмашган бўлдик, кейин Муҳаммад сўради: “Менга президент Каримовнинг шахс сифатида қандай инсон эканлиги ҳақида гапириб бера оласизми? Мен бу саволни бекорга бермаяпман. Яқиндагина Ислом Каримов Саудия Арабистонига давлат ташрифи билан келди. Ташриф давомида Макка ва Мадина масжидларининг ходими, Саудия Арабистони қироли унга умра зиёратини амалга оширишига имконият яратиб берди, умра қилган ҳам ҳаж қилган билан тенг ҳисобланади. Демак, энди у Исломҳожи бўлдими?”

Инглиз тили бўйича бор билимимни ишга солиб, президентимизнинг таржимаи ҳолини қисқача сўзлаб бердим: Тошкент Политехника институтини битириб, ёш мутахассис сифатида “Ташсельмаш” заводига ишга кирган, тез орада у ерда комсомол ташкилотининг котиби этиб сайланган. Кейин авиация заводига партия қўмитаси котиби сифатида ишга ўтган. Халқ хўжалиги институтининг (Нархоз) сиртқи бўлимини битириб, номзодлик диссертациясини ёқлагач, Ўзбекистон ССР Госплан партия қўмитасида котиб бўлиб ишлаган, сўнгра Молия вазири бўлган. Кейинчалик Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби, Ўзбекистон Компартияси МҚ биринчи котиби ва ниҳоят умумхалқ сайлови билан Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайланган.

Суриялик ҳамроҳим яна иккита савол берди: У нечанчи йилда туғилган? Ўзбекистон Компартиясида ишлаётган одам диндор бўлиши мумкин эдими? Каримов 1938 йилда туғилган деб жавоб берар эканман, коммунистик партиядаги диндорлар ҳақидаги саволнинг яширин маъносини яхши тушундим. Билардимки, Ироқ ва Фаластин компартиялари, масалан, ўз аъзоларидан мажбурий атеистик дунёқарашни талаб қилмас эди, бу давлатларда атеистлар ҳам, диндорлар ҳам коммунистик партияга аъзо бўлишлари мумкин эди. Мен, Ўзбекистон Коммунистик партияси КПСС нинг таркибий қисми бўлган ва фақатгина атеистик эътиқодда бўлишни талаб қиларди, дедим. Бундан ташқари, компартияда бундай юқори лавозимларда ишлаган Ислом Каримов ашаддий атеист бўлган, бир неча бор халқни ва коммунистларни диний маросимлар ва гумроҳликларни тарк қилишга чақирган, дедим. Шу ерда суҳбатдошим ўз ҳиссиётларини ушлаб туролмади ва хитоб қилди: “Бу инсон 54 ёшга кирганида унинг ҳаётида қандай воқеа юз бердики, у каби ашаддий муртад эътиқодли мусулмонга айланиб қолди ва умра амалини бажариш насиб қилди? Унга тушган бу каби илоҳий марҳаматнинг сабаби борми?”

Араб зиёлисининг бу саволи нечоғли асосли ва табиий, оддий бўлса-да, дунёқарашида бундай ўзгариш бўлган шахснинг жавоби шу қадар жумбоқли ва тушунарсиз. У ўзининг Ислом динига эътиқод қилишини амаллари билан кўрсатиб бера олмади, яъни исмини Исломҳожи деб ўзгартирмади, бирон марта жамоат намозида иштирок этмади, жума кунлари Тошкентдаги бирон жомеъ масжидига келмади ва ўлган куни дафн қилишганидек нариги дунёга ҳақиқий мусулмон сифатида кетмади. Унинг шахси тарихчи-биографлар учун мулоҳазалар ва гумонлар учун мавзу бўлиб қолди.

Унинг қарашларининг ёлғиз ишончли далиллари 53 ёшигача доимий такрорлайдиган сўзлари – “Ғалабаларимизнинг илҳомлантирувчиси ва ташкилотчиси КПСС га шарафлар бўлсин!” – ва ҳаётининг сўнгги 25 йилида айтган – “Парвардигорнинг ўзи бизни барча хайрли ишларимизда қўллаб-қувватласин!” бўлиб қолди.

Ўртоқ Ислом Абдуғаниевич, гўринг партўшак бўлсин сенга.

Омийн, жаноб Исломҳожи.

Петр Пришельцев, Москва

Сўнги сўз. Тошкентда на авиация, экскаватор ва трактор заводлари, ва на “Ташсельмаш”, “Таштекстильмаш”, “Ўзбексельмаш” корхоналари қолди. Машинасозлик бўйича мутахассислар ҳам қолмади. Балки Вазирлар Маҳкамасининг сон-саноқсиз қарорлари, сармоядорлик лойиҳалари, “буюк келажак” ҳақидаги орзулар ва фикр, ғоя ва ишлашга қарши тақиқлар қолди... Инсонлар онгида раҳбарият олдидаги қўрқув, мутелик ва қулларча итоаткорлик пайдо бўлди ва илдиз отди. Бу – мустақил Ўзбекистоннинг машинасозлик соҳасига қўшган ҳиссасидир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги