10:43 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сўфитўрғайни қандай тирилтириш мумкин? Ўзбекистондан кетганлар Мирзиёевга фойдали маслаҳатлар беради

01.02.2018 13:22 msk

Фарғона

Сурат Ozodlik.org сайтидан олинди

“Фарғона”нинг “Қайтишга кафолат йўқ. Ўзбекистон президенти четдаги ватандошларни нима билан жалб қилиши мумкин” мақоласида бир нечта фикрлар билдирилиб, Ўзбекистондан чиқиб кетганларни қандай қилиб қайтишга ундаш ҳақида ёзилган эди. Хусусан, АҚШда яшовчи фалсафа фанлари доктори Гулсара Ширматованинг бир нечта ташаббуси эслаб ўтилди. Масалан, у республика элчихоналари “келиб чиқиши ўзбек” гувоҳномасини бериши, бу гувоҳнома Ўзбекистонга исталган муддатга визасиз кириш ҳуқуқини бериши кераклигини таклиф этган эди.

Бундан ташқари, Ширматова хорижда яшаётган ўзбеклар масаласи бўйича вазирлик тузиш кераклигини расмийлардан сўраган. Бу орган биринчи навбатда энг кўп сонли ўзбеклар яшайдиган давлатларда фаол ишлаши керак эди. Фикрлардан яна бири, келиб чиқиши ўзбеклар учун Глобал консультатив кенгаш тузиш бўлиб, унинг мақсади – хорижда яшаётган “Ўзбекистоннинг ақл соҳиблари тажрибаси, билимлари ва оқиллигини умумлаштириш” бўлади. Таъкидлаб ўтамизки, бунга ўхшаш тузилма Ўзбекистонда ташкил қилинмоқда.

Муштарийлардан шу мавзу бўйича ўз таклифларини бериб, республикадан “ақллар ва ишчи кучларининг чиқиб кетиши” жараёнини тескари юрғизишга ёрдам берадиган фикрлар билан ўртоқлашишларини сўрадик. Бунга параллел равишда, Фейсбук фойдаланувчилари ҳам “Фарғона” бош муҳаррири Даниил Кисловнинг саҳифасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Бу муаммони муҳокама қилишда фаол иштирок этган муштарийларга миннатдорчилик эълон қиламиз.

Қатнашчиларни шартли равишда иккита умумий гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳдагилар янги раҳбариятни реформатор деб ҳисоблаб, халқ турмушини яхшилай олади, деб ишонади. Иккинчидагилар эса пессимистик тарзда “қўшилувчиларнинг ўрни ўзгартирилгани билан натижа ўзгармайди”, деб ҳисоблашади.

Масалан, рус тилидаги гапларни фақат лотинча бош ҳарфлар билан ёзадиган ALISHER Шавкат Мирзиёевнинг “ютуқ”ларини дабдаба билан санаб ўтди: порахўр амалдорларнинг ишдан ҳайдалиши, ҳокимлар вазифаларининг қайта кўриб чиқилиши, чиқиш визасининг бекор қилиниши, “каламуш”лардан халос бўлингани (ўзига ёқмаган амалдорларни Мирзиёев шундай деб атайди)…

Бошқа муштарийлар Мирзиёевни чиябўрилар ҳужумини қайтараётган шерга ўхшатишди. Яна аввалги президент билан ҳозирги президентнинг ер билан осмондай фарқи борлиги ҳақида ҳам айтилди. Қийинчиликлар ва инфляцияга қарамасдан, халқ янги раҳбарни севиб улгургани айтилди.

Аммо Ўзбекистон раҳбариятининг туб ислоҳотлар қилишга қодирлигига ҳозирча аксарият муштарийлар шубҳаланмоқда ва янада кўпроқ фуқароларнинг фаровон ҳаётни қидириб, ватандан чиқиб кетишини башорат қилмоқда.

Суфи Зийрак тахаллусини олган бир киши оригинал фикр билдирди. Муаллиф бутун бир сиёсий масал ёзганки, унинг айрим қисмлари иқтибос қилишга арзийди: “Ўзбекда бир мақол бор “бозор кўрган эчкидан қўрқ”. Изоҳга ҳожат йўқ, “бозор кўрган эчкидан” нимани кутишни-ю, муллатўрғайдан нажот кутиш кераклиги борасидаги хулосани ўзингиз чиқаринг...

2016 йилгача Мирзиёевнинг ўзи 13 йил бош вазир бўлиб, бугун ҳақорат қилаётган соҳаларга ўзи жавобгар эмасмиди? Подшо Мирзанинг (ёки сурбет Мирза) гапираётган гапи ишига мос келмайди, унинг сиёсий-психологик портрети, яъни мансаб феномени сизни ўйлантириб қўймайдими?!...

Баъзида унинг хатти-ҳаракати муллатўрғайни ёдга солади. Муллатўрғай совуқ тушиши билан ҳалок бўлади ва ҳаммаси оёғини осмонга кўтариб ётган бўларди. Нимага муллатўрғай оёғини осмонга кўтариб ўлишини раҳматли дадамдан сўраганим эсимда. Дадам айтганки, муллатўрғай одамларнинг устига тушиб кетмаслиги учун осмонни оёғим билан ушлаб тураман, деб ўйларкан!”.

Мирзиёев ҳам шунақа деб ўйласа керак! Аммо подшо Мирзани олдинда “ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий совуқ тушиши” кутмоқда. Шунда бу сиёсий муллатўрғайнинг оёғини осмонга кўтариб ўлишини кўрамиз…”

Энди фикрларни бир тартибга солсак. Қатнашчилар берган юзлаб фикрлардан бутун бир “хит-парад” тузиш мумкин, биз таҳлил жараёнида шундай қилдик ҳам.

Ўзбекистонликларни ватанга қайтаришдаги биринчи қадам – иккита фуқаролик институтини жорий этишдир. Айрим шарҳловчиларнинг таклиф қилишича, бошланишига ҳеч бўлмаса Россия фуқаролигини олаётган ватандошларимизни яшил паспортдан воз кечишга мажбурламаслик лозим.

Бундан ташқари, кўпчилик муштарийлар чиқиш визасини – паспортга ёпиштириладиган ОВИР стикерини “шармандалик” деб баҳолаб, уни бекор қилишга чақиришди. Шу мавзу доирасида сайтимиз меҳмони Cdd Vensales бошидан кечирганлари эътиборга лойиқ, ўзбек бюрократияси ва миграцион тизими уни турмуш ўртоғи ва болаларидан узоқ вақтга ажратиб ташлаган: “2015 йилда аёлим қайтиш сертификати асосида Ўзбекистонга қайтди. Аммо ОВИР стикерини олишга ҳужжат топширганида, рад жавобини олди. Мамлакатга сертификат орқали кириш – қоидабузарлик эмиш. Оқибатда мен тўнғич ўғлим билан Европада яшаяпман, қолган икки фарзандим онаси билан Ўзбекистонда яшаяпти, уларнинг республикадан чиқиши тақиқланган”. Президент қабулхонасига ҳам мурожаат қилибди, бироқ нафи тегмабди…

Таклифлардан яна бири – собиқ ўзбекистонликларни турист сифатида ватанига ташриф буюришга рухсат бериш, бунда уларга “халқ душмани” ва “сотқин” ёрлиқларини ёпиштирмаслик. Бу борада Svetlana исмли фойдаланувчи Эронни мисол қилиб келтирган. Келиб чиқиши форсийлар, яъни ўз ватанига ташриф буюраётган одамлар Эрон ЯИМнинг 55% ни ҳосил қилар экан.

Айрим муштарийларнинг фикрича, рус тилини иккинчи давлат тили қилиб белгилаш ва паспортдаги “миллати” графасини олиб ташлаш унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаса ҳам, ижобий қадамлардан бири сифатида баҳоланиши мумкин.

Иқтидордаги раҳбариятга энг кўп берилган иккинчи маслаҳат бу иқтисодиётни либераллаштириш, жумладан, турли босқичларда адолатли хусусийлаштиришни амалга ошириш таклифи бўлди. Бунга яна ҳокимларнинг масъулият соҳаларини қайта кўриб чиқишни ҳам қўшиш мумкин. Улар ишлаб чиқаришга оид функцияларни бажармаслиги керак, аксинча, уларга иш ўринлари яратиш ва хусусий тадбиркорлик учун шароитни яхшилаш вазифасини юклаш лозим.

Дмитрий исмли фойдаланувчи даромад солиғини 10-15% даражасида белгилаш, ватанга қайтганлар учун эса 0-2,5% гача пасайтиришни таклиф қилди. “Мимо проходящий” лақабли бошқа фойдаланувчи мамлакатни электр энергияси, сув ва газ билан узлуксиз таъминлашни (Ўзбекистонда бу борада муаммолар бор), исталган ҳудудга, жумладан Тошкентга пропискани бемалол қилиб қўйиш, чет элликларга соддалаштирилган тартибда кўчмас мулк сотиб олиш ва бизнесни йўлга қўйишга имконият яратишни таклиф қилди.

Ойлик маошларни ошириш ва ўзбекистонликларнинг турмуш даражасини ошириш масаласи ҳам рейтингимиздан муносиб ўрин эгаллади. Бу борада Михаил Перевозкиннинг фейсбукдаги пости жуда ўрнига тушган: “Аксарият одамлар пул ишлаш учунгина кетади, аммо бироз вақтдан сўнг ўша ерда қолиб кетади. Москвада 50.000 рубль (сўмда 5.000.000) ишлаб топиш мумкин бўлган бир пайтда 800.000 сўмлик маош кимга керак? Интернет, мобил алоқа ва тўсиб қўйилган мессенжерлар учун катта пул тўлаш кимга ҳам ёқади? Доим полиция ўзбошимчалик қиладиган ерга кимнинг қайтгиси келади (машиналарини тоғда қолдириб, ўзи пахтага юборилганлар, сабабсиз ёпилиб кетган фирмаларни эсга олайлик)? Ким бировнинг даласига пахта теримига бормагани учун ишхонасига пул тўлашга тайёр?”.

Шу ўринда Доктор лақабли фойдаланувчи қолдирган постни қўшиш жоиз. Бу ҳикоя Ўзбекистон учун одатий ҳол бўлиб, олий маълумот олмаган кишиларнинг миграцияси сабабларини очиб беради: “Бир куни ҳовлини тозалайдиган ўзбек дворникдан сўрадим: “Уйга қайтгинг келадими?”. “Э-ээ... у ерда нима бор, - дейди. – Иш йўқ, пул йўқ, свет йўқ, газ йўқ. Тошкентга ишлашга борсанг, ментлар кун бермайди, ҳамма қўлингга қарайди. Йўқ, Москва маъқул, хотинимни олиб келдим, болаларим мактабга боряпти. У ерларга қайтгим келмайди”. Бунақаларни энди “келажаги буюк” мамлакатга жалб қилиш қийин, - деб хулоса ясайди Доктор.

“Фарғона” муштарийлари ислоҳотларнинг энг муҳим бандлари сифатида ИИБ ва МХХ ваколатларини камайтириш, суд тизимини ўзгартириш, ҳаттоки маслаҳатчилар судини жорий этишни кўрсатишди. Каримов даврида Ўзбекистон полиция давлати сифатида танилган эди – погонлилар истаган одамини истаган куйга солиши мумкин эди. Янги раҳбарият ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиловини тортиб қўймагунча, қайтишдан фойда йўқ, - деган хулоса чиқади бир нечта муштарийлар фикридан.

Хулоса сифатида Watcher лақабли муштарийнинг ўринли постини келтирамиз: “Булар аслида жуда оддий нарсалар: ўз юртимизда эркинликни бўғманг, давлат машинаси босими билан одамларни эзманг, ҳаёт тўғрисидаги ўз тасаввурларингизни одамларга зўрлаб тиқиштиришни бас қилинг, ўзингиз қонунларга риоя қилинг – шунда одамлар олдингизга боради”.

Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ. Ҳозирча республикада глобал ўзгаришлар рўй бермаётган экан, давлат раҳбарининг ватандошларини юртга қайтишга ундаши таклифнома эмас, балки “қопқон”га ўхшаб турибди.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги