02:51 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Берия мероси хизмати. Ўзбекистон учун Рустам Иноятовнинг истеъфоси нималарни англатади

31.01.2018 21:57 msk

А.Дубнов

Чапдаги фотосуратда: Рустам Иноятов. Sputnik сайтидан

Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг истеъфоси, гарчи бу ҳақда миш-мишлар пайдо бўлганига бир йилдан ошган бўлишига қарамай, Ўзбекистон учун янгилик бўлиб қолди. Энди қудратли ва ҳамма нарсага қўли етадиган махсус хизматларининг раҳбари учта ҳарфли СНБ ҳаммани даҳшат ва титроққа солиб келган даврнинг тимсолига айланиб қолди. Бироқ, Иноятовнинг кетиши билан мамлакатда эркин нафас олса бўладими? Бу саволга Марказий Осиё бўйича эксперт, халқаро муносабатлар журналисти Аркадий Дубнов жавоб беришга уриниб кўради.

* * *

Буюк Британияда суратга олинган “Сталиннинг ўлими” кинофильмини кўрган россияликларнинг аксарияти Сталин уларнинг ўзларининг бошларида ва бошлиқларининг хаёлида ҳамон тирик деган фикр ўрнашиб қолганини ойдинлаштирди.

Бу жуда ҳам даҳшатли кашфиёт. Айниқса, золимнинг ўлганига 65 йилдан ошганини эсга олинса...

Сталин режимининг бош гумашталари йўқ бўлиб кетди, уларнинг охиргиси бўлмиш Лаврентий Берия ўз хожасини нафақат ўлик жасадини, балки бу жасад ўзининг пешобига булғаниб ётганини кўришдек бахтга муяссар бўлди. Худога шукурким, бунақа нарсаларни тарихдан улоқтириб бўлмайди.

Республиканинг бош чекисти Рустам Иноятов 2016 йил августининг сўнгги кунларида ўз хожаси, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни нечоғлиқ нотавон ва лаёқатсиз ҳолда топганидан бехабармиз. Бу воқеа тафсилотлари ҳозирча тарихга киритилмаган. Аммо тарих зарварақларига албатта ёзилажак.

Асосий тарихий параллел шундаки, Иноятов 2016 йилда худди Берия 1953 йилдаги каби ҳокимият тизгинини ўз қўлида ушлаб қолишни жиддий тарзда режалаган бўлиши мумкинлигида. Берия қўлдан чиқарди. Кремлдаги сафдошлари уни қандай қилиб четлатишгани тўғрисидаги ривоятларда айтилмай қолган анча гаплар бор. Сталин даври якунига келгандан сўнг эса Совет иттифоқида сиёсий илиқлашув бошланди, юзлаб ва минглаб тутқунлар турма ва лагерлардан чиқа бошладилар, сталинча террорнинг энг таниқли қурбонлари оқланди. Сталин даври ниҳоясига етди. Бироқ бугунги кунда даврнинг ўзи ниҳоясига етгани маълум бўлмоқда: собиқ совет одамларнинг аксарияти ва унданда даҳшатлиси – уларнинг фарзандлари бошида Сталин ҳали ҳамон ҳаётлигича қолмоқда.

Каримов даври ҳам албатта унинг ўлими билан тугади. Бироқ бу даврнинг тугагани Каримовнинг ўрнини Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов эмас, балки бош вазир бўлиб ишлаб келган Шавкат Мирзиёев эгаллаганида равшан бўлди. Ҳар ҳолда 72 ёшга кирган, ўз идорасини 20 йилдан зиёд вақт давомида бошқариб келган, боз устига, анча ҳасталаниб қолгани учун мамлакатдаги энг олий лавозимни эгаллашга унчалик интилмаган, бироқ энг асосийси, ўзининг чексиз ҳокимият эгаси эканлигидан, шу жумладан, иқтисодий соҳада ҳамма нарсага қўли етишидан мутлақо қониққан эди, дея таъкидлашади билгувчи одамлар.

Бироқ бу миш-миш ва чўпчакларни Иноятовнинг ўзи тарқатган бўлиши мумкин. Биз ҳокимият учун кураш қанчалик драматик кечгани, Ислом Каримов жасади узра қандай тортишувлар бўлганини билмаймиз. Асосийси – якуни: Рустам Иноятов ёки бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов эмас, балки Шавкат Мирзиёв ворис дея эълон қилинди. Ўтиш даврига ҳатто коллектив раҳбарият ҳам керак бўлмай қолди...

Афтидан бунақа натижа собиқ бош вазир ва МХХ раҳбари ўртасида эришилган келишув, аниқроғи эса ворисга айланган Мирзиёев томонидан Иноятовга берилган кафолатлар боис имкониятли бўлиб қолганга ўхшайди. Улар вақт омили билан чекланганми ёки қандайдир бошқа мажбуриятларни бажарилиши керакмиди, бу номаълум. “Фарғона” манбаларига ишониладиган бўлса, қачонлардир қудратли саналган мамлакат бош чекистининг истеъфога чиқишини эълон қилган Мирзиёев уни кескин танқид остига олган бўлса, демак барча келишув ва мажбуриятлар президентнинг зиммасидан соқит бўлган, деб ҳисобласа бўлаверади.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган Uzmetronom.com интернет-ресурсининг яқиндагина 11 та вилоят хавфсизлик хизмати бошқармаларининг раҳбарлари ишдан олингани тўғрисида тарқатган хабарларни ҳисобга олсак, Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Каримов даврида кучли аждарҳога, давлат ичида давлатга айланган идорада ёппасига тозалов ўтказишга узил-кесил тайёр бўлганини очиқ тан олиш керак.

Бу ҳолат Каримов даври тамом бўлганини англатадими? Сўнгги чорак аср давомида Ўзбекистонда ўзи учун ёруғ келажакни кўра олмай, мамлакатни тарк этган одамларнинг аксарияти бунга ишона олмаяптилар. Баъзилар учун мазкур даврниннг тамом бўлганига иқтисодиётнинг жиддий тарзда давлат тасарруфидан чиқарилиши ёрқин бир ишора бўлиб қолади деб ҳисоблайдилар. Бунда албатта валюта конвертациясидаги чекловлар чинакамига бартараф этилиши шарт (чунки Ўзбекистонда “қора бозор”нинг асосий хўжайини МХХ ва пул оқими шу идора ходимларига қараб йўналган, деган фикр шаклланиб бўлган).

Бошқалар эса 2005 йилги Андижон фожиасини очиқ текширувдан ўтказиш лозим деб ҳисоблайдилар, ўшанда ғалаённи куч билан бостирилиши натижасида Каримов томонидан террорчилар дея ёппасига номланган юзлаб одамлар ҳалок бўлгандилар.

Яна бирлари – Каримов даврида қамалган сиёсий маҳбусларнинг биттасини ҳам қолдирмай, ҳаммасини озод этилиши, Каримов ўлимидан кейин қамалганларга нисбатан эса адолатли тергов ва адолатли судлов қўлланиши шу даврнинг поёнига етганини билдиради, деб ҳисоблайдилар.

Нима қилганда ҳам гап Ўзбекистонда одамлар Каримов ўлганидан кейин ҳам аввалгидек калласида Каримов сиймоси билан яшайдиларми ёки йўқми деган саволга нима деб жавоб беришда.

МХХ хўжайини Рустам Иноятов ва унинг чекистлар гвардиясидан мамлакатнинг озод этилиши ушбу “каллаларни озод қилиш” йўлида жиддий қадам бўлиб қолади.

Ёки бўлмаса, бу ишларнинг ҳаммаси ҳокимият алмашуви жараёнида бегоналарни ўзимизникиларга ёппасига алмашувда бир эпизод бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Агар шу билан чекланиб қоладиган бўлса, бу фавқулодда даражада ачинарли бўлиб қолади.

Аркадий Дубнов, халқаро журналист, Марказий Осиё бўйича эксперт.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги