10:45 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Уларнинг кимга кераги бор? Россияликлар мажруҳ бўлган мигрантларни ўз ҳисобларидан Ўзбекистонга жўнатишди

31.01.2018 09:14 msk

Анна Козырева

Покров шаҳри остонасидаги автобус ва поезд тўқнашуви жойи. Владимир вилояти ИИБ матбуот хизмати сурати

Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистон раҳбарияти биринчи марта Россияда ишлаб юрган мигрантларнинг бошига ташвиш тушганида ёрдам кўрсатди. Президент Шавкат Мирзиёев Покров (Владимир вилояти) станцияси яқинидаги темир йўл кесишмасида юз берган ҳалокатда жароҳат олганларни ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб келиш учун самолёт жўнатди. 6 октябр куни тунда ўзбекистонлик мигрантлар кетаётган автобус темир йўл кесишмасида ўчиб қолди. Санкт-Петербург - Нижний Новгород йўналишида ҳаракатланаётган поезд унга келиб урилди. Натижада автобусдаги 16 йўловчи, жумладан иккита ёш бола ва қозоғистонлик автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Яна ўнга яқин киши жароҳат олди. Оғир жароҳат олган уч йўловчидан ташқари барча йўловчиларни ўз юртларига жўнатишди, Владимирдаги шифохонага ётқизилган уч йўловчи ҳақида эса негадир унутишди.

Докторлар томонидан “аҳволи жуда оғир” деб баҳоланган 43 ёшли Миржон Латипов ва 41 ёшли Тўлқин Тожиев тақдири ҳақида “Фарғона”га Подмосковьедаги Лобня шаҳрилик эр-хотин Мария ва Александр сўзлаб беришди. Миржон уларнинг хўжалик ишларида қарашиб келган. Мариянинг айтишича, унинг эри билан Миржон 10 йилдан ошиқ вақтдан бери таниш бўлган. Тўлқин Тожиевни эса авариядан кейин учратишди –у Владимирдаги шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида Латипов билан бир палатада ётган.

Поезд билан тўқнашувдан сўнг иккаласи ҳам бош-мия жароҳати олишган, қовурғалари синган. Докторлар Тожиевнинг қораталоғини олиб ташлашган ҳамда болдир ва курак суягида қаттиқ синган жойларини даволашган, Латиповда эса тос суяги синган эди.

Темир йўл кесишмасида ўчиб қолган автобусда улар билан бирга Миршод ва Мардон исмли 20 ёшли ўғиллари ҳам бор эди. Йигитлар воқеа жойида ҳалок бўлишди. “Тожиев ва Латипов автоҳалокат содир бўлганда автобуснинг орқа қисмида ухлаётган бўлишган. Ўғиллари автобусни итариш учун чиқмоқчи бўлишган ва асосий зарбага тўғри келган эшик ёнида туришган”, - дейди Мария.

Эр-хотин автоҳалокат ҳақида 6 октябр куни тонгда хабар топишган ва зудлик билан ФВВга қўнғироқ қилишган. “Мени Владимир вилояти ва Москва ҳудудлараро тергов бошқармаси терговчилари сўроғида ёрдам бердим, (Латиповнинг ўғли) Миршоднинг ҳаётлик расмларини ФВВ ва Владимирдаги ўликхонага жўнатдим. Шахсини аниқлаш учун менга жасадларнинг суратларини жўнатишди. Билишимча, Миршоднинг шахсини аниқлаш чўзилиб кетганидан ҳатто (Ўзбекистонга жасадларни олиб кетаётган) самолётни ушлаб туришган. Аммо бу аниқ маълумот эмас”, деб қўшимча қилди у.

Автоҳалокатдан бир неча кун ўтгач, Мария ва Александр Фейсбук ва ВКонтакте тармоқларида “Помощь семье Латиповых” (Латиповлар оиласига ёрдам) гуруҳини очишди ва у ерда Миржон ва Тўлқиннинг аҳволи ҳақидаги маълумот бериб боришди. Шу гуруҳ орқали маблағ йиғиш ҳам ташкил қилинди.

Маблағнинг бир қисмини Латиповнинг хотини Шаҳнозга чипта сотиб олиш учун ишлатишди. Шаҳноз “бу фожиада эрининг ёнида бўлиш” учун келмоқчи эди. Октябр ойининг ўрталарида у акаси билан Бухородан Москвага учиб келди. (Шаҳноз рус тилини билмагани ва олдин Россияда бўлмаганлиги учун акаси ҳамроҳ бўлиб келган эди). “Биз уларни аэропортда кутиб олдик ва Владимирга олиб бордик. Бу вақтда Миржон реанимацияда эди. Унга ўғлининг ўлганини айтишмаганди, биз ҳам унга бу ҳақда айтолмас эдик”, - деб эслайди Мария. Ўзбек диаспораси Латиповнинг қариндошларини ётоқхонада бепул жойлаштириш бўйича шаҳар маъмурияти билан келишиб олди.


Миржон Латипов шифохонада хотини билан

Ноябр ойининг бошларида Миржонга шифохонадан жавоб берадиган бўлишди. Мария ва Александр Миржон ва унинг қариндошларини ўз юртига қайтариш учун моддий ёрдам сўраб Ўзбекистон консуллигига хат ёзишган. Уларнинг аризасини Тошкентга жўнатишган, аммо жавоб бўлмаган. Бир ҳафтадан зиёд вақт давомида кутишдан сўнг, Мария ва Александр ўз ҳисобларидан уларга самолётга чипта олиб беришган. “Уни шифохонадан ҳайдаб чиқаришгани йўқ, шунчаки унга шошилинч ёрдам кўрсатиб бўлинган ва травматология бўлимига уйнинг томидан йиқилиб тушган бошқа бир мигрант ётқизилган эди ва унга палатада бўш жой йўқлиги сабабидан йўлакдан жой қилиб беришган эди. Шаҳнознинг акаси эса ишига тезроқ қайтиши керак, аммо маблағлари етарли эмасди. Шу сабабли биз ортиқ кутиб ўтирмасдан уларни жўнатишга қарор қилдик”, - дейди Мария.

Бухорога чипталарни ижтимоий тармоқларда йиғилган пулга олдик, камини ёнимиздан қўшдик. “58750 рубл йиғдик. Асосан, Миржон ва Миршод ишлаган ўзимизнинг Луговая (Лобня микрорайони) аҳолиси ёрдам берди. Аммо биз ҳақимизда интернет орқали ва танишлар орқали хабар топган кишилар ҳам ёрдам кўрсатишди. Ўз ҳисобимиздан 30 мингдан сал кўпроқ харажат қилдик”, - сўзлаб беради суҳбатдошим. Йиғилган маблағ авиачипта сотиб олиш, Владимирдан Москва аэропортига транспортда олиб бориш, Латипов учун қўлтиқтаёқ сотиб олиш, жабрланувчига мобил телефон, кийим-кечак ва оёқ кийими сотиб олиш ва мобил алоқа хизматига ҳақ тўлаш учун ишлатилди.

Мигрантларнинг ишлаб топган пули чўнтакларида бўлган. Реанимацияга олиб кираётганда кийимлари қирқиб ташланган, шу билан пул ҳам йўқолган. “Эрим Петушкидаги бош врач билан гаплашиб кўрди. Миржон у ерда Владимир шифохонасига жўнатилишидан олдин аҳволи яхшиланишига қадар ушлаб турилганди... Бош врач тушунган одам экан, аммо кийимларни топа олмадик”, - дейди Мария.

Тўлқин Тожиев палатадошидан бир неча ҳафта кейин юртига учиб кетди. У Сурхондарё вилоятининг Дўстлик қишлоғига, Афғонистон чегарасига яқин жойга, оиласининг олдига жўнаб кетди. Йўл-транспорт ҳодисасида улар ёлғиз фарзандидан айрилишди (Латиповнинг яна 16 ёшли қизи бор эди). Тўлқиннинг олган жароҳатлари Миржонникига нисбатан анча оғир бўлиб чиқди – унинг болдир ва тирсагига титан пластиналар қўйилиши керак эди. Владимир шифохонаси амалиёт учун моддий ёрдам берадиган ҳомийларни қидириб кўрди, аммо ҳомий топилмади, оқибатда у фақатгина кутиб ётишга мажбур эди.

Тожиевга авиачипта масаласида унга иш топиб бериб турган киши ёрдам берди. Бошқалар қаторида Тўлқинга владимирлик Бахтиёр Рўзиев ҳам моддий ёрдам берди. Шунингдек, у Тўлқинга ногиронлар аравасини сотиб олиб берди, чунки Тўлқин юра олмасди. Бахтиёр асли ўзбекистонлик бўлиб, 1995 йилда Россия фуқаролигини олган. Фожиа ҳақида эшитгач, дарҳол шифохонага келган ва жабрланганларга қандай ёрдам кераклигини сўраган, оиласи билан Тожиев ва Латиповларнинг овқатидан хабар олиб турган, улар қайтаётганда эса аэропортгача такси ҳақини тўлаб берган.

Ватандошларининг қайғусига шерик бўлган биргина Бахтиёр эмасди. Жабрланганларга шунингдек Владимирда яшаётган асли ўзбекистонлик Тўхтасин Дайдиев ва Улуғбек Болтабоевлар ҳам ёрдам кўрсатишди. Расмий доиралар эса уларнинг тақдири билан қизиқишмади ҳам.


Тўлқин Тожиев

Латипов ва Тожиевнинг бошига тушган фожианинг ҳақиқий кўлами ватанга қайтгандан сўнг маълум бўлди. ЙТҲ да жабрланганлар узоқ муддат тикланиши керак эди. Аммо бу вақтга келиб нафақат ўғиллари, балки асосий боқувчиларидан айрилиб қолган оилалари қарзга ботиб бўлишганди. Бухорода Латиповнинг ўмров суягини операция қилиш кераклиги аниқланди. Тожиевга эса иккита операция ўтказилиши керак эди, аммо худди Россиядаги каби Ўзбекистонда ҳам операция ўтказишга шошилишмасди. Мария ва Александр уларнинг тақдирига кейинчалик ҳам бефарқ қараб туришмади, улар президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига хат ёзишди.

“Почта хизмати орқали матбуот хизматига мурожаат қилишимиздан фойда бўлмади, аммо ТИВ нинг виртуал қабулхонасига қилган мурожаатимиз натижа берди. Бизга қўнғироқ қилиб, масалани ҳокимиятларга етказиш ва беморлар аҳволи бўйича ахборот бериб туришни ваъда қилишди. Кейинроқ ТИВ нинг Консуллик бошқармасидан худди шу маънодаги ёзма жавоб олдик. 9 январда Латиповни операция қилишди, аммо Тожиев масаласи ҳали ҳам ҳал бўлмаган эди. Бу ҳолат бизни Сурхондарё вилояти ҳокимига виртуал қабулхона ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилишга ва унинг ҳудудида ЙТҲ жабрланувчиларидан бири оғир ётганини эслатиб қўйишга мажбур қилди. Жавоби кўп куттирмади, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва Термизлик докторлар Тожиевга эътибор қаратишди. Сурхондарё вилоятидан ҳеч ким биз билан алоқага чиқмади, шунинг учун бундай эътиборга ТИВ нинг ишга аралашуви сабаб бўлдими ёки ҳокимга бевосита мурожаатимизми, билолмадик”, - сўзлаб беради Мария.

“Фарғона” айни пайтда шифохонада ётган Латипов билан боғланди. Миржон операцияни бепул ўтказишганини тасдиқлади. “Ҳозирча ҳаммаси жойида, аммо моддий ёрдам керак бўляпти”, - дейди у. Шунингдек Тўлқин Тожиев ва унинг укаси Алишер билан ҳам гаплашдик. Тўлқин оғриқ қийнаётганидан шикоят қилди.

Айни вақтда Тожиев ўз уйида. Унга битта операция ўтказишган – суякларини тўғрилаб, шина қўйишган. Энди ҳар бири 3.5 миллион сўм (тахминан 24 минг рубл ёки 430 долларга тенг) турадиган титан пластиналар қўйиш бўйича иккинчи операция қилиниши керак, яъни умумий ҳисобда яна 25 миллион сум (тахминан 173 минг рубл ёки 3072 доллар) керак бўлади. Уларда бунча пул йўқ. Хотини Салима биринчи операция учун ҳеч қандай тўлов қилишмаганини айтди. Унинг айтишича, маҳаллий ҳокимият вакиллари ўғлининг дафн маросимини ташкил қилишда ёрдам беришган ва ҳозирги кунда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёрдам бериб туришибди. 22 январда Мария ва Александр Ўзбекистон консуллигидан жавоб олишди. Унда ёзилишича, докторлар Тўлқиннинг соғлигини қониқарли деб, уйига амбулатор даволаниш учун жўнатишган ва ойда бир марта травматолог кўригидан ўтиб туришни тавсия қилишган. Аммо хатда пластиналар ўрнатиш билан боғлиқ операция ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ.


Покров остонасидаги ЙТҲда ҳалок бўлган Миршод Латипов

Ижтимоий тармоқлар орқали бу икки оила учун ёрдам пули йиғиш тўхтатилган, чунки жабрланувчилар юртига кетганидан сўнг ёрдам пулларининг ҳисобини юритиш қийинлашди. Ёрдам беришни истаганлар уларга бевосита боғланишлари учун Миржон Латипов ва Тўлқин Тожиевнинг телефон рақамларини уларнинг розилиги билан эълон қиляпмиз:

Миржон Мирзоевич Латипов (MIRJON MIRZOYEVICH LATIPOV) +998907104409

Тулкин Абдукаримович Тожиев (TULKIN ABDUKARIMOVICH TOJIEV) +998904103578

Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оилаларига дафн маросимлари учун 70 минг рубл (1236 доллар) га тенг миқдордаги маблағ ажратган. Жабрланувчиларга “Россия темир йўллари” 5000 рублдан пул ажратди. Ўзбекистон ФВВ бу маблағларни товон пули деб эълон қилди, аммо темир йўл компанияси гап “бошқа давлат ҳудудида қийин вазиятга тушиб қолган инсонларга ёрдам” ҳақида кетяпти дейишди. Маълум бўлишича, Тожиев ва Латиповга бу пул етиб бормаган. Сабаби ҳозирча номаълум. (РТЙ матбуот хизмати “Фарғона” сўровини олди, аммо ҳали жавоб бергани йўқ).

Биз суҳбатлашган экспертлар ЙТҲ да жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилалари РТЙ томонидан товон пулига даъво қилишлари мумкинлигини тасдиқлашди. Аввало гап маънавий зарарни қоплаш ҳақида кетяпти. Амалдаги Россия қонунчилигига биноан, юқори даражали хавф солувчи омил эгаси, яъни бу вазиятда “РТЙ” ОАЖ, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу каби ҳодисаларда жавобгарликка тортилади (ким айбдор бўлишидан қатъи назар). Покров остонасидаги ЙТҲда юқори даражали хавф солувчи омил иккита бўлган ва жабрланган томон ҳар икки томонга ҳам келтирилган зарарни қоплаш бўйича мурожаат қилиши мумкин.

“Албатта, суд РТЙга қарши даъвони қабул қилади, чунки ҳодиса Россия Федерацияси ҳудудида содир бўлди ва юқори даражали хавф солувчи омил эгаларидан бири ҳам РФ ҳудудида жойлашган”, - дея таъкидлади “Фарғона” суҳбатдошларидан бири.

Жабрланувчилар даъво қилиши мумкин бўлган иккинчи жиҳат, бу моддий зарарни: дафн маросимлари, жасадларни манзилга етказиш ва даволаниш харажатларини қоплаш. Буларнинг барчаси ҳужжат билан тасдиқланиши керак.

Учинчи жиҳат – бу асосий боқувчини йўқотиш билан боғлиқ зарарни қоплаш. Бунинг учун қариндошликни ва сўнгги 12 ойда олинган даромадни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиш керак бўлади. Бундай ишларнинг натижаси юз фоиз ижобий бўлмайди, аммо товон пулини олиш имконияти жуда баланд. Ҳар йили Россияда поезд тагида 3,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлади, табиийки бу каби даъволар РТЙ га мунтазам равишда тушиб туради.

Ўзбекистонда жабрланганлар ҳақида маълумот йиғиш билан юрист Нурмамад Нуров шуғулланмоқда. Ҳозирги кунда у Тўлқин Тожиев ва Миржон билан Андижон вилоятидан бир кишининг (исмини айтмади) оиласи билан иш олиб боряпти. Нуров темир йўл ҳодисаларида жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан 2005 йилдан бери шуғулланади ва ўнлаб мижозларига товон пулларини ундириб берганлигинии айтди. Москвада бу ишни адвокат Олег Крестьянинов олиб бормоқда. “Фарғона”га хабар беришича, у ЙТҲ да ҳалок бўлганларнинг деярли барчасининг оилалари билан боғланган ва айни пайтда керакли ҳужжатларни йиғмоқда. “Ўзбекистон фуқароларидаги доимий муаммолардан бири – бу туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларда “а”, “о”, “е”, “и” ҳарфлари ўзгариб туриши. Биздаги қонунчилик бўйича эса, ҳужжатларда битта ҳарф фарқ қилдими, демак, бу иккита бошқа –бошқа одам. Бу масалада ҳали анча иш турибди”, - деб таъкидлади. Ҳали вақтимиз бор, чунки жиноий ишнинг тергови ҳам тугагани йўқ деб қўшимча қилди.


Миржон Латипов

Аввало, ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ёки ҳеч бўлмаса биттаси жабрланувчи деб топилиши керак. Бунинг учун москвалик терговчилар Ўзбекистонга ҳар бир шахс бўйича халқаро сўров жўнатса керак. Сўнгра Ўзбекистон томони ҳалок бўлганлар ёки жабрланганларнинг оила аъзоларини тергов органларига чақириб, сўров ўтказиши, барча керакли ҳужжатларни йиғиб, Москвага қайтариб жўнатиши керак бўлади. Бу жараён кузгача чўзилиши мумкин. “Албатта, жараённи тезлаштиришга ҳаракат қиламиз”, -дея қўшимча қилди юрист. Крестьянинов яна таъкидладики, агар иш бўйича ҳукм қўлига келиб тушса, товон миқдори катта бўлади”, агар фақат жиноий иш келиб тушса, миқдор камроқ бўлади.

Шунингдек, адвокат учинчи “оғир” жабрланувчи – Покров остонасидаги ЙТҲда онаси, опаси ва акасидан айрилган, 2012 йилда туғилган Гулруҳнинг ҳозирда қаердалиги ҳақида маълумот берди. Автоҳалокатдан сўнг уни Владимир шифохонасига олиб келишган. 10 октябрда Москвадаги шошилинч болалар жарроҳлиги ва травматологияси илмий текшириш институтига ўтказишган. Бир ойдан сўнг, 15 ноябрда, қизга шифохонадан жавоб беришган. Айни пайтда у Подмосковьедаги Егорьевск шаҳрида отаси билан бирга.

ЙТҲ учун ким жавобгар бўлиши ҳалигача номаълум. Жабрланганларнинг айтишича, темир йўл кесишмаси навбатчиси яқинлашиб келаётган поезд ҳақида огоҳлантирмаган ва поезд автобусга келиб урилгунига қадар ўз хонасидан умуман чиқмаган. Навбатчи ухлаб қолиб, поезд машинистига керакли сигнални бермаган деган тахмин айтилган эди. Аммо, РТЙ буни дарҳол инкор этди. Компания версиясига кўра, навбатчи зудлик билан (поезд машинистларига йўлда тўсиқ мавжудлигини билдирувчи) тўсиқ сигналини ёққан. Бу пайтда поезд темир йўл кесишмасидан 400 метрдан камроқ узоқликда бўлган ва 90 км/соат тезликда ҳаракатланиб келаётган бўлган. Машинист фавқулодда тормозни қўллаган, ёруғлик ва товуш сигналларини берган, аммо поезднинг тўлиқ тўхташи учун масофа етарли бўлмаган – поезд 746 метр масофадан кейин тўхтай олган.

Ҳодиса юз берганидан сўнг дарҳол РФ Тергов қўмитасининг Москва ҳудудлараро сайёр тергов бошқармаси РФ ЖК нинг 263- моддаси 3- қисми (темир йўл, ҳаво транспорти, денгиз ва ички сувлар транспортидан фойдаланиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш очди. Бошқарма матбуот хизматининг “Фарғона”га билдиришича, дастлабки тергов ҳали тугамаган.

Жиноий иш бўйича гувоҳ сифатида “РТЙ” ОАЖ ходимлари, темир йўл кесишмаси навбатчиси, поезд машинисти ва машинист ёрдамчиси, воқеа гувоҳлари ва автобус йўловчилари сўроқ қилинган. Шунингдек, терговчилар воқеа жойида олинган видеоёзувларни олишган ҳамда тиббий ва суд-техника экспертизаси ўтказишни тайинлашган.


Покров остонасидаги ЙТҲ. Владимир вилояти ИИБ матбуот хизмати олган сурат

9 октябрда РФ ЖК нинг 238- моддаси 3- қисми (икки ва ундан ортиқ инсонннинг ўлимига сабаб бўлган истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) бўйича алоҳида иш очилди. Бу иш бўйича автобус ҳайдовчиси Қозоғистон фуқароси Нургали Сарманов қўлга олинди. Тергов версиясига кўра, у автобус носозлиги ва йўловчилар ташиш учун яроқсиз эканлигини билган, аммо шунда ҳам йўналишга чиққан. Орадан бир неча кун ўтиб, йўловчи ташишни ташкил қилган Қозоғистон фуқароси Байдулла Налтаев ҳам қўлга олинди. Иш материалларида келтирилишича, у йўловчи топиш билан шуғулланган ва мамлакатда ноқонуний ишлаб юрган мигрантлардан “миграция қайдномасига киритмасдан ташиш” учун беш минг рублдан пул олган. Айбланувчиларнинг иккаласи ҳам октябр ойидаёқ қўлга олинган эди ва тергов бошқармасининг матбуот хизматининг маълум қилишича, улар ҳозир ҳам ҳибсда сақланмоқда.

Судда Сарманов қуйидагиларни билдирган: автобус темир йўл кесишмасида ўчиб қолгач, йўловчиларнинг бир қисми автобусдан тушиб, уни итариб чиқаришга ҳаракат қилди. Шлагбаум туширилгандан сўнг, ҳайдовчи автобусда қолганлар ҳам тушсин деб бақира бошлади, аммо улар ухлаб ётганди, натижада фақат автобусдан тушганлар омон қолиб, автобус ичидагилар ҳалок бўлган.

Бундай рейслар – амалда ўзбекистонлик кўплаб мигрантларга ишлаш учун Россияга бориб-қайтиш учун ягона имкониятдир. Кўпчиликнинг поезд ёки самолётга пули етмайди. Яна бир аҳамиятли томони шуки, чегарачилар бу каби “кўринмас автобус” ларни текшириб ўтирмайди, натижада миграция қонунчилигини бузганлик учун Россия ҳудудига кириши тақиқланган мигрантлар учун бу автобуслар ягона имконият. Бу автобуслар 90-чи йиллар охирида пайдо бўлди, бир муддат очиқ иш олиб борди, сўнгра ноқонуний одам ташишга ўтди. Бунга аҳолисининг катта қисми чет элга ишлашга кетаётганини тан олишни истамаган Ўзбекистон ҳукуматининг босим ўтказиши ва 2006 йилнинг ноябр ойида содир бўлган даҳшатли фожиа сабаб бўлди. Ўшанда Россияга одам олиб кетаётган эски бир автобус Орол ва Каспий денгизлари оралиғидаги кимсасиз Устюрт платосида бузилиб қолди. Унинг ичида бўлган ўттиз йўловчининг барчаси совуқда қотиб ҳалок бўлишди. Шу фожиадан кейин ҳам қурбонлар сонига қараб фожиали ва у қадар фожиали бўлмаган ҳодисалар деярли ҳар йили содир бўлиб турди, аммо ҳукумат вакиллари бу ҳодисаларга кўз юмишни маъқул кўрди. Собиқ президент Ислом Каримов том маънода мигрантларни ёқтирмас, уларни ялқовлар деб атар ва улар “тезроқ кўп топиш учун ўз юртини шарманда қиляпти” деб нолир эди.

Шу кунларда навбатдаги фожиа юз берди: Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 52 киши автобусда тириклай ёниб кетди, барчаси Ўзбекистон фуқаролари эди. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 20 январ куни махсус авиаборт билан Тошкентга олиб кетилди. Президент ҳалок бўлганларнинг қариндошларига ҳамдардлик билдирди ва ҳатто фуқароларнинг ўзга юртларда иш излашга мажбур бўлаётганига республика ҳукумати айбдор эканлигини тан олди.

Анна Козырева

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги