01:59 msk, 22 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Супер» префикси билан. Ўзбек футболининг ислоҳоти нималарга олиб келади.

23.01.2018 21:07 msk

Фарғона

Ўзбекистон терма жамоаси ишқибозлари. The-uff.com сайтидан олинган сурат

Ўзбекистон Футбол федерацияси Ижроия қўмитаси бюросининг қарорига кўра, 2018 йилги мамлакат чемпионатида 12 жамоа иштирок этади. Чемпионат 3 даврали тизимда ўтказилади. Шундай қилиб, мавсум давомида ҳар бир жамоа 33 тадан ўйин ўтказади. Бунинг натижасида клублар ўртасида рақобат кучайиши ва чемпионатнинг янги даражага кўтарилиши кутилмоқда. Шунингдек, Федерация миллий терма жамоа ўйини сифатининг яхшиланиши ва 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатига чиқишига умид қиляпти.

Ўзбек футболи мутасаддилари ривожланиш учун пухта ишлаб чиқилган режа ва молиявий кафолатлар бўлиши зарурлигини энди тушуниб етганга ўхшайди шекилли. Шундай муносабат билан ёндашилгандагина ва олдинги муваффаққиятлар ва мағлубиятлардан хулосалар чиқарган ҳолда ривожланиш мумкин. Федерация раҳбарияти асосий ғоясини, яъни Суперлигадаги клублар сонини қисқартиришни амалга ошира бошлади. Эндиликда мавсум бошида камида 25 миллиард сўм (3 миллион доллар) маблағи бўлган 12 жамоагина бу мусобақада иштирок этади. Маблағлар ҳомийлик ҳисобидан ёки ҳеч бўлмаса кафолат хати билан тасдиқланган бўлиши ҳам мумкин. Ўзбек футболи ўз ривожланишининг қайтмас нуқтасидан ўтди, деб ҳисобласак ҳам бўлади. Албатта, ортга ҳали йўл бор, аммо ҳар бир ортга ташланган қадам жамоатчилик томонидан спорт мутасаддиларининг хатоларини тан олиши сифатида қабул қилинади.

Терма жамоа тақдири нима бўлади?

Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир қандай аҳволда ва лиганинг қисқартирилиши унга қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Миллий терма жамоа ФИФА рейтингида 78- ўринни эгаллаб турибди, бу Осиё жамоалари орасида тўққизинчи ва собиқ иттифоқ жамоалари орасида Украина ва Россиядан кейинги учинчи кўрсаткич. Бу рақамлар асл воқеъликни кўрсатиб турибди. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистон икки марта Жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда яқин келди, фақатгина бироз омад, маҳорат ва тажриба етишмади. Осиё Кубоги ўйинларида Ўзбекистон жамоаси мунтазам равишда иштирок этиб келади ва бир қанча ютуқларга ҳам эришган: биринчи бор иштирок этишига қарамасдан, 1994 йилги Осиё чемпионатида ғолиб бўлди, ундан кейинги тўрт мусобақада чорак финалга чиқди, 2011 йилда эса 4-ўринни эгаллади.


Ўзбекистон футбол терма жамоаси машғулотларда. Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати сурати

Федерация президенти Умид Аҳмаджонов томонидан изҳор этилган мақсадлардан бири – 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш. Футбол мутасаддилари режасига биноан, ўзгаришлар терма жамоага ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Натижада юқори маҳоратли маҳаллий ўйинчилар ва мураббийлар сони ошади. Бу мақсадларни амалга оширишнинг икки йўли бор. Биринчиси -2000 йиллар бошида қўлланган хорижлик футболчиларни маҳаллийлаштириш тажрибасидан такрор фойдаланиш. Ўшанда терма жамоага россиялик Олег Пашинин, Владимир Маминов, Алексей Поляков, Реслан Агаларов, шунингдек икки болгариялик футболчи таклиф қилинган эди. Ўзбекистон терма жамоаси шу таркиб билан Япония ва Жанубий Кореядаги жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида иккинчи ўриндаги жамоадан бор-йўғи бир очко ортда қолганди. Албатта, жамоа ўйини фақатгина легионерлар ўйини асосига қурилмаганди, жамоа таркибида Миржалол Қосимов, Жафар Ирисметов, Николай Ширшов ва яна бир қанча маҳоратли ўйинчилар бор эди.

Аммо бундай тажрибанинг салбий жиҳати ҳам бор. Хорижликлар вақтинчалик ўйинчилар ҳисобланади, улар Ўзбекистон жамоасида ўнга яқин ўйин ўтказгач, жамоадан кетишди, шундан сўнг жамоада узоқ муддатли таназзул, яъни авлодлар алмашинуви бошланди.

Иккинчи йўл – ўз кадрларини етиштириш. Бу иш кўп меҳнат ва маблағни талаб қилади, аммо натижаси шунга яраша бўлади. Эҳтимол, ўзбек футболи шу йўлдан юришга ҳаракат қилаётгандир. Бунинг натижаси ўлароқ хорижий клубларда ўйнаётган ўзбек футболчилари сонининг ошаётганини кўряпмиз. Ўзбек футболчиларига талаб ҳозирги кунда анча баланд, буни ички чемпионатнинг transfermarkt.de немис сайтида баҳолаб борилаётганидан ҳам кўриш мумкин. Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Виталий Денисов, Марат Бикмаев, Александр Гейнрих – буларнинг барчаси юқори даражали ўйинчилар бўлиб, улар ўзбек футбол мактабининг тарбияланувчилари ҳисобланади. Аммо Олий лигада 16 клубнинг иштирок этиши уларнинг маҳоратли бўлиб етишишида халал бермади-ку. Хўш, нима учун яхшиликдан ёмонлик қидириш керак? Клублар сонининг қисқариши янги юлдузлар чиқишига қандай ёрдам бериши мумкин?

Ҳар бир клубда 23 тадан ўйинчи бўлиши ва терма жамоа мураббийи асосан Олий лига ўйинларини кузатишини, шунингдек ўйин қайдномасига эндиликда 4 та эмас, 5 та хорижлик ўйинчини киритиш мумкинлигини ҳисобга оладиган бўлсак, мураббий тасарруфида 342 та эмас, балки 216 та футболчи қолади. Улар нисбатан яхшироқ ўйин кўрсата олармикан? Жафар Ирисметовнинг “Обод” клубини бошқарган вақтида айтган сўзлари ёдга тушади, унинг фикрича, ўзбек футболи сўнгги пайтларда ривожланиш ўрнига аксинча орқага кетмоқда, болалар ва ўсмирлар футболи оқсамоқда, натижада Денисов ва Аҳмедов кетгандан сўнг терма жамоа ўйинини кучайтирадиган ўйинчилар йўқ.

Томошабин қаерда?

Ана энди футболга мухлислар қизиқишини ошириш масаласига келсак. Миллий терма жамоанинг ва клубларнинг халқаро миқёсдаги ўйинларига ташриф буюрувчилар сонини ҳисобга олмай турамиз. ОФК Чемпионлар лигасида энг яхши учта клубимиз ўйнайди, булар асосан Тошкент вакиллари ва Қаршининг “Насаф” жамоаси. Натижалари ҳам ёмон эмас – “Бунёдкор” икки марта ярим финалга қадар етиб борди, “Пахтакор” ва “Насаф” ҳам ярим финалга чиқишган. ОФК рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси 9- ўринни эгаллаб турибди. Собиқ иттифоқ давлатларидаги футбол ишқибозларининг “бизникилар”нинг “рақиб томон” билан бўладиган ўйинларига қизиқиши анча баланд. Аммо бундай ўйинларда натижа асосий рол ўйнайди, шунинг учун ўйин томошабоплиги иккинчи даражага ўтиб қолади. Демак, ички чемпионат тўғрисида гаплашсак тўғрироқ бўлади, чунки ички чемпионат ўйинларига бўлган қизиқиш маҳаллий футбол аҳволини белгилаб беради. 2017 йилги Ўзбекистон чемпионати жадвалини олиб қарайдиган бўлсак, ўтган йилда 14 вилоятдан 10 та вилоят жамоаси чемпионатда иштирок этганини кўрамиз. 2018 йил мавсумида эса 12 жамоадан бештаси Тошкент ва Тошкент вилояти жамоалари бўлади, яъни саккизтагина вилоят жамоалари лигада ўз вакилига эга бўлади.


“Пахтакор” стадиони. capone-online.ru сайтидан олинган сурат

Олий лигада ўз ўрнини ва мухлисларини йўқотган Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ҳақида алоҳида сўз юритиш лозим. 2017 йилда жамоа ўйинларига ўртача 2400 мухлис келган, шартли равишда олганда, бу “Локомотив” ва “Бунёдкор” дербисига ташриф буюрган мухлислар сонидан кўп, аммо 2016 йил “Нефтчи” ўйинларига ташриф буюрган мухлислар сонидан (4200) кам, 2015 йилдаги кўрсаткич билан эса умуман солиштирмасак ҳам бўлади (9000).

Хўш, жамоалар сонини қисқартираётган футбол мутасаддилари нима ҳисобига ишқибозларни стадионларга жалб қилмоқчи? Чамаси фақатгина Тошкент шаҳри ва вилояти ва қисман Наманган вилояти мухлислари ҳисобига, шекилли. Қарши, Бухоро ва Қўқон клублари ўз ўйинларига кўпроқ мухлис жалб этишлари мумкиндир, аммо бир неча баробар кўп эмас. Зарафшон ва Муборакда “Қизилқум” ва “Машъал” клублари бу борада яхши иш олиб боришяпти – бу клублар ўйинларига аҳолининг 10% дан кўпроғи ташриф буюради. Фарғона вилоятидаги футбол ишқибозларининг эса бошлари қотган. “Нефтчи” клуби тарихда биринчи марта Олий лигадан чиқиб кетди, унинг ўрнида иккинчи лига ғолиби бўлган Қувасойнинг “Цементчи” жамоаси иштирок этадиган бўляпти. “Цементчи”дан кейин мусобақа жадвалида Фарғонанинг “Истиқлол” жамоаси келяпти, у ҳам 2018 йилги Суперлига ўйинларида иштирок этиш эҳтимоли бор. Фарғоналик футбол ишқибозлари қандай йўл тутишсин? Қувасой жамоасини ва “Истиқлол” клубини қўллаб-қувватлашсинми ёки “Нефтчи” клубининг қайта юксалишини кутишсинми? Нима бўлган тақдирда ҳам, бу жамоалар нефтчиларнинг шонли йиллари даражасидаги машҳурликка эришишига кафолат йўқ.


“Бухоро” ФК ўйинчилари. Клуб матбуот хизмати сурати

САМАРКетинг

Самарқанднинг “Динамо” жамоаси PRO-лигага йўл олди шекилли. Бу жамоа ўйинларини эндиликда (энг яхши ҳолатда) 3000 дан кўп бўлмаган мухлис стадиондан кузатса ҳам катта гап. Ўтган мавсум сўнггида Олий лига ўйинларига қизиқиш қолмагандан кейин жамоа ўйинларига шунча мухлис ташриф буюрган. Чемпионат бўйича умумий ҳолатни олиб қараганда бу яхши кўрсаткич, аммо ярим миллион аҳолиси бўлган шаҳар учун паст кўрсаткич. Хўш, нима учун мухлислар жамоани қўллаб-қувватлаш учун келмаяпти? Жавоби оддий – мухлислар жамоа натижа кўрсатишини исташади. Футбол ишқибозлари ўз жамоасига нисбатан хориж клублари ўйинига кўпроқ қизиқишади ва Англия ва Испания чемпионати ўйинларини катта қизиқиш билан кузатишади. Футбол ишқибозлари ўз жамоалари учун қайғуришади, албатта, аммо жамоалар буни оқламаяпти.


“Нефтчи” – “Пахтакор” ўйинидан лавҳа. “Нефтчи” ФК сайтидан олинган сурат

Клубларнинг расмий сайтларини ҳам тартибга келтириш керак, чунки бугунги кунда интернет – биринчи даражали воситага айланиб улгурди. Сайтларда ўйинчилар, мураббийлар ҳақида маълумотлар қўшиш, уларнинг суратларини мунтазам янгилаб бориш, футболчилар ва мураббийлар ҳаёти ҳақида ҳикоялар бериб бориш ва гарчи у қадар муҳим бўлмаса-да янгиликлар қўйиб бориш зарур. Ҳозирда нимани кўряпмиз, масалан Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби сайтини очсангиз, асосий саҳифада кўзингиз Англия Премьер лигаси мусобақа жадвалига тушади.

Клублар ўз мухлислари билан алоқа ўрнатишга ҳам эътибор бермаётганини кўриш мумкин. Масалан, жамоа фан-клуб сардорига ойлик маош тайинлаши, мухлислар учун сафар ўйинларига бепул чипталар ажратиши, танловлар, турли жамоалар ишқибозлари ўртасида ҳар хил мусобақа ва ўйинлар ташкил этиши мумкин-ку. Асосий мақсад жамоа ўйинларига кўпроқ мухлис жалб қилиш бўлса, шундай имкониятларни ишга солиш керак.

Суперклублар учун суперлига

Юқоридагилардан хулоса сифатида айтиш мумкинки, лига иштирокчиларини сонини қисқартириш ўзбек футболи сифатини ошириши ёки кўпроқ мухлисларни стадионларга жалб қилиш мақсадида эмас, балки кўпроқ мавсум ўртасида “Обод” ва “Шўртан” клублари билан бўлгани каби банкрот клублар пайдо бўлиши хавфини йўқ этиш мақсадида қилинди, дейишга асосларимиз бор. Бундай олиб қараганда, бунинг ёмон томони йўқ. Аммо мажбурий қисқартириш шартмиди? Шубҳасиз, Федерация раҳбариятига кўра, Суперлигада фақат суперклублар ўйнайди. Албатта, бундай саралаш усули билан МХЛ га ўхшаш лига ташкил қилиб қўя қолса ҳам бўларди: чемпионатни тугатиб, Тошкент грандлари ва 5-6 та бошқа молиявий яхши таъминланган жамоалар қолади, қайдномага 10 тагача легионер киритиш имконияти яратилади, турнирда иштирок этиш ва ютуқ миқдорлари оширилади, ўйинлар пуллик каналларда олиб кўрсатилади. “Нефтчи” клубидан ҳайдаб юборилган Вадим Абрамов эслаб ўтган янги қурилган 9 та стадионда эса ҳаваскорлар ўртасида мусобақалар ёки фарм-клублар ўртасида ёш чеклови ўрнатилган чемпионат ўтказилади. Кейинчалик жамоалар бу мусобақалардан иқтидорли ўйинчиларни саралаб олади. Бундай вазиятда футболчининг танлаш имконияти унча бўлмайди: 23 ёшгача асосий таркибга кира олмасанг, ё четдан жамоа топасан, ё бошқа касб танлайсан.

Федерация лига иштирокчилари сонини қисқартиришдан ташқари футболчилардан жисмоний тестлар олиш орқали ўйин сифатини ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу янгиликни асоссиз танқид қилиш керакмасдир, аммо ҳар қандай дардга даво бўлувчи восита сифатида қараш ҳам нотўғри. Бу қандай натижа беради? Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилайдими? Балки. Аммо футбол ишқибозлари учун асосий жиҳат бўлган чиройли комбинациялар ва финтларни амалга оширишга бунинг таъсири борми? Эҳтимол, шартли равишда олсак, Хави ёки Буффон бундай нормативларни топшира олмас, аммо бу уларнинг ўйин даражасига умуман таъсир қилмайди. Бошқа томондан олиб қарасак, тартиб ҳам бўлиши керак – Аҳмаджонов машғулотлардан кейин чойхонага бориб дам оладиган футболчилар ҳақида гапириб ўтганди. Демак, шундай ҳолатлар бўлган. Аммо армиядаги каби тартибни бу ерда ҳам қўллаш шартмикан: битта айбдорни деб, ҳаммани жазолаш ўринлимикин.

Александр Троицкий

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги