10:44 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аждарлар макони. Ўзбек олигархининг кошонаси нимага айлантирилди

23.01.2018 01:24 msk

Фарғона

Олигархлар ҳеч кимга ёқмайди. Оддий одамларга ҳам, эксплуататор акасига ҳам, ҳатто президентларга ҳам ёқмайди. Вақти-вақти билан улар қўлга олинади, қамалади, қулоқ қилинади, мол-мулки эса бошқа олигархларга ёки давлатга ўтказилади. Пул масаласи тез ҳал бўлса-да, йирик кўчмас мулкни ўзлаштиришда муаммолар юзага келади. Ундан фойдаланиш кераклигини ҳамма тушунади, аммо қай тарзда фойдаланиш кераклигини доим ҳам билавермайди. Ўзбекистонда ўзига хос йўл тутилди: қувғин қилинган олигархнинг кошонаси музейга айлантирилди.

Евгений Чубко/“Фарғона” сурати, 2018 й.

Бир пайтлар Тошкентда Дмитрий Даценович Лим исмли олигарх яшаган. У энг йирик улгуржи-чакана бозорлар тармоғининг хўжайини бўлган ва мамлакатнинг энг бой одамларидан бири ҳисобланган. Аммо 2009 йилнинг декабрида ўша пайтда президент бўлган Ислом Каримов “Тушунмаганлар бўлса¸ тушуниб олсин¸ бизда олигархлар бўлмайди” деб эълон қилди. Зийрак Лим биринчи бўлиб ҳаммасини тушунди ва оқимга қарши сузиб ўтирмасдан, Ўзбекистондан кетишга қарор қилди. Тахмин қилиш мумкин бўлганидек Кореяга эмас, балки негадир АҚШга кетди. Нимаям дердик, яхши одам ҳар ерда ўз ўрнини топади.



















Нокамтарлик — хатарли одат

Эвакуация шунчалик шошилинч бўлганки, Лим фақат пул олиб кетган, қолганини ватанда қолдиришга мажбур бўлган. Қочоқ олигархнинг кошонасида тинтув ўтказган ходимлар у ердаги ҳашаматдан оғзи очилиб қолган. Бу ҳашамат оддий ўзбек миллиардери эмас, балки қайсидир император Неронга мос келади. Айниқса 82 та ноёб автомобил коллекцияси ҳайратга туширган. Ўша пайтда президент Каримовнинг ўзида биттагина ноёб автомобил бўлган. Бу “Победа”ни қизи совға қилган, дейишади.





Ўзбекистон президентидан фарқли ўлароқ, Дмитрий Лим камтарликдан узоқ бўлган. Унинг коллекциясидан турфа экспонатлар ўрин олган бўлиб, спорт мотоцикллари ва қадимий совет автомобилларидан тортиб, 1988 йилда ишлаб чиқарилган ва “тўқ қизил металлик” рангига бўялган 2-рақамли раритет Porshe-924 автомобилигача бор.





1-рақамли Porshe-924 кимда эканлигини билиш ҳам қизиқ бўларди. Балки инглиз қироличаси Елизавета II от минишга шу машинада борар? Ёки япон императори Акихито туғилган кунида шу машинада фуқаролар олдидан ўтар? Машинани яқинда коррупция туфайли қамалган Саудия шаҳзодаларидан бирортаси сотиб олган бўлиши ҳам мумкин. Энг тўғриси, биринчи Porshe-924 Америка президентининг гаражида турган бўлса керак, фақат тўқ қизилдан “малла металлик” рангига ўзгартирилган, шунда Дональд Трампнинг табиий сочига мос келади.

Пул кўп, дид йўқ

Вақт ўтиб борарди, аммо Дмитрий Лимнинг кошонасини бирорта муайян мақсадга мослаштира олишмади. Аввалига болалар боғчаси қилмоқчи бўлишди, кейин “Фозилтепа” спорт-соғломлаштириш комплексига айлантиришди. 2016 йилда комплекс ҳудудидаги қишки бассейн ёниб кетгач, бир оз муддатга, Иосиф Бродский айтмоқчи, “фақат вайронагарчилик” кўриниб турди.

Яқинда кошона ҳудудида Ўзбекистондаги ягона автомобил музейи очилди. Унда асосан юқорида айтиб ўтилган автомобиллар намойишга қўйилган, миллиардердан тортиб олинган бу автомобиллар энди халққа тегишли (ҳар ҳолда халқ шундай деб ўйласин).

Бу ерда Дмитрий Лим коллекциясининг бир қисминигина кўриш мумкин. Автомобилларнинг бир қисми Политехника музейига кетди, бир қисми жарима майдонларига қўйилган, бир қисми эса изсиз йўқолган. Аммо шу қолганлари ҳам ҳаммада қизиқиш уйғотиши аниқ.

Айрим автомобиллар ҳали ҳам юрадиганга ўхшайди, чангини артиб ташлаб, ҳайдаб кетиш керак холос. Бошқалари реставрация қилинмоқда. Фақат металлоломга ярайдиганлари ҳам бор. Аммо автомобиллардан ташқари, кошонанинг ҳудуди ҳам одамни ўзига жалб қилади.

Кошонанинг теварак-атрофида яккам-дуккам девор қолдиқлари кўринади, динозавр ёки аждарҳонинг қовурғасига ўхшаган дарахтзор галереяларнинг боши-кети йўқ: худди аждарҳо ғойиб бўлган-у, суяклари қолиб кетгандек. Ҳамма ёқда ротондалар, устунлар, нақшинкор панжаралар, шийпончалар қалашиб ётибди – аксарияти ярим хароба ҳолатда, худди бу ерда саккиз йил эмас, балки минг йиллардан бери одам яшамаётганга ўхшайди.

Шундай бўлса ҳам, айрим аждарҳолар табиий кўринишида сақланган. Шийпончанинг устига тошдан ясалган уч бошли Аждарҳо-Горинич ўтириб олган, ундан пастга бақувват арқонлар тортилган, аждарҳо олтита отни бошқараётганга ўхшайди.

Ўпирилган ерлар ва шаҳардаги кўпқаватли бинолар фонида бежирим сариқ уйча ғалати ва ожизона кўринади. Буни Дмитрий Лим қайсидир шахсий эҳтиёжлари учун қурган. Балки шу ерда шунчаки яшагандир ёки бошқа миллиардерларга ўхшаб, ножўя ишлар қилгандир. Ҳалол ишлаб, ғиштдан қаср қуриб бўлмайди, деган (рус) мақолни тўғри деб оладиган бўлсак, бу ҳашаматнинг эгаси даромадни ўзи меҳнат қилиб топмагани аниқ. Айнан ғиштли қасрлар бу ерда керагидан ортиқ. Қасргина эмас, балки турли архитектуравий ва бошқа ажи-бужилар ҳам тиқилиб ётибди.

Корейс эртакларидаги турли скульптуралар, фонтанчалар ва ирмоқчалар, сунъий кўлмаклар устидан ўтган кўприкчалар, тилла тошбақалар ва босма панжарали чийратма зиналар – бу ҳашаматларнинг ҳаммаси шундан далолат берадики, бу ерда пули кўп-у, диди йўқ одам яшаган.

Ноёб автомобиллар айбдорга ўхшаб, қўрқиб-писиб турибди. Худди улар давлатга ўнлаб миллион доллар қарздор бўлгандек, уларга Каримов бармоғи билан пўписа қилгандек, улар шу ерда аждарҳоларни боққандек қиёфада туршибди.

Умуман олганда, бу музей Тошкентдаги тўқсонинчи йиллар шукуҳини кўрсатувчи ниҳоятда жозибали ва ғайриоддий жой сифатида таассурот қолдиради. Барча собиқ республикаларда воқеалар бўрондек тез рўй берган, айримлар бир зумда бойиган бўлса, бошқалар хонавайрон бўлган ўша тўқсонинчи йиллардан ёдгорликка ўхшайди.

Дмитрий Лимнинг собиқ кошонаси бу шунчаки музей эмас, балки ёдгорликдир. Ривожланган социализмдан ёввойи капитализмга ўтишга қўйилган ёдгорликдир. Ўша даврдаги тентакликлар, фантазиялар, қийинчиликлар, нопрофессоналлик, ёппасига коррупция ва очиқ-ойдин эксплуатация ҳолатларига қўйилган ёдгорликдир.

Бу ёдгорликни айнан ҳозир кўриб келган маъқул, чунки вақт ўтиши билан уни таъмирлаб, умумий шаҳар қиёфасига мувофиқлаштириб қўйишлари мумкин.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги