10:44 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Чиқишнинг иложи бўлмади. Қозоғистонда ёниб кетган автобус ҳақида нималар маълум

19.01.2018 14:17 msk

Фарғона

Қозоғистон ФВҚ матбуот хизмати фотоси

Бугун Қозоғистоннинг Актюбинск вилоятида фожиа содир бўлди: Самара-Шимкент трассасида ёниб кетган автобусда эллик киши тириклайин ёниб кетди, уларнинг ҳаммаси – ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бўлиб, тирикчилик илинжида Россияга йўл олишганди. Фожиа расмийларга қарата қаттиқ ҳайқириқ бўладиган ўта долзарб муаммолар жамламасини очиб ташлади: одамлар ўз хавфсизлигини ва соғлиғини эътиборга олмай, оиласининг тирикчилигини таъминлаш ҳақида қайғурмоқдалар.

Фавқулодда ҳодиса ҳақида билганимиз

Жибек жоли поселкасидан (Жанубий Қозоғистон вилояти) Қозонга (Россия) йўл олган Setra русумли автобус Актюбинск вилояти Иргиз туманида, Самара-Шимкент автомобиль йўлининг 1069 километрида маҳаллий вақт билан соат 10:30 да ёниб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, автобуснинг ичида 55 та йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлган. Беш киши автобусдан чиқиб омон қолган, уларнинг ичида икки нафари 29 ёшли Аҳрор Исақов ва 37 ёшли Исроилжон Мирзаҳмедов - Ўзбекистон фуқароларидир.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ва ИИВ фавқулодда вазиятлар қўмитасида фожиа муносабати билан “тезкор алоқа линиясини” очди. Ўзбекистон ФВВ самолёти ҳалок бўлган йўловчиларнинг жасадларини олиб кетиш учун Қозоғистонга жўнаб кетди.

Фавқулодда ҳодиса сабабининг асосий фарази – ёнғин электр таъминот симларининг туташиб кетгани оқибатида чиққан. Ёнғин бошланган автобуснинг ён томондаги эшик очилмай қолган ва одамлар ўз вақтида ташқарига чиқа олмай қолдилар, дея маълум қилди Актюбинск вилояти ИИВ департаменти матбуот хизмати вакили Виталий Синев. Бундан ташқари, автобусда қўшимча канистрларда захирага олиб қўйилган ёқилғи бўлиши мумкин эди деган тахминлар бор. Одатда, ҳайдовчилар йўлдаги АЗСларда тўхтамаслик учун шундай қиладилар. Шу сабабдан машина бирпасда ёниб кетган. Шунингдек, автобус қайта жиҳозланган бўлиши эҳтимоли бор, одамлар дераза ойналарини шу сабабдан синдириб чиқа олмаган бўлишлари мумкин.

Фавқулодда ҳодиса ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда фожиа сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссиялари тузилди.

Маълум бўлишича, автобус 1989 йилда чиқарилган. Унинг эгаси Ордухан Сабироғли Мехтиев бўлган. Қозоғистон инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазирлиги маълум қилишича, автобусда мунтазам бўлмаган йўловчи ташишга лицензияси бўлмаган, бироқ у ижара шартномаси билан ишлаган бўлиши эҳтимоли бор. Шу билан бирга, транспорт воситаси сўнги бор мажбурий техник кўрикдан 2015 йил 17 августда Чимкентда ўтган, унинг муддати 2016 йил 17 февралда тугаган.


Ёниб кетган автобус. Қозоғистон ФВҚ матбуот хизмати фотоси

Тирикчилик йўлидаги транспорт ҳодисаси

Содир бўлган фожиа Марказий Осиё мамлакатларидан Россияга ва ортга меҳнат муҳожирларини ташийдиган автотранспорт воситалари билан содир бўлиб турадиган йўл-транспортларининг (ЙТҲ) навбатдагиси бўлиб қолди. Мисол учун, ўтган йилнинг октябрида Владимир вилоятида ўзбек фуқароларини олиб кетаётган автобус аварияга учради. Автобус Покров станциясининг ёнида, темир йўл билан кесиша туриб поезд билан тўқнашиб кетди. Деярли 20 киши ҳалок бўлди. Покров шаҳар маъмуриятининг раҳбари Вячеслав Аркелов журналистларга айтишича, “автобус эски бўлиб, темир йўл билан кесишган жойда ўчиб қолган. Тирик қолганларнинг гувоҳлик беришича, улар поездни кўриб қолиб, автобусдан сакраб чиқдилар ва автобусни итариб чиқармоқчи бўлдилар, бироқ буни қила олмадилар”.

Ўтган йилнинг 22 июнида ўша Актюбинск вилоятида Волгоград-Шимкент йўналишида ўзбекистонлик йўловчиларни олиб кетаётган икки қаватли автобус ағанаб кетган. Автобусда 52 та йўловчи бўлган – 50 нафари ўзбекистонликлар ва 2 киши қозоғистонлик (ҳайдовчилар). Тўққиз нафар йўловчи ҳалок бўлди, 18 киши жароҳатланди, уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

2017 йилнинг январида Саратов-Нижний Новгород автотрассасида Volvo юк машинаси марказий осиёлик мигрантларни олиб кетаётган микроавтобус билан тўқнашиб кетди. Қирғизистонлик беш киши, тожикистонлик бир киши ва яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.

Нега энди айнан автобуслар?

Афтидан, мигрантлар автобусларни арзонлиги учун танлайдилар. Россияга авиачипталарнинг нархи жуда қиммат. Мисол учун, Тошкентдан Москвага қатнайдиган коллектив таксидаги битта ўриннинг нархи айни пайтда 5-5.5 минг рублга тенг. Автобусдаги битта ўринга 4-5 минг рубль тўланади (йўлга 55-60 соат вақт кетади). Ўша йўналишдаги авиачиптанинг нархи 17 минг рублдан юқори. Темир йўл чиптаси учун плацкарт вагонга 10 минг рубль тўлаш керак ва кам деганда уч кун йўл юриш керак.

Энг арзон қатнайдигани автобус бўлиб қолмоқда, улар нолегал ҳолда қатнайдилар. Баъзи вақтларда лицензияси йўқ автобус эксплуатация ҳужжатида кўзда тутилганидан ҳам кўпроқ йўловчи олади. Чегарачилар одатда бунақа рейсларга “панжа ортидан” қарайдилар.

Мигрантлар чўл ва даштлар орқали ўтган жуда яхши бўлмаган минглаб чақирим йўлларда юришларига тўғри келади. Шу билан бирга, улар чиққан автобус доим ҳам соз бўлавермайди, уларнинг эгалари ремонтга ҳамда йиллик техник кўрикдан ўтиш учун пул сарф қилишдан қизғанадилар. Транспорт эгалари ҳам, тегишли давлат тузилмалари органлари ҳам кўз юмган носозликлар алал-оқибат ўлим билан тугайдиган ЙТҲга олиб келмоқда.

“Инетрнетда автобус электр симлари туташиб кетганидан ёнган деган фараз бўлганди. Бу ҳақиқатга яқин фараз, мисол учун, агар транспортда қўшимча иситиш ёки бошқа жиҳозлари ўрнатилган бўлса. Қисқа туташув ёнғинга сабаб бўлиши мумкин. Бузилишлар ва узилишлар эса эшикларнинг блокировка тизимини ишдан чиқаради. Одатда, одамлар ташқарига чиқишга улгурмайдиган даражада аланга унчалик кучли бўлмайди, уни огнетушитель билан осонликча ўчириш мумкин, агар бу нарса бор бўлса.

Аланганинг тезлашуви учун бир нечта омилларнинг бирлашиб кетиши керак бўлади. Мисол учун, электр симларининг ёмонлиги ва ёқилғи узатиш тизимидан сизиб ўтиш ҳамда кўплаб ёғламалар. Бунақа ҳолатда аланга тез тарқалади, бўғувчи дуд кўпайиб кетади. Биринчи техник кўрикнинг ўзи кўплаб носозликларни аниқлаштириб беради. Бунақа автобусга гараждан чиқмаслиги керак эди”, - дейди кўп йиллик стажга эга бўлган андижонлик автобус ҳайдовчиси Исоқжон Юсупов “Халқ Сўзи” нашрига.

Фожиа қайтарилмаслиги учун

Қозоғистонда бугун содир бўлиб, 52 кишининг жонига зомин бўлган ҳодиса расмийларга қарата қаттиқ ҳайқириқ бўладиган ўта долзарб муаммолар жамламасини очиб ташлади: одамлар ўз хавфсизлигини ва соғлиғини эътиборга олмай, оиласининг тирикчилигини таъминлаш ҳақида қайғурмоқдалар. Шу билан бирга, хавфсизлик қоидаларининг қўпол бузилишлари билан амалга ошириладиган автобусларда одам ташиш даромадли ва назоратдан четда қолган бизнесга айланди, ҳолбуки ушбу соҳани тартибга солиш учун масъул давлат ҳокимият органларининг совуққонлиги туфайли шунақанги ачинарли ҳолат вужудга келди.

“Бу фожиа Ўзбекистон иқтисодиётининг ночор аҳволда эканлигига яна бир ишорадир. Иқтисодий ўсишлар тўғрисидаги олдинги ва ҳозирги барча маълумотномалар ёлғон бўлиб, буни омма олдида очиқ тан олиш керак. Агар аҳвол бундай бўлмаганда эди, республика аҳолиси оммавий тарзда Россияга пул ишлагани чопмасди. Мамлакатдан қочаётганларнинг “нормал” транспорт – поезд ёки самолётларга пули йўқ. Шунинг учун улар қозоғистонлик дальнобойшик автобуслар хизматидан фойдаланишмоқда. Уларга эҳтиёж шунчалик каттаки, йўлга ҳатто бузуқ автобуслар ҳам чиқиб кетяпти. Акс ҳолда фойдадан қуруқ қолишади. Содир бўлган ҳодиса – мавжуд аҳволнинг: оммавий миграция ва аксарият аҳоли қашшоқлигининг қонуний оқибати бўлиб қолмоқда. Нарх кўтарилиши прогноз қилинаётган 2018 йилда нимани кутиш мумкин? Мигрантларнинг янги оқиминими? Агар шундай бўлса, унда бу каби фожиалар яна қайтарилишини қўрқмай “башорат” қилса бўлаверади”, - дея ёзади Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотилари мактабининг илмий ходими Алишер Илҳомов Фейсбукдаги ўзининг саҳифасида.

Агар авиачипталар ва темир йўл поездларига нархлар арзонлаштирилганда бугунгига ўхшаган фожиа содир бўлмасди, дейди Ўзбек ватандошлари ташкилотининг раиси Усмон Баратов.

“Ушбу фавқулодда ҳодиса системали характерга эга. Ўтган йили ўзбек меҳнат мигрантларини олиб кетаётган автобус поезд билан тўқнашиб кетгани ва оқибатда кўпчилик ҳалок бўлгани ҳақида биласиз. Афтидан, одамларни халқаро йўналишдаги катта масофаларга автобусларда ташишни тақиқлаб қўйиш ҳамда самолёт ва поездларга чипталарни арзонлаштириш керак. Меҳнат мигрантлари миллиард-миллиард доллар пулни Ўзбекистонга олиб кирадилар. Агар ўзбекистонлик темирйўлчилар мамлакатга олиб кирилган ҳар минг доллар эвазига чипталарни 10 фоиздан арзонлатишганда, бундан фақат ютишарди,одамлар автобусларда эмас, самолёт ва поездда қатнашни бошлардилар. Шу йўл билан биз меҳнат мигрантларининг оммавий ҳалок бўлишларининг олдини олган бўлардик”, - деди Баратов, Актюбинск вилоятидаги фожиани шарҳлай туриб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги