10:45 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Бу лойиҳа эски шаҳарни тамомила йўқ қилади”. Архитекторлар, тарихчилар ва кинематографларнинг “Тошкент Сити” ҳақидаги фикрлари

19.01.2018 14:07 msk

Фарғона

Ўзбекистон пойтахтининг марказида замонавий “Тошкент Сити” халқаро бизнес марказини қуриш режасига нисбатан ижод аҳли томонидан ва ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрлар билдирилмоқда. Кўпчилик шаҳар ҳокимиятининг қароридан норози, улар тошкентликлар учун қадрдон бўлиб қолган бинолар, жумладан, Киночилар уйи бузилаётганидан нолимоқда. Мутахассислар эса шундоқ ҳам йўқолиб бораётган Эски шаҳарни бузиш шу қадар зарурлиги борасида шубҳаланишмоқда.

Алвидо, Киночилар уйи!

“Тошкент Сити” қурилиши ҳақида тошкентликларга 2017 йил ноябр ойининг бошида Ислом Каримов (собиқ Ўзбекистон) кўчасида жойлашган Республика Киночилар уйи бузила бошлагандан сўнг маълум бўлди. Ҳар ёқда совет ўтмишига қарши кураш бўйича навбатдаги ҳаракатни муҳокама қилиш бошланди. “Қанақасига бузишади, нима учун, нима мақсадда? деган фикрлар эшитила бошлади ҳар ердан. Айтишларича, 40 қаватли осмонўпар бинолар бўладиган қандайдир Тошкент Сити қурилиши учун эмиш”.

Ўша пайтдаёқ ОАВда бўлажак ишбилармонлик маркази қурилишининг мақсади ва аҳамияти ҳақида маълумот берувчи мақолалар чиқа бошлади. Аниқланишича, “Тошкент Сити” маркази Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари орасида жойлашган 80 гектарлик майдонда барпо қилинади. Лойиҳа қиймати бир миллиард долларга тенг.

Бу ерда бизнес офислари, меҳмонхоналар ва апартаментлар учун мўлжалланган қирқ қаватли маъмурий бинолар, бундан ташқари 12 қаватли турар-жой бинолари барпо этилади. Шунингдек, бу ҳудудда кўргазма марказлари, гипермаркет, кўплаб савдо майдонлари, ресторанлар ва қаҳвахоналар жойлашади.


“Тошкент Сити” лойиҳасининг дастлабки хомаки чизмалари 2017 йилнинг октябр ойида эълон қилинган эди. Gazeta.Uz сурати

Аммо тошкентликлар учун “Тошкент Сити” лойиҳасида ўзига хос архитектурага, шунингдек, тарихий аҳамиятга эга бўлган Киночилар уйи биноси учун жой топилмагани тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Ахир бу бино бузилаётган Олмазор маҳалласининг марказида эмас, балки унинг чеккасида жойлашган бўлса.

Киночилар уйи биноси 1982 йилда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кино фестивали бошланиши арафасида ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбар Шароф Рашидов ҳамда Ўзбекистон кинематографчилари Уюшмаси бошқарувининг биринчи котиби, афсонавий кинематограф Малик Қаюмовларнинг бевосита кўмагида қурилган ва ишга туширилган эди.

Баъзи тошкентликлар Киночилар уйининг бузилишини ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотиш, ҳатто шахсий мусибати деб қабул қилди. “Жудаям ачинарли! - дейди “Ўзкинохроника” идорасининг фахрий ходими Светлана Абдурахманова. - Киночилар уйини барча биргаликда қурганимизни, шанбаликларда қатнашганимизни жуда яхши эслайман. Қурилиш учун ҳар бир тийинни қанчалик машаққат билан тўплаган Малик Қаюмовнинг ғайрат-иштиёқини ҳам эслайман. Киночилар уйининг бузилиши бу биринчи навбатда унга нисбатан бўлган ҳурматсизликдир”.


Совет даврида Тошкентдаги Киночилар уйи жуда замонавий иморат ҳисобланган

“Менимча, бу ҳар жиҳатдан қараганда ҳам адолатсизлик, - деб ёзади кинодокументалист Жасур Исҳоқов. - Бинони қайта реконструкция қилиш деган тушунча бор. Кўпинча яхши натижа беради. Яъни иморатни бетон қисмигача бузилиб, сўнг қайта тикланади. Шунчаки капитал таъмирдан чиқарса ҳам бўлади. Навоий кўчаси бунинг ёрқин намунаси. Эллигинчи-олтмишинчи йилларда қурилган биноларнинг капитал таъмирдан сўнг қандай кўринишга эга бўлганига бир қаранг! Ҳар бир бино ўзига хос, бошқа бинолардан фарқланиб туради... Фикримча, Киночилар уйини сақлаб қолиш керак, фақат уни “Тошкент Сити” бош лойиҳасига мувофиқлаштириш керак. Киночилар уйи севимли шаҳримизнинг ушбу қисмига жуда ҳам мос тушишига ишончим комил”.

Киночилар уйи лойиҳасининг муаллифларидан бири архитектор Равил Хайрутдиновнинг беваси Феруза Хайрутдинова ноябр ойида Президент аппаратига хат ёзди. Хатда, жумладан, шундай дейилган: “Ўзбекистон ижодий аҳли “Тошкент Сити” марказининг якуний лойиҳасини ишлаб чиқишда фаолроқ иштирок этишни истайди. Шу мақсадда бу ҳудудда жойлашган баъзи бетакрор объектларни сақлаб қолиш мақсадида таклиф қилинган вариантларни очиқ муҳокама қилишни ташкил этишга рухсат сўрайди. Бу биринчи навбатда Киночилар уйига таалуқли...”

Киночилар уйи архитектори Рафаэл Хайрутдиновнинг беваси Феруза Хайрутдинова 2017 йил декабр ойи бошида бузилаётган бино билан хайрлашди. Архитекторнинг набираси Рушена Семиногова фейсбукда унинг суратини эълон қилди.

Хатга Архитекторлар уюшмаси, Кинематографчилар уюшмаси ва Рассомлар уюшмасининг етмишдан ортиқ аъзоси имзо чеккан. Хайрутдинова хатни 21 ноябр куни Президент аппарати котибиятига топширди. Аммо бир ҳафтадан сўнг маълум бўлишича, унинг мурожаати эгасига етиб бормаган. Архитекторнинг беваси 28 ноябр куни котибиятга такрор учрашгандан кейингина, унинг хатини рўйхатга олишди. Мана орадан бир ярим ой ўтибди ҳамки, ҳеч қандай расмий жавоб келмади, Киночилар уйи биносини бузиш эса давом этяпти.

Муқаддас жойларни ҳам текислаб юборишадими?

Феруза Хайрутдинованинг маълумотларига кўра, Олмазор маҳалласи ҳудудида “Лукойл” биноси ва Алишер Навоий кўчасида яқингинада қурилган бир неча етти қаватли турар жой биноларидан ташқари барча бинолар бузиб ташланади. Аммо бу маҳаллада Киночилар уйидан ташқари алоҳида тарихий аҳамиятга эга бўлган камида яна икки объект бор. Булар ХХ аср бошида қурилган эски масжид биноси ва XVII асрда яшаб ўтган тўрт шайхнинг қабри жойлашган муқаддас қабристон. Наҳотки уларни ҳам бузиб ташлашади?


Қабристон. Сид Янышев/“Фарғона” сурати

Жумладан, қадимий қабрлардан бири Ал-Бухорий авлодидан шайх Аҳмад Махдум ибн Муҳаммадалига тегишли. Шайх - Ислом динида кўзга кўринган уламонинг фахрий унвони ҳисобланади. Шайхлар эшонларнинг – сўфий биродарлар раҳбарларининг устозлари ҳисобланган. Ўтган даврларда эшонлар одатга кўра камбағал оилаларнинг болаларини тарбиясига олишган ва ўз фарзандлари билан бирга Ислом дини асосларини ўргатган ҳолда тарбиялашган.

Шу маҳаллада яшовчи қабристон қаровчиси, мазкур шайхларнинг авлодидан бўлган Нуриддин Аҳмедовнинг сўзларига кўра, бу жойда ҳам шундай мактаб бўлган. Қачонлардир бу мактаб қошида СССР халқ артисти Олим Хўжаев, Ўзбекистон халқ артистлари Шоҳида Хўжаева ва Ҳамза Умаров, бокс бўйича жаҳон чемпиони Руфат Рисқиевлар яшаб, таълим олишган.

Бундан ташқари, Олмазор маҳалласида бир вақтлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов яшаган. Айнан шу сабабли Олмазор маҳалласининг бир томонини кесиб ўтувчи Ўзбекистон шоҳ кўчаси 2016 йил Каримов вафотидан сўнг унинг номини олди. 1989 йилдаёқ Каримовнинг буйруғи билан Шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси Аҳмедовнинг уйи учун кадастр ҳужжатини тайёрлаб берди. Бу ҳужжатларнинг нусхаси Маданият вазирлигига тақдим қилинди, шу пайтдан эътиборан бу қабристон республика маданий мероси ҳисобланиб, уни бузиш мумкин бўлмаган.


Нуриддин Аҳмедов. Сид Янышев/“Фарғона” сурати

Аҳмедовга кўра, юзлаб муқаддас жойлари бўлган Бухоро ва Самарқанддан фарқли равишда, Тошкент шаҳрида бор-йўғи йигирмата муқаддас жой қолган, бундай жойлардан бири қадимий қабрлар бўлган мазкур маскан ҳисобланади. Ҳанузгача республиканинг барча ҳудудларидан ҳар куни бу ерга зиёрат учун одамлар келишади, Исломда муқаддас жойларга ташрифни шундай аташади. Шайхларнинг қабрлари турли касалликлар ва бепуштликка даво бўлади, деб ҳисобланади.

«Tashkent City» – бизнинг услуб эмас

Ўзбекистон пойтахтига “Тошкент Сити” лойиҳаси керакми ўзи? У шаҳар архитектурасига қанчалик мос тушади? Эски шаҳардаги бир қаватли уйлар кўринишидаги ҳақиқий Тошкент экзотикасини туссиз осмонўпар бинолар билан алиштириш шартми? Бу борада таниқли тарихчи ва ўлкашунос Борис Голендер ва машҳур архитектор Александр Куранов “Фарғона”га ўз фикрларини билдиришди.

“Сўнгги ўн йилликларда Тошкент шаҳри кенг миқёсда қайта қурилмоқда. Бу давр талаби эди, чунки 1966 йилги зилзиладан кейин шаҳарни қайта лойиҳалаш керак эди. Аммо бу қурилишларнинг аксарияти Тошкент шаҳрини безаш ўрнига, уни юртимиздаги ва ундан ташқаридаги минглаб бошқа шаҳарларга ўхшатиб қўймоқда”, деб ҳисоблайди Голендер.

“Мана яна бир “Тошкент Сити” номли сўнгги лойиҳа доирасидаги ҳаракатларни олайлик. Фикримча, бу лойиҳа шаҳримизнинг бетакрор қиёфасини янада бузади. Гап шундаки, бир қаватли, устида қизғалдоқлар ўсадиган ясси томлари бўлган эски Тошкентдан асар ҳам қолмаяпти. Саёҳатчилар Эски шаҳар кўриниши ҳақида, айниқса, томлари қизғалдоқлар рангидан қизариб кетган уйлар ҳақида завқ билан сўзлаб беришар эди.

Афсуски, эски Тошкентдан асар ҳам қолмади – тарихий ёки маданий аҳамиятга эга бинолар тугул, оддий бинолар ҳам қолмаяпти. Бугун “Тошкент Сити”нинг йигирма қаватли миноралари шаҳарда бўй чўзади, фикримча, бу нотўғри йўналиш. Ўйлашимча, эски оддий иморатларни – ёғоч синчли лойдеворларнинг бир қисмини сақлаб қолиш керак эди.

Бугун эса мавжуд даҳалар йўқ қилинса, Тошкент шаҳри бундан ҳеч нарса ютмайди, балки ютқазади. Шаҳар Сингапур, Деҳли ёки Нью-Йоркка ўхшаб қолади. Агарда умумий манзарага чирой қўшиши эҳтимоли кам бўлган бу коробкалар қурилса, шаҳарнинг ўзига хослиги анчагина йўқолади. Нима учун бу улкан биноларни Тошкент шаҳрининг бир вақтлар тарихий карвонсаройлар жойлашган қисмида барпо этиш керак? Улар сейсмик шаҳар шароитида қандай туриши мумкинлигини билмаймиз, бу ерда зилзилалар камёб ҳодиса эмас. Ахир 1966 йилдаги зилзиланинг эпицентри айнан янги шаҳар тагида бўлгани ҳеч кимга сир эмас-ку. Табиийки, баланд бинолар бизнинг услуб эмас. Шунинг учун, “Тошкент Сити” мувавваққиятли чиқиши, буюк ва қадимий Тошкент шаҳрининг чиройига чирой қўшишига шубҳам бор”, дейди Борис Анатольевич Голендер.


Эски шаҳар. Сид Янышев/“Фарғона” сурати

Архитектор Александр Куранов янги бизнес маркази қурилишига қарши эмас. Аммо у “Тошкент Сити” лойиҳаси ўзбекистонлик мутахассислар иштирокисиз яратилганидан норози.

“Тошкент шаҳрининг бош режаси, яъни шаҳар ривожланишининг асосий концепцияси 1966 йилдаги зилзиладан кейин тасдиқланган эди, дейди Куранов. Режага кўра, Эски ва Янги шаҳар кесишмасида, тўрт катта кўча билан чегараланган шаҳарнинг бу қисми архитектура нуқтаи-назаридан энг яхши жойда жойлашган. Аввал бошданоқ, бу жой келажакда мега-марказ бўлиши режалаштирилган.

“Тошкент Сити”ни қурадиган ва бунга қадар Норвегия, Дания ва Сомалида шунга ўхшаш Ситилар барпо этган турк компаниясининг, шубҳасиз, ўз услуби бор. Улар қурган барча биноларда бир хил ташқи тузилиш ва бир хил услубий композициялар қўлланилган. Аммо мен ҳар доим архитектурада қурилаётган бино ҳудудга, унинг иқлимига, урф-одатларига, халқига, тарихий меросига мувофиқ келишини тарафдориман”.


Александр Куранов

“Бизга таклиф қилинган архитектура анча замонавий, тўғрироғи, минималистик деган бўлардим. Аммо Тошкентда худди Сомали ёки Норвегиядаги каби бино барпо этилишини хоҳламаган бўлардим. Шу жойда энг ачинарли гапни айтмоқчиман. Хўп майли, бу лойиҳага бизни, ўзбек архитекторларини танлашмади, аммо фикрларимизни ҳам инобатга олишса бўларди. Ахир бу бизнинг шаҳримиз-ку! Қисқаси, шундай ҳолат юзага келяпти: уйингизга қўшнингиз келяпти ва сизнинг, яъни уй эгасининг фикри билан ҳисоблашиб ўтирмасдан, уйдаги мебелларни ўз дидига яраша жойлаштириб чиқяпти.

Турк компанияси лойиҳасида баланд осмонўпар иморатлар (биз уларни “михлар” деб атаймиз) анчагина. Бу михларнинг қаерга қоқилиши эса жуда аҳамиятли. Шаҳарнинг қайси қисмидан кўриниб туриши, қайси жойга тушишини аниқлаш учун лойиҳачилар шаҳар бўйлаб учиб кўришлари, шаҳарни айланиб чиқишлари керак эди. Шаҳар қуриш сиёсатида бу асосий тамойил, аммо унга амал қилинмади.

Биринчидан, фикримча, “Тошкент Сити” лойиҳасидаги бинолар асосий йўллардан эллик-етмиш метр узоқликда барпо қилиниши керак, чунки марказ атрофида яшил ҳудуд яратиш лозим. Шундай йўл тутилганда, ҳозирда бузишга тўғри келаётган барча объектлар сақлаб қолинарди.

Иккинчидан, шаҳар маркази сайёҳлар учун қизиқарли бўлиши керак, яъни улар нафақат Самарқанд, Хива ва Бухоро, балки Тошкент шаҳрининг чиройидан завқ олишсин. Бунинг учун эса гарчи замонавий бинолар қурилса-да, миллий анъаналаримиз ҳисобга олинсин, токи унинг услуби бизга Тошкент шаҳри аҳолисига ҳамда меҳмонларига яқин ва тушунарли бўлсин. Ҳар бир келган сайёҳ “Тошкент Сити”ни кўрганида, дарҳақиқат, бу замонавий, чиройли ва таниш Тошкент шаҳри десин”.


Эски шаҳарнинг бузилишга тушган қисми. Сид Янышев / “Фарғона” сурати

Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги