13:47 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон журналистлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари бош прокурор баёнотини шарҳлайдилар

22.11.2005 10:44 msk

Султан Каназаров

Кеча, Қирғизистон Ҳавфсизлик кенгашининг мамлакатдаги криминаген вазиятга бағишланган йиғинида сўзга чиқа туриб, республика бош прокурори Қамбарали Қўнғантиев “ОАВ мамлакатдаги шундоқ ҳам оғир вазиятни янада чуқурлаштирмоқдалар” дея баёнот берган.

Бош прокурорга кўра, журналистлар шов-шув истагида фактларни ўзгартириб кўрсатмоқдалар ва “қўрқинчли кадрлар”ни кўрсатмоқдалар, бу билан улар одамлар руҳиятига таҳдид қилмоқдалар. Қамбарали Қўнғантиев расмийлар ОАВ фаолияти ҳақидаги қонунга риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтиришлари керак, деб ҳисоблайди.

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти қирғизистонлик журналистлардан бош прокурор баёнотини изоҳлаб беришни илтимос қилди.

Аида Қасималиева – “Азаттик” радиоси (“Озодлик”нинг қирғизча хизмати) медиа-лойиҳалари раҳбари:

- Менимча, ОАВни танқид қилиш Бош прокуратура салоҳиятидаги иш эмас. Иккинчидан, ОАВ холислигини ким ва қандай қилиб назорат қилиши тушунарсиздир. Бунинг учун янгиликлар ва ахборотни танлаб оладиган ҳамда фильтрлайдиган аудитория мавжуд. Давлат назоратининг кучайтирилишидан ўттиз еттинчи йилнинг ҳиди келади, ўшанда таҳририятлар ўзлари чоп этадиган нарсаларни расмийлар билан мувофиқлаштирардилар. Бунинг иложи ҳам йўқ, ахир Интернетни макон жиҳатдан назорат қилиб бўлмайди.

Тинчтик Қўжўбеков – oimoshow.kg оммабоп мусиқий Интернет-порталининг эгаси:

- Бош прокурорнинг бугунги баёноти – ўзининг салоҳиятсизлиги ҳақидаги баёнотдан бошқа нарса эмас. Чунки ОАВ журналист кўрган нарсаларни акс эттирадилар. Агар бирор воқеа содир бўлган бўлса, ахборот ҳам бўлади. Бунинг яхши ёки ёмонлиги ҳақида фақат муштарийгина ҳукм чиқара олади. Майли, расмийлар визиятни назорат қилсинлар: агар мамлакатда бошбошдоқлик ҳукм сурса, албатта журналистларнинг ёзаётганлари расмийларга ёқмайди. Аммо, у ҳолда расмийлар ўзлари хатоларга йўл қўймасликлари керак. Бирорта журналистга ҳам салбий ҳодисалар ҳақида ёзиш ёқимли эмас, аммо ёзишга тўғри келади. Биз ҳаммамиз ҳокимият эришган муваффақиятлар ҳақида ёзишни истаймиз, лекин ҳозир ёзадиган деярли ҳеч нима йўқ.

Азиза Абдурасулова – “Қилим Шами” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти раҳбари:

- Мени бош прокурорнинг ОАВ фаолиятини чеклаш ва уни назорат қилиш ҳақидаги ташаббуси ва баёноти чўчитади. Бош прокурор лавозимига кўра фуқароларни ҳимоя қилиши ва қонунчилик ижросини назорат қилиш керак бўлган киши бўлиши керак, у бўлса бунақа нарсаларни таклиф қилаяпти... Умуман олганда, Қўнғантиевнинг ўзини тутишида аниқ бир чизиқ кузатилади, у депутат бўлган пайтида норозилик намойишлари ва митинглар ўтказиш учун мораторий жорий қилишни таклиф қилганди, бу бўлса демократик тамойиллардан очиқдан-очиқ чекинишдир. Қирғизистонда фақат сўз эркинлигигина бор, агар бу ҳам бўлмаса, тамом бўлди деяверинг. Аммо, биз, фуқаролик жамияти расмийларнинг бу каби баёнотларини шунчаки “еб” кетавермасмиз, деб ўйлайман. Умуман олганда, журналистларнинг иши мамлакатда бор нарсаларни ёритишдан иборат эканини тушуниш керак, бизда, Қўнғантиев айтганидек,қўрқинчли воқеаларнинг содир бўлаётгани ва “қўрқинчли суратларни намойиш қилаётганликлари” учун журналистлар айбдор эмаслар-ку. “Суратлар” бор, шунинг учун ҳам ОАВ уларни кўрсатаяптилар. Ҳокимиятнинг вазифаси “қўрқинчли кадрлар”нинг бўлмаслигини таъминлашдан иборат, ана ўшанда журналистлар ҳам уларни кўрсатмайдилар.

Алишер Мамасалиев - «Кел-Кел» ёшлар ташкилоти лидери:

- Бош прокурорнинг баёноти – бу бемаънилик. У қандай қилиб журналистларни назорат қилмоқчи экан? Бу ҳатто техник сабабларга кўра ҳам мумкин эмас. Биз ҳаммамиз КООРТни [Асқар Ақаевнинг куёвига тегишли бўлган телеканал - таҳр. изоҳи] жамоатчилик канали қилмоқчи бўлганларини кўрдик, аммо қилиб бўлмади. Давлат газеталарини ҳиссадорлик жамиятига айлантиришни истагандилар – яна бўлмади, энди бўлса Қўнғантиевнинг баёноти чиқиб турибди. Ушбу баёнот бизнинг ташкилий комитет йиғилишида диққат билан кўриб чиқилади ва қатъий муносабат билдирилади. Биз расмийлар ОАВни назорат қилишларига йўл қўймаймиз.