10:45 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қайтишга кафолат йўқ. Ўзбекистон президенти четдаги ватандошларни нима билан жалб қилиши мумкин

19.01.2018 01:28 msk

Фарғона

Ўзбекистондан четга миграция оқими бу миллионлаб ишчи кучининг чет элда арзимаган пулга ишлашга мажбур бўлишигина эмас, балки ёппасига “ақлларнинг чиқиб кетиши” ҳамдир. Бунда турли мутахассислар: врачлар, педагоглар, олимлар, бизнесменлар, малакали ишчилар ва шунчаки пассионарийлар (ўз тақдирини яратувчилар) ўз ватанини сиёсий ёки иқтисодий сабабларга кўра тарк этишади. Улардан кимдир вақтинчалик пул ишлаб топиш учун, кимдир эса янги жойда ўрнашиш учун кетади.

Улар бугун бутун дунёга сочиб юборилган. Нью-Йоркнинг ўзида ўзбекистонликлар эллик мингдан ортиқ эмиш. Аксарияти у ерда бутунлай қолади. Шу билан бирга бирорта ҳам ўзбек ўзининг шаҳри, ўзининг мамлакати, маданияти ва урф-одатларидан узилиб кетмайди. Вақти келганида уйга қайтиш умидини ҳеч қачон узмайди: ота-боболарининг ерларига хўжайин сифатидами, она юрт манзараларини соғинган турист сифатидами ёки ватанини оёққа туришга ёрдам берадиган хорижий инвестор сифатидами, барибир боришга умиди бор.

Каримов давридаги турғунлик туфайли ақлларнинг чиқиб кетиши натижасида мамлакатга етган иқтисодий, маданий ва сиёсий зарарнинг ниҳоятда катталигини расмий Тошкент англай бошлаганга ўхшайди. Бугун Ўзбекистонда кадрлар етишмовчилиги энг жиддий муаммога айланган. У барча соҳаларни қамраб олган: тибииёт ходимлари, ўқитувчилар, тадқиқотчи олимлар, менежерлар етишмаяпти. “Эски режимчи” коррупционерларнинг ўрнига одам йўқ, ислоҳот ўтказишга одам йўқ. Нима қилмоқ керак?

Мамлакат президенти атрофида бу саволга жавоб қидирилмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам хориж сафарларида ватандошлар билан хурсанд бўлиб учрашади, уларни Ўзбекистонга қайтиб, ўзгаришларда иштирок этишга чақиради. Айрим таниқли инсонлар уйга қайтишга ҳам улгурди. Янги президентнинг АҚШга сафари пайтида айтган гаплари, яъни хорижга кетган ватандошларга нисбатан сиёсат ўзгариши ҳақидаги очиқ баёнотидан кейин Украинадан Ўзбекистонга таниқли кардиолог Қаландар Бобожонов қайтди. Унинг қайтиши бошқаларга ўрнак бўла оладими? Кўп сонли ўзбек диаспоралари давлатнинг янги раҳбари гапларига ишонч билдирадими?

Мукофотлар ва облигациялар

“Фарғона” таҳририятининг ўзбекистонлик эмигрантлар орасида танишлари кўп. Саволга тутилганларнинг аксарияти шуни таъкидладики, Ўзбекистонга қайтиш истаги бор, аммо ҳозирча бунга тайёр эмаслар, чунки ҳали зарурий шароитлар яратилмаган. Қандай шароитлар яратилиши керак? Ўзбек ҳукумати қандай қарор орқали эмигрантларнинг ватанга қайтишига таъсир қилиши мумкин?

Масалан, Нью-Йорк штатининг Олбани шаҳрида яшовчи фалсафа фанлари доктори Гулсара Ширматовага кўра, хорижда яшаётган ўзбек диаспораси вакилларига ўзбек элчихоналари ва консулликлари “келиб чиқиши ўзбек” (Person of Uzbek origin – PUО) гувоҳномасини бериши керак. Бу гувоҳнома Ўзбекистонга исталган муддатга визасиз кириш, бизнес юритиш, корхоналар очиш ҳуқуқини бериши керак.

Ширматова хонимнинг фикрига кўра, юзага келаётган масалаларни ҳал қилиш учун “хорижда яшаётган ўзбеклар масаласи бўйича вазирлик” (Ministry of Overseas Uzbek Affairs – MOUA) тузиш керак. Буни биринчи навбатда энг кўп сонли ўзбеклар яшайдиган давлатларда қилиш керак. Бунинг учун Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида хориждаги ўзбек диаспоралари билан ишлайдиган нотижорат ташкилотлар, хорижий компаниялар ваколатхоналарини очиш керак. Суҳбатдошимизнинг фикрича, вазирлик ташкил қилинган кунни Хориждаги ватандошлар куни деб эълон қилиб, хориждаги ўзбек диаспораларининг таниқли аъзоларига мукофотлар таъсис қилиш керак.

Гулсара Ширматова шунингдек, Ўзбекистон бош вазири раҳбарлиги остида келиб чиқиши ўзбеклар учун Глобал консультатив кенгаш (Global Advisory Council of People of Uzbek Origin) тузиш керак. Унинг мақсади – хорижда яшаётган “Ўзбекистоннинг ақл соҳиблари тажрибаси, билимлари ва оқиллигини умумлаштириш” бўлади. Шулар орқали мунтазам равишда ўзбек диаспораси вакилларининг инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш осонлашади. Ғояга кўра, бу Кенгаш турли тавсиялар ишлаб чиқади ва шу тавсиялар асосида хориждаги ватандошларга нисбатан сиёсат ва дастурлар амалга оширилади.

Мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун Ширматова хоним Ўзбекистон тикланиш облигацияларини чиқаришни ҳам таклиф этади. Бундай схема бир пайтлар Ҳиндистонда жуда яхши иш берган экан. Ҳиндистон ҳукумати 1998 йилда хориждаги ҳинд диаспораларига мурожаат қилгач, бир ой ичида Ҳиндистон тикланиш облигацияларига 4 миллиард доллар атрофида пул тушган.

Гулсара Ширматова ўз таклифларини Ўзбекистон раҳбариятига ҳам юборган. Орада кўп ўтмай, мамлакат ТИВдан расмий бўлса ҳам, аммо умид уйғотадиган жавобни олди: “Хориждаги ўзбек диаспораси билан мунтазам ишлаш, унинг имкониятларини Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларини жалб қилишда фойдаланиш юзасидан ғоя ва таклифларингиз учун раҳмат. Уларнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, тегишли маҳкамаларга юборилди. Сизнинг ғояларингиз хориждаги ватандошлар билан ишлашни йўлга қўйишда татбиқ қилиниши шубҳасиз”.

“Амнистия” эълон қилиш ва “титратиш”ни бас қилиш

Шавкат Мирзиёев очиқ эшиклар сиёсатини эълон қилаётган пайтда қуйи босқичларда одатдаги “Каримов механизми” ишлашда давом этмоқда. Миллий хавфсизлик хизмати ва милиция жосусларни, экстремистларни ва террористларни қидириб, қўлга тушган ҳар қандай одамни осонгина “давлат душмани” деб эълон қилмоқда. Шу сабабли Ўзбекистонга қайтишни истаганлар хавфсираб турибди. Ташаббус кўрсатганларни мамлакатга киргизмасликлари ёки ундан чиқармасликлари мумкин.

Суҳбатдошларимизнинг фикрича, ватанда муаммога дуч келмаслик учун мамлакат ҳукумати аниқ-тиниқ кафолат бериши, қайтганлар учун ўзига хос “амнистия” эълон қилиши керак. Ўзбекистон ҳукумати диний ёки сиёсий сабаблар билан ҳеч кимни таъқиб қилмасликка ваъда бериши керак. Бундан ташқари, консуллик рўйхатига турмаганлар, ўз вақтида паспортини алмаштирмаганлар, бошқа фуқароликни қабул қилгандан сўнг ўзбек фуқаролигидан воз кечмаганларни жавобгарликка тортмаслиги керак.

Хорижда маълум миқдорда капитал тўплаган тадбиркорларнинг фикрига кўра, муҳожиротда ишлаб топилган барча даромадга солиқ амнистияси ҳам эълон қилинганидан кейингина ватанга қайтиш мумкин. Ўзбек иқтисодиётининг энг муҳим соҳаларига сармоя киритмоқчи бўлган инвесторларга эса солиқда мисли кўрилмаган имтиёзлар берилиши, экспорт-импорт операцияларига акцизлар пасайтирилиши лозим.

Бу таклифларни Ўзбекистон ҳукумати ва парламентидагилар инобатга оладими-йўқми, буниси номаълум. Мабодо инобатга олганда ҳам, хориждаги ватандошларнинг барча талабларини қондира олишармикан. “Ошкора эълон қилиш керак, петиция ёзиш, имзо тўплаш, ҳукуматнинг барча бўғинларига мурожаат қилиш керак. Ватанга фойдамиз тегишини хоҳлаймиз, аммо бутун жаҳонда қабул қилинганидек, бизнинг ҳуқуқларимизни ҳурмат қилишларини истаймиз. Мен Қўшма Штатларга кетганман, чунки бу ерда қонунга риоя қилишади, қонун ишчи учун ҳам, вазир учун ҳам, ҳаммага баробар. Ўзбекистонда худди шундай ҳуқуқий шароит яратилмаса, у ерга боришдан наф йўқ”, – деб ёзади “Фарғона” таҳририятига Америкадаги олийгоҳ талабаси.

Президентнинг гапларидан руҳланган диаспора уйга қайтиш ҳақида орзу қилаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг ўзида илгаригидек “чемодан кайфияти” ҳукм сурмоқда. “Мирзиёевнинг ҳамма гаплари, – популизм, хўжакўрсинчилик, – деб ёзади фарғоналик олий маълумотли йигит. – Президент тадбиркорларни тинч қўйишни айтади, аммо эртаси куниёқ солиқдан келишиб, илгаригидек титратиб кетишади. Ҳақиқий ислоҳотлар керак, аммо ҳеч нарса рўй бермаяпти. Ҳеч қандай умид йўқ, дўстларим билан кетиш ҳақида кўп ўйлаяпмиз”.

* * *

Ўзбекистондан кетган ҳурматли муштарийлар! Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз. Республика раҳбариятига йўлланадиган тавсияларингиз бўлса, бизга юборинг. Таҳририят манзили – ferghananews@gmail.com.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги