19:11 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Эътироз билдирмоқчи эмасман”. Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг собиқ ҳимоячиси ҳеч нарсага ойдинлик киритмади

15.01.2018 16:22 msk

Фарғона

Суратда Бобомурод Абдуллаев

Ўзбекистонда конституцион тузумни ағдаришга уринишда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 26 декабр куни кутилмаганда адвокат Сергей Майоровнинг ёрдамидан воз кечди. У ҳибсдаги журналист билан икки марта учрашган, қолаверса, шу ишнинг натижаси учун ҳаракат қилган ягона ҳимоячи эди. Аммо унинг уринишидан натижа бўлмади: терговчилар адвокатнинг барча талабларини жавобсиз қолдиришди. Уни тергов жараёни билан таништириш у ёқда турсин, айбланувчига айнан қандай айб қўйилаётганини ҳам айтишмади.

“Фарғона” телефон орқали Сергей Майоровга бир нечта савол берди, хусусан, нима сабабдан Бобомурод унинг ёрдамидан воз кечгани, журналистнинг ҳозирги аҳволи қанақалиги ва тергов қачон ниҳоясига етиши мумкинлиги ҳақида сўради.

–Бобомурод Абдуллаевнинг ўзи ёрдамингиздан воз кечмагунича, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этишингизни айтувдингиз. Худди айтганингиз содир бўлди. Буни сизга учрашув пайтида айтганида унинг кўриниши, руҳий ҳолати қанақа эди? Суҳбат қаерда бўлиб ўтди?

– Ҳақиқатан ҳам, 2017 йилнинг 26 декабрида соат 17 да Абдуллаев менинг адвокатлик ёрдамимдан воз кечиши ҳақидаги баённомани имзолаган сониядан бошлаб, мен унинг адвокати эмасман. Абдуллаевга юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузгандан сўнг, мен ўз хоҳишим билан ҳимоядан воз кеча олмас эдим.

Суҳбат Гвардейскийдаги СНБ тергов бошқармаси биносидаги сўроққа тутиш учун махсус хонада бўлиб ўтди (айни пайтда Абдуллаев ўша ерда, СИЗОда сақланмоқда). Учрашувда терговчи ҳам қатнашди, у бир қадам ҳам узоқлашгани йўқ. Бобомурод хотиржам, босиқ эди. Ташқи кўриниши ҳам меъёрида эди: бемадорлик, жароҳат, озиш, чарчаш ёки шу каби ҳеч қандай аломат кўринмади.

– Бу қарорга эътироз билдирасизми ёки шу иш юзасидан бошқа чоралар кўрасизми? Ахир Абдуллаев билан ёлғиз учрашишга имкон беришлари керак эди-ку?

– Йўқ, мен ҳеч нарсага эътироз билдирмайман. Бобомурод шахсан ўзи ёрдамимдан воз кечиши ҳақида бир неча марта таъкидлади ва кўз ўнгимда шу ҳақдаги баённомани имзолади. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 52-моддаси бузилди: менга Бобомурод билан ёлғиз гаплашиш имкони берилмади. Бирор марта ҳам бирга-бир учрашмадик.

Адвокат Сергей Майоров
– Ёрдамингиздан воз кечганини изоҳлаётиб, Абдуллаев олдинги учрашувда айтган гапларини нотўғри талқин қилганингизни айтибди. Бундай эътирозларга изоҳ бера оласизми?

– Бобомурод ёрдамимдан воз кечаётганини оғзаки равишда шу билан асосладики, мен унинг гапларини Сурат Икромовга (Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг етакчиси, Абдуллаевнинг ишини мунтазам ёритиб бормоқда. – “Фарғона” изоҳи) нотўғри етказибман ёки Суратнинг ўзи нотўғри талқин қилган эмиш. “Нотўғрилик” қуйидагидан иборат: Сурат Икрамов ёздики, Бобомурод айбини қисман, яъни “Тинчликпарварларга жавоб” мақоласига оид қисмини тан олади. Аслида эса, Бобомурод интернетда Солиҳнинг талаби билан чоп этган барча мақолалари бўйича айбни бўйнига олади (Муҳаммад Солиҳ – қувғинда яшаётган машҳур мухолифатчи, Ўзбекистон халқ ҳаракатининг раиси. – “Фарғона” изоҳи).

Яна битта ноаниқлик бор. Мақолаларни чоп этишда Бобомурод Солиҳга ёрдам берганини Сурат Икрамов айтиб ўтган эди. Аммо Бобомуроднинг таъкидлашича, биринчи учрашувда менга бошқа гапни айтган – Солиҳ мақолаларни чоп этишга мажбур қилган экан.

Бу эътирозлар юзасидан таҳририятингизга изоҳ бера олмайман. Аммо шуни таъкидлашни истардимки, Бобомурод тарафидан душманлик ёки совуқ муносабатни ҳис қилмадим. Аксинча, у билан учрашганим учун миннатдорчилик билдирди. Мен олдинроқ унинг хотини билан учрашиб, уни тинчлантирган эдим. Бобомуродга хотини ва болаларининг бир ҳафта олдин тушган суратини кўрсатдим. Буларнинг ҳаммаси учун миннатдорчилик билдирди. Суратни терговчи олиб қўйди.

– Яна қайси қариндошлари билан учрашдингиз? Уларга Абдуллаев ёрдамдан воз кечганини айтдингизми?

– Бобомуроднинг хотини ва синглиси билан гаплашдим. Улар шундоғам хафа эди, мен бу иш билан шуғулланмаслигимни эшитиб, баттар бўлди. Онаси билан гаплашмадим.

– Улар Абдуллаев билан кўришиши, озиқ-овқат, кийим-кечак бериши мумкинми?

– Тергов изоляторида передача беришнинг қоидалари бор. Мен қоидаларни билмайман, аммо хотини Бобомуродга озиқ-овқат берганини биламан.

– Энди Абдуллаевда фақат давлат ҳимоячиси қолдими? Ёки ишни ҳали ҳам адвокат Муножат Парпиева олиб бормоқдами (унинг бир неча ойдан бери Бобомурод билан учраша олмаётганини эшитган эдик)?

– Йўқ, бу маълумот нотўғри. Ҳозир Бобомуродга шартнома бўйича адвокат ёрдам бермоқда. Ҳақиқатан ҳам, бу терговнинг дастлабки босқичида ишлаган адвокатнинг ўзи. Ўшанда у тергов органининг таклифи билан келган ва давлат ҳимоячиси сифатида ишлаган. Кейинчалик Бобомуроднинг онаси у билан шартнома тузган, энди у адвокатлик ёрдамини кўрсатади. Шундан бери у давлат ҳимоячиси эмас, балки шартнома бўйича ҳимоячидир. Муножат Парпиевани танимайман. У билан гаплашмаганман, унинг мавқеидан хабарим йўқ.

– Сиз собиқ давлат ҳимоячиси, ҳозирда Абдуллаевнинг “шартнома бўйича ҳимоячиси” билан учрашганмисиз? У қанақа одам?

– Учрашмаганман. Мабодо учрашган бўлсам ҳам, адвокатлик этикасига риоя қилиб, саволингизни жавобсиз қолдирсам.

– 14 ноябрда Абдуллаевнинг олдига адвокат Тўлқин Орифжоновни киритишган. У икки ҳафтадан кейин “соғлиғи туфайли” ишни олиб боришдан бош тортди. Бу ҳақда нимадир биласизми? Рад этишига ҳақиқатан ҳам соғлиғи ёмонлашгани сабаб бўлдими?

– У ҳақда ҳеч нарса билмайман.

– Бу иш билан шуғулланиш пайтида сизга босим ўтказишдими?

– Ўзимга нисбатан ҳеч қандай босимни сезмадим. Бошқачароқ бўлди: талабларимга эътибор ҳам беришмади. Бу хусусида МХХ, Бош прокуратура ва президентга ҳам мурожаат қилдим.

– Сизни терговнинг бориши билан таништиришдими? Тергов қайси босқичда? Суд қачон бошланиши маълумми?

– Терговнинг бориши билан таништиришмади. Ҳимоям остидаги шахс иштирокида олиб борилган процессуал жараёнларнинг ҳужжатлари билан таништириш ҳақидаги қонуний талабларимни эътиборсиз қолдиришди. Жиноятнинг олдини олиш чораси бўйича суд ҳукмини менга Сурат Икромов берди. Айблов қанақалигини ҳам айтишмади. Аммо Бобомурод биринчи учрашувда айбини қисман тан олганини айтди. Қайси айблигини сўраганимда, интернетдаги “Тинчликпарварларга жавоб” мақоласи бўйича айблигини айтди. Бу мақолада у Каримов режимини тинч йўл билан ағдариб бўлмаслигини, фақат куч ишлатиш кераклигини ёзган. Шундан келиб чиқиб тахмин қилдимки, айнан шу мақола туфайли Бобомуродга тузумни ағдариш бўйича ЖК моддасини қўллашмоқда.

Терговга келсак, қонунчиликка кўра, ҳибсга олингандан кейин уч ой ичида тергов тугамаса, тергов ҳибс муддати тугашига 10 кун қолганида муддатни узайтиришни сўраб, судга мурожаат қилиши керак. Бобомуроднинг ҳибс муддати 2017 йилнинг 31 декабрида тугайди. Бобомуроднинг гапларидан шуни англадимки, уни судга олиб боришмаган. Бу шундан далолат берадики, суд унинг иштирокисиз ҳибс муддатини узайтирган (бу қонунга хилоф) ёки терговчи ишни 31 декабргача тугатиш мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ҳолда шу санагача дастлабки терговни тугалланган деб эълон қилиш ва материалларни танишиш учун Бобомуродга бериш керак. Танишиб чиқиш муддати ҳибсда сақлаш муддатига кирмайди. Яъни, агар тергов 31 декабрда тугатилса, муддатни узайтириш шарт эмас.

Суд жараёни қачон бошланишини билмайман. Агар терговчи 31 декабргача “улгурса”, унда 2018 йил январининг иккинчи ярмида бўлиши мумкин. Акс ҳолда, ҳибс муддати ҳам, дастлабки тергов муддати ҳам яна икки ойга узайтирилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги