10:45 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент шаҳрида квартираларни тортиб олиб, ҳудудий профилактика нозирларига тортиқ қилишгани ҳақида. “AsiaTerra” сайтининг текшируви

15.01.2018 09:22 msk

Фарғона

2017 йилда Тошкент шаҳри аҳолисининг сўнгги бир неча йил давомида оммавий равишда, расмий доиралар томонидан талон-тарож қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Милиция ходимлари, прокурорлар, судьялар ва (туман ва шаҳар) хокимияти вакиллари тил бириктирган ҳолда сохта “қонунбузарлар” ёрдамида фоҳишахоналар сақлаганлик бўйича сохта ишлар тайёрлаган, сўнг эса ушбу хонадон ва квартираларни “жиноят қуроллари” деб эълон қилиб, эгаларидан мусодара қилишган. Гап юзлаб жабрланувчилар ҳақида кетяпти. Журналист Алексей Волосевич “AsiaTerra” сайтида “Милиция ходимлари қандай қилиб квартиралармизни тортиб олишди”. Тошкентликлар сўзлаб беради.” деган текширув мақоласини эълон қилди. Биз бу мақолани бироз қисқартирган ҳолда тақдим қиляпмиз.

Ҳаммаёқ фоҳишахона

Воқеалар қандай ривожланганини эслатиб ўтаман. Милиция ходимлари 2014 йилдан бошлаб (ундан олдинги давр бўйича бизда маълумот йўқ) тошкентликларнинг квартираларини “фоҳишахоналар” сифатида ишлатилган деб эълон қилган ҳолда тортиб ола бошлашди. Бу ишда улар деярли барча ҳолатларда уларга маъқул бўлган қарорларни қабул қилиб келган суд идораларининг ёрдамига таянган. Жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, 2015 йилда квартираларни тортиб олиш ҳолати узлуксиз тус олган.

Мусодара қилиш учун асос сифатида Олий суд пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги қарори, кейинчалик ЎзР ЖПК нинг 203- ва 211- моддалари келтирилган. Ушбу ҳужжатларга кўра, агар хонадон ёки квартира жиноят қуроли сифатида тан олинса ёки “жиноий йўл билан топилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган” деб тан олинса, уларга соддалаштирилган ва тезлаштирилган тартибда тақиқ қўйиш ва мусодара қилиш мумкин.

Жабрланувчилар эътиборини тортган жиҳат шуки, тортиб олиш учун хонадон ва квартиралар, асосан, шаҳарнинг энг нуфузли ҳудудларидан танлаб олинган. Бу хонадонларни кўп ҳолларда нафақахўрлар, ёлғиз аёллар ва даволаниш учун пулга муҳтож бўлган кишилар ижарага беришади. Милиция ходимлари уюштирган “спектакл”ларнинг асосий қурбонлари ҳам шулар бўлишди. Тошкентнинг бу ҳудудларида квартира нархлари бир неча ўн минг долларга тенг, бу Ўзбекистон шароитида катта маблағ ҳисобланади.

Мусодара қилиш схемаси оддий бўлган. Квартирани кўринишидан тузуккина бир одам ёки оила ижарага олади. Бир оз вақт ўтиб, милиция ходимлари ушбу хонадондан фоҳишахона сифатида фойдаланилаётганини аниқлаб, 131- модда (“Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш”) бўйича жиноий иш очади ва ишни судга оширади. Жиноий иш жараёнида ҳуқуқбузар маъмурий жавобгарликка тортилади (одатда, жарима солинади, камдан-кам ҳолда – озодликдан маҳрум қилинади). Орадан бир неча ой ўтгандан сўнг, прокуратура протести бўйича иш апелляция судида қайта кўрилади ва квартира жиноят қуроли сифатида мусодара қилинади. (Ўз мулкини ҳимоя қилиш ва суд-тергов жараёнини қайд қилиш имконига эга бўлмаслиги учун) қоидага биноан, хонадон эгасига бу суд жараёни ҳақида хабар берилмайди. Ўз мулки бундан буён ўзига тегишли эмаслигини у фақатгина суд қароридан билиб олади. Шу йўл билан тортиб олинган хонадон ва квартиралар давлат фойдасига кирим қилиниб, ҳокимиятлар балансига ўтказилади.

Кейин нима бўлишини Uzmetronom сайти тушунтириб беради: “Жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига кирим қилинган квартира ёки хонадон эгасиз мулк деб тан олинади ва Давлат мулк қўмитаси томонидан БТИ нархидан бироз юқори бўлган, аммо бозор нархидан 10 баравар арзон нархда савдога қўйилади. Савдода манфаатдор шахслар (милиция ходимлари, прокурорлар, судьялар) номидан иш юритувчи сохта харидорлар иштирок этади. Савдоларда харидорлар таклифлар берган бўлади, хонадон нархи тахминан 15 фоизга ошади, кейин бошқа таклифлар йўқлиги учун квартира янги эгасига сотилади”. Квартиранинг янги эгаси уйни ўз номига ўтказиши биланоқ бозор нархида сотиб юборади. Ўртадаги фарқни қаллобликда иштирок этган томонлар бўлиб олади, “фоҳишахона” хизматидан фойдаланганлар ролини мажбуран ўйнаб берганлардан ташқари, албатта.

Аксарият ҳолатларда фоҳишахона сақлаш бўйича айбловлар асоссиз бўлган, чунки кимнидир бирон жиноятда айблаш учун жиноятнинг (ҳуқуқбузарликнинг) қонуний асоси бўлиши керак. Аммо фоҳишахона ҳақидаги тушунча Жиноят кодексида ҳам, Жиноят процессуал кодексида ҳам келтирилмаган. Бу тушунча Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос М. Рустамбоев таҳрири остида 2004 йилда нашр қилинган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳ” китобида ёритиб берилади: “Фоҳишахона деб мижозларнинг жинсий алоқа қилиши ёки шаҳвоний эҳтиёжини ғайритабиий йўл билан қондириши учун мўлжаллаб тайёрланган ҳар қандай махсус бинога (квартира, дала ҳовли, коттеж, ҳаммом, сауна, меҳмонхона ва ҳоказо) айтилади. Фоҳишахонанинг асосий белгиси сифатида мижозларнинг бу ерга ўз шаҳвоний эҳтиёжларини маълум тўлов эвазига қондириш мақсадида МУНТАЗАМ РАВИШДА ташриф буюриши инобатга олиниши керак”.

Бир сўз билан айтганда, фоҳишахона – мижозлар мунтазам равишда, қайта-қайта келадиган жой. Асосий жиҳат шуки, “жинсий бузуқлик”нинг ўзи эмас, балки фоҳишахона ёки одам савдосини ташкил этиш жиноят ҳисобланади. Фоҳишахонанинг бошқа белгилари ҳам мавжуд. Турар-жойдан шу мақсадда фойдаланилганлигини исботлаш учун эса турар-жойнинг санаб ўтилган белгиларга мос келиши аниқланиши керак. Шунингдек, мижозлар у ерга мунтазам равишда келиб тургани исботланиши, далиллар йиғилиши, гувоҳлар ва қўшниларнинг кўрсатмалари олиниши керак.

Амалда эса умуман бошқача бўлган: бир мартагина содир этилган ҳуқуқбузарликдан сўнг иш очилган ва судга оширилган, кўп ҳолларда – олдиндан уюштирилган ҳолатлар бўлган. Судьялар фоҳишахона аниқлангани бўйича аниқ далиллар тақдим қилинишини талаб қилишмаган, балки бирдамлик билан яққол ноҳақ қарорлар чиқарган. Натижада квартиралар мусодара қилинган.

Бу ишларнинг барчаси аслида ҳақиқий маънодаги фоҳишахоналарга қарши курашга умуман алоқаси бўлмаганлигини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Биринчидан, сўнгги чорак аср мобайнида фоҳишахоналар айнан милиция ходимлари ҳимоясида фаолият олиб боришган (буни Ўзбекистонда ҳамма жуда яхши билади). Ҳудудий профилактика нозирининг хабарисиз биронта фоҳишахона фаолият олиб боролмаган бўларди. Иккинчидан, квартира нархи унинг бир ойлик ижараси учун бериладиган энг баланд нархдан ҳам бир неча бор қиммат туради. Агарда милиция ходимлари ҳақиқатда ўз ҳудудларидаги фоҳишахоналарни йўқ қилишни хоҳлаганларида, шубҳали ижарачиларга ўз квартираларини ижарага берган уй эгаларини бунинг оқибатидан огоҳлантиришлари ва огоҳлантирганликлари ҳақида тилхат олишлари етарли бўлар эди. Ижарага берувчилар асосан ёлғиз қолган кишилар ва нафақахўрлар эканлигини инобатга олсак, улар бундай номаъқул ижарачилардан тезлик билан қутулишган бўларди. Аммо “тартиб посбонлари”нинг мақсади умуман бошқача бўлган, албатта.

Журналистлар ушбу масалани қўтариб чиқишганидан сўнг, “идоралар”нинг масъул вакиллари ноилож муносабат билдиришга мажбур бўлишди.

2017 йил 20 июлда матбуот ходимлари учун уюштирилган брифингда Тошкент ИИББ раҳбари ўринбосари Дониёр Тошхўжаев йил бошидан буён пойтахтда 400 га яқин “фоҳишахоналар сақлаш ва қўшмачилик ҳолатлари” аниқланганлиги ҳақидаги маълумотларни келтирди. “Хонадон эгаси жиноят иштирокчиси бўлмаса-да, унга тегишли хонадон жиноят қуроли сифатида тан олинса, уй эгасининг тергов қилиниши ёки тергов жараёнида иштирок этиши талаб қилинмайди” деган Тошхўжаев бу билан ижарага берувчилар мулкини талон-тарож қилишнинг йўлга қўйилган тизимини оқламоқчи бўлди. (Аслида, бундай қарорни судья бериши керак). Бу билан Тошхўжаев амалда жиноятчиларнинг тарафини олди, уларни қўллаб-қувватлашинини кўрсатди.

Брифингдан бир муддат олдин 2017 йилнинг баҳор ва ёз ойларидаги “кенг кўламдаги” мусодара қилишларнинг сабаби ойдинлашди.

Маълум бўлишича, 20 апрелда президентнинг “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. Қарорга кўра, давлат ҳокимияти органларига ҳудудий профилактика нозирларини квартиралар билан таъминлаш мақсадида иккиламчи бозордан сотиб олиниб ёки ДАВЛАТ ФОЙДАСИГА КИРИМ ҚИЛИНИБ, уларнинг тасарруфига ўтган квартиралардан уй-жой фондини ташкил этиш топширилган. Қарорда 2018 йил охирига қадар кўп қаватли уйлардан профилактика нозирларига 1327 та квартира тақдим қилиниши белгиланган эди.

Кўплаб ночор оилаларнинг умуман уй-жойи йўқ бир пайтда ИИБ ходимларига текин квартиралар берилишининг аҳлоқий жиҳатини қўйиб турайлик-да, шуни таъкидлаймизки, президент қарори “юқоридан” тушган ушбу режани бажаришга қаратилган қўшимча мусодара қилишлар тўлқинини келтириб чиқарди. “Фоҳишахоналар”нинг сохта мижозлари ролини одатда гиёҳванд ва фоҳишалар ўйнаб беришди. Шавкат Мирзиёев профилактика нозирларини квартиралар билан таъминлашнинг бу йўлини назарда тутмаган деб ўйлайман, албатта, аммо унинг қарорини шундай тушунишди ва амалга оширишди.

10 сентябрда пойтахтда 150 та ҳудудий профилактика нозирига квартираларнинг калитлари тантанали равишда топширилди. Уй-жойларнинг текин берилиши “президент қарорларидан бирини” бажариш мақсадида амалга оширилди, деб хабар берди Тошкент ИИБ.

Бир ойдан сўнг, 4 октябрда, президент “режаси” бажариб бўлинганидан сўнг, АЙБДОР БЎЛМАГАН шахсларнинг мулкини мусодара қилишни бекор қилиш тўғрисида қонун қабул қилинди. Унга кўра, гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳбусга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгалари, хусусий мулкдорлар ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари/меросхўрларига қайтарилиши керак. Бундан буён бундай мол-мулкни мусодара қилиш тақиқланади. Ҳукуматга яқин матбуот хизматининг тушунтиришича, янги қонун амални суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйишга қаратилган.

Аммо на ҳукумат вакиллари, на қонун чиқарувчилар ўша “айбсиз шахслар”дан ноҳақ тортиб олинган мол-мулкини қайтариб бериш кераклиги ҳақида эслашмаяпти ҳам. Шу билан бирга, янги қонун қабул қилинишининг ўзи бир томондан ҳукумат юз берган ҳолатларни тан олганини билдиради. Маълумки, шундан сўнг кўрсатмалар бир оз ўзгарди – бир неча ҳолатлар бўйича судлар профилактика нозирларига беришга улгурмаган квартира ва хонадонларни мусодара қилиш ҳақидаги қарорларни бекор қилишди. Аммо мамлакат раҳбарияти ушбу масаланинг мантиқий давоми бўлган кейинги қадамни қўйишни негадир хоҳламаяпти, “погонли махлуқлар” ва уларнинг прокуратура, суд ва ҳокимият органларидаги шерикларини жазолаш ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти.

Бу муаммо ҳали тўлиқ ҳал қилинмаган: милиция ходимлари жуда кўп одамларнинг уй-жойларини тортиб олишган. Кўплаб квартиралар ҳозирда “муаллақ туриб қолган” – судлар уларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқариб бўлган, амалда эса ҳақиқий эгалари ҳали ҳам ўша уйларда яшаб келмоқда. Айни пайтда, эътиборни тортмаслик учун ҳокимият вакиллари бу одамларни уйларидан катта босим ўтказмасдан ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қилишяпти. (Бизнинг вазифамиз – уларнинг бу ниятини чиппакка чиқариш).

Талон-тарож қилинган мулкни қайтариб бериш

Бир-икки ҳолатни ҳисобга олмаганда, “шаҳвоний бузуқлик ўчоқлари”ни аниқлаш жараёнида квартира эгаларидан бирортаси ҳозир бўлмаганлигига эътиборни қаратиш зарур. Уларнинг иштирокисиз “фоҳишахоналар” аниқланган, баённомалар тузилган, қўлга тушганларнинг “кўрсатмалари” олинган, судьялар эса прокурорнинг протести асосида ва уй эгаларининг иштирокисиз керакли қарорларни чиқариб беришган. Квартирани мусодара қилиш учун сохта шахснинг шу квартирага кириб олиши етарли бўлган.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳар бир фуқарога ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имконияти берилиши керак. Аммо судьялар ҳам, барча ҳуқуқ-тартибот тизими ҳам қасддан фуқароларни бу ҳуқуқларидан маҳрум қилган. Бошқача айтганда, биз уюшган жиноятнинг олий кўринишига дуч келиб турибмиз.

Асосий хулоса: хонадонлар ва квартираларнинг олдинги эгаларининг даъвосига асосан мусодара бўйича барча ишлар қайта кўриб чиқилиши керак. Албатта, бундай қарор давлат раҳбарлари, эҳтимол, президент даражасида қабул қилиниши керак. Бундай қадам қўйиладими-йўқми, бир нарса дейиш қийин, чунки у ҳолда фуқаролардан ноқонуний тортиб олинган уйларда яшаб келаётган кўплаб профилактика нозирларидан уйни бўшатиб қўйишни “илтимос қилиш”га тўғри келади.

Алексей Волосевич, «AsiaTerra»

Международное информационное агентство «Фергана»