10:45 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ўзбекистоннинг биринчи миллиардери бўлишим мумкин эди”. Рустам Усмонов ватанидаги ўтмиши ва Россиядаги келажаги ҳақида

15.01.2018 08:33 msk

Анна Козырева

Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк асосчиси, тадбиркор Рустам Усмоновни республикадан ташқарида ҳам яхши танишади. Уйдирма айбловлар билан умрининг 19 йилини қамоқда ўтказди – бу ҳақда “Фарғона” кўп ёзган – ва ўтган йилнинг февралида озодликка чиқди. Энди айбсизлигини исботлаш учун яна суд ўтказилишини талаб қилмоқда. Бир неча ой олдин Рустам Турдиевич Россия паспортини олди. “Фарғона” мухбири бизнесмен билан учрашиб, Россияда нима билан шуғулланмоқчи эканлигига қизиқди. Суҳбат давомида анча-мунча гаплар очилиб кетди – унга қўзғатилган жиноий ишнинг ҳеч ким билмаган тафсилотлари, Тошкентдаги терактлардан икки йил олдин бир юқори ловозимли амалдорнинг ҳукумат биносини портлатишни таклиф қилгани ҳақида билиб олдик.

– Москвага келганингизга анча бўлдими?

– Озодликка чиққанимдан кейин олти ой “назорат остида” бўлдим. Яъни, август ойигача Тошкентда ҳужжатсиз ўтирдим ва ҳеч қаерга чиқишга рухсат йўқ эди. Июлда Россия хорижий паспортини олдим ва октябрдагина Москвага келдим. Ишларимни битириб, кетдим. Ноябрда қисқа муддатга қайтиб келдим, энди декабрда келдим. Ҳозир Новосибирскка, Олма-Отага, кейин Тошкентга учаман. Москвага январда қайтаман. Бу пайтга келиб, ишга оид ҳамма нарса тайёр бўлади. Россия ички паспортини олиб бўлдим, вақтинчалик регистрация қилдим. Икки-уч ойда доимийсини расмийлаштираман. Бу масалаларнинг ҳаммаси деярли ҳал бўлган.

– Россияда янги бизнес бошлайсизми?

– Ҳа, албатта. 19 йил “дам олдим”, ишни соғинганман. Жаслиқдалигимда (Қорақалпоғистонда 1997 йилда ташкил қилинган колония, асосан “диний” ишлар бўйича маҳкумлар сақланади. – “Фарғона” изоҳи) “одам савдоси” туфайли ўтирган юртдошларни учратдим. Ишлаш учун Россияга келган ўзбекистонликлар қандай ҳақ-ҳуқуқсиз ҳолатда қолишини улардан билдим. Ўшандаёқ, 5-6 йил олдин, озодликка чиқсам, уларнинг қийинчиликларини енгиллаштириш ҳақида ўйлаганман.

Илгари Россияда фирмам бор эди, номи “Руст групп” – Рустам гуруҳи. Ҳозир худди шу номдаги фирмани қайд қилдирдим, чунки йўқлигимда номни ҳеч ким олмаган экан. Юридик шахсларни меҳнат ресурслари билан таъминлаш бўйича шартномалар тузаман, ишни Москвадан бошлаймиз. Улар менга субпудратчи сифатида пул тўлайди, одамларга маошни ўзим бераман. Одамларни биринчи навбатда, албатта Ўзбекистондан оламан. Ҳужжатларини расмийлаштираман, йўлкирасини тўлайман, ётоқхона билан таъминлайман. Хуллас, одамга ўхшаб ишлашлари учун барча зарурий шароитларни яратаман.

– Ўзбек расмийлари билан ҳамкорлик қиласизми?

– Ҳамкорлик қилишим шарт. Масалан, Ўзбекистонда хусусий болалар боғчаси ва мактаб-интернат очмоқчиман. Уларда ота-онаси Россияга ишлашга кетган болалар кеча-ю кундуз қаралади. Бундай муассасаларга зарурат жуда катта, шу сабабли Ўзбекистон президенти уларга қулай шартларни яратмоқда.

Бундан ташқари, республикада илмий-ўқитиш маркази очганман. Уни Россия-Ўзбекистон корхонаси сифатида рўйхатдан ўтказганман. Расман одамларга рус тилини ўқитаман. Таълимнинг норасмий қисмида эса бу одамларни кейин Россияга олиб кетаман. Шу тарзда, улар бу ерга келганида русча гапира оладиган бўлади.

– Озодликка чиққандан сўнг Ўзбекистонда тадбиркорларни ўқитмоқчи эдингиз, амалга ошмадими?

– Ўзбек амалдорларига мурожаат қилдим. Аммо улар пора олишга шунчалик ўрганиб қолганки, кечирасиз-у, пора бермаса ўз хотини билан битта тўшакка ётмайди. Шу даражада бузилиб кетган, уларни қайта тарбиялаб бўлмайди, фақат ишдан бўшатиш мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев шахсан шундай қилмоқда ҳам, буни боплаяпди. У жуда кўп яхши ишлар қилмоқда, валюта ислоҳотини олайлик – бу Ўзбекистон тарихидаги революциядир, аммо 90% амалдорлар душманнинг ишини қилмоқда, улар ҳеч нарсани бажармаяпти. Тасаввур қилинг, тепловоз юзта вагонни тортиб кетмоқда. Бу тепловоз — президент, проводниклар — вазирлар ва давлат амалдорлари. Уларга поезднинг равон юриши керак эмас. Ғилдиракларни мойлашнинг ўрнига қум сепишмоқда. Аммо мен президент ғолиб чиқишига ишонаман. Унинг ортидан халқ турибди. Аммо ҳозирча пассивлиги ҳам бор гап.

Мен пора беришни жинимдан ёмон кўраман, шунинг орқасидан ўзбек амалдорлари билан жанжаллашиб қолганман — улар 30 миллион доллар таъма қилишган, лекин бермаганман. Шу сабабли қамашган. Ҳозир ҳам иложи борича йўлимга тўғаноқ бўлишмоқда. Аммо Андижон вилоят ҳокими билан Хонобод шаҳри ҳокими ҳар томонлама ёрдам бериб, қўлламоқда. Хонободда ёш тадбиркорларни ўқитадиган бепул курслар очмоқчиман.

– Сизни қамаган одамлар ҳалиям лавозимдами?

– Биласизми, менинг ҳибсга олинишим ва озод қилинишим юқорида белгиланган, тақдиримга ёзилган экан. Мен буни тушунмасдим, чунки Худога ишонмасдим. Оддий виждонли коммунист эдим.

– Ҳозир ишонасизми?

– Ҳозир ишонаман. Қамоқда Худонинг борлигига амин бўлдим. Худонинг ўз қонунлари бор ва улар доим ишлайди. Унинг қонунларига кўра, менга туҳмат қилган ва ноқонуний қамаганлар ўлиб кетди, ҳаммаси мендан ёш эди. Мен озодликка чиққанимдан бир ой ўтмасдан ҳатто мени қамаган прокурор ҳам ўлди.

– Демак, Ўзбекистонда сизга ҳеч нарса таҳдид қилмаяптими?

– Айрим хатарлар бор, албатта. Бошқа томондан қарасак, чумчуқдан қўрққан тариқ экмагани маъқул. Асосий хатар шундаки, кўпчилик мени миллионер деб ҳисоблайди. Ҳа, бир пайтлар мен Ўзбекистондаги биринчи расмий миллионер эдим. Ёрдамга муҳтож одамлардан пулни аямасдим. Аммо юқори лавозимда ўтирганлар ҳукумат одами бўлгани учунгина пул талаб қилишларидан ғазабим қўзийди. Бунақаларнинг эсини янги президент киритиб қўймоқда, у: “Халқ амалдорга эмас, амалдор халққа хизмат қилиши керак”, деди.

2010 йилда (“Фарғона” бу ҳақда ёзувди шекилли) пул таъма қилаётган одамлар мени қўйиб юбормасликларини тушундим ва бу пуллардан қутулишга аҳд қилдим. Ўз вақтида чет элга пул яширган эдим, уни мендан бошқа ҳеч ким, ҳаттоки қариндошларим ҳам ола олмас эди. Ўладиган бўлсам, бу пуллар йўқолиб кетар эди, шу сабабли озодлик эвазига пулни Ўзбекистонга беришга қарор қилдим. Иккита канал, яъни ИИБ ва МХХ орқали президентга мурожаат қилдим. Хатларим Ислом Каримовга етиб бормади. Шунда кичкина ўғлимни Москвага жўнатдим ва унга тайинладим: “Россиядан сиёсий бошпана сўра, кейин шуни эълон қилгинки, мен озодлик эвазига Ўзбекистонга 60 миллион доллар бераман”. Пора бермас эдим, лекин Ўзбекистон халқига 60 миллион беришга қизғанмас эдим. У ердан чиқиб кетсам бўлди эди.

Таклифимни Каримовга етказишмаган, аммо ҳисобга олиб қўйишган. Бир неча йилдан кейин озодликка чиққанимдан сўнг ортимдан икки киши эргашиб юрди. Улар президент Мирзиёев аппаратида ишлашларини айтишди ва жуда ҳурмат-эътиборли одам Зелимхон Ҳайдаровнинг исмини айтишди (расмий маълумотларга кўра, президент маъмурияти бошлиғи – “Фарғона” изоҳи). У мендан катта ёшли одам, Рашидов замонида ишлаган, Усмонхўжаев билан ҳам ишлаган. Беғараз инсон, ўта ҳалол ва яхши одам. Шахсан таниш эмасмиз, аммо у ҳақда кўп эшитганман. Унақалар камайиб кетган, уни сўнгги могикан дейиш мумкин. Таъмагирлар унинг исмини тилга олгани учун уларни дарҳол “сота” олмадим. Бир ярим ойча осилиб юришди. Биттасида одамийлик бор экан, иккинчиси аста-секин сурбетлаша бошлади. Устингдан ариза ёзаман, деб огоҳлантирсам ҳам тинч қўймади.


Рустам Усмонов. “Фарғона” сурати

– Энди унинг Ҳайдаровга алоқаси йўқлигини аниқ биласизми?

– Ҳа. У бор-йўғи суд ижрочиси бўлган. Хизмат юзасидан менинг ишимни ўрганган ва шу орқали пул ишламоқчи бўлган. Устидан ариза ёзганимдан кейин қочиб кетди. Ишни Бош прокуратурага беришди, тергов бошланди. Бу одам 15 йилга қамалиши мумкин эди. Ишонасизми, унга раҳмим келди. Қамоқдаёқ ўзимга сўз бергандимки, бундай тақдирни душманимга ҳам раво кўрмайман. Терговчи билан келишиб, ишни “далиллар етарли бўлмагани учун” ёпдик.

– Гўёки сизга таҳдид қилганини исботлай олмадингиз.

– Ҳа, худди шундай. Уни қамашга юридик жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам ҳаққим бор эди, аммо бундай қилмадим.

– Сиздан таъма қилишган пулни қайтариб олдингизми?

– Жиноий ишимда пул қўйилган банкдан олинган сертификат бор эди. Шу ҳалигача топилмади. Афсуски, сертификатсиз ҳеч нарса қила олмайман. Биринчидан, қайси банклиги эсимда йўқ. Банк Нигерияда, мен шахсан борган эдим, аммо орадан 24 йил ўтди! Уни танлаганим боиси, агар Европа банкларига қўйилса, Ўзбекистон пулни жиноий йўл билан топилган деб айтса, бу банклар яширмайди. Нигерия эса фирибгарлар мамлакати. У ердагилар билан тил топишиш мумкин.

Банк билан шартнома тузаётганда мен шундай шарт қўйган эдим: менинг номимдан сертификат билан бирор киши келса, унга пул берилмайди. Аввал олувчининг ўнта бармоғининг изи текширилади. Агар улар банкда сақланаётганларга мос келмаса, бу одамни ҳибсга олиш лозим. Пулни қидиришга Бош прокуратура ҳам қўшилди, чунки уларни Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизишга ваъда берган эдим, аммо улар ҳам ҳеч нима топа олмади. Шу йўсинда, мени қаматган одамлар 19 йиллик умримни совургани етмагандай, жиддий молиявий зарар ҳам етказишди. Агар озодликда қолганимда, Ўзбекистоннинг биринчи миллиардери бўлардим.

Билиб қўйингки, папкадан фақат сертификат эмас, балки тинтув пайтида тузилган мол-мулк рўйхати ҳам йўқолган. Мени ҳибсга олгандан сўнг, қонун бўйича тинтув ўтказиб, айблайдиган материалларни топишлари керак эди. Уйимда ва кабинетимда тинтув ўтказишди. Эсимда қолгани, кабинетда ўша пайтда олти дона Ўзбекистон юбилейига атаб чиқарилган тилла танга бор эди. Уларни Каримовнинг кўз ўнгида аукционда сотиб олган эдик. Саккизта сотиб олган эдим, олтитаси сейфда сақланарди. Яна қора кунга сақлаб қўйилган $200 мингдан ортиқ пул ҳам бор эди. Тергов пайтида буларнинг ҳаммаси қайд қилинганини кўрдим, шунинг учун хотиржам эдим. Қачонлардир айбсизлигимни исботласам, пулларни ҳам, тилла тангаларни ҳам қайтариб оламан, деб ўйлардим. Бундан ташқари, уйдан хотинимнинг тилла тақинчоқлари ва кийимларини ҳам олиб қўйишган. Иш папкасидаги рўйхатни йўқотишган ва ҳамма нарсани ўзлаштириб олишган. Бу ўша пайтдаги погонлиларнинг асл башараси.

– Сизни россиялик бизнесмен Михаил Ходорковскийга ўхшатишгани ҳақида ўқиганман. ЮКОС ишини сиёсий дейишади. Сизни ҳам сиёсий маҳбус деб ёзишди, хусусан, Human Rights Watch ёзди. Бу ҳақиқатан ҳам шундайми?

– Ҳа, “Озодлик” радиоси, “Би-би-си”, бошқа хорижий ОАВ мени сиёсий маҳбус деб атади. 2007 йилнинг 28 августида “Аргументы недели” газетасидаги мақолада ҳам мени виждон тутқуни деб аташди. Аммо мен шуни очиқ-ойдин таъкидлашни истардимки, мен сиёсий маҳбус эмасдим, чунки ҳокимиятга интилмаганман. Менга ҳокимият керак эмасди, чунки пулим етарли эди. Менда миллионлар борлигини яширмасдим, бу ҳақда очиқ гапирардим, чунки уларни ҳалол ишлаб топгандим. Давлат ғазнасига яхшигина солиқ тўлаганман.

Ислом Каримов билан жуда илиқ муносабат ўрнатган эдик. Дўстона муносабат деса ҳам бўлаверади. Мен бошқаларга ўхшаб унинг қаршисида тиз чўкмасдим, довдираб қолмасдим, уни дўст сифатида, ака сифатида ҳурмат қилардим. Буни бутун Ўзбекистон билади. Учрашувларимиз телевизорда бир неча марта кўрсатилган. Ҳамма ҳайрон қоларди: “Сен президентни олдида ўзингни қандай тутасан?” Мен бўлса, у ҳам менга ўхшаган одам, дердим. У президент, мен ҳам президент. У Ўзбекистон президенти, мен ўз хўжалигимнинг президентиман. Шу тариқа Каримов билан ўртамизда зиддият йўқ эди. У ҳам буни исботлади.

1995 йилнинг баҳорида Бош прокуатура билан жанжаллашиб қолдим. Менда пул борлигини, чет элга яшириб қўйганимни улар билишарди. Прокурор $30 миллион талаб қилди, мен қўпол тарзда рад жавобини бердим, у менга қарши жиноий иш очди. Бу иш 1995 йилнинг 19 майида очилган. Ўшанда Қирғизистонда яшардим, аммо мени ўғирлаб кетишди. Мени Ўзбекистонга олиб кетаётган милиция ходимларига таклиф қилдим: йигитлар, қайтайлик, уйимда ярим миллион доллар нақд пул бор, шу пулни сизларга бераман, сизлар эса мени кўрмаган бўласизлар. Улар: “Бажонидил олган бўлардик, аммо сизга оид “катта буйруқ” бор. Бу пул билан бирга биз ҳам йўқолишимизга тўғри келади”. Хуллас, ўшанда $500 минг ҳам мени қутқара олмади.

Ўзбекистон ИИБ ертўласида ёлғизликда уч ёки тўрт сутка ётдим. Тўртинчи куни мени ички ишлар вазири Зокир Алматов кабинетига олиб киришди. У шундай деди: “Сизни ҳибсга олганимизни президентга билдиришимиз шарт эди. Президент: Усмонов жиноятчи эмас ва ҳеч қачон бўлмайди, деди ва сизни дарҳол озод қилишни талаб қилди. Мана, унинг амрини бажаряпмиз, сиз кетишингиз мумкин.” Яъни, Каримов мен ҳақимда жуда яхши фикрда эди.

– Уч йилдан кейин эса сизни қамашди…

– Бу ҳақда ҳеч қаерда гапирмаганман. Аммо гап очилиб кетди, “Фарғона” муштарийлари биринчи бўлиб билишсин. Хуллас, Каримов мен қўйворди.Мен Қирғизистон ва Россиядаги бизнесим билан шуғуллана бошладим, кейинроқ Ўзбекистонга бориб турадиган бўлдим. Ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Аммо 1997 йилнинг июлида Ўзбекистондаги бир юқори мансабдор шахс сўраб қолди: “Рустам ака, Иссиқкўлда менга жой ташкиллаштиринг. Ўша ерда дам олмоқчиман, меҳнат таътилини ўтказаман”. У билан жуда яхши муносабатда эдик, унинг исм-шарифи ва мансабини айтмайман, чунки бу жуда нозик масала. Мен ҳайрон қолдим, чунки у одатда бундан қимматроқ жойларда дам олар эди. Бўпти, илтимос қилгани учун уяли телефон олиб бердим, ўша пайтда телефонлар жуда кам эди. Алоқа учун $500 тўлаб, унга олиб келиб бердим.

Хуллас, ўша одам Фарғона водийсида ғалаёнга бошчилик қилишни сўради. Бундан ташқари (ўшанда Тошкент воқеаларига икки йил бор эди), шу каби сценарийни таклиф қилди: республика раҳбарияти мажлис ўтказаётган пайтда портлатгич модда тўлдирилган машинани Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси биносига яқинлаштириб, портлатиш керак эди. Пул керак бўлса, беришини айтди. Ёки барча сарфлаган пулларимни кейин қайтиб олишим мумкин экан.

Мен Ўзбекистонга қайтиб, бу ҳақда Андижон миллий хавфсизлик хизматига хабар қилдим. Улар: яхши, чора кўрамиз, хавотир олманг, дейишди. Кейин чора кўришди… Андижон вилояти прокуратураси мени 1998 йилнинг 13 февралида 19.05.95 санасидаги 566-иш бўйича ҳибсга олди.

Буни МХХ ходимлари қилишмаган, албатта. Мени қабул қилган ходим маълумотни раҳбариятига эмас, ўша мансабдорнинг ўзига хабар қилган кўринади. Унинг кўзига яхши кўринмоқчи бўлган. У эса эски жиноий ишни кўтартириб, мени ҳибсга олдирган. Бу пайтга келиб, улар банкимни ва барча фирмаларимни тўлиқ текшириб чиқишди ва айблашга ҳеч қандай сабаб топиша олмади. Кейин менга $300 мингдан ортиқ қарзи бўлган аёлни кўндириб, менинг устимдан фирибгарлик ҳақида ариза ёздиришади. Андижон вилоят прокуратурасида бу аёлга нисбатан солиқдан 5 миллион сўм қарздорлик бўйича иш қўзғатилган эди (бу 15 та “Нексия” автомобилининг пулига тенг эди). Ўша аёлни вилоят прокурори кўндирган. Тақдир ҳазилини қарангки, ўша аризанинг оригинали ҳозир менда.

Шу тарзда, мени 2 миллион 100 минг сўмлик фирибгарлик юзасидан судга тортишди. Жиноят ишида ёзилишича, худди шунча суммадаги пулни бу аёл “Дўстлик” колхозига қарздор экан, бу пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган экан. Шунга қарамасдан, суд менга 14 йил берди. Аммо судья ҳам одам. У ярим йиллардан кейин умумий танишимиз бўлган милиция подполковниги орқали айтиб юборибдики, уни шу ҳукмни имзолашга мажбурлашган экан. Аммо ҳукмни бекор қилиш учун иккита имконият қолдирибди. Биринчиси – менга сўнгги сўз берилмагани. Шу асос билан ҳукм устидан шикоят қилиш мумкин экан. Иккинчи имкониятни кейинроқ яратибди. Барибир виждони қийналган, кейин ўзининг ва Худонинг олдида юзини ёруғ қилиш учун суд мажлиси протоколининг охирги варағини йиртиб ташлабди. Бу бетда суд раиси ва котибининг имзолар қўйилган бўлган. Агар протокол улар томонидан имзоланмаган бўлса, ҳукм ноқонуний деб топилар экан. Бу ҳақда беш йилдан кейин айтишим кераклигини сўради. Бу пайтга келиб замон ўзгаришини тахмин қилган.

Беш йилдан сўнг мен буларни адвокатимга сўзлаб бердим. У Андижонга бориб, ишимни ўрганди ва ҳақиқатан ҳам имзоланган протокол варағи йўқлигини аниқлади. Бу ҳақда Олий судга ёзди. Шу жойда яна вилоят прокурори аралашди. У адвокатимга қарши жиноий иш қўзғатиб, протокол варағини йўқ қилганликда айблади. Икки йил судраб юрди, аммо ҳеч нарсани исботлай олмади — ишни ёпишди. Агар шу иш бўлмаганида, улар протоколда битта варақ йўқлигини билиб, судьяни таклиф қилишлари ва қайтадан ёзидиришлари мумкин эди. Аммо бу имкониятдан ўзларини маҳрум қилишди.

Шу тариқа, бугун шуни очиқ-ойдин айтишим мумкинки, мен судсиз ва терговсиз 19 йил ўтириб чиқдим. Айбим шу эдики, прокуратуранинг таъмагирлигига рад жавобини бергандим. Бу ҳақда очиқ гапиришдан нега қўрқмаяпман? Чунки ҳали қамоқда ўтирган пайтимда Мирзиёевнинг ўзи айтганини эшитдим: прокуратура — бу Ўзбекистондаги энг катта ўғридир. Прокуратура ўзи ўғрилик қилибгина қолмасдан, бошқаларни ҳам ўғриликка мажбурлаган. Аммо ҳозир у ерда президентга содиқ бўлган бошқа одамлар ишламоқда.

– Тайинланган муддатни охиригача ўтадингизми?

– Аввалига менга 14 йил беришди. Бу муддат тугагандан кейин яна беш йил қўшиб берамиз дейишди. Мен ҳеч қандай қоидабузарлик қилмагандим. Табиийки, ҳеч қандай тергов ҳам, суд мажлиси ҳам бўлмади. Ҳеч нима бўлмади. Бу фактларнинг гувоҳи ўша пайтдаги назорат бўйича прокурор Эрсаидовдир. У намойишкорона тарзда суд мажлисида қатнашишдан бош тортди.

Яна беш йил ўтирдим, кейин яна муддатни узайтириш учун ҳужжат тайёрлаш бошланди. Аммо Каримов ўлиб қолди, улар нима қилишни билмай қолишди. Мен озодликка чиққанимдан кейин билдим: менинг масалам бўйича колония раҳбарияти Ўзбекистон ички ишлар вазирига мурожаат қилган экан. Чунки ҳеч қандай йўл-йўриқ берилмаганди. Улар эса йўл-йўриқсиз ишламайди, қонун билан эса ишлари ҳам йўқ. Улар телефонга қарайди… Телефон қонуннинг ўрнини босади.

Мени қамоқда бир неча кун ушлаб туришди, чунки рухсатсиз қўйиб юбора олишмасди. Ҳеч ким масъулиятни бўйнига олгиси келмасди. “Йўқ, қўйворманглар” ҳам дея олишмасди, чунки ҳокимият ўзгарди. Хуллас, бу гап президентга етиб боради. Усмоновни нима қилайлик, деб Мирзиёевдан сўрашади. У: “Нима қилиш керак? Муддати тугаганми?” — “Ҳа, муддати тугаган”. “Унда нимага қўйвормаяпсизлар?”, - деган.

– Бу суҳбатни сизга етказишдими?

– Ҳа, бошқа гапларни ҳам. Бир пайтлар менинг тақдиримни ўзгартириш учун Мирзиёевга яқин ходимлари орқали чиқишган экан. Ўшанда бош вазир бўлган. У бу масалани ҳал қила олмаслигини айтган. Унга қамоқдан чиқаётганим ҳақида хабар беришганида, ҳаммаси қонунга мувофиқ бўлиши кераклигини ходимига тайинлаган экан.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилмоқчимисиз?

– Кўрамиз. Ҳозирда адвокатлар ишим билан шуғулланмоқда. Биттаси “Рустамбанк” лицензиясининг қайтариб олиниши қанчалик қонуний бўлганини ўрганмоқда. Чунки бу мутлақо ноқонуний иш бўлган, деб ҳисоблайман. Адвокатларнинг иккинчи гуруҳи менга оид жиноий ишнинг 18 томининг ҳаммасини ўрганиб чиқиб, суратга олишди. Яъни, менда ҳозир электрон варианти бор, энди ҳеч ким ўзгартира олмайди, ўзгартирса ҳам фойдаси йўқ. Яна битта гуруҳ янги суд жараёнини ташкиллаштириш устида ишламоқда. Мен айбсизлигимни исботлашга тайёрман.

Бундан келиб чиқмоқдаки, мендан $30 миллион таъма қилиб, гаров тариқасида 19 йил ушлаб туришган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозирга тараққиёт даврида, уч минг йиллик бўсағасида прокуратуранинг юқори мансабдорлари шундай иш қилишдан қўрқмаган. Бу билан улар президентнинг, Ўзбекистон халқининггина эмас, балки ўзини демократ деб ҳисоблайдиган барча Ер аҳолисининг юзига тупуришган. Бу ишнинг яна бир томони бор. Мен ҳақимда, бу иш ҳақида ёзганларнинг ҳаммаси, мени Каримов қамаганига ишончи комил эди. Мен 100 фоиз аниқ биламан — бунга унинг алоқаси йўқ. Унга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Уни алдашган холос. Милиция ҳам, МХХ ҳам менинг ишимга ҳеч қандай алоқаси йўқ — ўша пайтдаги Бош прокуратура президентнинг номини ўзига қалқон қилиб олган. Бунда Тошкент шаҳар ҳокими ҳам қатнашган.

– Қанақасига?

– Мен доим сиёсатдан узоқ юрардим. Сиёсат билан шуғулланишни истамаганман, аммо мени Олий Мажлис депутатлигига номзод бўлишга мажбур қилишган. Мендан ёзма ариза олмай туриб, депутатликка номзод қилишди (гап 1994 йилги сайлов ҳақида кетмоқда. – “Фарғона” изоҳи), рўйхатдан ўтказишди, бу ҳақда газетада ёзилди. Шундан кейин мени чақириб, айтишди: буларни Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг кўрсатмаси билан қилдик, депутатликка номзод бўлишга розилигинг ҳақида ариза ёз, юридик жиҳатдан ҳаммаси тўғри бўлсин. Мен аризани ёздим, бошқа иложим ҳам йўқ эди, Каримов билан тортишиб ўтирмайман-ку.

Ёзиб бўлганимдан кейин ўша ҳоким айтдики, мамлакат эҳтиёжлари учун пул билан ёрдам қилишимни Ислом Абдуғаниевич сўраган эмиш. Бўпти, ёрдам бераман, қанча? Уёғи ўзингизга ҳавола. Хўп. Ўша пайтларда Жириновскийнинг партияси (ЛДПР) эълон бергандики, қайси тадбиркор $2 миллион берса, уни депутатликка номзодлар рўйхатига қўшишарди. У ёқда мандатнинг нархи айтилганидан кейин, бу ерда ҳам икки миллион етса керак, деб ўйладим. Шунча пулни ҳокимга олиб келдим, мана бериб юборинг, дедим.

- Икки миллион кам.

- Қанча керак?

- Президент ўн миллион сўраяпти.

- Кечирасиз, унда пулни олиб кетаман, менга ҳеч нарса керак эмас, - дедим.

- Йўқ, пулни ташлаб кетинг, мен гаплашиб кўраман.

Бу одам нима қилишни билмай қолди... Хавотирга тушди. Бир томондан, олдида турган нақд пулни олгиси келяпти. Иккинчи томондан, уни чақиб беришларидан қўрқяпти. Шу сабабли менга нисбатан суиқасд уюштиришди. Ўша куни дўстимни кутиб олишга аэропортга кетувдим. Мен яшайдиган ва ишлайдиган уйда қоровул қолган эди. Тунда бир неча киши келиб, эшикни очишни талаб қилишган. У ичкарига киргизмаган, икки марта милицияга қўнғироқ қилган, аммо милиция “Рустамбанк” биносига келган (банк биноси ўша кўчада, уйимдан тахминан 300 метр нарироқда эди). Иккинчи қўнғироқдан кейин милиционерлар офис ёнига келишган, 10-15 дақиқа ўша ерда туришган, аммо шубҳали ҳеч нарса кўринмаган. Бу пайтда босқинчилар ичкарига беркиниб олган, қоровулни эса ўлдиришган. Мен йўқлигим учун 200 килоли сейфни олиб, машинага ортиб кетишган.

Мен қайтиб келдим, қоровулни ўлдиришганини кўрдим ва милицияни чақирдим, суриштирув бошланди. Сейф йўқолганини кейинроқ билдик, чунки у девор ичига яширилган эди. Сейф ҳақида фақат битта одам — 17-18 ёшли бола, олдинги қоровулнинг ўғли биларди. Бир пайтлар уни ўғриликда қўлга туширган эдим. Қоровул юртдошим бўлгани учун кечиргандим. Ўша топиб келишди, икки соатдан кейин тан олди, босқинчилар билан бирга бўлган экан. Ўша ердаёқ машинага ўтирдик, у кўрсатган жойни топдик, ўша ерда бузиб ташланган сейфим ётарди. Бу иш бўйича икки кишини ҳибсга олиб, судга тортишди, аммо кейинчалик қизиқарли тафсилотлар юзага чиқа бошлади.

Қирғизстонда, Жалолободда яшаган пайтимда рэкетирлар билан учрашгандим. Барча маҳаллий фирмалар уларга товон тўларди. Менда ҳам фирма бор эди, шу сабабли улар олдимга келиб, жанжал кўтармасидан олдин ўзим қўнғироқ қилишни лозим топдим. Сим қоқиб, қанча беришим кераклигини сўрадим, улар (уч ака-ука) айтишди: “Рустам ака, нималар деяпсиз, сиз обрў-эътиборли одамсиз, ҳеч нарса бериш шарт эмас. Агар сизга ёрдам керак бўлса, биз ёрдам берайлик”. Мен улар билан учрашган пайтимда менга қилинган суиқасд ҳақида гапириб бердим. Улардан бири тан олди: “Рустам ака, бу мен эдим. Сизнинг офисда тунашингизни айтишди, сейфингизда $100 минг бор эмиш. Биз сизни ўлдириб, эвазига пулни олишимиз керак эди. Буюртма берган одамнинг сизнинг собиқ ўринбосарингиз, Тошкент ҳокимининг дўсти эди. Агар у ерда пул топилмаса, бизга $20 минг беришни ваъда қилишганди. Биз қоровулни ҳеч қандай сабабсиз ўлдирдик”.

Бу одамга, агар эртаси куниёқ ўзбек милициясининг олдига бориб, жиноятига иқрор бўлса, $100 минг бераман дедим, кейинчалик озодликка чиқариб оламиз. Хуллас, шунга келишдик. Аммо яна бир бор тақдир тескарисига айланди. Ўша куниёқ учала ака-укани ўлдиришди. Уларни корейс миллатига мансуб маҳаллий бизнесмен (уни Саша деб атардик) ўлдирди, чунки улар хотинини шантаж қилишган экан. Ака-укалар мен билан гаплашаётган пайтда у машинада ўтирган эди. Учрашувдан кейин улар Сашанинг уйига бориб, компромат ёзилган кассета учун пул олишлари керак экан. Машинада Саша пистолет топиб олади ва уйига борганидан сўнг уларни отиб ташлайди. Иккитаси жойида ўлади, учинчиси қочишга тушади, ўқ егани сабабли, адашмасам шифохонада ўлади. Мен ҳайратда қолдим. Ҳаммаси жойида эди, энди бирданига асосий гувоҳим ўлиб кетди.

– Собиқ ўринбосарингиз Тошкент ҳокими билан қандай боғланиб қолди?

– Биз у билан [собиқ ўринбосар билан] узоқ вақт бирга ишладик, у ҳам жалолободлик эди. Исм-шарифини айтиб ўтирмайман, бу одам менга сотқинлик қилди ва ҳокимга ўринбосар бўлиб кетди. Қирғизистон фуқароси эканлиги ҳам халақит бермади. Мен озодликка чиққанимда (бу ҳақда қариндошларимдан бошқа ҳеч ким билмасди) бу одам табриклаш учун уйимга келди. Бизнинг урф-одатларимизга кўра, уйингга меҳмон бўлиб душманинг келса ҳам, унга чой қуйиб беришинг керак. У билан бирга чой ичсанг, энди ундан қасос ололмайсан. Аммо қайсидир йўл билан у барибир жазосини олади, деб ўйлайман.

Аслида шуни таъкидлашингизни истардимки, менинг ҳеч кимдан қасдим йўқ. Тасаввур қилинг, сизга айтишса: дунёнинг барча бойликларини танлайсанми ёки 19 йиллик қамоқними...

– Сиз 19 йиллик қамоқни танлардим, демоқчимисиз?

– Ҳа. Бугунги дунёқарашим, бугунги билимим бўлганида, 19 йиллик қамоқни танлаган бўлардим. Ҳамма диний китобларда ёзилган — бойлар жаннатга тушишидан кўра, игнани тешигидан туянинг ўтиши осонроқ. Чунки бой одам биринчи навбатда ўз бойлигига ишонади, ҳар қандай муаммони пул билан ҳал қила оламан, деб ўйлайди. Аммо ҳаммамиз ҳам нариги дунёга равона бўламиз, мол-дунёни ортмоқлаб кета олмаймиз.

Мен “нариги дунё”нинг борлигини биламангина эмас, балки илмий фактлар билан буни исботлаб беришим мумкин. Қамоқдаги 19 йиллик вақтдан ўн йили давомида диний китобларни — Инжил, Қуръон, Бхагавад-гита ва бошқаларни ўргандим. Уларни таққосладим, демак, Россияга янги ғоя билан келдим деб ҳисоблайверинг. Унга қуйидаги қисқа таърифни бериш мумкин: “Дин бу фандир, фан эса диндир”. Шу кунгача илм-фан алоҳида ривожланди, дин илм-фандан ташқарида қолди. Мен уларни ўзаро боғлиқ деб ҳисоблайман. Буниси ҳам майли, мен деярли барча асосий физика ва математика қонунларини диний китоблар ёрдамида исботлашим мумкин, яъни улар диний китобларда келтирилган. Муддатнинг деярли ярмини, тўққиз йилни Жаслиқда ўтказдим, у ерда одамнинг ҳаёти бир чақага арзимайди. Мени ўлиб кетишим учун ўша ерга жўнатишди, мен шу дўзахдан чиқдим ва шундай билимларни эгаллашга лойиқман.

Шу фурсатдан фойдаланиб, тақдирим ёруғликка юз тутишида қатнашганларнинг ҳаммасига самимий миннатдорчилик билдираман. Уларнинг тоат-ибодатлари, ҳаракатлари ва Аллоҳнинг инояти билан мен 19 йиллик маҳбусликдан тирик ва соғлом чиқдим. Ҳаммасига таъзим қиламан. Менинг озод этилишим бўйича кампанияда фаол иштирок этгани учун “Фарғона” коллективидан ҳам миннатдорман. Бу сўзларни ўқиётганларни янги 2018 йил билан чин қалбимдан қутлайман! “Фарғона” коллективига ва унинг муштарийларига мустаҳкам соғлиқ, кўтаринки руҳ ва узоқ умр тилайман.

Анна Козырева ёзиб олди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги