18:21 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гап кўп, кўмир оз. Совуқ тушишга улгурмади, аммо Ўзбекистонда ёқилғи етишмовчилиги бошланди

09.01.2018 21:48 msk

Фарғона

Иситиш мавсуми авжига чиқди, совуқлар ҳали олдинда, аммо ўзбекистонликлар ғамлашга мажбур бўлган кўмирнинг тақчиллиги сезилиб қолди. Ижтимоий тармоқлар ва ўзбек ОАВдаги хабарлар шу ҳақда дарак бермоқда. Аҳоли бунга кўникиб қолган: уйларни иситиш ва таом тайёрлаш учун ёқилғи муаммоси кўп йиллардан бери қийнайди. Электр энергияси ва газ таъминотида узилишлар кўп бўлади, шу сабабли республиканинг қишлоқ аҳолиси асосан ўтин ва кўмир ишлатади. Ўтинни ўзлари топишади, кўмирни етказиб беришни эса давлат ўз зиммасига олган.

2017 йилнинг 22 июнида президент тегишли қарорни имзолади, унда 2017/2018 йил иситиш мавсумида аҳолини 849 минг тонна кўмир ва 189 минг тонна суюлтирилган газ билан таъминлаш кераклиги белгилаб қўйилган. Кўмир қазиб олиш ва етказиб бериш бўйича монополист корхоналар – “Ўзбеккўмир” ва “Шарғункўмир” акционерлик жамиятлари ноябрь ойида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибига киритилди. Аҳолини кўмир билан таъминлаш вазифасини бевосита “Ўзтемирйўлёнилғитаъмин” бажаради. Кўмирга ягона нарх белгиланди – бир тоннаси 156.600 сўм ($19,3).

Ноябрь ойидан бошлаб, аҳолига бу турдаги ёқилғи бевосита “Ўзтемирйўлёнилғитаъмин” кўмир омборларидан сотилади. Бу омборлар республиканинг вилоят ва шаҳарларида жойлашган. Аммо кўмир етказиб бериш миқдори маҳаллий аҳоли эҳтиёжини қопламайди.


“Жомбой” омборидаги навбат. Kun.Uz сурати

Масалан, иситиш мавсуми энди бошланганида Kun.Uz нашриёти таҳририятига Самарқанд вилояти Ургут тумани аҳолисидан шикоят келиб тушган. Улар кўмир тақчиллиги туфайли “Жомбой” омборидаги сунъий навбатлар ва фирибгарлик ҳақида хабар беришган.

Бу омборга ташриф буюрган нашриёт мухбирлари кўчанинг икки томони элликтача юк машинасига тўлалиги ва омбор дарвозаси олдида одамлар гавжумлашиб турганини кўришган. Омбор мудири Ориф Қурбоновнинг айтишича, Самарқанд вилоятининг бешта тумани: Жомбой, Тайлоқ, Ургут, Пайариқ ва Самарқанд аҳолисига кўмир тарқатилмоқда. “Олувчи жуда кўп, ўз-ўзидан навбат ҳосил бўлади. 2-3 кунлаб турганлар бор. Кунига 8–9 та вагонни юклаб аҳолига кўмир тарқатмоқдамиз. Иш вақтимиз соат 17:00 га бўлса ҳам, кечгача ишлаяпмиз “, - деган Қурбонов.

Тайлоқ туманидан Д.Маматкулова Kun.Uz мухбирига шикоят қилган: “Маҳалламиз навбатга қўйилганида менга кўмир етмасдан қолиб кетдим. Мана энди 3 кундан бери сарсонман. Улгурмасангиз, маҳалла кейинги марта навбатга қўйилганга қадар кутишга мажбур бўлар экансиз”.

“Бу ерда турли “схемалар” яхши йўлга қўйилган. Масалан, омбор ҳудудида турган юк машиналари кўмирни ташиш учун икки-уч баравар кўп пул сўраяпти. Ўзингиз машина гаплашсангиз, ўнг томондан узун навбатга турасиз. Чап томонда эса маҳаллий машиналар турибди. Уларга пул берсангиз, кўмирни навбатсиз етказиб беришади”, - деб вазиятни тушунтирган одамлар.

“Навбатда турган битта машина кўмир олгунча, навбатсиз тўртта машина кириб чиқяпти. Куни бўйи машинани олиб келиб, навбатга қўйиб, кўмир ололмаслигингиз мумкин”, - дейди ургутлик фуқаролардан бири.

Омбор мудири Қурбонов махфий объект эканлигини рўкач қилиб, Kun.Uz мухбирларига иш қандай ташкил этилганини суратга олишга изн бермади. Бу кўмир омбори махфий объект эканми? У ҳолда омбор ҳудудида одамлар йиғилиб олганини қандай изоҳлаш мумкин?..

“Жомбой” омборида кўмир етишмаслиги ҳақида “Озодлик” 19 декабрда хабар берди. Жомбой туман ҳокимлигининг вакиллари аноним тарзда мухбирга айтишича, “кўмир омбори декабр бошидан бери бўш ётибди. Жомбой тумани аҳолисининг эҳтиёжи бир мавсумда деярли олти минг тонна бўлса ҳам, бор-йўғи 2,9 минг тонна ажратилган. Жумладан, 1,2 минг тоннаси янги йилгача келиши керак, шуни тарқатсак бўлди. Ҳокимлик яна 3,3 минг тоннага буюртма берган”.


Эълондаги ёзув: “Жомбой омборида кўмир тугаган. Келса, “Маҳалла” фондига ва МФЙга хабар қиламиз”. “Озодлик” сурати

“Ўзбеккўмир” унитар корхонасидаги аноним манбанинг “Озодлик”ка айтишича, 2017 йилнинг 19 декабри ҳолатига кўра, ҳукумат томонидан аҳолига ажратилган 849 минг тонна кўмирнинг 91 фоизи истеъмолчига жўнатилган. Ажратилган миқдор мамлакат аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжининг қанча қисмини қоплайди, деган саволга “Ўзбеккўмир” вакили жавоб бера олмаган.

Бироқ, давлат таклиф этган кўмир аҳолига ёқмаган. OzodNazar эшиттиришида Фарғона вилоятининг Риштон туманилик ўқитувчи Баҳодирхон Элибоевнинг айтишича, “кўмирни сифати паст, қум ёки унга ўхшайди”. Бу кўмирни маҳаллаларга давлат нархида тарқатишмоқда, транспорт харажатларини қўшиб ҳисоблаганда, бир килоси 250-300 сўмга тушмоқда ($0,03).

“Яхши кўмир қўлда сотилади ва қиммат туради. Яхши кўмир бозорда очиқ сотилмайди, уни муайян одамларга буюртма бериш керак. Нархи – масалан килосига 800-1000 сўм ($0,09-0,12), - дейди Элибоев. – Буни олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Кўпчилик ўзининг томорқасидаги дарахтларни кесиб, ўтин қилиб уй иситишяпти, онда-сонда ҳаммомни ҳам иситишади, овқат тайёрлашади”.

Элибоевнинг ҳисоб-китобларига кўра, кўмир ва ўтин харажати ойига 500-800 минг сўм ($61,7-$98,7) бўлади. Бунга ўқитувчи маошининг асосий қисми сарфланади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатдаги ўртача маош 1,346 млн сўмни ($166) ташкил этади.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кўмир сифатидан қониқишмаяпти. “Оила даврасида” нашриётининг хабар беришича, телефон орқали суҳбатлашган Тошкент ва Андижон вилоятларида яшовчилар, килоси 156 сўмлик кўмирни бемалол сотиб олиш мумкинлигини, аммо у жуда майда бўлиб, сифати яхшироғини бозорда ёки танишлар орқали сотиб олишга мажбурлигини айтган. Айрим андижонликлар эса кўмирнинг давлат нархидан умуман бехабар бўлиб, фақат бозордан бир неча баробар қимматига сотиб олишар экан.

Бозорга кўмир қаердан келади? Ахир, республика бўйича кўмир қазиб чиқариш ва етказиб бериш режа-графигига кўра, давлат деярли ҳамма кўмирни истеъмолчига жўнатмоқда.


2017/2018 куз-қиш мавсумида республика бўйича кўмир қазиб чиқариш ва етказиш режа-графиги

Агар аҳолига кўмир етказиб беришнинг режадаги миқдори етарли деб ҳисобласак, унда бу ёқилғининг тақчиллигига бошқа муаммолар сабаб бўлади. Масалан, ҳукумат қарорларини кўнгилдагидек бажаришда муаммо, кўмирни ҳудудий омборларга тақсимлаш жараёни нотўғри ташкил қилинганлиги, жойларда жамоат назоратининг йўқлиги, турли хилдаги суиистеъмоллар (шулар туфайли ҳам яхши кўмир “пана”га ўтмоқда), аҳолининг ижроия ҳокимияти органлари билан алоқаси яхши ўрнатилмагани ва ниҳоят, бу масалаларнинг маҳаллий ОАВда етарлича ёритилмаётгани бўлиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги