11:43 msk, 15 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

От ҳам таажжубда. Ўзбекистон президентининг расман ижтимоий тармоқларга ёзилгани ҳақида

29.12.2017 17:02 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда парламентга мурожаатнома билан чиқиб, ўтаётган йилга якун ясади. Давлат раҳбари тўхтовсиз тўрт соат гапирди – муаммолар ҳақида очиқ гапирди, тадбиркорларга ачинди, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди, ўзи кетишини ҳам пўписа қилди – хуллас, ўзбек сиёсатида “мутлақо ўзгача нарса”ни кўрсатди. Бу маъруза Мирзиёевнинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида трансляция қилинди. Мақола ёзилаётган пайтда бу видео 170 минг марта кўрилди ва етти мингта фикр билдирилди. Видеони президент саҳифасига ёзилганлардан (150 мингдан ортиқ кишидан) ҳам кўп киши томоша қилди. Мирзиёевнинг шунча атрофидаги обуначиларга эга аккаунтлари Инстаграм ва Твиттерда, Телеграм мессенжерида ва YouTube хостингида борлигини ҳисобга олсак, ҳеч ким кутмаган тарзда Ўзбекистон президенти интернетни ёрворди, деса ҳам бўлади.

Ўзбекистон раҳбарининг барча саҳифалари текширилган (тасдиқланган), яъни уларни айнан ўзи эмас, балки унинг матбуот хизмати бошқарса ҳамки, булар Мирзиёевнинг ташқи дунё билан расмий алоқа каналларидир. Верификация – бу ҳолда бажарилиши зарур бўлган амалдир, чунки Фейсбукнинг ўзида “Шавкат” ва “Мирзиёев” деб қидирилса, гўёки Ўзбекистон президенти билан алоқадор бўлган ўнлаб саҳифалар топилади. Улардан фақат биттаси тасдиқланган бўлиб, қидирувда муҳим ўрин берилган, шу сабабли биринчи бўлиб чиқади.

Мирзиёевнинг Фейсбукдаги саҳифаси верификация қилингани ҳақида Алоқа вазирлигининг сайтида кузда хабар берилди. Ўзбекистон делегацияси ижтимоий тармоқнинг топ-менежерларидан бири билан Силикон водийсида ўтган учрашувда бу масалани ҳал қилди. Телеграмдаги “Shavkat Mirziyoyev_press-service” каналига ҳам оқ “галка” қўйилган – бизнинг кузатишларимиз бўйича, бу сервисда бошқа ҳеч қайси сиёсатчининг тасдиқланган канали йўқ. Мирзиёевнинг каналида 85,5 мингта обуначи бўлиб, уларнинг сони дақиқасига ўртача беш кишига кўпаймоқда.


Алоқа вазирлигининг делегацияси Фейсбук офисида

Твиттерда шу йилнинг февралидан бошлаб президент икки мингтача ёзув ва 2740 ўқувчига эга бўлди. Намуна сифатида бўлмаса ҳам, таққослаш мумкин: Қирғизистоннинг янги президенти Сооронбай Жээнбековнинг Твиттери аввалги президентдан қолган бўлиб, уч мингтача ўқувчига эга, Нурсултон Назарбоевда –271 мингта, Россия президенти Владимир Путинда – 3,88 миллионта ва ниҳоят, Твиттер “қироли” Доналд Трампда 45 миллиондан ортиқ ўқувчи бор. Трамп твиттерга шахсан ўзи ёзади ва ўз микроблогини улкан ОАВга айлантириб қўйган.


Шавкат Мирзиёевнинг Телеграмдаги каналидан расм

Инстаграмда Ўзбекистон президентининг иккита тасдиқланган аккаунтини топдик (у тасдиқлашга жиддий аҳамият берган, Марказий Осиёнинг бошқа президентлари Инстаграмда йўқ) – биттаси инглиз тилида, иккинчиси – рус ва ўзбек тилларида. Биринчисида 37,5 минг обуначи, иккинчисида 241 минг обуначи. Ундаги битта пост ўртача 15 мингта лайк олади. Масалан, таажжубга тушган от сурати 17 минг кишига ёққан.


Таажжубдаги от сурати. Шавкат Мирзиёевнинг Инстаграмдаги аккаунтидан

Барча саҳифаларда фикр қолдириш мумкин, одамлар асосан президентга мустаҳкам соғлиқ тилашади ва муҳаббат изҳор қилишади. Аммо ўнлаб изҳорлар орасидаги айрим постларда инвестициялар ва иқтисодиётни ривожлантиришга оид таклифлар ҳам учраб туради. Келгусида шу каби ташаббуслар йиғилиб, алоҳида “Менинг фикрим” саҳифасига қўйилиши мумкин. Шундай саҳифа ташкил қилишни президент таклиф қилган, аммо ҳозирча халқ Мирзиёев билан алоқанинг янги усулларини ўрганиб, ҳар ким ўз билганича ёзмоқда. Қолаверса, уларга ҳеч ким жавоб ёзмайди, аммо фикрлар кўриб чиқилади ва таҳлил қилинади, шу сабабли сўкинмаган маъқул.

Ўзбекистоннинг ҳозирги президентининг бундай очиқлиги – улкан ва кутилмаган олға қадамдир. Бош вазирлик пайтида Мирзиёев шунчалик панага беркинган эдики, аксарият аҳоли уни умуман кўрмаган эди. Шу даражага борганки, ҳукумат раҳбари иштирокидаги музокараларда журналистлардан уни суратга олмаслик уёқда турсин, умуман унинг қатнашаётганини тилга олмаслик сўралган. Бу соҳада Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) бошлиғи Рустам Иноятовдангина ортда қолган бўлса керак. Телеэкранларда ва интернетда фақат Ислом Каримов кўриниши мумкин бўлган. Тасаввур қиласизми, унинг қўл остидаги бирортаси Инстаграмга ёзилса, нима бўларди...


Шавкат Мирзиёевнинг Инстаграмдаги аккаунтидан расм

Сиёсатчиларнинг ижимоий тармоқлардан фойдаланиши мумкин ва зарурлиги ҳақида Мирзиёев июль ойидаёқ айтган. Ўшанда у Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларига ижтимоий тармоқларда саҳифа очиш вазифасини юклаган. Шу тарзда ўз иши ҳақида ҳисобот бериш ва “халққа яқинроқ бўлиш”ни таъкидлаган. Худди шу мақсадларда Мирзиёев ўз аккаунтларини ҳам очтирган, деган фикр мавжуд.

Баҳо берадиган бўлсак, президент тармоқда ишни дарров йўлга қўя олмаган. Матбуот котиблари билан боғлиқ чалкашликлар ҳам билвосита шундан далолат беради. Шу йилнинг март ойида давлат раҳбарининг матбуот хизматига Асаджон Хўжаев раҳбар бўлди, у илгари Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг диектори бўлган. Август охирида уни бўшатишди, миш-мишларга қараганда, Самарқанддаги “Шарқ тароналари” фестивалини етарлича ёритмагани учун бўшатишган. Сентябрь ойида матбуот котиби вазифасини вақтинчалик Михожиддин Хожиматов бажарган, у собиқ маданият ва спорт вазири бўлган. Декабр ойига келибгина, матбуот хизматининг раҳбари этиб Комил Алламжонов тайинлангани расман эълон қилинди.


Шавкат Мирзиёевнинг Фейсбукдаги саҳифасидан расм

Янги матбуот котиби иккита олий маълумотга эга: 2006 йилда Санъат ва маданият институтини тугатган, 2010 йилда – Тошкент давлат иқтисодиёт университетини битирган. Ўзбекистон ФВВ ахборот хизматида ишлаган, Давлат солиқ қўмитасининг ахборот хизматида бош мутахассис, 2009-2013 йилларда ДСҚ раисининг матбуот котиби бўлган. Ўзбекистонда Алламжонов инновацион автомактаб Avtotest таъсисчиси сифатида маълум. Кези келганда айтсак, шу йилнинг ноябрида Avtotest компанияси Тошкентдаги журналистлар билан урушиб қолишига оз қолди: Бош прокуратура ва Матбуот агентлигига Anhor.uz нашриёти устидан шикоят қилди. Уларни нотўғри ва нохолис маълумотларни чоп этишда айблади.

Алламжонов тайинланганидан кейин президент аккаунтларидаги постлар сони сезиларли даражада кўпайди. Тахминан декабр ойидан бошлаб кичик фотогалереялар ва мини-сюжетлар қўйила бошланди. Бундан ташқари, ўзбек тилидаги барча ёзувларнинг русчаси ҳам қўйила бошланди, илгари бу негадир қисман амалга оширилар эди. Матбуот хизмати ОАВга ҳам (бу рўйхатда “Фарғона” йўқ) маълумот тарқатишни йўлга қўйган шекилли, чунки тайинлашлар ҳақидаги янгиликлар ва Мирзиёев учрашувларининг асосий нуқталари деярли бир вақтда маҳаллий ОАВ, ижтимоий тармоқларда ва давлат раҳбарининг сайтида пайдо бўла бошлади.


Комил Алламжонов

Бу кетишда ижтимоий тармоқлар Мирзиёевнинг қўлида фақатгина ОАВ эмас, балки республиканинг бутун аҳолиси билан алоқа қилишнинг кучли воситасига айланади. Балки шунинг ўзи кўкларга кўтарилган “халқ билан мулоқот” бўлиши мумкин, бу ҳақда Ўзбекистоннинг янги президенти бир йилдан бери гапириб чарчамади.

Алламжоновга келсак, ундаги ижобий жиҳатлар ичида битта каттаси бор. У президентга матбуот котиби бўлганидан кейин унга тегишли Avtotest компанияси журналистларга қарши даъвони қайтиб олди. Avtotest компаниясининг бош директори Оксана Тигай мурожаатида шундай дейилади: “Биз сўз эркинлиги тарафдоримиз ва ўз фикрига эга шахсларнинг, жумладан, www.anhor.uz таҳририятининг фикрини ҳурмат қиламиз”.

Мана бу тўғри иш бўлди. Давлат органлари ва тижорат компаниялари журналистлар билан урушиши эмас, балки уларга сажда қилиши лозим. Акс ҳолда ўзларига ёмон бўлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги