04:17 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хавфсизлик керак. Туркиядаги ўзбекистонликлар Мирзиёевдан эркинлик кутмоқда

29.12.2017 16:55 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан Туркия ва Ўзбекистон ўртасида узоқ давом этган таранг муносабатлар барҳам топди. Кейинги пайтда ижобий силжишлар кузатилмоқда: бизнес-форумда 2 миллиард долларлик шартномалар тузилди, товар айланмаси ошмоқда, Ўзбекистонда Исломни ўрганиш институти очишга рухсат берилди, турк фуқароларига виза олиш енгиллаштирилди ва ҳоказо. Айрим сабаблар билан Туркияга кўчиб ўтган ўзбекистонликлар бу ўзгаришларга қандай муносабат билдиради? “Фарғона” шу саволни Туркистонликлар бирдамлиги халқаро ассоциацияси “Türkistander” раҳбари Бурхан Кавунжуга берди. Туркистонликлар деганда Туркияда яшаётган ўрта осиёликлар тушунилади.

– Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг яхшиланиши айни кўнглимиздаги ишдир. Туркиядаги туркистонлик муҳожирлар мамлакатлар орасига совуқлик туширмаслиги керак. Улар муаммолар туфайли ватанни тарк этган бўлса ҳам, ўз мамлакатига қайтиб, ўша ерда бехавотир яшашни исташади. Мамлакатларимиз ўртасида муносабатларнинг яхшиланиши туфайли бизнинг қайтишимиз осонлашади, деб ҳисоблаймиз, – деди Кавунжу.

Унинг фикрича, Туркия муҳожирларни сиёсий ёки диний сабаблар билангина эмас, балки одамийлик нуқтаи-назаридан ҳам ҳимоя остига олади.

– Кўпчилик бу ерга иш излаб келган. Бундан ташқари оз миқдордаги “виждон тутқунлари”, сиёсий мухолифатчилар ҳамда диний амалларни бажаргани учун муаммоларга дуч келгани сабабли кўчиб келган туркистонликлар ҳам бор, – дея санаб ўтди Кавунжу.

Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан мухолиф кайфиятда бўлган туркистонликлар ҳеч қачон мамлакатнинг ўзига қарши бормаганини таъкидлаб ўтди.

– Аксинча, биз Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши ва эркин бўлишини истаймиз. Қонунларга риоя қилиниши ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини истаймиз. Бу масалаларда ҳали қийинчилик борлигини биламиз. Аммо Шавкат Мирзиёев маъмуриятининг ҳаракатлари ва эзгу ниятларини қадрлаймиз, у мамлакатни кўтариш учун қўлдан келганча ҳаракат қилмоқда. Бу ҳаракатлар нафақат Ўзбекистон ичида, балки ташқи аренада – қўшнилар ва бошқа мусулмон/туркий мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш масаласида ҳам кўзга ташланмоқда. Бу ўзгаришлар хорижда яшаётган туркистонлик муҳожирларнинг аҳволига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблаймиз.

Кавунжунинг айтишича, 2016 йилнинг ноябрида “Türkistander” навбатдан ташқари конгрессида ташкилот Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига истакларини тақдим қилган.

– Илтимосларимизни расмий ҳукумат вакилларига ҳам юбордик. 2017 йилнинг октябрида жаноб Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюрганида унга хат ёздик. Жаноб Мирзиёев маъмуриятига етиб бориши учун хатни Ўзбекистон элчихонасига топширдик. Хатдаги илтимослар ҳақида матбуот конференциясида гапириб бердик.

– Ўзбекистон ҳукумати истакларингизга қулоқ солади, деб ўйлайсизми?

– Хатимиздаги кўпгина бандлар 2016 йилнинг 4-декабрида бўлиб ўтган президент сайловларидан кейин ҳаётга татбиқ қилиб бўлинди ёки шунга ҳаракат қилинди.

Кавунжунинг фикрича, Туркия билан муносабатларнинг яхшилангани Ўзбекистондаги диний муҳитга ҳам бирмунча таъсир қилган.

– Шу йилнинг октябрида азон товушига қўйилган тақиқ олиб ташланди. Энди Ўзбекистонда ҳам ибодатга чорловни эшитиш мумкин.

Бундан ташқари аёлларнинг ҳижоби масаласи ҳам муҳокама қилинган. Мактабларда рўмол ўрашга қисман рухсат берилди. Аммо диний талабларга мувофиқ бутунлай ёпиқ кийим ҳали ҳам тақиқланган. Ҳижоб университетларда тақиқланган кийимлар рўйхатида турибди. Шу билан бирга, кўчада ҳижоб кийгани ёки иш жойида жойнамози борлиги учун ҳибсга олинганлар ҳақида эшитмадик.

Болаларнинг диний таълими ва хусусий диний таълим марказлари масаласи очиқ қолмоқда. Президент чиройли овозли ҳофизларни (Қуръонни ёд олганларни) тайёрлашни таклиф қилгани билан, бу лойиҳа амалга ошмади. Аммо яқинда Ўзбекистондан шундай янгилик келди, муфтий ҳар бир вилоятда ҳофизлар мусобақаси уюштиришни буюрибди. Биз бу қадамни олқишлаймиз.

Бундан ташқари, диний маҳбуслар ва “қора рўйхат”га киритилган фуқаролар масаласи кун тартибига чиқди. 17 минг кишидан 16 мингтаси “қора рўйхат”дан чиқарилгани ҳақида жаноб президент шахсан хабар қилди, уларнинг аксарияти ишга қабул қилинган. Аммо “оқланган” мусулмонларнинг айримлари кейинчалик турли операциялар пайтида қўлга олинган. Айрим диний жамоатларнинг ноқонуний деб ҳисобланиши ҳам бунга имкон туғдиради. Зўравонликдан воз кечадиган ва қўлига қурол олмайдиган ҳар қандай жамоат ноқонуний деб ҳисобланмаслиги керак.

Афсуски, ҳали ҳам эскича фикрлаш бор. 2017 йилда сўроқ пайтидаги қийноқ туфайли икки кишининг ўлими фуқароларда қўрқув ва хавотир уйғотди. Шу билан бирга, конституция куни муносабати билан президент эълон қилган афвдан хурсанд бўлдик. Қамоқлардан мусулмонлар чиқаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон президентининг қийноқ орқали олинган иқрорларни қонуний деб ҳисобламаслик ҳақидаги талаби бизни жуда хурсанд қилди. Албатта, бу қарорни ҳаётга татбиқ қилиш ҳаммасидан муҳим.

“Туркестандeр” – илмий-таълим ва ижтимоий-ҳуқуқий жамоат ташкилоти бўлиб, Туркияда муҳожирлар, яъни Ғарбий Туркистондан (Ўрта Осиёдан) келган мусулмонлар томонидан таъсис этилган. Ассоциация 2013 йилда тузилди ва 2014 йилдаёқ биринчи туркистонликлар халқаро конгрессини ўтказди. Ташкилот вазифаларига жумладан Туркияда яшаётган туркистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хориждаги ўрта осиёликларни қўллаб-қувватлаш киради. Ассоциацияга Бурхан Кавунжу раҳбарлик қилади. Расмий сайти: www.turkistanlilar.org
Кейинги пайтда юзлаб диний/сиёсий маҳкумлар озодликка чиқди. Аммо кўпчилик, шу жумладан, халқ эътиборини қозонган диний арбоблар ва маърифатли одамлар ҳали ҳам панжара ортида. Биз Ислом Каримов давридаги зўравонлик тимсоли бўлган Жаслиқ қамоқхонаси ёпилишини, оғир жиноят қилмаган барча маҳбуслар озодликка чиқарилишини хоҳлаймиз.

– Ўзбекистондаги бошқа муаммолар, хусусан мажбурий меҳнат ҳақида нима дейсиз?

– Фуқароларни пахта теришга мажбурлаш бу XXI асрда мисли кўрилмаган иш бўлиб, қулликдан қутулган Ўзбекистонни бутун дунёда шарманда қилади. Коммунистик режим замонидан, Сталин ва Мао бошқаруви давридан қолган бу амалиётни тугатиш керак. Мажбуран пахтага юбориш бекор қилингани ҳақида ҳурматли Шавкат Мирзиёев айтганидан кейин мактаблар ва давлат ташкилотлари “пахта теримида ихтиёрий қатнашиш мажбурийдир” деб эълон қилишди. Бунақанги “ихтиёрий-мажбурий” хизматни фақат коммунизмда кўриш мумкин.

Ўзбекистондан чиқишда талаб қилинадиган ОВИР визасини бекор қилишга уриниш орқали янги раҳбарият фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини ошкор қилди.

Айрим ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолият юритишига рухсат берилганидан мамнунмиз. Жамоат ташкилотлари худди Туркиядагидек бемалол ва эркин ишлаш имкониятига эга бўлиши лозим. Аслида, фуқароларнинг муаммолари ва талабларини ифода этувчи жамоат ташкилотлари ҳукуматни ва унинг фаолиятини бемалол танқид қила олиши керак. Уларнинг танқидига бошқарувда адолатни таъминлашдаги муҳим бўғин сифатида қаралмоғи лозим.

Мамлакатимиздаги мухолифат сиёсатда ҳам, ижтимоий ва диний соҳаларда ҳам мутлақо эркин бўлиши лозим. Ташкилотлар эркинлиги, ОАВ эркинлиги, фикр ва сўз эркинлиги тўлалигича таъминланиши лозим. Ҳар кандай диний/интеллектуал/сиёсий гуруҳ зўравонликни қўллаб-қувватламаса, уларни миллий бирлик ва жамоат тартибига таҳдид деб қаралмаслиги керак. Бундай ташкилотлар жамият тараққиётида фойда келтиради.

– Туркияда яшаётган ўрта осиёликлар асосан қандай муаммоларга дуч келади?

– Туркияга келган туркистонликлар яшаш ва ишлаш рухсатномасини олиш, паспорт амал қилиш муддатини узайтириш, Туркияда туғилиш ва никоҳ ҳужжатларини расмийлаштиришда қийинчиликка дуч келишади. Муҳожирлар бу ерда туғилган фарзандларини Ўзбекистон фуқароси сифатида расмийлаштиришни истайди. Бу уларнинг қанчалик ватанига боғланганини кўрсатади. Бу масалаларда ёрдам бериш учун консулликлар керакли чоралар кўришини кутмоқдамиз.

Яшаш рухсатномаси олганларнинг айримлари, айниқса диндор туркистонликлар номаълум сабабларга кўра қўлга олинди. Улар фақат ойлаб давом этадиган тергов натижаларига кўра озодликка чиқиши мумкин. Бу вақт мобайнида уларнинг оилалари жабр кўради.

– Ташкилотингизнинг айрим аъзолари ҳам оиласи билан бирга қўлга олинган эди. Бу масала нима бўлди?

Туркия статистика институтининг 2016 йилги маълумотларига кўра, мамлакат ҳудудида 16 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси, 23 мингдан ортиқ Туркманистон, 14 мингдан ортиқ Қирғизистон ва 14 мингча Қозоғистон фуқароси яшайди.

– Афсуски, “Туркестандер” ташкилотидан бир нечта мусулмон репатриация марказларида ушлаб турилмоқда. Айримларини террористлар билан алоқаси йўқлиги учун турк судлари озод қилмоқда. Сиз айтган оилалар ҳам озод қилинган бўлса керак.

– Фуқароларнинг ҳибсга олиниши қанчалик адолатли?

– Туркиядаги охирги терактлар туфайли “хавфсизлик мақсадида” бунга умуман алоқаси бўлмаган кўплаб ватандошларимиз депортация қилинди. Хато ҳукмларни бекор қилишни сўраб, ташкилотимиз аъзолари судларга мурожаат қилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва миграция хизматлари масалага бундай ёндашади: “Бизнинг асосий бурчимиз – Туркия фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш. Бунинг учун шубҳанинг ўзи кифоя, бизда далил-исбот бўлмаса ҳам, эҳтиёт чораларини кўришимиз шарт”. Шу сабабли кўплаб биродарларимиз ҳибсга олинди, шубҳали фуқаролар билан бирга айбсизлар ҳам терговга тортилиб, депортация қилинди. Бу амалиётда ҳақиқий жиноятчилар билан айбсиз кишилар аралашиб кетган. Бундай адолатсизлик айниқса турли террористик ташкилотларга қўл келади.

– Сизнингча, маҳаллий аҳоли Ўрта Осиёдан келганларни қандай қабул қилади? .

– Турк халқи туркистонликларни жуда яхши кўради. Бунинг сабаби – қондошлик туйғуси, чунки турклар илгари Марказий Осиёдан Анатолияга кўчиб келган халқдир. Аммо кейинги йилларда туркистонликлар аралашган жиноятлар ва терактлар шаънимизга доғ туширди. ИД аъзоси бўлган ўзбекистонликлар, уйғур ва кавказлар турк жамиятида хавотир ва ваҳима уйғонишига сабаб бўлди. Келгиндиларнинг салбий қабул қилинишидан қутулиш учун “Туркистандер” ассоциациямиз ҳар иккала мамлакатдан зиёлилар, тадбиркорлар ва сиёсатчилар иштирокида “Туркия ва Туркистоннинг биродарлик учрашувлари”ни ташкил қилмоқда. Бу учрашувларда жуда кўпчилик қатнашмоқда. Туркияликларнинг халқимизга нисбатан муҳаббати оловланмоқда, қолаверса, мазали паловимизни ҳам татиб кўришмоқда.

Яшар Ниязбаев тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги