03:34 msk, 13 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Каламушлар даври тугадими? Шавкат Мирзиёев мақсадига эришмаса, лавозимини тарк этишга ваъда берди

26.12.2017 13:34 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти ахборот хизмати фотосурати

22 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республика тарихида илк бор парламентга мурожаатнома билан чиқди. Тадбир Тошкентдаги симпозиумлар саройида бўлиб ўтди. Тадбирда қонунчилик органининг икки палатаси депутатларидан ташқари, селектор алоқаси орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий кенгашларга сайланган халқ депутатлари ҳамда барча бўғиндаги ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда 33 та давлатдаги Ўзбекистон дипломатлари ҳам иштирок этдилар. Селектор мажлиси билан қўшиб олиб борилган президент мурожаатномаси тўрт соатча давом этди.

Мурожаатномани шартли равишда уч қисмга бўлиш мумкин – амалга оширилган ишлар, яхши бажарилмаган ишларда ким айбдор ва нималарни такомиллаштириш мумкин. Охирги қисм бўйича давлат раҳбари қуйидагиларни таклиф қилди:

- “Менинг фикрим” онлайн ресурсини ташкил этиш. ЎзА агентлигининг ёзишича, бу сайт “демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиши” зарур. Давлат раҳбарининг фикрига кўра, фуқаролар сайтда давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиради ва уларни ечиш бўйича ўз ташаббусларини илгари суради. Кейин бу ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари кенгашлари кўриб чиқади.

- Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари Университетини ташкил этиш. "Бугунги кунда Ўзбекистонда 1,5 минг дан зиёд ОАВ фаолият кўрсатмоқда. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар зарур. Афсуски, бундай кенг кўламли вазифани бир жойда марказлаштирган ҳолда ҳал этадиган таянч олий ўқув юрти мамлакатимизда мавжуд эмас" , - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. “Газета.Уз” маълумотларига кўра, янги олийгоҳ келгуси ўқув йилидан иш бошлаши керак.

Президентнинг фикрича, университет учун катта бино қуриш шарт эмас, балки бирорта лицей биносидан фойдаланса бўлади. Шавкат Мирзиёев ташаббуси “Йилнинг энг фаол журналисти - 2017” республика танлови ғолиби Қумар Бегниязовани илҳомлантириб юборди ва у Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида шундай деб ёзди: “Бу кўпчилик журналистларнинг дилидаги гаплар эди. Чунки мамлакатимизда атиги учта олий таълим муассасасидагина журналистика мутахассислиги мавжуд. Олий таълим юртларининг етарли мутахассисларни жамиятга етказиб беролмаётганлиги туфайли кўпчилик оммавий ахборот воситаларида, ташкилотларнинг ахборот хизматларида бошқа соҳа вакиллари фаолият кўрсатаётир. Бу ахборот маконида турли камчилик ва муаммоларни юзага келтирмоқда”.

- Парламент қуйи палатасида Экологик ҳаракат вакиллари учун ажратилган 15 ўриндан воз кечиш. “Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш вақти келди, деб ўйлайман”, - деб президент ўз қарорини шарҳлаб ўтди. Экологик ҳаракат 2009 йилдан парламентда ўз жойига эга бўлди. Аммо бу ҳаракат вакили бўлган депутатларни фуқаролар сайламас эди, балки ҳаракатнинг бошқарув органи тайинлар эди. Экологик ҳаракатнинг парламентдаги фаолияти даврида Орол денгизининг ҳажми фақат қисқарди.

Шунингдек, Мирзиёев парламент аъзоларини ташаббускор эмасликда айблади. “Нима, ислоҳотларни амалга ошириш учун фақат Президент фармон ва қарорлар қабул қилиши керакми? Қачон парламент, майли, кўп эмас, ҳеч бўлмаса битта соҳани тубдан яхшилашга қаратилган қарор ёки қонун ишлаб чиқади? Қачон бўлади бу иш? Эл-юртимиз сизлардан, муҳтарам халқ ноибларидан бу борада жавоб кутмоқда. Депутат ёки сенатор бўлиб сайландик, энди ўзимиз хоҳлаганча юрамиз, деган гаплар ўтмишда қолиб кетди. Яна бир бор айтаман, уйғониш керак”, - деб таъкидлади президент.

- Вилоятлар чегарасидаги 60 дан зиёд йўл-патруль постларини тугатиш. "Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади, 17 та пост!. Бир постдан ўтишинг билан иккинчиси келади – аввал Самарқанд, кейин Жиззах, Сирдарё, кейин Чинозгача яна учта пост. Яхшиямки, Хоразмдан келаётган шахс ўзига бир нарса қилиб қўймайди. Бу кулгили ҳолат, аммо бу ҳаёт! Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Мирзиёев йўл-патрул хизматлари ходимлари видеокамералар билан таъминланишини айтиб ўтди. “Тўхтатдими? Агарда камераси бўлмаса, тўхтатишга ҳаққи йўқ... Тўхтадиган бўлса, мулоқот жараёнида видеокамераси ишлаб турсин, шунда ҳаммаси қайд қилинади. Акс ҳолда ходимнинг ўзини жиноий жавобгарликка тортамиз. Барча таъмагирлик ва суиистеъмолчилик ҳолатлари мулоқот жараёнида юз беради”, - деди давлат раҳбари. Айтишларича, видеокамералар 10 февралдан бошлаб берила бошланади.

- Президент барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатишни таклиф қилди. “Баъзи маҳаллий бюрократлар тадбиркорлик субъектларига зулукдек ёпишиб олган. Узлуксиз текширувлар билан тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилади. Мен, айниқса, уларга етарлича амалий қўллаб-қувватлай олмаётганимиздан афсусдаман. Уларнинг фалиятини текширишни икки йилга тўхтатамиз. Энди тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш билан Бош прокуратура қошидаги махсус бўлим Президентнинг шахсий назорати остида шуғулланади. Текширишлар даври ўтди, энди бўлмайди. Тадбиркорлик фаолиятига доир жиноий ишлар билан Савдо-саноат палатаси, Бош прокуратура ва бизнес-омбудсмен шуғулланади. Тадбиркорлик субъектлари бундай ёндашувни қанчалик оқлашини вақт кўрсатади. Доимо энг яхши натижага ва тадбиркорлик субъектлари виждонан шаффоф фаолият олиб боришига умид қилиб қоламиз”, - деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари Ўзбекистондаги энг нуфузли кучишлатар орган ҳисобланган Миллий Хавфсизлик Хизматини ҳам ислоҳ қилиш кераклигини айтиб ўтди. У Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган Низом асосида фаолият кўрсатиб келаётганини таъкидлади. “Бу Низом чорак аср давомида ўзгартирилмагани ва ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган”, - дея таъкидлади президент. Шунингдек, президент аҳоли миграциясининг кучайиши, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалиши билан боғлиқ бўлган республикамиз хавфсизлигига бўлаётган янги таҳдидларни олиб келаётгани ислоҳотлар қилиш вақти келганини кўрсатаётганини айтди.

Ўзбекистоннинг хориждаги вакиллари фаолияти ҳам ўзгаради. Янги йилдан бошлаб, ҳар бир элчи Ўзбекистонга ҳар куни 10 та сайёҳ жалб қилиши керак, деб хабар беради Uznews. “Агарда ҳар ҳафта инвестициялар борасида аниқ таклифлар киритмас экан, ундай элчининг бизга кераги йўқ. Туризм ҳам инвестиция дегани. Ташқи ишлар вазири ҳафтада икки марта элчилар билан боғланиб, нечта турист келгани, қанча миқдорда инвестиция жалб қилингани, элчи қайси корхонани бориб кўргани, қандай маҳсулотлар ҳамёнбоп нархда экани, қандай технологияларни олиб келса бўлади каби масалаларни муҳокама қилсин”, - деб президент сўзларини келтиради ЎзА.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, коррупция ва бюрократия сабабли мамлакатда инвестициявий муҳит жуда ёмон ҳолатда. “Баъзилар, мендан бош вазир бўлиб ишлаб юрган пайтингда бу муаммоларни билмасмидинг, деб сўрашади. Билардим, лекин атрофдаги муҳит ёмон эди”, - деб таъкидлади президент ва бу гаплар баъзиларга ёқмаса-да, очиқ гапираётганини қўшимча қилди.

Мирзиёев нутқининг асосий қисми иқтисодий соҳага таллуқли бўлди. Президент бир йил давомида янги саноат корхоналари қурилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши натижасида 736 мингта иш ўрни ташкил қилинганлигини айтди. Конвертация очилганидан сўнг чет эл валютасининг олди-сотди операциялари ҳажми 1,5 баробар ошиб, ўртача 1,3 миллиард долларни ташкил этди. “Тарихимизда ҳали бунақаси бўлмаган”, - деб таъкидлади президент. Шу билан бирга, олтин-валюта захиралари йил давомида 1,1 миллиард долларга кўпайгани “мамлакатимиз иқтисодий қувватидан” далолат беради.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодий сиёсатидаги муҳим ўзгаришлардан бири нореал рақамлар ортидан қувишдан ва “амалга ошмаган ниятларни ҳақиқатга айлантириб кўрсатишга уринишлардан” воз кечиш бўлди. Республика ЯИМ нинг 5,5 фоизга ўсиши ҳақидаги башорат реал, кўп марта текширилган рақам, деб таъкидлади у. “Статистик маълумотларни халқаро стандартларга мувофиқ ҳолга келтириш вақти келди. Ўтган йилларда ЯИМнинг 8-9% га ўсгани ҳақидаги баландпарвоз гаплар бизга нима берди? Очиқ айтаман, халқаро институтлар вакилларидан шу 5,5% лик ўсиш ҳақидаги башоратни ҳам 10 марта эмас, 100 марта текширишни талаб қилдим”, - деди президент ва бу соҳани тўлиқ ислоҳ қилишини ёки лавозимини тарк этишини қўшимча қилди. Эҳтимол, бу билан Мирзиёев мақсадининг жиддийлигини кўрсатмоқчи бўлди.

Шу билан бирга молия вазири Жамшид Қўчқоровни лавозимидан олиш билан таҳдид қилди. Давлат раҳбари унга қарата шундай деди: “Сен билан кеча гаплашгандик, бугун барчанинг олдида гапиряпман, агар бир ой ичида ўзгариш бўлмаса, сени ҳам ишдан бўшатаман. Менга бундай молия вазири керак эмас. Вазирликдаги ҳаммани ишдан бўшатасан! Менга ўз ватанини севадиган, халқининг муаммолари билан яшайдиган, мамлакати манфаатларини устун қўядиган одам керак!”. Президент сўзларига кўра, келаётган йил бош вазир Абдулла Орипов учун ҳам “синов” йили бўлади. “Агар у яхши ишласа, ўз лавозимида қолади, агар акси бўлса, ишдан кетади. Мен Ориповнинг яхши ишлашига ишонаман! Жуда кўпини ишдан олиб, ўрнига ёшлардан тайинлаймиз!” – қўшимча қилди давлат раҳбари.

Президент, шунингдек, терилган пахта миқдорини ошириб кўрсатганлиги учун Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари ўтган кузда ишдан олинганини эслатди. Мирзиёев уларни “тажрибали” раҳбарлар деб атади, аммо “қўшиб ёзиш билан шуғулланадиган шахслар бизга керак эмас”. Президент бошқа ҳокимларга кўпроқ мустақил бўлишни тавсия қилди, чунки бундан сўнг “ҳар бир ҳудуд раҳбари ўз аравасини ўзи тортиши керак”. “Бундан буён туман, шаҳар ва вилоят ҳокимиятлари ҳар бир ишда масъулиятни ўз бўйнига олишлари керак. Бу ҳақида мен ҳар жойда гапиряпман – раҳбарлар ўз кабинетида ўтирмаслиги керак, улар ўз ҳудуди бўйлаб юриб, одамларнинг муаммоларини эшитиши керак. Амалдорнинг ташрифи маҳаллий аҳолининг муаммосини ҳал қилишга ёрдам бермайди, бундан унинг уйида газ ёки чироқ ёниб қолмайди, у боласини болалар боғчасига жойлаштира олмаяпти”, - дея “Озодлик” президент сўзларини келтириб ўтади.

Президент 2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилишни таклиф қилди. Унинг таклифи йиғилиш иштирокчилари томонидан давомли олқишлар билан қарши олинди. “Агар бу олқишлар чин юракдан бўлса, сиздан жуда миннатдорман!” – деди президент.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги