18:21 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Тўрт томонинг қибла”. “Тошкент-Сити” лойиҳаси сабабли одамлар ўз уйларидан ҳайдаб чиқарилмоқда

19.12.2017 18:23 msk

Фарғона

Расмда: Ўзбекистон кўчасида, Божхона қўмитасининг рўпарасида, Киночилар уйининг ёнида жойлашган туман милиция биноси бузилмоқда.

11 декабр куни ўзини Шайхонтоҳур тумани ҳокими деб таништирган раҳбар бир гуруҳ мутасаддилар ҳамроҳлигида Тошкентдаги Ўзбекистон кўчасида жойлашган, ўрнида улкан “Тошкент-Сити” бизнес маркази қурилиши режалаштирилаётган 98/10-, 98/11-, 98/12- уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳузурига ташриф буюрди. Йиғилганларга уйлар бузилиши бошланаётгани сабабли ўн кун ичида уйларни бўшатиш лозимлиги қатъий равишда эълон қилинди. Одамларнинг биз энди нима қиламиз, қаерга борамиз, деган саволларига мазмунан шундай жавоб берилди: “Бизни бу масала қизиқтирмайди, ҳоҳлаган жойингизга боринг”. Аммо аниқ қилиб айтилдики, агар уй эгалари 10 кун ичида кўчиб чиқмаса, суд қарори билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жалб қилинган ҳолда мажбурий равишда кўчириб чиқарилади. Ўтган йиллардаги қайғули хотиралар ҳисобга олинса, бундай ҳолат юз беришига шубҳаланмаса ҳам бўлади.

Одамлар саросимада ва ваҳимага тушиб қолган. Аммо орасида бир қанча ёш болалар, касаллар ва кекса ёшдаги кишилар бўлган мажбурий кўчиб кетувчиларнинг муаммолари амалдорларни умуман қизиқтирмаяпти шекилли.

Одамлар оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишди. Таҳририятимизга ҳам ушбу туман аҳолисидан бир қанча хат ва қўнғироқ келиб тушди. Мухбирларимиз воқеа жойига боришди. Айтиш жоиз, тошкентликлар кўзларида ёш билан уларга қачондан бери таҳдид қилинаётганини айтиб, ҳар қандай вазиятда ҳам исмларини ошкор этмасликни илтимос қилишди.

Ҳозирча гап 10- уй ҳақида кетяпти, ўн кундан сўнг биринчи навбатда уни бузишади. Ким тезда кўчиб кетишга тайёр бўлса, бошида айтилганидек янги қурилган уйларга эмас, балки иккиламчи турар-жой бозоридан квартираларга жойлаштиришни ваъда беришяпти.

“Ўтган якшанба куни соат кечки 11 гача электр токини узиб қўйишди, чироқсиз ўтиришимизга тўғри келди. Болалар уй вазифаларини ҳам қила олмади. Кеча, 11 декабр куни, қувурларимиз (ҳозирда буткул бузиб бўлинган) туман милиция биноси орқали ўтгани учун уйни иситиш таъминотини узиб қўйишди, соат 21:00 да яна ишга туширишди. Агар биз қўнғироқ қилиб носозликни бартараф этишни талаб қилмаганимизда, иситиш тизими яна ишга тушишини кутмасак ҳам бўларди”, - дея 12 декабр куни “Фарғона” га шикоят қилдилар “маҳкум” уйларнинг бирида истиқомат қилувчи одамлар.

Мустақил журналист Сид Янышев (Саид Абдураҳимов) 12 декабр куни бузилаётган уйларда яшовчи аҳоли билан гаплашиб турганида милиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Уни қўйиб юбориш учун ўз фотокамераси ва диктофонидаги барча маълумотларни “ихтиёрий равишда” ўчириб ташлашни ягона шарт қилишган.
Иситиш тизими ўчирилаётганда одамларга шундай дейилгани эсланади: “Буёғига шунга кўникасизлар энди, қаерга ҳоҳласангиз, шикоят қилаверинг”. Таъкидлаш жоиз, ҳукумат томонидан кўчиш вақтида машиналар ажратилиши ёки моддий ёрдам берилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Қатъий тарзда айтилган: юкларни ўз кучингиз билан олиб чиқиб кетасиз. Ишда ишлайдиганларга қўшимча дам олиш кунлари берилмаса, қандай қилиб бир вақтнинг ўзида ҳам ишга бориш, ҳам кўчиш мумкин, устига-устак ёш болаларинг бўлса?

Аҳоли орасида агар тезлик билан кўчиб кетишга рози бўлмасдан кутишга тайёр бўлганларга майдони 60 квадрат метр бўлган бузилган икки хонали квартира ўрнига янги қурилган уйлардан майдони каттароқ, 72 квадрат метр бўлган икки хонали уй беришлари мумкин экан деган гап-сўзлар ҳам бор. Йиғилишда раҳбарлар кўчаётган аҳоли учун қурилаётган янги уйларнинг расмлари бўлган ёрқин ранглар билан безатилган реклама флаерларини намойиш қилиб улгуришди. Аммо янги уйлар бир йилдан олдин тайёр бўлмайди (бу ҳам майда пардозлаш ишларини ҳисобга олмаганда).

“Уйлар бузилиши ҳақида бизга биринчи марта тўрт йил олдин айтишган эди, ўшанда биз учун кутилмаганда уйга рўйхатга қўйиш ва сотишни тақиқлаб қўйишди”, - дейди шу ерда яшйдиганлардан бири. – Бир йил олдин, 28 декабрда маҳаллий БТИ вакиллари келиб, аҳолидан уй ҳужжатларини кўрсатишни сўрашди. Бу йил ёзда, август ойида яна келишди ва яна шу ҳужжатларни талаб қилишди. Мана шу декабр ойида ҳам бу ҳолат такрорланяпти: 11 декабр куни янги консерватория биносида бузилаётган уйларда яшайдиган аҳоли иштирокида умумий йиғилиш бўлиб ўтди, унда қатъий шаклда кутилаётган бузилиш шартлари ҳақида маълум қилдилар. Айтиш керакки, раҳбарлар фақат ўзбек тилида гапиришди – русийзабон кишиларга қўшнилари таржима қилиб туришди. Ушбу масалада биз ҳеч қандай ҳужжатларни имзоламаганмиз ва бизга ҳеч қандай расмий хабарнома берилмаган, шунингдек, ҳеч қандай ёзма огоҳлантириш ҳам келмаган”.

“Фарғона” суҳбатдошларига кўра, шу вақт ичида бор-йўғи икки марта йиғилиш бўлган. Ҳар икки йиғилишда ҳам ҳукумат вакиллари фақатгина уйларнинг бузилиши ҳақида гапиришган, аммо тафсилотлар келтирилмаган.

“Биринчи йиғилишда мавжуд меъёрий ҳужжатларга асосланган ҳолда киши бошига 18 квадрат метрдан ҳисобланиб, янги квартиралардан берилиши ҳақида аниқ қилиб айтишган эди. Албатта, товон пули ҳақида ҳам гапирилган, лекин аниқ пул миқдори айтилмаган эди. Консерваториядаги йиғилишда эса 11 миллион сўм миқдоридаги товон пули ҳақида айтилди: туман раҳбарияти янги уйлар май ойида қуриб битказилиши ва унга қадар турар-жой ижараси учун ҳокимиятдан маблағ ажратилиши ҳақида ваъда қилишди, чамамда. Аммо одамларни мактаб ва болалар боғчаси масаласи ташвишлантирмоқда. Йил ўртасида бошқа туманга кўчиб кетиладиган бўлса, бу масала қандай ҳал қилинади?” Бузилаётган уйлардан бирида яшовчи яна бир киши эса қуйидагиларни айтади: “Товон пули масаласи “кейинги йилда” ҳал қилинар экан, уйдан эса 20 декабргача чиқиб кетиш керак, ундан кейин милиция билан келамиз деб таҳдид қилишяпти. Вақтинчалик турар-жой билан таъминлашмаяпти! Фақатгина эски уй ҳужжатлари ва калитини топширганларга “кафолат хати” берилишини айтишди. Муҳри ҳам бўлмаган хатга асосан, кейинги йилда квартира берармиш! Маҳаллада уч мингга яқин аҳоли яшайди, демак мингдан ортиқ квартира керак бўлади. Масаланинг ечими ўнлаб миллион долларга бориб тақалади. Захирада бунча уй бўлмаса керак, қурилаётган уйларга эса эҳтиёжманд аҳолининг бешдан бири ҳам жойлашмайди. Аммо бу уйлар ҳам кейинги йилнинг ёзига тайёр бўларкан. Қолганларни ҳар томонга қувишади, шекилли”.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги