18:20 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев нутқи: “Ортга йўл йўқ. Бундан буён халққа хизмат қиламиз”

15.12.2017 16:12 msk

Фарғона

Ўзбекистон Президенти давлат Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишда дастурини баён қилувчи нутқ сўзлади. Мустақил, озод, тинч ва фаровон ҳаёт, мамлакат ривожи ва халқ иродаси борасидаги расмий гаплардан сўнг, Шавкат Мирзиёев бир қанча рақамларни келтириб ўтди ва ўзининг буюк ва озод халқини яқин келажакда нималар кутаётганини қисқача баён қилиб ўтди. “Фарғона” бу нутқнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратди. Муҳим иқтибосларни курсив билан ажратиб кўрсатдик.

Суд ислоҳоти ва оқлаш ҳукмлари

Ўзбекистонда суд ислоҳотлари ўтказилмоқда. Республика Олий суди ва Олий Хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий Суд Кенгаши тузилди. Ҳар бир туман ва шаҳарда маъмурий судлар очилади, бу судларга фуқаролар давлат ҳокимият органлари томонидан ўз ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларида мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Судьялар энди чекланмаган муддатга тайинланади. Президентнинг фикрича, бу судьяларнинг мустақиллиги кафолатини мустаҳкамлайди. “Судьялар чекланмаган муддатга тайинлансин, аммо доимо халқ манфаати учун қайғурсин ва виждонан ишласин. Адолатли ҳукм чиқариш учун судья ҳалқ қандай яшаётгани, нима уни безовта қилаётгани ва ташвишга солаётганини яхши билиши керак”, - дейди ишонч билан президент. Судьяликка номзодлар “жамоатчилик ва маҳалла фаоллари” ўртасида муҳокама қилинади ва маҳаллада яхши ном қозонганлардан судья тайинланади.

Жамоатчилик фикри суддаги қарор қабул қилиш жараёнида ҳам инобатга олиниши керак. Нутқда келтирилишича: “Фақат шу йилнинг ўзида 173 фуқарога жазо тайинлашда жамоатчилик фикри (кафиллиги) инобатга олинган, жумладан 153 фуқарога – маҳалла фуқаролар йиғини, 18 фуқарога – Ёшлар Иттифоқи кафиллиги, 3 фуқарога – хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги олинган. Ушбу фуқароларнинг 38 тасини ёшлар ташкил қилади, 18 таси – вояга етмаганлар, 11 таси – аёллар. Бундай ёндашув натижасида 63 киши суд залидан озод қилинган, 11 таси жавобгарликдан озод қилинган ва 97 тасига нисбатан енгил жазо чоралари қўлланган”.

Умуман шу йил давомида судлар 191 кишига нисбатан оқлаш ҳукми қабул қилинди, гарчи “бундан олдин оқлаш ҳукмини чиқариш суд амалиёти учун жуда ҳам камёб ҳолат ҳисобланган”.

Агар авваллари жиноий ишларнинг 90 фоизга яқини такрорий терговга қайтарилган бўлса, эндиликда бу тартиб бекор қилинди. Президент бунинг натижасида терговчиларнинг масъулияти ошади деб ҳисоблайди ва қуйидаги рақамларни келтириб ўтди:

Йил бошидан буён ўтган давр ичида “тергов идоралари томонидан 238 ҳолат бўйича жиноят содир этилмагани қайд этилди. 302 ҳолатда жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги қайд этилди, 370 холатда айбдорларнинг ўз қилмишидан пушаймонлиги эътиборга олинди. 549 ҳолатда иш жамият учун хавфлилик жиҳатини йўқотган деб топилди, 1636 ҳолатда жиноят таркиби йўқлиги аниқланди. Шу асосда 3,5 мингдан кўпроқ жиноий иш тугатилди”.

Авф этиш: афв этилганлар сони кўпроқ бўлиши мумкин эди, аммо жамият ҳали бунга тайёр эмас

2700 кишининг афв этилиши ҳақидаги фармон ҳақида гапирар экан, Мирзиёев бундай ҳолат биринчи марта бўлаётганини тушунтириб ўтди: “Махсус комиссия томонидан жазо ўтаётган ҳар бир шахс билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди, маҳкум ва жабрланувчи томон яшаган маҳалла аҳлининг фикри ўрганилди. Содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси ҳамда суд томонидан тайинланган жазонинг адолатлилик даражаси инобатга олинди. Барча далилларни чуқур таҳлил қилиб ўрганиш натижасида ҳукм қилинганлар орасидан жиноятни билмасдан қилиб қўйганлар, ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлганлар, тузалиш йўлига ўтганларнинг муайян гуруҳи аниқланди ва худди шу шахслар афв этилди”.

“Мен бундан-да кўп одамни афв этган бўлардим, аммо бизнинг жамият ҳали бунга тайёр эмас. Бунинг учун жамиятимизда муносиб муҳит тўлиқ шаклланиши ва афв этилаётган маҳкумлар учун кафиллик масъулиятини англаб етишимиз лозим”, - дейди президент.

Қийноқ

Янги фармонга кўра қийноққа йўл қўйилмайди, уни қўллаганлар эса жавобгарликка тортилади. Ноқонуний йўл билан олинган далиллардан фойдаланиш тақиқланади, далилларни сохталаштириш жиноий жавобгарликка олиб келади. Адвокатлар далилларни йиғиш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлишади. Тергов изоляторлари ва вақтинчалик сақлаб туриш изоляторларига видеокамералар ўрнатилади, қийнаш ҳолатлари бўйича барча аризалар кўриб чиқилиши шарт. (Ҳаммаси ҳозирча одатдагидай ваъдалар, аммо биз эсдан чиқармаслик учун қайд қилиб қўямиз. – “Фарғона” изоҳи.)

Халққа юзланиб

“Фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари ҳақидаги” қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди, эндиликда фуқаролар ишонч телефони орқали ҳамда мобил ва видеоконференц-алоқаси орқали раҳбариятга мурожаат қилишлари (ва шикоят қилишлари) мумкин бўлади. Раҳбар шахслар халқ билан кўпроқ муомала қилиши ва сайёр қабуллар ўтказиши шарт. “Кўпчилик раҳбарлар бу ҳолат вақтинчалик, бир йиллик жараён деб нотўғри ўйлашмоқда, - деди Мирзиёев. – Аммо улар яхши билволишсин – кўприклар аллақачон ёқиб юборилган. Энди ортга қайтиш йўқ”.

“Ҳуқуқий маълумотларни тарқатиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги” янги қонун қабул қилинди, эндиликда фуқаролар ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва раҳбар шахслардан ҳужжат олиши мумкин, уларнинг рад этишга ҳаққи йўқ. “Бундан буён барча раҳбарлар – президентдан тортиб то энг қуйи бўғингача – халқимизга хизмат қилишади”, - деди Мирзиёев. (Ва ниҳоят. – “Фарғона” изоҳи).

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимояси бўйича вакили институти ташкил этилди.

Тошкентда Халқ депутатлари кенгашлари туманлар миқёсида фаолият олиб боришади, дастлабки сайловлар 24 декабр куни бўлиб ўтади.

Илгари яқин қариндошлари судланганлиги учун фуқаролар ишга олинмас эди ёки раҳбар лавозимларга тайинланмас эди. Бундай ёндашув “номақбул” деб аталди. “Энди биз демократик меъёрлар, замонавий талабларга мос келмайдиган бундай адолатсиз “тизимдан” тўлиқ воз кечамиз”, - дейди президент (қачонлигини айтмади, қачондир кейинроқ. – “Фарғона” изоҳи).

Жиноятнинг олдини олиш керак. Маҳаллаларда, кўчаларда, хизмат кўрсатиш ва савдо ташкилотлари биноларида 114 мингдан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилди, улар ёрдамида 10 мингга яқин жиноят фош қилинди. Жиноятчилик даражаси ўтган йилга нисбатан 14 фоизга камайди. Эндиликда агар маҳаллада жиноят содир этилмаса, профилактика инспектори янги йилдан бошлаб (ҳар ойда) ойлигига 50% устама олади. Агар жиноят содир этилса – ойлигидан 50% олиб ташланади.

Мажбурий меҳнат тақиқланди. Талабалар ва бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига мажбурий жалб қилиш қатъий тақиқланган. Депутатлар ва сенаторлар бунинг устидан назорат олиб бормоқда. “Биронта ҳам бундай ҳолат аниқланмаган”. (Бу ёлғон.- “Фарғона” изоҳи.)

Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинди, 100 га яқин ижро ҳокимияти органларининг фаолияти қайта кўриб чиқилмоқда.

Миллий валюта – сўмнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди, божхона тўловлари миқдорлари 2 баробар камайтирилди, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари ва алоқадорларни текшириш бекор қилинди.

Инновацион тараққиёт вазирлиги ташкил этилди.

Албатта, коррупция билан курашиш керак.

>Болаларга исломни ўргатиш лозим

“Давлат ёшлар сиёсатининг самарадорлигини ошириш бўйича чоралар кўриш ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги” фармон қабул қилинди. Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом тамаддуни маркази ташкил этилмоқда. “Мақсадимиз –болаларимиз онгида Ислом динининг чин инсонпарварлик ғояларини, муқаддас исломни сингдириш”, - деди президент.

Сентябрда мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, яқин 3-4 йил ичида бутун мамлакат бўйлаб минглаб янги болалар боғчалари қуриш керак: “Ўз болаларини болалар боғчасига бериш имконига эга бўлган қишлоқ аёллари олдида қандай янги ва кенг имкониятлар юзага келишини бир тасаввур қилинг”.

Рақамларда – инсонларга ғамхўрлик

Қишлоқ жойларида 24 мингта уй, шаҳарларда 187 та кўпқаватли уйлар қурилди. 350 минг аҳолини сув билан таъминлаш яхшиланди. Қишлоқ врачлик пунктлари негизида 800 га яқин оилавий поликлиника ва 400 дан ортиқ тез тиббий ёрдам пунктлари ташкил этилди. Тез ёрдам хизматлари 1260 та махсус транспорт воситалари билан таъминланди.

Шу йилнинг ўзида ногиронларга 2 триллион 600 миллиард сўм нафақа ва ёрдам пуллари берилди. 1200 дан ортиқ кам таъминланган фуқароларга имтиёзли асосда уйлар ажратиш бўйича шартномалар имзоланди, бошланғич тўловлар учун 22 миллиард сўм ажратилди.

972 та меҳнат қилиш имконияти чекланган ногирон аёлларга уй шароитида тадбиркорлик қилиш учун тикув машиналари тақдим қилинди, доимий даромад манбалари яратилди. Ушбу гуруҳга оид фуқаролар учун 7000 дан ортиқ протез-ортопедия воситалари, 6500 дан ортиқ ногиронлар араваси, 1600 га яқин эшитиш мосламалари бепул тақдим қилинди.

Ногиронлар ва нафақа ёшидаги кишиларни соғломлаштириш мақсадида уларга республикадаги соғломлаштириш-профилактика муассасаларига 23500 га яқин йўлланма бепул тақдим қилинди.

***

Шавкат Мирзиёев нутқини Лондон Университетининг Шарқ ва Африка давлатлари тадқиқотлари мактаби илмий ходими Алишер Илҳомов шарҳлаб берди.

Алишер Илҳомов
“Собиқ президент Ислом Каримовнинг юқори минбарлардан туриб бир неча бор амалга оширилиши исталган ҳолатларни амалда мавжуд деб кўрсатиб келган ҳолат бизга таниш. Ҳар ҳолда, жамият нуқтаи назарига кўра амалга оширилиши исталган ҳолатлар эди, аммо мен унинг инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятнинг яхшиланишини хақиқатда истаган дея олмайман. Бу вазият Каримов режимининг пойдеворига айланди. Қандайдир қонунлар, халқаро мажбуриятлар қабул қилинарди, инсон ҳуқуқлари бўйича бир қанча конвенциялар имзоланди, Каримовнинг ўзи юқори минбарлардан туриб, мамлакатда ҳуқуқлар борасида ҳаммаси жойида эканлигини айтди, аммо амалда ҳаммаси бутунлай тескари эди.

Мирзиёевнинг ҳам юқори минбарлардан туриб алдашни мерос қилиб олганини кўриш аламли. Мамлакатдаги ҳолат борасидаги олқишга сазовор танқидий сўзлари билан бир қаторда, ушбу ҳолатда у мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ва суд-ҳуқуқ соҳасининг аҳволи бўйича қатор ёлғон маълумотлар келтириб ўтди. Умуман олганда, тизимни ислоҳот қилиш борасида қандайдир қадамлар қўйиляпти, биз буни инкор эта олмаймиз. Аммо Ўзбекистонда мажбурий меҳнат амалиёти йўқ қилингани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди.

Мирзиёев Нью-Йоркдан қайтганидан сўнг пахта далаларидаги талабалар ва бюджет ташкилотлари дарҳақиқат Тошкентга қайтарилди, аммо бир неча кундан сўнг фуқароларни пахта йиғим-теримига махбурий жўнатиш амалиёти олдинги тартиб ва миқёсда яна қайта бошланди. Теримчиларга лиқ тўлган поездлар пахта теримига жўнатила бошланди. Ҳатто бир неча йил олдин тугатилган деб ҳисобланган мажбурий болалар меҳнати яна йўлга қўйилди. Яъни одамларни пахтадан “қайтариш” амалда халқаро кузатувчиларнинг кўзини шамғалат қилиш ва алдаш мақсадидаги бир марталик акция бўлиб чиқди. Афсуски, баъзи халқаро кузатувчилар бу қармоққа илиндилар, шулар қаторидаги Жаҳон банки эса Ўзбекистонни мажбурий меҳнат амалиётини йўқ қилишдаги муваффаққият учун мақташга ҳам улгурди.

Мирзиёев суд ислоҳотларидаги муваффаққиятларни ҳам санаб ўтди, қандайдир статистик маълумотлар келтирди. Илгари ҳам бизда адолатли ижро ҳокимиятидан мустақил суд мавжудлигини исботлаш учун шу каби статистик маълумотлар келтирилар эди. Аммо ҳали бунга анча борлигини биламиз, ҳозирда эса айтишга арзигулик ўзгариш кўрмаяпмиз. Масалан, адвокатлар ҳали-ҳануз Каримов давридаги каби тобе ҳолатдалар, бундан бир неча йил олдин нисбатан мустақил бўлган адвокатлар уюшмаси тарқатиб юборилди ва ўрнига Адлия вазирлигининг тўлиқ назоратида бўлган тизимни, Адвокатлар палатасини тузишди. Адвокатлар орасидан ижтимоий фаол бўлганларининг лицензияларини олиб қўйиб, уларни йўқ қилишди.

Адвокатларга МХХ томонидан тизимли равишда босим ўтказилиши, улардан баъзиларига чиқиш визалари берилмаслиги ҳақида далолат берувчи қатор фактлар мавжуд. Бунинг натижасида ҳатто адвокат Полина Браунерг вафот этди. Мамлакатдан чиқишга қўйилган тақиқ сабабли четга даволаниш учун чиқа олмади. Унинг ўлимида Ўзбекистон ҳукуматини, нафақат олдингиларини, балки ҳозиргиларини ҳам айблаш лозим. Халқаро конференцияларда Адлия вазирлигининг рухсатисиз адвокатлар сўзга чиқишини тақиқловчи фармойиш ҳам бор. Гарчи Мирзиёев суд тизимида қандайдир ислоҳотлар ўтказиляпти деб таъкидлаётган бўлса-да, ҳақиқий одил судлов шартларидан бири бўлган адвокатура ҳуқуқлари тикланишини кўрмаяпмиз.

Ва ниҳоят, президент қийноқларга қарши фармон қабул қилинганини айтди. Бу каби ҳуқуқий қоидалар олдин ҳам мавжуд эди, аммо, амалиётда биз яқиндагина журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Хон Насриддиновнинг қўлга олинганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг олдига адвокатлар ва қариндошлари қўйилмаётганининг ўзиёқ уларнинг қийноққа солинаётгани эҳтимоли катталигини билдиради. Журналистларнинг миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниши эса мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги борасидаги вазиятни кўрсатиб беради.

Бу ишларнинг ҳаммаси ҳозир, Мирзиёев қийноққа солиш амалиётини йўқ қилиш бўйича чоралар кўрмоқдамиз деб турган бир пайтда юз беряпти. Унинг қилаётган даъволари ва ҳақиқий ҳолат бир-биридан кескин фарқ қилади. Яъни бу – юқори минбардан туриб халқаро ҳамжамият ва халқаро кузатувчиларни “биз ислоҳотлар ўтказяпмиз” деб, чалғитиш мақсадида қилинаётган навбатдаги кўзбўямачиликдир. Аслида ислоҳотлар ўтказиш борасида ҳеч қандай ўзгариш йўқ, айниқса коррупция билан курашиш, одил судлов ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида илгари силжишлар жуда кам”.

***

“Фарғона” президент нутқини синчковлик билан ўқиб чиққанини эслатиб ўтамиз. Ушбу хатбошини алоҳида белгилаб ўтишни ҳоҳлардик:

“Оммавий ахборот воситаларининг вазифаси аҳоли эҳтиёжларини ҳокимият органларига етказиб берувчи амалий восита бўлиш, халқнинг яқин ёрдамчиси, демократия ойнаси бўлишдир. Фаолиятларининг асосий йўналиши ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятини танқидий ва холис баҳолаш, турли соҳалардаги камчиликлар ва долзарб муаммоларни аниқлаш ва ёритиш бўлиши керак”.

Демак, биз тўғри йўл тутмоқдамиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги