10:44 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Нега йиғлайсан, эркаксан-ку ахир”. Ўзбекистонда қандай қилиб ичкилик шайдосини диний экстремизмда айбдор деб топишгани ҳақида

10.12.2017 16:06 msk

Фарғона

Ноябрь ойининг охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев суд жараёнида қийноқ билан олинган далиллардан фойдаланишни таъқиқлади. Терговчилари керакли кўрсатмаларни қийноқ қўллаш йўли билан оладиган, суд мажлисида эса майиб қилинган айбдорлар аҳволига кўз юмиладиган давлат учун бу муҳим қарор ҳисобланади. Аммо ушбу қарор ҳаётга татбиқ этиладими, йўқми - бу бошқа масала. Шу муносабат билан “Фарғона” яқинда Навоий шаҳрида юз берган воқеани ёдга олишни лозим топди. Ўтган кузда ушбу воқеанинг тўрт иштирокчиси олти йилдан саккиз йилгача қамоққа ҳукм қилинди. Уларни конституцион тузумни ағдаришга уриниш, терроризм ва диний экстремизм моддалари бўйича суд қилишди. Албатта, бу айбларни ўзлари тан олишган.

Маҳкумлар Ҳасан Арзиев, Абдувоси Яхшимуродзода, Жамшид Сайфуллаев ва Азамат Ғайбуллаев Санкт-Петербургда биргаликда яшаб, ишлашган. Ватанга қайтишганида уларни Россия ҳудудида теракт тайёрлаш ва “Ислом давлати” (“Ироқ ва Шом Ислом давлати” тақиқланган террористик ташкилоти, ИД, инглиз тилида ISIS ёки IS, араб тилида Daesh, ДАИШ) ташкилотига одам ёллашда айблашди.

“Терговчиларнинг айтишича, улар кун бўйи намоз ўқишган ва ишламаган эмиш. Россиядан олинган маълумотларга кўра эса, аслида бундай бўлмаган”, - дейди 36 ёшли Ҳасан Арзиевнинг онаси Инобад опа. Унинг ўғли Петербургга ишлаш учун кетган, ўша ерда бепуштликдан даволанган. Инобад опанинг айтишича, Ҳасан ҳеч қачон диндор бўлмаган, бундан ташқари у ичиб турар ва фарзандли бўла олмаётгани учун ҳатто сурункали майхўрлик қиларди.

Ҳасанни 2017 йилнинг бошида Тошкент аэропортида қўлга олишди. “Келганида у соғлом эди, ўз оёғида юриб келган, қўлида иккита сумка ҳам кўтариб олган эди. Аэропортнинг ўзида уни қўлига кишан солиб, олиб кетишди... Яқинда эса унга қўлтиқтаёқ олиб бориб бердим. Керакли кўрсатмаларни олиш учун қийнаш давомида умуртқасига шикаст етказишган. Суд залида у бировнинг ёрдамисиз ўтириб-тура олмас эди”, - дейди Инобад опа. Пировардида Ҳасан Арзиевни саккиз йил қамоққа ҳукм қилишди.

Онанинг фикрича, навоийлик терговчилар мансаб поғоналаридан юқорига кўтарилиш мақсадида ушбу жиноят ишини сохталаштришган, “сценарий”ни эса 2015 йилдаёқ ёзиб қўйишган, ўшанда бу ишнинг дастлабки икки иштирокчиси – Санат Салимов ва Адил Шокиров қамалган эди (иштирокчилар аслида кўп бўлган, аммо охирида уларнинг бир нечтасини қўйиб юборишган – “Фарғона” изоҳи) . Уларни қолган тўрт айбланувчи устидан гувоҳ сифатида судга олиб келишди.

“Биринчи бўлиб Санат Салимов кириб келди. У базўр ҳаракатланарди, соқчилар унинг қўлидан ушлаб келарди”, - ҳикоя қилади Инобад опа, - “Санат судьяга уни Ҳасан ва бошқаларга қарши кўрсатма бериши учун саккиз кун давомида қийнашганини айтиб берди. Санат терговчиларга судланувчиларни қоралаб қарши кўрсатма беришга ваъда қилган бўлса ҳам суд мажлисида барча айбловлар ёлғон экани ва йигитлар Петербургда эртадан кечгача ишлашганини айтди”. Сўнгра у суд залидан видолашиш мақсадида ўз онасини топишга ҳаракат қилди, чунки энди тирик қолишига ишонмаётган эди. Иккинчи гувоҳ Адил Шокиров ҳам судда айбланувчиларга қарши гувоҳлик бермади. Суд мажлисида улар бир неча бор давомли калтаклаш ва қийноқлардан шикоят қилишди.

“Болалар(имиз)нинг айтишича, уларни февраль ойидан буён резина таёқ ва табуретка билан калтаклашган ва таҳқирлашган. Суд вақтида Азамат Ғайбуллаев футболкасини ечиб елкасини кўрсатди, унинг бадани бутунлай кўкариб ётган эди. Улар, биз ҳам одаммизку, лекин бизни бу ерда одам сифатида кўришмайди деб, йиғлашар эди. Судья эса уларнинг бирига, нега йиғлайсан, эркаксан-ку ахир, деб жеркиб берди”, - дейди Инобад Арзиева. Ғайбуллаевга кўра, милиционерлар уни ҳушидан кетгунича қийнашган ва бошини ёришган. “Келишарди-да, тирикми-йўқми деб тепиб кўришарди”, - дейди аёл. Уни етти йил қамоққа ҳукм қилишди.

Бир йил камроқ қамоқ жазоси олган 26 ёшли Абдувоси Яхшимуродзодани гапиртириш учун электрошок билан қийнашган, отасини ўлдириш ва хотинини зўрлаш билан қўрқитишган. Унинг онаси Барно Восиеванинг сўзларига кўра, Абдувоси Санкт-Петербургда ушбу жиноий ишнинг бошқа иштирокчилари билан биргаликда яшаган, аммо Ўзбекистонга 2015 йилдаёқ қайтиб келган. Икки йилдан сўнг, 2017 йилнинг февраль ойида, уни кўчадан тутиб кетишган. “Ўғлим ўзбек тилида гапира олмайди. У тожик тилини билади ва рус тилини тушунади. Уни калтаклаб, адвокат ва таржимон иштирокисиз иқрорга қўл қўйишга мажбурлашган”, - дейди Восиева.

Ҳозирда у ўз оиласи хавфсизлигидан хавотирда. Бир куни кечки пайт келини билан Абдувосига нарсалар бериш учун ИВСга (вақтинчалик сақлаш изолятори) келганида, уларни гўёки “рўйхатдан ўтказиш учун” иккинчи қаватдаги бир хонага жўнатишган. Аёллар ўша хонага киришганда, уларнинг ортидан бир милиционер кирган ва чироқни ўчирган. Восиева келинининг қўлидан ушлаб ҳовлига югуриб чиққан. “Нега бизни у хонага алдаб олиб кирдинглар?”, “Эшикни очинглар”, деб бақира бошладим, лекин ташқарига чиқаришмоқчи эмасди. Овозимни кўчада турган келиннинг отаси эшитиб қолган. У милиция ходимларидан нима бўлаётганини сўрай бошлагандан кейин бизни қўйиб юборишди”, - сўзлаб беради Восиева. Кейинроқ уларнинг олдига бир милиционер тушиб келган ва Абдувоси бошқа жойга ўтказилганини айтган.

Ўз навбатида Инобад Арзиеванинг айтишича, ўтган бир йил давомида унинг ҳаётига камида икки марта суиқасд қилишган - бир марта пиёдалар ўтиш йўлагида ўз уйи ёнида бир неча марта кўрган машина уни босиб кетишига бир баҳя қолган, иккинчи марта тепадан кимдир унинг устига шиша банкани отган, банка ундан бир ярим метр нарига тушиб синган.

Шикоятдан фойда йўқ

Маҳкумларнинг оналари терговчиларнинг ноқонуний ҳаракатлари устидан турли инстанцияларга ўнлаб шикоят аризалар ёзишган, аммо аризалар шикоят қилаётган шахсларнинг ўзига “туширилган”. Республика бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев августда Навоий шаҳрига келганида, оналар унинг қабулига киришга муваффақ бўлишади. “У бизни ўтиришга таклиф қилиб, нима учун шунча киши бўлиб келганимизни ва нега йиғлаётганимизни сўради”, - дейди Арзиева. Абдуллаев Аёлларни тинглаб бўлиб улар сўзлаб берган барча ҳолатларни ўрганишга кўрсатма берган, шундан сўнг уларнинг болаларини калтаклаш тўхтаган. Аммо суд қарорига бунинг ҳеч қандай таъсири бўлмаган.

“Биз президентга хат ёздик, жавоб бўлмади. Суддан бир қолипдаги қуруқ жавоблар келади - фақат санаси ўзгарган бўлади. Биз қаерга боришни, кимга мурожаат қилишни билмаяпмиз. 9 ноябрь куни апелляцияни кўриб чиқишди, адвокатларимиз судни Навоийдан бошқа шаҳарда ўтказишни сўрадилар, аммо илтимоснома рад этилди”, - деб ҳасратини айтади Арзиева. Суд мажлисидан сўнг оналар биргаликда плакат кўтариб президентдан ёрдам сўрамоқчи бўлдилар, аммо уларга тўртта нотаниш аёл ташланиб қолишди. Арзиевага кўра, тўқнашувдан сўнг унинг олдига формасиз ходим келиб, “болаларингни ўйласанг, тезда бу ердан йўқол” деб пўписа қилган.

Ўзбекистон Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенцияга 1995 йилда қўшилган. Шунингдек, у Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро пактнинг иштирокчиси ҳисобланади, ушбу пактнинг 7 моддасига кўра, одамларни қийноққа солиш тақиқланади. Ўзбекистон Конституцияси халқаро ҳуқуқнинг устунлигини тан олади, Олий Суд Пленумининг 1997 йил 2 майида қабул қилинган қарорида эса шундай дейилган: “... ғайриқонуний йўл билан олинган ҳар қандай далил қабул қилинмаслиги ва суд қарорига асос қилиб олиниши мумкин эмас”. Аммо буларнинг ҳаммаси республикада қийноқ қўллашга тўсиқ бўлаётгани йўқ.

Ўзбекистонда қийноққа солиш ҳолатлари ҳанузгача доимий ва тизимли характерга эга бўлиб турибди. Бу каби ҳолатларнинг жуда кам қисми ОАВ да ёритилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги