22:14 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Дўнгпешана қулоқсиз чиқиб қолди. Тошкент расмийлари шаҳар бозорларида нарх ўсишини тўхтата олишдими?

22.11.2017 00:44 msk

Фарғона

Ўзбекистон пойтахти бозорларида 1 ноябрдан 30 ноябргача энг зарур саналган озиқ-овқат маҳсулотларининг қатор турларига нархларнинг энг юқори чегараси белгилаб берилди. Тошкент шаҳар ҳокими ҳамда масъул қўмиталар ва ташкилотлар раҳбарлари, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмак бериш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқлаган энг юқори нархи чегараланган қатор озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ҳокимлик қарори ижросини мониторинг ва назорат қилиш учун Потребитель.Уз ҳамжамиятига юборилди.

Facebook ижтимоий тармоғидаги ҳамжамият маъмурияти фуқароларни “ташаббус кўрсатишга ҳамда ҳуқуқбузарликлар ҳақида гуруҳга маълумот беришга” чақириб, “мазкур қарор ижроси учун энг яхши назоратчилар – ҳаридорларнинг ўзлари” дея қайд этмоқда.

Эълон қилинган ҳужжатга кўра Тошкент бозорларида бир килограмм картошканинг нархи 3000 сўмдан, пиёз – 2000 сўмдан, сабзи – 1500 сўмдан, гуручнинг “аланга” нави 3600 сўм ва “лазер” нави 6500 сўмдан ошмаслиги керак.

Мол гўштига энг юқори нарх 33 минг сўм, қўй гўштига – 34 минг сўм, товуқ гўштига – 18 минг сўм белгилаб берилди. Шунингдек, балиқнинг сазан, оқ амур турининг бир килосига – 15 минг сўм, чипор дўнгпешана (толстолобик) – 13 минг сўм, дўнгпешана – 8 минг сўм нархлар белгиланди. Тухумнинг донаси 500 сўмдан ошмаслик керак.

Ишлаб чиқарувчида ҳам, савдогарда ҳам танлаш имконияти бўлиши керак

Бозорларда эълон қилаётган қоидаларга нечоғлик риоя қилинаётганини аниқлаш учун “Фарғона” мухбири Тошкентдаги марказий бозорлардан бири – Миробод бозорига (илгари Госпитальний деб аталган) бориб келди.

* * *

Бозор дарвозасида турган милиционер “расмга олиш мумкин эмас – стратегик объект” деб огоҳлантирди. Уни гапга солдим: “чегараланган нархлар” ишлаяптими? Айтишича, навбатлар йўқ, сотувчилар ҳам қоидани бузмаяптилар, белгиланган нархлар доирасида савдо қиляптилар, одамлар хурсанд. “Текширувчилар деярли ҳар куни келишади”, - дея қўшиб қўйди у.

Расмийлар стратегик муҳим товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотларга нархларни чегаралашга уринишлари биринчи марта эмаслигини ёдда тутган ҳолда сотувчиларнинг ўзларидан бунга муносабати ҳақида сўрадим. “Давлат” сабзавотлари билан савдо қилаётган йигит (картошка – 2600 сўм, пиёз – 1500 сўм, сабзи 1500 сўм, помидор – 4500 сўм, бақлажон – 1800 сўм) айтишича, у сотаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларга нархлар деярли ўзгармаган, шаҳар ҳокимлиги талабидан олдин ҳам шунақа нархларда - беш юз сўм нари-бери сотиб юрган. Шу билан бирга, унга кўра, маъмурий буйруқбозлик услуби билан бу ишда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Бошқа ишларда ҳам шу. “Бу ишларнинг ҳаммаси вақтинча. Бозорнинг ўз қонун-қоидалари бор. Маҳсулот сотувчида ёки ишлаб чиқарувчида танлаш имконияти бўлиши керак. Нега энди фермерга кимдир юқоридан туриб ўзи етиштирган ҳосилни қанақадир нархга сотиш ҳақида кўрсатма бериши керак? Етиштирилган маҳсулотни қандай қилиб таннархидан паст нархда, зарарига сотиш мумкин?” – дея риторик савол беради у.

“Арзон” гўшт йўқ

Госпитальнийда гўшт расталари кўп, бироқ уларда маҳсулот ассортименти ошиб-тошиб кетган деб бўлмайди, бироқ арзонроқ олсам дейдиган ҳаридорлар учун гўшт етарли: Польшадан келтирилган музлатилган гўштнинг килоси 21 минг сўм, 24 минг сўмга мол ва 25 минг сўмга қўйнинг “фермер” гўштларини сотиб олиш мумкин. Хусусий маҳсулот сотиладиган павильонда ҳаридорлар оз – бу ерда нархлар 35 минг сўмдан юқори – пушти-мағиз гўшт 43 минг сўмдан сотилмоқда. Қассоблар “энг яхши гўштни мендан оласиз, холос” дея ҳаридорларга ялинаётганини кўрасиз.

Қассобларга савол бердим: “Фермерларнинг гўшти нега арзонлади (мисол учун, икки ой олдингига нисбатан)?” Жавоби шундай бўлди: “Уларда лимит бор – давлат уларни арзон ем, дори ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлайди, улар ҳам ўз навбатида арзонроқ сотишга мажбурлар”. Давлат сотувчиларидан бири Фарҳоднинг айтишича, улар хусусий тадбиркорлардан фарқли равишда ижара пули тўлашдан ва патент сотиб олишдан озод этилганлар.

Бозорда товуқ гўшти ассортименти ҳам белгиланган чегара доирасидан чиқиб кетмаган: агар бутун товуқ бўлса бир килоси – 16000 сўм, , агар бўлинган бўлса, 8 мингдан 14 минг сўмгача сотилмоқда. Сотувчиларнинг айтишича, наманган товуқлари бошқаларга қараганда арзороқ.

Балиқ ишқибозларга ҳар куни эрталабдан Чирчиқ ҳовузларидан тирик сазан, оқ амурларни ва дўнгпешаналарни олиб келишади. Килосини 15 минг сўмдан сотиладиган сазан ва оқ амурларга доим ҳаридорларнинг навбати тизилиб қолади. Бир килогача бўлган балиқнинг нархи 8000 сўм сотилса, каттароқлари 13 мингдан тарозига қўйилади.

Ҳозирча нархлар чегараси бузилмаяпти

Афтидан бу йил картошка ҳаммага етади: 30 ноябргача ҳар куни Россиянинг сара картошкасини 3200 сўмдан сотилади. Машинадан туриб сотишяпти, ҳеч қанақа навбатлар йўқ. Унчалик катта бўлмаган навбатни бир килоси 4900 сўмдан шакар сотилаётган павильон олдида кўриш мумкин.

Арзон тухум сотиб олиб бироз муаммоли экан: бунинг учун бозорга эрта тонгда келишингиз керак, ана ўшанда “давлат” тухумларини 400 сўмдан сотиб оласиз. Хусусий тадбиркорлар тухумнинг донасини 600-700 сўмдан кам сотишни истамаяптилар.

Вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб қуйидаги хулосага келдик: шаҳар ҳокимлигининг энг юқори нархларни чегаралаш тўғрисидаги қарори Миробод бозорида ишлаяпти (кузатувларга кўра, қолган барча бозорларда ҳам аҳвол шунақа). Бироқ арзон сабазавотларнинг сифати хусусий сотувчилар сотаётган молга нисбатан бирмунча пастроқ. Бу ҳақда товарларнинг ташқи кўринишининг ўзи ҳам айтиб турибди. Шу билан бирга, нарх ўртасидаги тавофут 500-1500 минг сўмга тенг. Бироқ фермер маҳсулотларига нархлар чегаралангани боис хусусий сектор сотувчилари ҳам ўз нархларини пасайтиришга мажбур бўляптилар.

* * *

Пойтахт бозорларидаги сотувчилар ўз маҳсулотлари нархларини оширмаётганлари, баъзи ҳолатларда эса рақобат кучайиб кетгани боис арзонлаштираётганлари ҳақида “Фарғона” агентлигининг бошқа мухбири бизга ҳам хабар йўлламоқда. Унгинг кузатувига кўра, “Аския” бозорида картошка, пиёз ва сабзи нархлари ҳоким фармойишига мос келади, яъни 3000, 2000 ва 1500 сўмдан ошмаяпти. Мол ва қўй гўштлари ҳам 33000 ва 34000 минг сўм. Бу ерда аниқлик киритиш лозим: бу нархларда фақат суякли гўшт сотилади, шу билан бирга, суякнинг вазни деярли учдан бирига тенг бўлади. Агар лаҳм гўшт сотиб олмоқчи бўлсангиз, нарх кам деганда бир ярим баробарига ошади. Мисол учун, “Светлана” даҳасидаги бозорчада (Мирзо Улуғбек тумани) суяксиз лаҳм гўшт 55000-63000 сўмдан сотилмоқда.

Ўша бозорчадаги тухумнинг ўн донасини 12000 сўмга сотиб оласиз. “Аския” бозорида эса товуқ гўшти ва тухум ҳоким талаб қилаётган нархдан ҳам арзонроқ – 18000 ва 500 сўм ўрнига 17000 ва 400 сўмдан сотилмоқда.

Шу билан бирга, бир неча турдаги муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўрсатилган меъёрлардан ошиб кетган. Мисол учун гуруч. “Лазер” навли гуруч меъёр чегарасидан чиқиб кетмаган ҳолда 6500 сўмдан сотилмоқда, бироқ “аланга” навли гуруч 3600 сўм ўрнига 4500 сўмдан сотиляпти. Мухбиримиз сотувчилардан бирини гапга солиб, нега бунақа бўлиб қолди, деб сўраганда у ҳозиржавоблик билан: “бу олдинги нарх эди, ҳозир “аланга” навли гуручнинг нархи ҳаммада ошиб кетган”, дея жавоб берди. Чиндан ҳам нарх ҳаммада ошган экан.

Ҳокимлик белгилаган нормативларнинг энг катта бузғунчилари балиқлар бўлиб чиқди. Мисол учун, дўнгпешана мажбурий прейскурантдан 2000 сўм қиммат: белгиланган 8000 сўм ўрнига 10000 сўм сотилмоқда. Шунингдек, оқ амур ва сазан ҳам икки минг сўм қимматроқ – 15000 ўрнига 17000 сўмдан сотилмоқда. Шу билан бирга, нарх кўрсатилган ёзувлар йўқ, растада турган молнинг нархини сотувчи оғзидан эшитасиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги