22:13 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Нарх-наво кўтариляпти, аммо ҳаёт барибир яхшиланмоқда. Мирзиёевнинг бензин тўғрисидаги қарорини ўқиймиз

20.11.2017 18:06 msk

Фарғона

Олдинроқ “Фарғона” Ўзбекистонда бензин ва бошқа турдаги ёқилғи нархларининг ошаётгани ва бу чора республика президентининг 2017 йил 14 ноябрь ПҚ-3386 Қарорининг ижроси учун қабул қилингани тўғрисида ёзган эди. Маълум бўлишича, унда анчагина ижобий жиҳатлар мавжуд экан. Самарали рақобат муҳитини яратиш, товар ва хизматлар бозорида монополияни камайтириш, тақсимот тизимини тугатиш ҳамда барча фирма ва ташкилотларнинг моддий-техника ресурсларидан фойдаланишга тенг имконият яратиш ҳужжатнинг асосий мақсади сифатида кўрсатилган. Бундан ташқари, ҳужжатда ёқилғи-энергетика ресурслари таъминоти соҳасида мавжуд суистеъмолликлар ва ўғирликларни тугатиш ва олдини олиш чоралари белгилаб берилган.

Биржа муттаҳамларга қарши

Қарорга кўра, 2018 йил 1 январидан бошлаб баъзи давлат органлари ва ҳукумат комиссияларининг ваколатлари бекор қилинадиган бўлди. Энди улар маҳсулот, хом ашё ва материалларга нархларнинг чегараларини белгилаш имкониятидан маҳрум бўлдилар.

Журъатли қарор, гап йўқ. Бироқ ҳужжатнинг баъзи бандлари инқилобийга ўхшаб кўриняпти. Мисол учун, маҳсулот, хом ашё ва материалларга нисбатан давлат томонидан нархларининг юқори чегараларини белгилаб берувчи тақсимот тизимининг бекор қилиниши.

Амалда бу нимани англатади? Бу дегани, давлат тақсимлаш ва нарх белгилаш каби функциялардан воз кечмоқда, фақат “ижтимоий муҳим ва стратегик” турдаги товарлар бундан мустасно. Ўзбекистонда бозорни юқоридан туриб тақсимлаш ва нарх белгилаш бўйича шаклланган тартибни айнан хом ашё ва материалларнинг тақчиллиги келиб чиқишининг сабаби сифатида кўрсатиш мумкин. Бу ҳолат ноқонуний чайқовчиликнинг пайдо бўлишига олиб келар, чайқовчилик – янги тақчилликнинг юзага келишига сабаб бўлар ва натижада моҳияти бузуқ доира шаклланиб, ундан чиқиб кетиш амри маҳол бўлиб қоларди.

Айнан шунинг учун ҳам тақсимлаш тизимидан воз кечиш Ўзбекистон иқтисодиётининг либераллашуви ва соғломлашувига қараб қўйилаётган улкан қадам сифатида баҳоланмоқда.

Монополиячи корхоналар томонидан баъзи турдаги товарларни сотишнинг янги тартибини босқичма-босқич жорий этилиши ҳужжатда белгиланган яна бир муҳим қадам сифатида баҳоланади. 2018 йил 1 январидан бошлаб ички бозорда нефть маҳсулотлари, цемент, қора металл прокати, мис, пахта толаси бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар, хом ашё ва материаллар фақат биржа савдоси орқали сотилади.

Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти тушунарли: жуда кўп монополиячилар юқори ликвидли хом ашёни сохта ёки таниш фирмаларга сотардилар. Бу каби амалиёт турли фирибгарона схемаларни амалга ошириш имкониятини берарди. Очиқ биржа савдоси орқали сотиш эса чайқовчилар имкониятини анча чеклаб қўяди.

Бироқ бунинг ҳам “аммо”си бор. Бу чора фақат биринчидан, биржа савдолари шаффоф бўла олса, иккинчидан, улар учун белгиланган регламентга риоя қилинсагина таъсир кўрсатади. Акс ҳолда, холис ниятлар амалга ошмай қолаверади.

Тақчиллик учун жавобгарликка тортиласан!

Қарорда бошқа ҳолатлардан ташқари “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўн кун муддат ичида тегишли маҳкамалар раҳбарларининг нефть маҳсулотлар ва бошқа юқори ликвидли маҳсулот турлари билан иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг эҳтиёжларини бозор нархлари бўйича узлуксиз ва ўз вақтида қондириш ҳамда бутун республика бўйича тақчилликнинг олдини олиш” вазифаси қўйилмоқда.

Бу дегани, бундан буёғига тақчиллик ва вилоятлардаги чайқовчиликлар учун муайан мутасаддилар ва мулозимлар жавоб берадилар. Бу умумий аҳволнинг яхшиланишига нечоғлик таъсир кўрсатишини тез орада кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, ҳужжат 2017 йил охиригача “Ўзбекнефтмаҳсулот” АЖ таркибидаги нефтни қайта ишлайдиган заводларга фоизсиз бюджет ссудалари берилишини кўзда тутмоқда. Жами 2 триллион сўм ажратилади, ундан 600 млрд сўм уч кун ичида ажратилиб, углеводород хом ашёси ва тайёр нефть маҳсулотлари импортига йўналтирилади.

Шундай қилиб, нефтни қайта ишлаш соҳаси ҳамон дотацияда қоладиган бўлди. Бироқ дотациялар фоизсиз ссуда сифатида расмийлаштирилади. Бундан ташқари, эндиликда соҳанинг ўзи дотация қилинади, илгаригидек истеъмолчи эмас. Бунақа схема давлатга анча арзонга тушиши аниқ.

Тошкент бўйича транспорт тарифларининг кескин равишда кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик учун 2017-2018 йилларда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи “Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамиятига давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади. Инфляция даражасининг кўтарилишига сабаб бўладиган асосий омиллардан бири – транспорт хизматига тарифларининг ошишини олдини олишга қаратилган оқилона ва ўз вақтида амалга ошириладиган чора сифатида Тошкент бўйича йўловчи ташиш соҳасига субсидияларнинг ажратилишини қайд этиш мумкин.

Қарорга мувофиқ, 15 ноябрдан бошлаб автомобиль бензини ва дизель ёқилғисига солиқ 50 фоизга пасаяди. Шундай қилиб, бензин нархининг ошиши оқибатлари юмшатилмоқда.

2020 йил 1 январига қадар импорт қилинаётган барча углеводород хом ашёси бож тўловлардан озод этилади, фақат божхона расмийлаштируви учун тўлов қолади. “Ўзбекнефтмаҳсулот” АЖ таркибидаги нефтни қайта ишлаш корхоналари шунингдек, фойда солиғи тўлашдан озод этиладилар. Тежаб қолинадиган маблағлар янгиланиш, модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозланиш, шунингдек, “Ўзбекнефтмаҳсулот” АЖ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларни кучайтиришга йўналтирилиши лозим.

Ушбу чораларнинг мақсади ҳам равшан. Биринчидан, инфляциянинг юмшатилиши, иккинчидан, истеъмолчи учун ёқилғи нархини камайтиришга имконият берувчи ишлаб чиқаришнинг модернизацияси. Тарозининг икки палласига божхона тўловларини ундириш йўли билан давлат ғазнасига пул тушириш ёки нарх-наво кўтарилишининг олдини олиш қўйилди. Давлат иккинчисини танлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон вазирлар маҳкамаси бир ой муддат ичида “Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси” фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор қабул қилиши керак. Ушбу қарор электрон савдо майдончаларининг кенгайишига ҳамда биржа бозоридаги савдоларда тадбиркорликнинг барча субъектлари иштирок этиш имкониятига эга бўлиш, бозор нархларининг шаклланиши ва биржа савдолари амалга оширилишининг шаффоф бўлишини таъминлаши керак.

Шундай қилиб, хулоса чиқарар эканмиз, Ўзбекистон президентининг мазкур қарори бир томондан иқтисодиётни соғломлаштиришга қараб муҳим қадамларнинг қўйилишага ундаса, иккинчи томондан – салбий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларнинг юмшатилишини таъминлайдиган чораларнинг қабул қилинишини кўзда тутади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги