22:16 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳибсга олинган Хон Насриддинов ҳақида унинг шогирдлари қандай фикрларни изҳор этдилар?

20.11.2017 00:52 msk

Сид Янышев

Октябрнинг сўнгги кунлари ҳибсга олинган ҳамда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тергов изоляторида сақланаётган тошкентлик иқтисодчи ва журналист Хон Насриддинов сўнгги тўрт йил давомида №94 ўрта мактабда ишлаб келган. Унинг шогирдлари ва ҳамкасбларига кўра, у - энг яхши муаллимлардан бири бўлади. Ушбу ғайриоддий одамнинг шахсини таърифловчи сифатлардан бир нечтасини келтирамиз, холос: ақлли, виждонли, креатив, қувноқ. Тафсилотлар – 16 ноябрь куни ўша мактабда бўлиб қайтган “Фарғона” мухбирининг репортажида.

* * *

Тошкентдаги энг яхши таълим муассасаларидан бири саналган 94 мактаб шаҳарнинг қоқ марказида, Шимолий вокзалдан унчалик узоқ бўлмаган тўрт қаватли “сталин даврида қурилган” бинода жойлашган. Мактабга кириб кўзимга ташланган биринчи нарса – баланд шифтлар, кенг зинапоялар четидаги ёғоч панжаралар, коридорлардаги тозалик ва шинамлик, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг хайрихоҳлиги бўлди. Насриддиновга ўхшаган ўта билимдон, ўқимишли одам фақат шунақа мактабда ишлаши мумкин, деган фикр келди хаёлимга. Мактабдагиларнинг айтишича, у саккизинчи ва тўққизинчи синфларда иқтисодиёт, ўнинчи ва ўн биринчи синфларда иқтисодий географиядан дарс берган.

Ўқитувчилар хонасини излаб иккинчи қаватга кўтарилдим, очиқ эшиклардан бирига мўралаб унинг кутубхона эканлигини кўрдим. Деярли эшик ёнидаги парталарда юқори синфда ўқийдиган икки қиз китоб карталарини тўлдириб ўтирган экан. Маълум бўлишича, уларнинг иккови ҳам – Ксения Ерёмина ва Анастасия Волкова турли синфлар ўқувчилари бўлса ҳам Насриддиновнинг қўлида ўқишган экан. Менинг журналист эканлигимни билиб қолиб улар ўша заҳоти тўлқинланиб, бири-биридан гапни илиб ўз ўқитувчиси ҳақида гапира кетдилар.

– У зўр ўқитувчи эди!

– У мактабдаги энг яхши ўқитувчи эди, уни ҳамма яхши кўрарди!

У баъзи ўқитувчиларга ўхшаб ўқувчиларга бақирмасди. Уни ҳамма ҳурмат қиларди.

Тўғрисўз инсон эди.


Ксения Еремина ва Анастасия Волкова

Бошқа ўқитувчилар агар дарс тайёрламаган бўлсак ўша заҳоти икки қўярди, у эса доим имконият берарди...

Унда назорат ишларини ҳамма доим яхши бажарарди, чунки у меҳрибон эди...

У ўқувчиларни аълочилар ва иккичаларга ажратмасди. Баъзи ўқитувчилар агар ўқувчи аълочи бўлса, унга икки қўйишга иккиланарди. Хон Ғайратович бошқача эди: агар аълога жавоб берилса аъло баҳо қўярди, ёки аксинча, жавоб бера олмаса – икки. Яъни, жуда одил инсон эди. Ҳеч ким билан қасдлашмасди.

Бирор киши нотўғри ўқиса, ёнига чақириб олиб гаплашарди, ўзини тўғрилаб олиш учун имконият берарди.

Ҳар бир ўқувчига алоҳида ёндашади.

Ҳеч қачон ҳеч кимни сўкмаган, дарсларда ҳеч қачон жазавага тушмаган, умуман олганда жуда ҳам беозор, умуман ҳеч ким билан жанжаллашмасди.

Мантиқий масалалар берарди. Мисол учун, икки олдингиз. У шунақа масала бериб, агар еча олсанг икки қўймайман, дерди.

У виждонли инсон эди – унга пора бериб ўзингизга оғдиришингиз ёки раҳмини келтиришингиз иложсиз эди.

У шундай дер эди: агар бирор нарсага эришмоқчи бўлсангиз – ўқинг.

У дарсларини ўйин шаклида ўтказарди. Мисол учун, у қўлига тўпни олиб бизга орқасини ўгирар ва боши узра синфга ирғитарди. Яъни, қаерга отаётганимни кўрмаяпман, аммо тўп кимга тегса, ўша жавоб беради дер эди. Ҳеч ким ҳафа бўлмай дарс бўйича жавоб бергани чиқарди.

Саккизинчи синфдан ўн биринчи синфгача бўлган ўқувчиларнинг мутлақо ҳаммаси уни яхши кўрадилар. У қўққисдан йўқолиб қолганида, ҳамма қаттиқ ранжиганди.

Агар кимдир унинг дарсида қаттиқ жаҳлини чиқарса, у эшикни очиб: “истасанг чиқиб кет, сани деб ман дарсни бузмайман, менга дарс беришга ва бошқаларнинг ўқишига халақит берма” дерди.

Агар ўқитувчиларни рейтинг бўйича жойлаштирадиган бўлсак, у энг яхши бешликдан ўрин олади, ўқувчилар уни чиндан ҳам ҳурмат қиладилар.

Биз ундан аъло баҳо ҳам олардик, икки ҳам олардик, лекин баҳоларга қарамай, унинг дарсларига ҳеч ким бормай қолмасди. Бизда бошқа предметлар бўйича ўқиши жуда ёмон бўлган ўқувчилар бор, бироқ иқтисодиёт ва иқтисодий география бўйича баҳолари беш эди.

У доим бизнинг ижтимоий келиб чиқишимиз битта табақага оид одамлармиз, шунинг учун мен синфга кирганимда ўрнингиздан турмасангиз ҳам майли, деб айтарди.

Унинг ижобий сифатлари кўп эди, мисол учун у ҳазилни тушунарди...

У жуда ҳалол, виждонли инсон эди, доим рост гапирарди, балки унинг айнан шу жиҳати унга панд бергандир? Негаки у ўз эътиқодидан қайтадиган одам эмас. Ҳеч қачон. Ҳатто ўша ҳозир ўтирган жойида ҳам.

У чин маънода буюк инсон, мен бундай одамни нега ҳибсга олишлари мумкинлигини тушуна олмай қолдим...



Насриддиновнинг тақдири ҳақида қаердан билдингиз, деган саволимга қизлар шундай жавоб беришди:

Биринчи чорак якунидан олдин улар мактабга келишганида “энди иқтисодиёт дарсини бошқа ўқитувчи ўтади” деб айтишди. Шу билан бирга, ўқитувчилардан бирортаси ҳам Насриддиновнинг ҳибсга олинганини маълум қилмади. Кейин мактабда миш-мишлар тарқалди, болалардан кимдир қаердадир бу ҳақдаги маълумотларни топиб ўқишган экан.

Ўқитувчилар орасидан ким мен билан Насриддинов ҳақида гаплаша олади деб сўрадим. Қизлардан бири: “Изабелла Александрована у билан яқин эди, умуман олганда очиқ, яхши инсон”. Шундан кейин мени тўртинчи қаватга, рус тили ва адабиёти кабинетига етаклаб чиқди.

Бу мактабда 27 йилдан бери ишлаётган Изабелла Александровна Борухова чиндан ҳам очиқ инсон экан. “Ҳамкасбингиз ҳақида бир неча оғиз сўз айтиб бера оласизми?” десам ўйлаб ҳам ўтирмай ўша заҳоти мени кабинетга таклиф қилди. Бу ерда тўққизинчи синф ўқувчилари билан энди дарс бошланган экан. “Мана марҳамат, бутун бир синфга мурожаат қилишингиз мумкин. Насриддинов шу синфга ҳам дарс берган”, - деди Борухова. Ўспиринлар менинг кимлигимни ва нега келганимни билиши биланоқ деярли ҳаммалари жавоб беришга ошиқиб қўл кўтара бошладилар.


Тошкентдаги 94-мактаб. Муаллиф фотосурати

Мана уларнинг фикрлари:

Сабина Насырова: – У билан машғулот ўтиш жуда қизиқарли эди, бутун мактабимиз бир жон-бир тан бўлиб иқтисодиётни ўқир эди. У билан ўқиш қизиқарли ўтарди, осон ўзлаштирардик, чиндан ҳам шунақа.

Тимофей Петров: – Жуда ажойиб, комил инсон.

София Каргазян: – У дарсларни жуда қизиқарли тарзда ўтарди, уни бутун мактаб яхши кўрарди. Бизнинг унга нисбатан муносабатимиз жуда яхши эди, чунки ўқишдан ташқари у биз билан ҳазил-ҳузул қилиб турарди: ўртамизда қандайдир танловлар ўтказарди, футбол мусобақалари ўтказарди, совринлар топширарди. Биз уни яхши кўрардик, ҳурмат қилардик. Унинг йўқлиги жуда ачинарли ҳолат.

Ульяна Чернецкая: – У жуда хайрихоҳ, муносабати дўстона одам эди. Дарсни тезда тушунтириб бўлганидан сўнг мантиққа оид ўйинлар уюштирарди.

Ширин Рустамова: – Менга Хон Ғайратовичнинг ўқитиш услуби жуда ёқади. У ҳаётий, яхши мисолларни келтирарди. Уни тинглаш жуда қизиқарли эди. Дарсдан сўнг биз унинг олдига келиб кўп нарсалар ҳақида сўраб билишимиз мумкин эди.

Карина Оганян: – У ўзининг предметини севади, жуда яхши билимларга эга – бизга дарсларни жуда осонлик билан тушунтира оларди.

Акмал Ташкенбаев: – Идеал, энг бурро ўқитувчи. Биз уни чин юракдан яхши кўрамиз. У мактабимиздаги эркак ўқитувчиларимиз орасида энг яхшиси.

Хон Ғайратович мактабимизда тўрт йилдан бери ишлайди, - деди Изабелла Александровна. – У чиндан ҳам ўқимишли, профессионал, ўз предмети – иқтисодиётнинг билағони. Юқори синф ўқувчилари билан алоқаси жуда яхши эди, улар билан ҳеч қачон ҳеч қанақа жанжал чиқармасди.

* * *

Синфдан чиққанимда коридорда яна бир ўспирин орқамдан етиб келди-да тез-тез гапира кетди: “Бу ишлар содир бўлганида, отамга, у адвокат бўлиб ишлайди ва амакимга – у МХХда ишлайди, Хон Ғайратович қанақа ажойиб инсон эканлиги, бирор нарса қилиш кераклиги ҳақида айтиб бердим. Энди уларнинг иккови ҳам унга ёрдам беришмоқчи, бироқ ҳозирча қанақа қилиб ёрдам бериш мумкинлигини билишмаяпти...”

Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги