22:18 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбеклар Малаховкага ошга таклиф қилишяпти. Текин, чин кўнгилдан, мазали

17.11.2017 14:49 msk

Фарғона

19 ноябрь куни Москва вилоятининг Малаховка қишлоғида (Выхино станциясидан электричкада йигирма минутлик йўл) ўзбеклар хоҳловчиларни палов билан меҳмон қиладилар.

Текинга.

“Выездная чайхана” хўжайини Алишер Ҳалилов деярли беш юз кишилик палов дамламоқчи. Маълум бўлишича, унинг олдига ўзбек йигити келиб маҳаллий аҳолини меҳмон қилишни сўраган (йигитнинг исмини шартли равишда Фарҳод деб атадик, у на фотосуратга тушишга ва на ўз исмини айтишга рози бўлди). Ва олган ойлик иш ҳақининг ҳаммасини берди. “Нега?” деб сўради Алишер. “Ўзбеклар ҳақида ёмон ўйламасликлари учун”. Ғоя ёқиб қолди. Алишер ўйлаб кўриб бош қўшишга қарор қилди. Дўстларига айтиб берди. Улар ҳам ўйлаб кўриб: биз ҳам қўшиламиз бу ишга дейишди. Шундай қилиб Малаховкада, “Союз” маданий ҳордиқ чиқариш марказида (станция ёнидаги собиқ кинотеатр) Ўзбекистон Маданияти куни ўтадиган бўлди. Москвадаги ноябрь учун айниқса қўл келадиган вақт бўлди.

Нега энди Малаховкада? Чунки жойи яхши. Алишер Ҳалилов у ерда шу чоққача бир неча бор ош қилган, одамлар уни танийдилар. Фарҳод ҳам ўша ерда ишлайди.

Ҳар куни янгиликлар келиб турибди: масалан, Алишер “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзганидек, “яна бир камтар, аммо саҳий инсон иштироки боис меҳмонларимизни яна бир турдаги таом – туршакли (пархез) палов билан меҳмон қиладиган бўлдик. Меҳмондорчилик 2017 йил 19 ноябрь куни Малаховкада бўлади. Чинакам шарқона зиёфатдан лаззатланинг!”

Биз Фарҳодни топдик. Алишер берган саволни биз ҳам бердик: “Нега?”

Сўнгги кунларда ўзбеклар ҳақида фақат ёмон янгиликлар тарқатилмоқда, - дея жавоб берди Фарҳод. – Мен нима қила олишим мумкин? Фақат бизнинг меҳмондўстлигимизни кўрсата оламиз, холос.

Фарҳод Ўзбекистондан келган, ёши 24 да. Ўн саккиз ёшида коллежни тамомлаган, қўлига диплом олган, банк иши бўйича мутахассис, институтга кирмоқчи бўлганди, аммо таълим рус тилида, у эса ўзбек маткабида ўқиган. Нима қилиш керак? У онаси билан пул ишлагани Москвага йўл олди. Бунгача онаси оиладаги тирикчиликни ўзи ёлғиз тортиб келарди, Россияда фаррош, ошпаз бўлиб ишларди... Турли ишларда ишлаб кўрди. Ҳозир ҳамшира бўлиб ишлаяпти, система қўйиб, укол қиляпти.

Бундан кейинги умр баёни одатий: Фарҳод бир йил қурилишда ишлади, кейин Москва вилояти Жуковский шаҳридаги Халқаро ЛИНК менежмент институтининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Ишсиз қолди, пулсизлик муаммолари бошланди, ўқишни қолдиришга тўғри келди. “Мен фақат ишлайман дея қарор қилдим, онам уй қурилишини бошладилар, пул билан ёрдам бериш керак эди”.



Кунлардан бир кун, битта объектни топширганларидан сўнг бошлиқ Фарҳоддан ўз бъектида боғбонга ёрдамчи бўлиб ишлашни таклиф қилди. “Яхши одам эди у, доим ёрдам бериб келган, ҳатто ўқишимга ҳам ёрдам беришга ваъда қилди. Мен рози бўлдим. У икки гектарлик участканинг бошқарувчиси бўлиб ишларди. Тез орада у бош боғбонни ишдан бўшатди ва бу лавозимга мени тайинлади. Мана энди беш йилдан бери ўша ердаман. Ўқишни кейинга қолдирдим, уйни қуриб битказиш ва синглимни турмушга узатиш керак эди”.

Фарҳоднинг омади келди. Бир ярим йил олдин синглиси турмушга чиқиб, Бирлашган Араб Амирликларида яшаяпти. “Чиройли тўй қилдик, тўрт минг кишилик. Мен бора олмадим, онам бордилар. Энг асосийси – онам бахтли, синглим бахтли. Мен қариндошларимни ёрдамчи сифатида ишга олиб кўрдим, бироқ улар эплай олмадилар. Икки йил олдин онамнинг жиянини ишга олгандим, бироқ бир йил ўтиб у менинг бўйнимга 200 минг рубль қарзни илиб қўйдида ўзи Ўзбекистонга қочиб кетди. Мени ишдан ҳайдасалар керак деб ўйлагандим, ўшанда бошқарувчини ҳам ишдан бўшатишганди...Бироқ укамнинг қарзини тўласам ишдан ҳайдамасликларини айтишди. Ишлаб пулларни қайтардим. Мана уйни ҳам қуриб бўлдик. Қарзлардан қутилганман, катта тўловлардан ҳам. Энди менда одамларни меҳмон қилиш имконияти пайдо бўлди – ҳамманинг ошга келиб хурсанд бўлиб қайтишларини истайман. Онам бу ниятим ҳақида билиб қолиб аввалига албатта ҳайрон бўлиб қолди. Кейин бўлса рози бўлиб мени қўлладилар”.

Шундай қилиб, Фарҳод, Алишер Ҳалилов ва яна бир неча ўзбекистонлик саҳий инсонлар 19 ноябрь куни ҳаммани Малаховкага ошгна таклиф қиляптилар. Байрам паловига марҳамат қилинг!

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги