22:17 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Чорасизлик далалари. Ўзбекистонлик болалар ҳамон пахта ҳосили учун курашда гаровда қолмоқдалар

16.11.2017 10:01 msk

Фарғона

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилар альянси раҳбари Елена Урлаева томонидан “Фарғона” таҳририятига тақдим этилган фотосуратлар 2017 йил ноябрнинг бошида пахта далаларида олинган

Ўзбекистонда навбатдаги пахта териш кампанияси тугаяпти. Бу йилги пахта мавсуми шов-шувга арзийдиган воқеалар билан ўтди: сентябрнинг охирида бош вазир топшириғига кўра далаларга ҳайдаб чиқарилган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини уй-уйларига қайтардилар, октябрда эса Тошкет ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари ва прокурорлари “қўшиб ёзишлар” учун ишдан ҳам бўшатилди.

Бироқ мажбурий меҳнатнинг бузуқ тизими сақланиб қолди. Ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари гўё ўз ташаббуслари билан тез орада пахта теримига қайтдилар. Бундан-да ёмони эса пахта далаларида ёш болалар кўзга ташлана бошлади. Яъни, маҳаллий расмийлар аввалгидек давлатга “оқ олтин” топшириш бўйича режани бажариш учун ҳар қандай воситаларни қўллаш ҳалол дея ўзларига фатво чиқариб олдилар.

Ўзбекистонда пахта терими ишларида болалар меҳнатидан фойдаланиш расман тақиқлаб қўйилган, бироқ ЎҲҲА (“Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилар альянси”) раҳбари Елена Урлаева Андижон вилоятида бу тақиқ бир неча бор бузилганининг исботини тақдим этди.

Мисол учун, ҳуқуқ ҳимоячи аёл 3 ноябрь куни Балиқчи тумани №1 мактабнинг бешинчи синф ўқувчиларини ўқитувчи назорати остида пахта тераётганларини фотосуратга олди. Урлаеванинг айтишича, мактаб директори Сайёра Хонкелдиева туман ҳокими Ўткирбек Бектемиров буйруғига асосан болаларга ҳар куни 2-3 килограммдан пахта келтиришга мажбурлаган.

Урлаева шунингдек, пахта далаларига етиб бориш учун чуқур закан устидаги қўлбола кўприкдан ўтаётган Улуғнор туманининг №13 мактаб ўқувчиларининг ҳам фотосуратини олди. Урлаеванинг айтишича, Улуғнор ва Балиқчи туманларида пахта оз қолгани боис болалар пахта териб келиш учун далалардаги узоқ йўлларни босиб ўтишга мажбур бўлмоқдалар.

Дарс ўтиши керак бўлган пайт – эрталаб соат 11 да Урлаева №13 мактаб ўқитувчилари бошланғич синф ўқувчиларини пахта даласига етаклаб кетаётганларини кўрган. Улар пахта даласига етиб келиб, теримни бошламоқчи бўлиб турганларида, ҳуқуқ ҳимоячи аёл “болаларга пахта териш мумкин эмас!” дея қичқиришга бошлади. Шундан кейин ўқитувчилар болалар билан қочиб кетишга уриндилар.


Андижон вилоятида болаларни пахта теримига жалб қилинаётгани ҳақида октябрнинг охирида ҳам хабар берилганди. Ўшанда “Озодлик” тингловчиларидан бири радио сайтига мактуб ёзиб, Балиқчи тумани №6 мактабнинг бошланғич синфлар ўқувчиларига ўқишдан бўш пайтда пахта териш ва таълим муассасасига топшириш буюрилгани ҳақида маълум қилганди. Радиостанция маълумотига кўра, пахта теришга шунингдек, юқори синф ўқувчиларини ҳам юборилган.

Ҳолбуки, бор-йўғи икки ой олдин Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳукуматнинг мажбурий меҳнатдан воз кечишга интилишини зўр бериб қўллаганди. Ўшанда у ТВ экранлари орқали “бюджет ташкилоти ходимларини, ўқувчи ва талабаларни пахтага юборадиган маҳаллий мутасаддилар нафақат ишдан ҳайдаладилар, балки жиноий жавобгарликка тортиладилар”, дея таъкидлаганди. Афсуски, октябрь бошида ҳаммаси эски ҳолатга қайтди – андижонлик шифокорлар ва ўқитувчилар ихтиёрий равишда “кўнгилли” бўлиб пахта далаларига қайтдилар, пахта теримига бағишланган селектр йиғилишларида эса ҳоким уларни бўралаб сўкишлар билан ҳақорат қиларди.

Абдураҳмановнинг беҳаёлигини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форумининг раҳбари Умида Ниёзова ҳам қайд этиб ўтди. Унга кўра, бу одамнинг умуртқаси ўзининг эгилувчанлиги билан кишини ҳайрон қолдиралиган даражада. “У пахта теримига мажбурлашни жиноят деб аташгача борди. Шу билан бирга Абдураҳмановнинг ўзи мажбурлашнинг барча имкониятли шаклларидан фойдаланиб келади, шу жумладан, мактаб ўқувчиларининг ота-оналарини болаларининг ўрнига пахта теримига жалб қилади”, - дея эслатади ҳуқуқ ҳимоячи аёл.


“Ўзбекистонда пахта терими тизими аввали бошдан бузуқ, нотўғри, - дейди Ниязова. - Мисол учун, маҳаллий ҳокимлар ўз лавозимларини йўқотиб қўйишдан қўрққанидан на одамларнинг пахта теришни истамасликларини ва на иқтисодий рентабелликни эътиборга олмайдилар. Бу ҳолат айниқса кузнинг охирига келиб яққол кўзга ташлана бошлайди. Шу пайтга келиб далаларда пахта оз қолади, кўнгиллиларни далага олиб чиқиш жуда қийинлашиб кетади. Иш ўринларидан маҳрум бўлишдан қўрққан турли ташкилотларнинг юз минглаб ходимлари туну-кун далада, улар ғўзани йиғиштириб кўсак чувийдилар ва унинг ичидан сифати энг паст бўлган бир неча грамм келадиган пахтани ажратиб оладилар. Буларнинг ҳаммаси вилоят ҳокимининг Тошкентга “пахта планини бажардик”, - дея рапорт бериши учун, холос”.

“Тунги йиғилишда мактаб директори ҳокимдан сўкиш, пўписа ва белгиланган миқдорда пахта топшириш талабларини эшитса, эртаси куни у бошланғич синф болаларини далага чиқаришдан бошқа иложи қолмайди, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи. – Болалардан пахта теримида фойдаланиш қарори на мактаб раҳбариятини ва на маҳаллий расмийларни оқлаб қўяди, бироқ бу вазият ҳукуматининг Ўзбекистонда жамиятнинг барча табақаларида болалар меҳнати номақбул саналади дея таъкидлашларини шубҳа остага солиб қўяди”. Ҳукуматнинг бу гапини Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) вакиллари ҳам такрорламоқда. Афтидан улар ҳам “ҳукмат билан апоқ-чапоқ бўлиб кетиб, бурнидан узоқроқда турган нарсани кўра опмай қолишганга ўхшайди”.

Чиндан ҳам жорий йил бошида Жаҳон банки томонидан “кредит ажратилган ҳудудларда” холисона мониторинг ўтказиш учун танланган халқаро ташкилот - ХМТ Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти тугатилганини таъкидлвочи ҳисоботини чоп этганди. Шу билан бирга, Умида Ниязова Human Rights Watch билан биргаликда ўтган ёзда 2015-2016 йилларда Ўзбекистондаги Жаҳон банки лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари бўлиб ўтганига исботларни ўз ичига жамлаган маърузасини чоп этди. Ҳолбуки кредитлаш ҳудудларида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланмаслик кредитнинг асосий шартларидан бири эди (2015-2016 йилларда Жаҳон банки Ўбекистон ҳукуматига аграр секторни ривожлантиришга 518.75 млн доллар кредит ажратиб берган).


Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болаларни олдинги йиллар каби оммавий тарзда пахта теримига жалб этмаяптилар. Маҳаллий ҳокимият топшириғи ёки ҳокимлар босими остида мактаб директорларининг қарорига мувофиқ ўқувчиларни уюшган тарзда пахта далаларига олиб чиқишнинг алоҳида ҳолатлари қайд этилмоқда. Бу йилги кузда талабаларни пахта теримидан озод қилингани боис босим жуда кучайиб кетди ва оқибатда маҳаллий расмийлар қўшимча ишчи кучларини жалб эта бошладилар.

“Барча давлат муассасаларига, шу жумладан, мактаблар, коллежлар ва касалхоналарга ўтказилаётган босимнинг манбаси энг юқорида. Яъни мактаб директорининг ўқувчи болаларни “озгина бўлса ҳам пахта териб келсин” дея далага чиқаришга қарор қилишига Тошкентдаги олий даражадаги мулозимлар айбдор. Яна шу нарсани тушуниб олиш муҳимки, ўқитувчи, директор ёки ҳатто маҳаллий ҳокимнинг жазога тортилиши, давлат режасини бажариб қўйишни талаб қилаётган марказий ҳукуматни оқлаб қўймайди”, - дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячи.

“Ўзбекистонда нега ота-оналарнинг бирортаси болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши ўз норозилигини билдирмайди?” - деган саволга жавобан Умида Ниязова 2014 йилги воқеани сўзлаб берди: ўшанда болаларни оммавий равишда пахта теримига жўнатишаётганда ҳуқуқ ҳимоячилар ота-оналарнинг бунга муносабати билан қизиқдилар. Жавоб стандарт каби бир хил бўлди: “меҳнатдан хали ҳеч ким ўлмаган”, “қўрқадиган ери йўқ, биз ҳам ёшлигимизда пахта терганмиз, ҳеч нима бўлиб қолганимиз йўқ”. Бу каби “тушунадиган” ота-оналар ва ўқитувчиларнинг бирортасига ҳам норозлик билдириш каби гаплар хаёлга ҳам келгани йўқ. Негаки, бу “тушуниш”нинг ортида раҳбарлар олдида қўрқув бор, - дея таъкидлади у.


“Пахта тарихи бир неча кун ўтиб тугайди. Бироқ келгуси йил келади. Расмийлар ҳам болаларни, ҳам катталарни ваниҳоят мажбурий меҳнатдан халос қиладиган тизимли ўзгартиришларни киритадиларми-йўқми? Ҳозирча бу савол очиқ қолмоқда”, - дея хулоса қилди Умида Ниязова.

Анна Козырева тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги