22:17 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом ва Марказий Осиё давлатлари: Муносабатлар риторикаси ва амалиёти

07.11.2017 16:24 msk

Фарғона

Марказий Осиёнинг яқин ўтмишда атеистик совет республикалари бўлган мамлакатларида сўнгги йигирма беш йил давомида Ислом дини ижтимоий-сиёсий вазиятга таъсир ўтказишнинг ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб қолди.

Мазкур республикаларда исломлаштириш жараёнларини қандай қилиб қабул қилиш керак: манбаларга қайтиш, жиддий таҳдид, жамият танлови, давлат учун сафарбарлик воситасими ёки иллюзиями?

Марказий Осиё мамлакатлари – Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Ўзбекистоннинг экспертлари ўзларининг: “Марказий Осиё: “шойи демократия” учун майдон. Ислом ва давлат” мавзусидаги тадқиқотларида ушбу саволларга жавоб топишга уриниб кўрдилар.

Таҳлилий иш Central Asia Policy Group (CAPG) регионал эксперт платформаси томонидан Германиянинг Фридрих Эберт номли фонди ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтказилди.

Сиёсий ва диний институтлар

Тадқиқотнинг биринчи бўлимида динни тартибга солувчи қонунчилик ва қоидалар шарҳи ҳамда Марказий Осиёнинг 4 та мамлакатидаги вазиятни қиёслашга имконият берувчи инфографика шаклидаги статистика тақдим этилган. Мисол учун, диний соҳани Қозоғистонда вазирлик, Қирғизистонда – комиссия, Ўзбекистон ва Тожикистонда дин ишлари бўйича қўмита тартибга солиб боради.

Ушбу соҳадаги асосий нодавлат институти сифатида Тожикистонда Уламолар кенгаши – Исломий марказ, қолган мамлакатларда Мусулмонлар бошқармасининг фаолият юритилиши белгиланган.

Масжидлар ва имомлар сони бўйича маълумотлар ҳам эътиборга лойиқ. Мисол учун, Қозоғистонда 2016 йилда 2516 та масжид (1991 йилда - 68 та), Қирғизистонда – 2669 та масжид (2009 йилда 1973 та), Тожикистонда – 3930 та масжид ва Ўзбекистонда 2065 та мусулмон ташкилотлари бор. Аҳоли жон бошига энг кўп имомлар сони Тожикистонда –2210 кишига битта имом (жами 3914 нафар имом бор). Энг оз имомлар Ўзбекистонда – 7824 кишига бир киши имомлик қилиши кўзда тутилган (жами имомлар сони 4100 киши). Қозоғистонда 4915 кишига битта имом, Қирғизистонда эса 2407 кишига битта имом тўғри келади (жами имомлар сони – 2500 киши).


Марказий Осиё мамлакатларидаги масжидлар сони

Минтақа мамлакатларидаги диний таълим соҳасидаги аҳвол ҳам фарқ қилади. Мисол учун, Қирғизистонда 112 та исломий таълим муассасалари, шу жумладан, битта исломий университет, 9 та исломий институт, 102 та мадраса (улардан 88 таси фаолият юритмоқда) рўйхатга олинган. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, битта таълим муассасаси 68.4 минг кишига тўғри келади. Қозоғистонда 13 та таълим муассасаси – битта университет, битта малака ошириш институти, 9 та мадраса ва 2 та қорилар тайёрлаш маркази фаолият юритмоқда (1.36 млн кишига битта диний таълим муассасаси).

Ўзбекистонда 11 та таълим муассасаси – 2 та ислом институти, 9 та мадраса бор (3.21 млн кишига битта таълим муассасаси).

Тожикистонда бутун мамлакат бўйича бор-йўғи битта таълим муассасаси – давлат ислом институти бор, холос. Ҳолбуки, республика аҳолиси 8.65 млн кишини ташкил этади.


Минтақа мамлакатларидаги Исломий таълим муассасалари

Айни пайтда минтақанинг барча республикаларида диний партиялар расман тақиқлаб қўйилган. Биргина Тожикистонда 2015 йил сентябргача Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаолият юритарди. Охир-оқибатда партия ҳукумат томонидан қуролли қўзғолон ташкил этишда айбланиб, террористик ташкилоти дея эълон қилинди.

Тадқиқот муаллифлари тўртта мамлакатдан ҳар бирининг мустақиллик йиллари давомида Исломга нисбатан ўтказган сиёсатининг трансформациясини таҳлил қилдилар.

Қуйида таҳлилий материалнинг Ўзбекистонга оид қисми эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон: Исломий ренессанс ва хавфсизликнинг ички дилеммаси

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонда диний соҳада муайан эркинликлар кузатилганди. Диннинг қайта уйғониши мавжуд масжидларнинг соядан чиқиши ва қонунийлаштирилиши билан кузатилди. Шу боис мамлакатдаги масжидлар сони 1989 йилдаги 300 тадан 1993 йилда кескин равишда 6 мингтагача кўтарилди. Бироқ кейинги йилларда 1990 йилдан бошлаб фаолият юритаётган минглаб масжидлар қайта рўйхатдан ўтказилмай ёпиб қўйилди.

1990-йилларда Ўзбекистон бошидан кечирган Ислом экстремизмининг таҳдидлари (Фарғона водийсида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ва бошқа экстремистик гуруҳларнинг пайдо бўлиши; Тошкентдаги 1999 йил февралида амалга оширилган терактлар ва бошқа фактлар), Исломнинг сиёсийлашуви ва радикаллашуви жараёни мамлакатдаги диний ҳаёт устидан ўрнатилган давлат назоратининг кучайишига олиб келди.

Республикада диний ташкилотлар томонидан нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ҳамда диний билимларни хусусий тарзда ўқитиш тақиқлаб қўйилди. Расмийлар талабаларнинг машғулотлардан сўнг бошқа ишлар билан банд қилиб, ёшларнинг масжидга боришларини яширин тарзда чеклов қўйиб келмоқдалар. Аёллар ва қизларга олий таълим муассасаларида диний либос кийишга рухсат берилмаяпти.

Шу вақтнинг ўзида давлат ва сиёсий элита қуруқ гапларни исломий либосларга ўрашдан кенг фойдаланиб келмоқда. Мисол учун, ғарб оммавий маданияти, дабдали тўйдар, қизларнинг калта кўйлаклари, шунингдек, баъзи қўшиқчиларни концерт бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун лицензияларини тортиб олишлар айнан Ислом ниқоби остида амалга оширилиб, бунга миллий урф-одатлар ва исломий қадриятлар асос сифатида келтирилади.

Тадқиқот муаллифлари қайд этишларича, ҳозирги Ўзбекистон элитасининг ўзига хос хусусияти замонавийлаштириш (модернизация) жамият, одамларнинг онгида дин таъсири заифлашади, деган содда тушунчанинг шаклланиб қолганида. Ислом Каримов даврида динга кўпроқ маданият қўриқчиси роли ажратиб берилганди. Бироқ шу билан бирга жамиятда Ислом аҳамиятининг кучайиш жараёни кетаётган пайтда одамлар ҳаётида диннинг ролини фаол пасайтириш сиёсати юргизилган.


Ўзбекистон пойтахтида 2016 йил октябрда биринчи президент Ислом Каримов шарафига “Ислом ота” масжидининг очилиши бўлиб ўтди

Айни пайтда мамлакатда, шу жумладан, динга нисбатан янги ижтимоий муҳит шаклланмоқда. Янги президент мамлакат бўйлаб сафар қилар экан, албатта тарихий муқаддас жойларни зиёрат қилиш, уламолар билан суҳбатлашишни одат қилиб олган. Тошкентда 2017 йил 15 июнь куни ўтган уламолар қурултойида Шавкат Мирзиёев диний соҳада тадбиркорона сиёсат юргизиш кераклигини таъкидлаб ўтди. У “қора рўйхат”ни қисқартиришга чақирди. Афтидан, постсовет тарихида давлат ва дин ўртасида янги саҳифа очилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги