22:15 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда таниқли блогер, муаллим, иқтисодчи ва фуқаролик жамияти фаоли Ҳаёт Насриддинов ҳибсга олинди

06.11.2017 10:17 msk

Фарғона

Asiaterra.info нашри ўтган шанба куни хабар беришича, Ўзбекистон пойтахтида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан таниқли блогер, журналист, жамоатчилик фаоли ва иқтисодиёт фани ўқитувчиси Ҳаётхон Насриддинов ҳибсга олинди.

Насриддиновни тахминан 20 октябрь куни, журналист Бобомурод Абдуллаевдан бир ой ўтгандан кейин ҳибсга олингани айтилмоқда.

Унинг яқинларига ҳибсга олиниши сабаби тўғрисида маълумот берилмаяпти. Афтидан, улардан журналистлар билан мулоқот қилмаслик талаб қилиниб, босим ўтказишаётганга ўхшаяпти. Шунингдек, Ҳаёт Насриддинов қариндошлари томонидан ёлланган адвокатдан воз кечгани маълум бўлди. Айни пайтда уни Гвардейский кўчасидаги МХХ тергов изоляторида сақлашмоқда.

Ҳаёт (баъзи манбаларда Ҳаёт, Хон) Насриддинов 1970 йилда туғилган. Ўзбекистонда иқтисодиёт соҳасида таҳсил олган ва шундан сўнг хорижда малакасини ошириб қайтган. Корея Савдо ва инвестицияларга кўмак бериш агентлигининг Тошкендаги филиалида брокер, турли ташкилотларда молиячи, иқтисодчи вазифаларида ишлаган. У иқтисод фанлари доктори, банк иши бўйича 30 дан зиёд мақолалар муаллифи. Сўнгги йилларда Тошкентдаги № 94 мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган.

2010 йил май ойидан бери “Озодлик” веб-сайти билан ҳамкорлик қилиб, блогерлар колонкаси учун ўттиздан зиёд мақолалар ёзиб берган.


Ҳаёт Насриддинов, Фейсбукдаги шахсий саҳифасидан олинган фотосурат

Насриддинов 2012-2013 йиллардан бошлаб хорижий ОАВ учун шарҳлар бера бошлади ҳамда бизнинг портал учун фрилансер сифатида мақолалар ёзди. “Фарғона” сайтида унинг ўнлаб, жумладан, “Ўзбекистонда болалар спорти – қимматга тушадиган машғулот” (Детский спорт в Узбекистане – дорогое удовольствие), “Ўзбекча демократия” Конституция меъёрларига зид келади” («Демократия по-узбекски» противоречит нормам Конституции), “Мустақиллик тўғрисида дарслик – воқеликдан йироқ эртаклар тўплами” (Учебник о независимости – сборник сказок, далекий от реальности), “Ҳаёт йўлидан четга сурилиб қолган қариялар” (Старики на обочине жизни), “Сайтга йўл вақтинча тўсилган. Банк йўли ҳам” (Сайт временно недоступен. Впрочем, и банк тоже) мақолалари чоп этилган.

Ҳаёт Насриддинов билан Тошкентдаги Ломоносов номли №142 мактабда ўқиган унинг синфдошлари “Фарғона” мухбирига уни жуда ҳалол, виждонли ва ҳақиқатгўй инсон деб таърифладилар. Унинг ўқувчилари ҳам устозлари номини чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оладилар.

“Вой Худоим, сизнинг дарсларингиз ва маърузаларингизни нечоғлик соғинганимни билсангиз эди”, дея ёзади собиқ ўқувчи қиз унинг Фейсбукдаги саҳифасида. “Мен кўрган ва билган устозлар орасида энг яхши ва энг креатив ўқитувчи!” дея ёзади бошқа шарҳ қолдирган фойдаланувчи. Ўқитувчисининг ҳибсга олинганини билиб қолган ёш йигит-қизлар: “У Тошкент шаҳридаги энг яхши муаллим! Энг ҳалол ва болаларни яхши кўрувчи энг самимий одам!!!” дея ҳайқиришмоқда. “Бу қанақа иш бўлди? Барча даврларнинг энг яхши ўқитувчиси... Бу янгилик мени чуқур қайғуга солди. Агар бу дунёда адолат мавжуд бўлса, у албатта зафар қозонади! Қимматли Хон Ғайратович, сизнинг ҳақингизга дуодамиз!” деган фикрларни қолдиришмоқда.


Насриддинов 2017 йил мактабни битирган ўқувчилари билан бирга

“Биз Ўзбекистон расмийлари, хусусан, тергов органлари ва прокуратура ҳамкасбимиз ва дўстимиз Ҳаёт Насриддиновнинг зудлик билан ўз қариндошлари ва адвокати билан учрашиш имкониятини яратиб беришларини ҳамда жамоатчиликка унинг ҳибсга олишинига асос бўлиб хизмат қиладиган барча мавжуд ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қиламиз. Ўзбекистонда баъзи сиёсий маҳбусларни озод қилинаётган пайтда номаълум ёки сохта айбловлар билан бошқа таниқли одамларни, шу жумладан, журналистларни ҳибсга олишмоқда, - дея билдиради “Фарғона” ахборот агентлигининг бош муҳаррири Даниил Кислов. – Ўзбекистонда янги алвасти ови бошланиб қолганидан жуда хавотирдамиз. Биз инсон ҳуқуқлари қўриқчилари ва журналистларни ҳимоясида турадиган барча халқаро ташкилотларни бу ҳолатга жиддий эътибор қаратишга чақирамиз”.

* * *

Халқаро стандартларга мувофиқ “Насриддинов иши”да кам деганда учта инсон ҳуқуқларининг поймол этилиш ҳолатлари мавжуд. Булар “ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш”, “зўрлик ишлатиб йўқотиш” ва “процессуал меъёрларни бузиш”. Бундан ташқари, қўлга олинган шахснинг хавфсизлигига нисбатан таҳдид мавжуд, чунки суддан ташқари ҳолатда ўч олиш имконияти пайдо бўлмоқда. Бунақа вазиятларда одатда қўлга олинганларги нисбатан қийноқлар қўллаб, ўзларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилишади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги