22:18 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентлик журналист Малоҳат Эшонқулова нега АҚШдан сиёсий бошпана сўраяпти?

02.11.2017 10:28 msk

AsiaTerra

Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилар орасидан сиёсий бошпана сўрайдиганлар кам, боз устига, хорижий мамлакатлар элчихонаси рўпарасида пикет ёрдамида бу ишни амалга оширадиганлар бўлмаган. бироқ журналист Малоҳат Эшонқулова шунақа қилишга қарор қилди: у 27 октябрь куни АҚШ дипломатик миссияси олдида сиёсий бошпана сўралиши изҳор этилган плакатни кўтариб, очлик эълон қилишини билдирди. “Ёшлар” давлат телеканалининг собиқ муҳарририни умидсизликка тушириб, бу ишларни қилишга нималар ундади? Аҳволни AsiaTerra портали ўрганишга киришди.

“Мени амалда “бомж”га айлантириб қўйдилар”

Эшонқулованинг ўзи AsiaTerra нашрга сўзлаб беришича, Ўзбекистон расмийлари на унинг ўзи ва на унинг оиласини тинч қўйишмаяпти. “Мени амалда “бомжга” айлантириб қўйдилар, бошпанамдан маҳрум қилдилар”, - дея тушунтиради у.

АҚШ элчихонаси ёнида пикетга чиқишига Тошкент вилояти Зангиота тумани фуқаролик ишлари бўйича судининг қарори сабаб бўлди. Бундан бир кун олдин журналист аёл 11 август куни суднинг сиртдан чиқарган қарорига мувофиқ доимий пропискасидан маҳрум бўлганини ҳақидаги билдирув хатини олди. Бунгача эса у ўз қизининг Тошкентнинг Чилонзор массивидаги квартирасида яшаётган ва у ердаги вақтинча пропискадан ҳам маҳрум қилинганди.

Аёлнинг чиндан ҳам танг аҳволга солиб қўйишган. Ҳолбуки, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилардан бирортаси ҳам шу чоққача прописка масаласида бу каби усталик билан таъқиб қилинмаган эди. Таъқиблар сабабини Эшонқулова ўзининг АҚШ элчихонаси олдида туриб мамлакат бош вазири Абдулла Ариповнинг истеъфосини талаб қилувчи плакат кўтариб пикет ўтказгани билан изоҳлайди. Журналистга кўра, айнан Абдулла Арипов уни 2010 йилдан бери таъқиб қилиб келмоқда.


Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси олдида пикет ўтказмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячининг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган фотосурат

Илк бор ишдан ҳайдалиш

Малоҳат Эшонқулованинг умр баёнини аввали бошдан сўзлаб бериш жоиз. У 1966 йилда, Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг Қиёт қишлоғида, оддий колхозчилар оиласида туғилган. Ёшлигидан адабиётга қизиқиб, шеърлар, ҳикоялар ва танқидий мақолалар ёзган ва маҳаллий газеталарда чоп этилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Давлат телерадиокомпаниясига ишга 28 йил олдин жойлашган, ўшанда Тошкент четидаги Зангиота поселкасида пропискага турган.

Малоҳат истеъдодли тележурналист чиқиб қолди, у тайёрлаган телекўрсатувлар албатта катта резонансларни келтириб чиқарган. У таҳлилий ва танқидий материалларни тайёрлашга ихтисослашган, бироқ Ўзбекистон ТВ мавжларидан бунақанги кўрсатувлар аста-секин йўқола бошлаган. Аҳволнинг бундай тус олишига у рози бўлмас ҳамда вақти-вақти билан раҳбарларнинг ихтиёрига зид равишда ўзининг танқидий сюжетларини чиқариб туришга эришган. Натижада, уни Давлат телерадиокомпаниядаги ишидан ҳайдадилар ва у йигирма ой мобайнида иш берувчилар билан судлашиб юрди. Ваниҳоят, уни 2003 йилда ишга қайта тикладилар, мажбурий прогул учун иш ҳақини тўла ҳолда ундирилди.

Қуда қудани ҳафа қилмайди

Алишер Хўжаев 2005 йилда Давлат телерадиокомпаниясига раис бўлганида телевидениедаги аҳвол кескин тарзда ўзгарди. Эшонқулованинг таъкидлашича, ТВ коррупция ботқоғига бота бошлади. Ҳатто хизмат сафарига боришни ихтиёр қилган мухбирлардан ҳам пора талаб қилишга бошладилар. Ўшанда Малоҳат “Ёшлар” телеканалида катта муҳаррир лавозимида ишлаётган ва бу каби порахўрлик амалиётига қарши очиқ қарши чиқишни бошлаганди.

Унинг мамлакат раҳбариятига ёзган, жами 60 та банддан иборат шикоят аризаси якуни бўйича ўша пайтда бош вазир бўлиб ишлаётган Шавкат Мирзиёев турли маҳкама вазирликлар вакилларидан иборат 15 кишилик комиссиясини телевидение фаолиятини текширишга юборди. Ўшанда телевидениедагилар қаттиқ қўрқиб кетган, “Ёшлар” телеканалининг бошлиғи эса зудлик билан касалхонага ётиб олганди.

Бироқ, Эшонқулованинг таъкидлашича, бош вазирнинг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари ва бир вақтнинг ўзида мустақил журналистларнинг “адабини” бериб юрган Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари бўлиб ишлаётган Абдулла Арипов комиссия ишини чиппакка чиқариб юборди.

Бунинг сабаблари оддий экан: Ариповнинг қизи Хўжаевнинг ўғлига турмушга чиққан экан. Қудани ҳафа қилиб бўладими? Оқибатда тез орада давлат комиссияси аъзоларини Давлат телерадиокомпанияси эшигидан киритмай қўйдилар ва бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади.

Бошбошдоқликларга чидамаган журналист аёл матбуот анжумани уюштирди. “Давр” ахборот дастурининг мухбири Саодат Омонова билан бирга у телеведиениедаги юзага келган порахўрлик учун Хўжаевни ошкора танқид қилдилар. Бироқ бунинг ҳеч қанақа самараси бўлмади. Шунинг учун ҳам 2010 йил 6 декабрь куни икки журналист аёл Мустақиллик майдонига чиқиб норозилик акциясини уюштирдилар. Милиция уларни қўлга олиб ўтирмади, бироқ телевидениеда умумий йиғилиш ўтказилиб уларни уч соат давомида иш жойида бўлмаганлари учун айбладилар, халқ душмани деб эълон қилдилар ҳамда зудлик билан ишдан ҳайдалишини талаб қилдилар.

Эшонқуловага кўра, Хўжаев бунчалик безбетларча ҳаракатларни фақат ўзининг қудаси ҳомийлигида амалга ошириши мумкин эди. Нима бўлганда ҳам уларни тез орада ишдан ҳайдадилар. Шундан сўнг расмийлар уларни пропискадан маҳрум этиб Тошкетндан ҳам ҳайдашга қарор қилдилар. Омонава таслим бўлиб Самарқандга қайтиб кетди. Малоҳат эса адвокат топиб Зангиотадаги пропискасини қайта тиклагунига қадар курашди.

Журналист аёлнинг таъқиб этилиши

Эшонқулова мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг фаол аъзоси бўлиб қолганида уни кўп маротаба жаримага тортдилар, унинг мулкини мусодара қилдилар. Милиция бир неча бор уни қўлга олиб юрди ва ҳатто бир куни кеч оқшомда нотаниш қабристон олдига олиб бориб ташлаб келишди. Бу ишларга Абдулла Ариповнинг алоқаси бўлмаса керак. Бироқ, Малоҳатга кўра, 2016 йил 12 декабрь куни Арипов бош вазир этиб тайинланганда бошлаб уларнинг манфаатлари яна тўқнаша бошлади.

Гап шундаки, Эшонқулова “Қўрқмаслар” ҳуқуқ ҳимоя гуруҳининг аъзоси сифатида ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева билан бирга ҳар йили пахта кампанияларининг мониторингини ўтказиб келади. Малоҳат 2017 йилнинг ёзида Бутунжаҳон банкига мактуб йўллаб, Ўзбекистон ҳамон мажбурий меҳнат балосидан қутулмаганини ёзди. Арипов бош вазир сифатида иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалик сектори учун масъул бўлиб, мазкур хат амалда унга нисбатан қўйилган айблов саналади. Шунинг учун ҳам Эшонқулова яна таъқиб остида қолдим деб ҳисобламоқда.

28 июль куни Малоҳатнинг қизи Зарнигор Алибекованинг Чилонзордаги квартирасига Учтепа тумани суд ижрочилари бостириб кириб, гўё ундирилмаган жарима эвазига журналистнинг касб фаолиятига оз бўлсада алоқаси бор бўлган оргтехникани мусодара қила бошладилар. Ҳолбуки жарима муддати уч йилдан ошиб кетган ва қонун бўйича аллақачон ундирилган ҳисобланади.

Шу чоққача Зарнигор ўз онасининг квартирада яшаётганига панжа орасидан қараб келган участка инспектори ҳам тўнини тескари кийиб олиб 1,5 млн сўм жарима тўланишини талаб қилди. Малоҳат зудлик билан вақтинча пропискадан ўтди, лекин бироз вақт ўтиб милициядагилар “хато ўтибди”, дея пропискани бекор қилишди. Кейин бўлса уни Зангиотадаги пропискадан ҳам чиқариб юборишди.

“Ўзбекистонни тарк этишни истамайман!”

Ҳаммасидан бохабар бўлгандан кейин Эшонқулованинг позицияси тушунарли бўлади. Чиндан ҳам унинг сиёсий бошпана сўрашдан бошқа иложи қолмади.

“Мен Ўзбекистонни тарк этишни ҳечам истамайман, - дейди Малоҳат. – Мен ўз ватанимни жуда севаман, қизларимни ва неварамни яхши кўраман. Бироқ мутасаддилар ва биринчи навбатда Абдулла Арипов мени мамлакатдан ҳайдаб чиқариш учун қўлларидан келган барча ишларни қилишмоқда”.

Эшонқуловага кўра, унинг 27 октябрь кунги пикети эрталабки сот ўн бирдан кечки соат бешгача давом этган. Олдига чиққан дипломатик миссия вакилларига вазиятни тушунтириб берди ва худди шу гапларни дипмиссия биносини қўриқлаётган милиция ходимларига айтиб берди. Улардан бири ҳатто кейинроқ Малоҳатни халқаро семинар ўтказилаётган вақт мобайнида яшаётган меҳмонхонагача машинасида ташлаб қўйди. Малоҳатнинг масаласини ким ва қандай ҳал қилиши ҳозирча тушунарсиз.

Пахта терим кампаниялари мобайнида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини аниқлашда фаол иштирок этаётган Малоҳат Эшонқуловани Тошкентда ҳайдашга расмийларнинг олдинги уринишлари ҳақида «Узбекистан: Семья правозащитницы Малохат Эшанкуловой требует отмены закона о прописке» мақоласида ўқишингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги