22:16 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Эски зиндон узра янги конференция

19.10.2017 03:43 msk

Даниил Кислов

Бугун Тошкентда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари масалалари бўйича вакилининг офиси томонидан ташкил этилган “Марказий Осиёда очиқ журналистика” дея аталувчи конференцияси бошланади. Ушбу воқеани Ўзбекистон ва халқаро журналистика ҳамжамияти ўртасидаги муносабатларида қўйилган жуда катта қадам, дея эътироф қилса бўлади. Бироқ бутун минтақа учун ноёб бўлган ушбу “матбуот эркинлиги байрами” тошкентлик ҳамкасбимиз Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши билан тундлашиб қолди.

Бугун Тошкентда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари масалалари бўйича вакилининг офиси томонидан ташкил этилган “Марказий Осиёда очиқ журналистика” дея аталувчи конференцияси бошланади. Деярли ўн беш йил давомида кутилган мазкур воқеани Ўзбекистон ва халқаро журналистика ҳамжамияти ўртасидаги муносабатларида қўйилган жуда катта қадам, дея эътироф қилса бўлади. Бироқ бутун минтақа учун ноёб бўлган ушбу “матбуот эркинлиги байрами” тошкентлик ҳамкасбимиз Бобомурод Абдуллаевнинг ўтган ойнинг охирида ҳибсга олиниши билан тундлашиб колди.

Деярли ўн йил давомида журналистика соҳасида унутилиб кетган таниқли журналист Бобомурод Абдуллаевнинг исми бугунги кунда яна баралла янграй бошлади. Бироқ бу ҳолат Бобомуроднинг қалбини илитмаяпти: қўққисдан ҳибсга олиниши ортидан уни “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзилган ўнлаб мақолаларнинг муаллифлигида айблаб зиндонга ташладилар, адолатли суд, қариндошлари билан кўришиш ва ҳатто адвокати билан учрашиш имкониятидан маҳрум этдилар. Ўзбекистон тергов органлари уни аксилконституциявий фаолиятда, мухолифат билан яқин алоқада, ваниҳоят, мамлкатда қўзғолон кўтаришга тайёргарлик кўришда гумонламоқдалар.

Аслида ким ўзи у?

Мактабни олтин медалга тамомлаган журналист

Абдуллаевнинг ўз қўли билан ёзган резюмеда шундай дейилади.

1973 йилда туғилган. Тўқсонинчи йилда Хоразмда ўрта мактабни олтин медалга тамомлаган. Ўспирин билимга интилаётгани очиқ ва равшан эди. 1995 йилда дўстлари оддийгина “Боб” деб чақирадиган Бобомурод Тошкент Давлат университети хорижий филология факультетининг рус тили бўлимини аъло баҳоларга битириб филолог-таржимон мутахассслигини эгаллади. Бир йил ўтиб ТошДУ аспирантурасини “Таржима назарияси” мутахассислиги бўйича битирди.

Бироқ унга бу маълумотлар ҳам оз эди. 2001 йилда у Тошкент давлат иқтисод университетининг “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар” факультетига ўқишга кирди ва 2004 йилда навбатдаги “қизил диплом” билан бакалаврлик мақомини олди.

Бобомурод 1997 йилдан бошлаб Марказий банкнинг методология бўлимида муҳаррир, Ўзбекистон ва Туркия Бизнесменлари уюшмасида таржимон, кейин яна банкда, ундан кейин эса “Озод Европа/Озодлик” Радиоси ўзбек тили хизматининг Тошкентдаги мухбири бўлиб ишлади.

Ўзбекистонда 2000-йилларнинг ўрталаригача журналист бўлиб ишлашга имконият бор эди. Бобомурод “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлигининг халқаро ахборот бўлимида мухбир, кейин Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (IWPR) мухбири бўлиб ишлай бошлади. Ўша пайтдаги унинг ҳамкасблари қайд этишларича, у жуда беозор, вазмин сипо ва билимдон инсон, газета сўзининг моҳир устаси сифатида ўзини кўрсата олган.

Журналист – “ички муҳожир”

Андижон қирғинидан сўнг хорижий нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келган кўпчилик журналистлар мамлакатни тарк этишга ёки ўз фаолиятини тўхтатиб, бошқа иш билан шуғулланишга мажбур бўлдилар. Бобомурод ҳам иккинчи йўл – “ички муҳожирлик”ни танлади.

“Мен бу ерда кузатув остидаман, - дея ёзади у ушбу сатрлар муаллифига 2008 йилда. – Мамлакатда қолганларнинг ҳаммаси кузатув, назорат остида, бир қадам бўлса тўғри йўлдан оғишсангиз – ўрнида отиласиз. Ўзим яхши кўрадиган ва англашимча тушунадиган мавзу - футбол ҳақида ёза оламан, холос ”. Боб сиёсат тўғрисида бир оғиз ҳам гапирмаган ҳолда фақат футбол ҳақида мақолалар ёзиб маҳаллий нашрларга берарди. Ўша йилларда сайтимизда унинг ўзбек спорти ҳақида бир неча янгилик хабарлари ва мақолалари чоп этилган. Шулардан бири, мана бу хабар ҳам.


Футбол Бобомурод ҳаётининг мазмуни – унинг ижоди, тадқиқоти ва таҳлил учун озуқа бўлиб қолди. Тирикчилик Тошкент кўчалари бўйлаб қаергадир шошаётган йўловчиларни арзимаган пул эвазига етказиб қўйиш – эски машинада киракашлик орқасидан бўлиб қолди.

“Фарғона” учун тахаллус остида мақола ёзган журналист

Бобомурод билан биз 2017 йил бошидан бери қайтадан хат ёзиша бошладик. Маълум бўлишича, у “мирзиёев баҳоридан” руҳланган, мамлакатда содир бўлажак ўзгаришларга самимий ишонган ва уларда фаол иштирок этишни мақсад қилиб олган эди. Кўп йиллар давом этган сукутдан сўнг у яна баралла овоз ила гапириш, ёзиш ва ҳатто қўшиқ куйлаш истагини билдирди: бугунги кунда кўпчилик унинг Youtube порталига қўйилган ҳаваскорларга хос, содда, аммо жуда самимий ва юракдан айтилган қўшиқларини биладилар.

Боб менга мақолалар учун бир нечта мавзуларни таклиф қилди, мен хурсанд бўлиб уни қўлладим. Шаклланган тасаввурларга зид ўлароқ "Фарғона” Ўзбекистон ҳақида фақат “қора” рангга буркалган мақолалар ёзиб, мамлакатга мағзава ағдариш билан шуғулланмайди. Биз мамлакатда юзага келган давлат ва жамоатчиликка оид муҳим муаммолар ҳақида ҳикоя қилиб ўзимизнинг журналистик ишларимизни бажармоқдамиз, холос. Бу борада Бобомурод бизга мухбир бўлиш учун жуда муносиб инсон эди.

Унинг профессионал маҳорати, вазиятга тўғри баҳо бера олиш, моҳиятини англаш қобилияти ва қаламининг равонлигига фақат хавас қилиш мумкин. Ўта долзарб мавзуга бағишлаб ёзилган мана бу мақола бунга мисол бўла олади. Ўша пайтда тошкентлик нуфузли имомлардан бири жамоатчилик диққат-эътибори марказига тушиб қолганди ва биз бу уламонинг портретини яратишдан ўзимизни четлата олмасдик. Боб бизга бунда катта ёрдам берди.


Афсуски, ҳатто “мирзиёев баҳори” илита бошлаган Ўзбекистон каби полициячи давлатда бунақанги матнларни ёзиш иложсиз бўлиб қолмоқда. Бу каби беозор, ҳеч кимни таҳқирламайдиган ва қонунга зид бўлган ҳаракатларга чақирмайдиган мақола учун қамоққа тиқиб қўйишлари ҳеч гап эмас, бироқ халқаро журналистика нуқтаи назаридан олиб қаралса, бу мақола оддий, маъноли ва танқидий характерга эга дея малакаланади.

“У Усмон Хақназаров эмас”

Бобомурод доим пухта ўйлаб пишитилган, танқидий, лекин босиқ матнларни ёзарди. Шунинг учун ҳам мен уни Интернетда “Усмон Ҳақназаров” номи остида жойлаштирилган кўплаб мақолаларнинг муаллифи деб ҳисобламайман. Услуб бутунлай бошқача. Лексика ҳам ўзгача. Иборалар оҳанги ҳам бегона, жиззаки.

Ҳа, тергов айни пайтга келиб “Бобомурод-Усмон” ҳақида билдирмоқда, суд ҳам ўзининг ажримида буни қайд этиб ўтди. Бироқ Ўзбекистонда бизнинг тўлиқ ишончимизга муносиб судьялар сони қанча? Қонунни оёқ-ости қилиб одам ўғирлаган, у ҳақда икки кунгача яқинлари ва қариндошларидан ҳеч кимга хабар бермай, кейин бир марта кўрсатиб яна ҳаммадан яшириб, на онасини ва на адвокатларни унга яқинлаштирмаётган тергов хулосаларига нега ишонишимиз керак?

Бегуноҳ одамларнинг қийноқлар остида ўзлари содир этмаган оғир жиноятларни зиммаларига олган ва мунтазам қийноқлар таъсирида дўстлари, танишлари ва нотаниш кимсаларга йўқ айбларни ағдараётганларини минг бора кўрганмиз. Ўзбекистон Фемидаси сўнгги чорак аср давомида фақат битта нарсани яхши ўзлаштириб олган – иқрорлик кўрсатмаларини олиш ва бегуноҳ одамларни қамоққа тиқиш.

Тергов фаразини тасдиқлаган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳга ҳам бу борада тўлиқ ишонч билдира олмайман. Бу одамга нисбатан ҳурматимга қарамай, унинг сиёсатчи эканлигини унутмаслик керак. Сиёсатчилар хаёлида эса доим қандайдир стратегия, тактика, яширин келишувлар, нозик ҳисоб-китоблар айланиб юради...

Бобомурод Абдуллаев токи очиқ судда ўзини “Усмон Ҳақназаров” матнларининг муаллифи дея тан олмагунича (бу гапларни у босимсиз айтади, дея ишонишимизга асос керак) мен бу гапларга ишонмайман. Ҳақиқий журналист Абдуллаев ёзган мақолалар билан сиёсий публицист “Ҳақназаров” ёзган матнлар ўртасидаги фарқ жуда катта.

Ҳолбуки, Ҳақназаровнинг ўзини ҳам суд қиладиган жиноятлари йўқ. Унинг матнларида аччиқ киноялар, фантазиялар, ҳукмрон доираларга қўйилган хунук ташхислар ҳамда текширилиши имкониятсиз бўлган инсайдерлик ахборот мавжуд. Бироқ уларда ҳеч қанақа давлат сирлари ошкор этилмаган, ҳеч қанақа инқилоб ташвиқоти, конституциявий тузумни ағдаришга чақириқлар йўқ.

Ҳимоя қилиниши шарт бўлган режим қурбони

Бугунги кунда Абдуллаев тўғрисида расмийларнинг сиёсий оппоненти айтган гаплари билан ҳам, каримов давридаги зўравонлик қолиплари бўйича ҳаракат қилган ҳолда ҳамкасбимга нисбатан расмийларнинг ўзи қўяётган айбловлар билан шахсан менинг ишим йўқ. Мен бор-йўғи ҳеч қанақа асосли далилларсиз жуда оғир жиноятларда айбланаётган ҳалол ва профессионал журналист борасида қайғурмоқдаман, холос.

Шунингдек, мени Тошкентда бугун иш бошлаётган ЕХҲТнинг “очиқ журналистика” тўғрисидаги Марказий Осиё конференцияси ўйлантирмоқда. Бобомурод Абдуллаевнинг номи бугунги конференцияда албатта эсга олиниши лозим ва унинг номи баланд овозда, баралла янграши керак. Конференцияда иштирок этадиган Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти вакиллари қуйидаги саволларга албатта жавоб беришлари шарт.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг юқори минбарларидан янграётган либераллаштириш ва қонунчилик кафолатлари тўғрисидаги ваъдаларга қанчалик ишониш мумкин? Мамлакат янги президентининг инсон ҳуқуқлари устиворлиги тўғрисидаги маърузалари нечоғли ҳақиқатга мос келади? Ўзбекистонда эркин сўзлаган ва изҳор этилган эркин фикрлар учун қачонгача жазога тортадилар? Махсус хизматларнинг масъулиятсизлиги, ғайриинсоний ҳаракатлари ва бошбошдоқликлари қачонгача давом этади?..

ЕХҲТ вакиллари, шу жумладан, ОАВ эркинлиги бўйича вакили, ҳурматли Арлем Дезир Ўзбекистон расмийларидан Абдуллаевнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилишлари шарт!

Биз ҳам шуни талаб қиламиз. Ва кутамиз.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги