11:35 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Биз, имомларга, ҳам осон эмас!”

25.09.2017 08:40 msk

Марсель Идрисов

Шу йилнинг 15 сентябрь куни жума намозини адо этиш учун Тошкентдаги “Минор” масжидига келган ўзбекистонликлар масжидни қўриқловчи милиционерлар сонининг икки баравар оширилганлигига ҳайрон бўлишди. Хавфсизлик чораларини кучайтириш доирасида “Минор” ҳудудига киришни истаган намозхонлар учун шу куни чеклов ҳам жорий қилинган эди.

Баъзи милиционерларнинг тушунтиришларига қараганда, бу чоралар масжид воизи ҳамда Тошкент шаҳар Бош имом-ҳатиби Анвар Турсуновнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қўлланилган. Уларнинг айтишича, бунга жума намозидан бир неча кун олдин “Отин ойининг сўнгги ови” телекўрсатувининг эфирга чиқиши ортидан ижтимоий тармоқларда Анвар Турсуновнинг шаънига ҳақорат ва таҳдидлар ёғилиши сабаб бўлган.

Можароли телекўрсатувга берилган можароли интервью

Ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегментининг ғазабланишига Анвар Турсуновнинг жорий йил 11 сентябрь куни “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Отин ойининг сўнгги ови” кўрсатувида чиқиши сабаб бўлди. Ушбу кўрсатув Ўзбекистон пойтахтида аёлларга, гўёки, ноқонуний диний таълим бериб келган 57 ёшли Фотима Абдуллажоновага бағишланган эди.

Мазкур телематериалда Тошкент шаҳар Бош имом-ҳатиби: “Аёлларни гуруҳ-гуруҳга тўплаб, уларга диний таълим бериш ҳанафий мазҳаби қоидаларига кўра - макруҳ”, - деган иддаони илгари сурди.

“Биринчидан, бундай дарсларни ташкиллаштиришдан олдин отин ойилар имомлардан маслаҳат олишлари ва диний идорадан рухсат олишлари керак. Иккинчидан, агар улар рухсат сўрасалар ҳам, диний идора уларга бундай таълим учун рухсат бермайди. Чунки бизнинг ҳанафий мазҳабга кўра, аёлларни гуруҳ-гуруҳга тўплаб, уларга диний таълим бериш макруҳ ҳисобланади” – деди Анвар Турсунов шов-шувга сабаб бўлган телекўрсатувда.

Ўзбекистон пойтахтининг Бош имоми ўз интервьюсида ҳанафийлик қоидаларини тасвирлабгина қолмай, диний муаллималарни саводсизликда ҳам айблади. Бундан ташқари, Анвар Турсунов аёлларни гуруҳларга тўплаб, уларга Ислом динини ўргатувчи муаллималарни “ўзларининг нафсларига, яъни ғаразли истаклари ва манфаатларига қул кишилар”, - деб атади.

“Чаласавод бу отин ойилар бундай гуруҳларни фақат пул топиш учун тўплашади. Уларнинг ҳаммаси фақат пул қозониш учун таълим беришини биз жуда яхши биламиз. Бу отин ойилар ўзларининг чексиз истакларининг қулларидирлар”, - деди “Минор” масжидининг имоми “Отин ойиинг сўнгги ови” кўрсатувида.

Анвар Турсуновнинг айнан шу сўзлари баъзи мустақил диний арбобларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Улар А. Турсуновнинг баёнотларини Қуръон оятлари ва Муҳаммад алайҳиссаломинг ҳадислари билан рад қилишди. Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари эса дарров пойтахт имоми шаънига ҳақорат ва таҳдидларни ёғдира кетишди.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментини “қизитувчи”сига жавоблар

Анвар Турсуновнинг фикрларини биринчи бўлиб Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик шайҳ, илоҳиёт доктори Сайфуллоҳ Носир инкор қилди. Уламо “Саҳиҳул Бухорий” китобидан 7310-сонли ва “Саҳиҳи Муслим” китобидан 2634-сонли ҳадисларни келтириб, Ислом пайғамбари ҳеч қачон аёлларнинг гуруҳ ва уй шароитларида диний таълим олишига қарши бўлмаганини таъкидлади.

“Бир аёл Аллоҳ пайғамбарининг олдига келиб: “Эй, расулуллоҳ! Сиз Ислом динини фақат эркакларга ўргатаяпсиз. Биз, аёлларга, ҳам вақт ажратинг ҳамда Аллоҳ Сизни ўргатган нарсаларга бизни ҳам ўргатинг”, – деди. Шунда расулуллоҳ алайҳи вассаллам аёлларга маълум бир вақтда ва маълум бир жойда тўпланишни буюрди. Ва кейинчалик Ислом пайғамбари шу аёлларнинг олдига бориб, уларга Ислом асосларини ўргатди”, - дейилади юқорида келтирилган ҳадисларда.

Ижтимоий тармоқларнинг оддий фойдаланувчилари ҳам шу каби мисолларни келтириб, “Исломда аёлларни гуруҳларга тўплаб, уларга диний таълим бериш мумкин эмас”, - деган фикрни инкор қилишди.

Диний муаллима Фотима Абдуллажоновани ёқлаб чиққан баъзи фойдаланувчилар муаллима ўз ўқувчиларини марҳум шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири Ҳилол” (Қуръон маъноларининг таржимаси ва унга шарҳлар) китоби, яъни Ўзбекистон ҳукумати томонидан мустақилликнинг турли йилларида нашр қилинган китоб бўйича ўқитганини мисол келтиришди.

“Фотима Абдуллажонова Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг расмий рухсати билан чиқарилган қонуний китоб бўйича таълим берган бўлса, қандай қилиб у кишининг фаолиятини ноқонуний дейиш мумкин?!” – дея эътироз билдиришди Facebook фойдаланувчилари.

Шундан кейин ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Бош имомига қарата ҳақорат ва таҳдидлар ёзила бошлади. Бу вазиятда антиқаҳрамон 15 сентябрь куни Тошкентдаги “Минор” масжидига келган намозхонлар олдида ўзини оқлашга тушди.

“Мен мен эмас. От ҳам меники эмас!”

Жума ҳутбасида Анвар Турсунов “Отин ойининг сўнгги ови” кўрсатувидаги чиқиши ҳақида тўхталиб: “Афсус-ки, суҳбатимнинг ярми мендан берухсат эфирга узатилган ва умумий контекстдан узиб олинган. Аёлларга ноқонуний равишда диний таълим бераётган ўша аёлни мен умримда кўрмаганман ва унинг бундай фаолиятидан умуман бехабарман” - деди.

Тошкентнинг Бош имоми мазкур интервьюни таҳминан ярим йил илгари берганини ҳамда Фотима Абдуллажонова ва унинг шогирдлари ҳақида тасаввурга эга эмаслигини таъкидлади. Ўтган жума куни “Минор” масжидига келган намозхонларга Анвар Турсунов: “Беш ойларча аввал масжидимизга бир журналист аёл келиб, мендан аёлларнинг масжидга келиб намоз ўқиши ва гуруҳ бўлиб диний таълим олиши ҳақида сўради. Ва мен унга бу масалалар бўйича бизнинг ҳанафий мазҳабнинг қоидаларини айтдим. Бор гап шу! Мен берган интервьюда конкрет бир аёллар ҳақида гап-сўз бўлгани йўқ”, – деди.

Унинг сўзларига кўра, бу машмашалар Ғарб мамлакатларига доимий яшаш учун кўчиб кетган баъзи ичиқора ватандошлар туфайли бошланган. Бундан ташқари, Анвар Турсунов ўз ҳутбасида Ўзбекистонда масжидга имомлик қилиш осон иш эмаслигидан шикоят қилди.

“Биз, имомларга, ҳам осон эмас. Марҳум устозим Абдуллазиз қори бизга: “Имом бўлганингиздан кейин яхши одамлар сизларни ҳурмат қилишади. Лекин ёмон одамлар сизга тинчлик бермайди”, - дер эдилар. Менинг шаънимга айтилаётган туҳмат ва миш-мишларнинг боиси ҳам шу”, - дея арз қилди Ўзбекистон пойтахтининг Бош имоми.

Бироқ ижтимой тармоқлардаги ўзбек сегменти фойдаланувчиларининг аксарияти Анвар Турсуновнинг сўзларига ишонмади. Турсуновнинг охирги баёнотига жавобан улар имомнинг интервьюсидан бир парча келтириб, имом диний муаллималарни ўз нафсининг қуллари, деб айтганини эслатишди.

Ижтимоий тармоқларнинг баъзи фойдаланувчилари: “Агар тележурналистлар ростдан ҳам Турсуновнинг интервьюсини кесиб, унинг сўзларини умумий контекстдан узиб, бошқа маънода ишлатишган бўлсалар, нега имом давлат телеканали устидан судга мурожаат қилмаяпти?” – деган асосли саволни ўртага ташлашди. Шунингдек, баъзи ўзбекистонликлар: “Фотима Абдуллажонова ва бошқа аёлларга қарши гапиришнинг Анвар Турсуновга нима кераги бор эди?” – деган савол устида ҳам бош қотиришди.

Ўзбекистон махсус хизматларининг жарчисими ёки ўз устозининг “адвокати”ми?

Анвар Турсуновни Фотима Абдуллажоновага қарши чиқиш қилишга ундаган омиллар хусусида икки таҳмин бор. Улардан биринчисига кўра, бу ишга Тошкентнинг Бош имоми исломий фаолларга қарши ҳалигача курашиб келаётган Ўзбекистон МХХнинг топшириғига кўра қўл урган.

Иккинчи таҳминга кўра эса, Фотима Абдуллажоновани қоралаётиб, Анвар Турсунов ўзининг марҳум диний устози шайҳ Муҳаммат Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қудасини ёмонотлиқ қилмоқчи бўлган.

Гап шунда-ки, Фотима Абдуллажонованинг ўғли Абдулбосит Абдуллажонов марҳум шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизи Одина Муҳаммад Юсуфга уйланган.

Ғарб мамлакатларининг бирида истиқомат қилувчи ўзбек муҳожирларидан бирининг маълум қилишича, келиннинг ўжар ва кибрли феъли туфайли ёш оилада тез-тез келишмовчиликлар бўлиб турган. Жумладан, янги уйга келин бўлиб келгач, шайҳнинг қизи ўзига хизматкор ёллашни талаб қилади. Унинг бу талаби нафақат эрига, балки қайнонасига ҳам ёқмаган.

Ўша муҳожирнинг айтишича, мана шу келишмовчиликлар баъзида янада юқорироқ, яъни оилалараро поғонага ҳам чиқиб турган. Шайҳнинг оиласи ўзини абдуллажоновларнинг оиласидан билимлироқ ва диндорроқ ҳисоблаган.

“Анвар Турсунов ўз устози ва унинг қудаси Фотима Абдуллажонваларнинг оилалари ўртасида бўлиб турган машмашалар ҳақида жуда яхши хабардор бўлган. Шу сабабадан Турсуновнинг Фотима Абдуллажоновани умуман танимаслиги ҳақидаги гаплари – қип-қизил ёлғон. Менимча, бу интервью билан Анвар Турсунов ўз оиласини шайҳнинг оиласидан кам кўрмаган Фотима Абдуллажоновага панд бермоқчи бўлган”, - деди Ўзбекистоннинг собиқ фуқароси.

Унинг сўзларига кўра, жамоат ва дин ишларида Анвар Турсунов ўз устозининг изидан бормоқда. “2005 йилда шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Андижон воқеаларидан кейин акромийларга қарши берган телеинтервьюси эсингиздами? Унинг интервьюси ҳам Ўзбекистон эътиқодли мусулмонларининг кескин норозилигига сабаб бўлган эди. Ва ўшанда шайҳ ҳам бу интервьюни, гўёки, 2005 йил февраль ойида, яъни Андижон воқеаларидан уч ой аввал берганини айтиб, сувдан қуруқ чиққан эди. Мана энди Анвар қори ўз устозининг изидан юриб, диний муаллималар ҳақидаги телеинтервьюсини, гўёки, беш ой илгари берганини такрорламоқда”, - дейди ўзбекистонлик муҳожир.

Бу таҳмин ва гаплардан қай бири ҳақиқатга уйғунлигини айтиш қийин. Фақат шуни ишонч билан таъкидлаш мумкин-ки, пойтахт Бош имомининг шахси республикада энг таниқли ва муҳокамали бўлиб қолмоқда.

Анвар Турсунов – Ўзбекистонда энг кўп муҳокама қилинадиган имомлардан бири

Шуни айтиш керак-ки, Тошкент шаҳар Бош имом-ҳатибининг шахси охирги йилларда Ўзбекистонда энг кўп муҳокама қилинадиган бўлиб қолди. Хусусан, шу йилнинг июль ойида Тошкентдаги Халқаро пресс-клуб фотомухбирлари имомнинг қўлидаги қимматбаҳо “Ulysse Nardin” соатини расмга олишгач, бу мавзу ижтимойи тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Кимдир: “Бу соат 20 минг доллар туради”, - деса, яна кимдир: “Турсуновдаги соатнинг нарҳи 10 минг доллардан кўп эмас, - деди. Ана шунда вазиятга имомнинг ўзи аралашиб, қўлидаги соат атиги 250 доллар туришини айтди. Ушбу машмалардан кейин “Минор” масжидида ўтказилган навбатдаги жума ҳутбасида Анвар Турсунов: “Бу соатни менга шогирдларимдан бири ҳадя қилган”, - деди.

Бундан олдин, 2009 йил июль ойида эса уч нафар номаълум шахс Тошкент шаҳар Бош имомига суиқасд уюштирди. Бироқ собиқ самбочи Анвар Турсунов ўз душманларининг ханжарли ҳамласини бартараф этиб, ўлимдан қутулиб қолди.

Таҳминлардан бирига кўра, ана шу жиноятчилардан бири Тошкент имоми томонидан бадавлатроқ бир одамга никоҳланган аёлнинг турмуш ўртоғи бўлган. “Турсунов ўша аёлнинг эри ва никоҳи борлигини билатуриб, аёлга иккинчи никоҳни ўқиган. Шунинг учун аёлнинг биринчи эри Анвар Турсуновдан қасос олмоқчи бўлган”, - дейишади ушбу таҳмин тарафдорлари.

Босиқроқ “таҳминчи”ларнинг иддаоларига кўр эса, жиноятчилар Турсуновни тошкентлик имом ўзбек махсус хизматлариниг бош маслаҳатчиси сифатида Каримов ҳукуматининг диний фаолларга қарши қатағон сиёсатига кўмаклашгани учун ўлдиришмоқчи бўлишган.

Баъзи ҳолларда Анвар Турсунов Ўзбекистон ҳукуматининг топшириғига кўра республикадаги қамоқхоналарга ташриф буюриб, маҳбусларни президент Ислом Каримовдан кечирим сўрашга давъат қилган. “Жаслиқ” концлагеридаги маҳбуслар мана шу даъвати учун Анвар Турсуновнинг юзига ҳам тупуришган”, - деди ушбу қамоқхонанинг собиқ маҳбуси “Фарғона.Ру”га берган интервьюсида. Унинг айтишича, тошкентлик имом эътиқодли мусулмонларнинг ғазабига фақат ўзбек махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилаётгани туфайли дучор бўлмоқда.

“Анвар Турсунов – ўзбек махсус хизматларининг жарчиларидан бири. У давлат манфаатларига хизмат қилади, Ислом Каримовнинг аксилисломий қатағон машинаси учун қулай ва фойдали бўлган расмий Исломни тарғиб қилади”, - дейди собиқ сиёсий маҳбус.

Унинг фикрига кўра, Анвар Турсунов диний муаллима Фотима Абдуллажоновани ҳам Ўзбекистон МХХ топшириғига кўра қоралаган. “Энди у ўзини оқлашга ва бутун айбни тележурналистларга юкламоқчи бўляпти”, - деди “Жаслиқ”нинг собиқ маҳбуси.

Ўзбекистон қонунчилиги ва президент сиёсати ким томонда?

“Аёлларни гуруҳларга тўплаб, уларга диний таълим бериш мумкин эмас”, - деган Анвар Турсунов Ислом дини қонунлари бўйича, балки, ноҳақдир. Бироқ Тошкентнинг Бош имом-ҳатиби Ўзбекистоннинг дунёвий қонунлари бўйича ҳақ.

Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақида”ги қонуни 9-моддасига кўра, диний таълим муассасаларида диний фанлардан дарс берувчилар диний маълумотга эга бўлишлари ва марказий диний идоранинг рухсатига эга бўлишлари керак. Ҳудди шу моддада: “Хусусий тартибда диний таълим бериш таъқиқланади”, - дейилган.

Кўриниб турибди-ки, Абдуллажонова ҳамда Турсунов шаънига қаратилган айбловлар негизида аёлларга хусусий исломий таълим бериш бўйича диний рухсат ва дунёвий таъқиқ ўртасидаги келишмовчилик ётибди. Имомнинг ўзи қай бир қонунга, яъни диний ёки дунёвий қонунга бўйсиниши эса – бошқа масала.

Ислом Каримовнинг қатағон сиёсати даврида қабул қилинган дунёвий қонунчилик эътиқодли мусулмонларнининг диний манфаатларини, айниқса, бошланғич ва ўрта диний таълим олиш ҳуқуқларини очиқча рад қилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эътиқодли мусулмонлар ва ўзбек давлати ўртасидаги айнан шу қарама-қаршиликни бартараф этишга бел боғлаган. Президент бир неча бор республикада диний таълим тизимини такомиллаштириш кераклигини таъкидлади. Хусусан, шу йилнинг август ойида мамлакат Мусулмонлар идорасига ёш қорилар танловини ташкил қилишни таклиф этди. Шавкат Мирзиёевнинг бундай ташаббуслари яқин йиллардагина самара бериши кутилмоқда.

Ҳозирча эса ўзбек имомлари дунёвий таъқиқлар ва диний рухсатлар ҳамда, аксинча, дунёвий рухсатлар ва диний таъқиқлар ўртасида ҳалак бўлишга мажбурлар. Ҳозирча улар “давлат манфаатлари имоми”, “ҳукуматнинг навбатчи тарғиботчиси”, “имом-ал-подполковник”, “ўзбек масжиди – давлатнинг диний йўналишдаги тарғибот пункти”, деган тамғаларни қабул қилишга мубталолар.

Шунинг учун Ўзбекистонда Анвар Турсунов кабиларга мазза, деб бўлмайди. Аниқроқ айтганда, уларга, яъни имомларга, ҳам осон эмас!

Марсель Идрисов (Тошкентдаги журналистнинг тахаллуси)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама