13:57 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Оддийдан мураккаб сари. Ўзбекистон иқтисодиётини нима ривожлантиради?

29.08.2017 10:23 msk

Беҳзод Ҳошимов

Аксарият ривожланган давлатлар дунё бозорига етказиб берадиган товар ёки хизматлари билан машҳур: Швейцариянинг банк хизматлари, япон автомобиллари, итальян кийим-кечаклари, Сингапурнинг молиявий хизматлари. Бошқача қилиб айтганда, муайян мамлакатлар (ёки жамиятлар) муайян товарлар ишлаб чиқаришда ёки хизматларни кўрсатишда бошқаларга нисбатан устунроқ. XIX бошларида юзага келган нисбий устунликлар назарияси асосчиси, инглиз иқтисодчиси Дэвид Рикардо сўз юритган халқаро меҳнат тақсимотидаги нисбий ва мутлақ устунликлар – булар анчайин ҳиссий англашиладиган ва муомалада кўп қўлланиладиган тушунчалардир.

Савол туғилиши табиий: мамлакатимизнинг рақобат устунлиги нимада ва уни ким белгилайди? Бу масалада давлатнинг функцияси нималардан иборат?

Бу борада маданий антропологлар жуда қизиқ изоҳ берадилар. Масалан, автомобил ишлаб чиқариш ва гуруч ишлаб чиқариш – бир-бирига ўхшаш жараён. Униси ҳам, буниси ҳам юқори даражада кооперацияни (жамоада ишлаш, жамоавийлик) ва муайян алгоритм – қоидалар ва ҳаракатлар кетма-кетлигига риоя этишни талаб қилади. “Гуруч назарияси”ни илгари сурувчи олимларнинг таъкидлашича, деҳқонларга автомобиль ишлаб чиқариш ҳам гуруч етиштиришдек гаплигини, фақат кетма-кетлик бошқачароқлигини тушунтирганларидан сўнг Шарқий Осиёда автомобилсозлик муваффақиятга эриша бошлаган.

Бу тушунтириш қизиқарли кўринса-да, бизнинг рақобат устунлигимизни маданий антропология ёки тарихий анъаналар таъсири остида излаш унчалик самарали машғулот эмас. Чунки “гуруч назарияси” Япония ва Корея автомобил ишлаб чиқаришда муваффақиятга эриша бошлаганларидан кейин юзага келди. Сабаб-оқибат боғланишини инкор қилувчи тескари мисолларни топиш қийин эмас: умуман гуруч етиштирмаган атомобилсозлик мамлакатлари, гуруч етиштирилса ҳам, автомобиль ишлаб чиқарилмайдиган мамлакатлар кўп.

Демак, гап одамларнинг менталитетида, уларнинг одат ёки темпераментларида эмас, балки бошқа нарсада экан. Шу сабабли бу масала муҳокамасини мен социология (менталитет), тарих ёки антропология доирасидан ташқарига олиб чиқиб, замонавий иқтисодий илм-фан қандай жавоб бериши ҳақида гапирмоқчиман.

Иқтисодий мураккаблик назарияси

Иқтисодиётга математикадаги мураккаб тизимлар назариясидан ўтган мураккаблик конепциясини қўллаган ҳолда, Рикардо Хаусманн (Гарвард университети) ва Сезар Идальго (MIT) иқтисодиётнинг ривожланиши муаммоларига оригинал ёндашувларни таклиф қилади, у ҳам бўлса, иқтисодий мураккаблик назариясидир. Математикада ҳар бир субтизим ҳаракатини олдиндан билиш мумкин бўлган ҳолда, тизимнинг ҳаракатланишини олдиндан билиб бўлмайдиган бўлса, у мураккаб тизим деб номланади. Бу таъриф тўлиқ бўлмаса-да, аммо мураккаб тизимнинг бизга керакли моҳиятини тушуниш учун етарлидир.

“Иқтисодий мураккаблик индекси”ни тузишда тадқиқотчилар қуйидаги ғояга таянганлар: мамлакатнинг бойлиги ва салоҳияти самарадор билимдан келиб чиқади. Мамлакатлар у ёки бу товар ва хизматларни қандай ишлаб чиқариш ҳақидаги билимлар асосида равнақ топадилар. Мамлакат иқтисодиётига жорий этилган билимларнинг умумий қиймати “иқтисодий мураккаблик” (economic complexity) деб аталувчи омил билан ўлчанади.

Товар ва хизматлар орасида фарқ уларни ишлаб чиқаришга керак бўлган билимнинг ҳажмидадир. Муайян товарни ишлаб чиқариш учун қанчалик кўп билим талаб этилса, уни шунчалик кам давлатлар ишлаб чиқара олар экан: масалан, тиббиёт ускуналари ва реактив двигателларни ишлаб чиқаришга оддийроқ товарлар, масалан, пахта ёки нефть ишлаб чиқаришга қараганда кўпроқ жамоавий самарадор билим керак бўлади. Шу йўсинда, тадқиқотчилар мамлакатдаги жамоавий билимни унда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлардан келиб чиқиб, ўлчаб кўришди. Шунга мувофиқ равишда, камроқ давлатлар ишлаб чиқара оладиган маҳсулот чиқарадиган давлатлар кўпроқ ҳажмдаги самарадор билимга эга.

Иқтисодий комплекслилик индекси ва мамлакат ЯИМнинг амалдаги салмоқли ва барқарор корреляцияси айнан самарадор билим тўпланиши жараёни билан изоҳланади. Фақат ўта илғор технологияларга ихтисослашувгина барқарор, юқори даражадаги фаровонликка эришиш имконини бериши мумкин. Ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида билим захиралари қанчалик кўп бўлса, мамлакат шунчалик кўп маҳсулот ярата олади ва маҳсулот шунчалик мураккаб бўлади.

Графикда аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси ва иқтисодий мураккаблик индекси ўртасидаги боғлиқлик кўрсатилади. Табиий ресурслар экспортининг улуши 10 фоиздан юқори бўлган мамлакатлар қизил рангда, табиий ресурслар экспорти улуши 10 фоиздан кам бўлган мамлакатлар эса кўк рангда кўрсатилган. Табиий ресурслар экспорти улуши нисбатан юқори мамлакатлар, уларнинг иқтисодий мураккаблиги даражасидан кутилганига қараганда бадавлатроқдир. Шундай бўлса-да, бу гуруҳда ҳам мураккаблик даражаси ва ЯИМ орасида боғланиш кучли. “Кўк” мамлакатлар учун индекс вариациянинг 75 фоизини “изоҳлайди”.

Афтидан, глобаллашув ва коммуникациялар тараққиёти асрида камбағал мамлакатлар ривожланган мамлакатлар технологияларидан нусха олишлари етарли, мана шу – тараққиётга етиб олиш стратегияси демакдир! Бироқ, ушбу тадқиқотлар муаллифларининг кўрсатишича, юзаки таълимни (муаллифлар уни “эксплицит” билим дейдилар) таклиф этишнинг ўзи етарли эмас.

Самарадор билим яширин (имплицит) қисмга ҳам эга. Имплицит билимни ўргатиш қийинроқ, у бировга ўргатилиши оғир билим концепциясига эга. Бу технолог кўникмалари, менежерларнинг бизнес юритиш тажрибалари ва ҳатто бош ошпазнинг интуицияси ҳам бўлиши мумкин. Шу сабабли мамлакат ишлаб чиқараётган маҳсулотларидан ўхшаш қобилият ва билимлар талаб қиладиган бошқа маҳсулотларга ўтиш орқалигина ривожланиши мумкин.

Жўн қилиб айтганда, агар мамлакатда мобил телефон учун микросхема ишлаб чиқарувчи компаниялар кўп бўлса, унда планшет ишлаб чиқарадиган компаниянинг юзага келиши эҳтимоли катта бўлади. Аксинча, агар мамлакатда бирор товар умуман ишлаб чиқарилмаса, мамлакат уларни ишлаб чиқара бошлаши имконияти кам. Малакали кадрлар, ресурслар, қувватлар етишмайди.

Шу тариқа, иқтисодий мураккаблик индекси (ECI) мураккаб иқтисодий тузилмага эга (энг диверсификацияланган товар ва хизматлар ишлаб чиқарадиган) мамлакатлар, одатда, энг бадавлат мамлакатлар бўлади (фақат нефть қазиб чиқарувчи мамлакатлар бундан мустасно).

Москвадаги “Сколково” бошқарув мактаби ректори Марат Атнашев иқтисодиёт тузилмаси ва скраббл (“сўзни топ”) ўйини тузилмасида қизиқ ўхшашликни келтиради: “Иқтисодий мураккаблик назариясида иқтисодиёт – бу глобал скраббл ўйини, унда технологиялар – ҳарфлар, товарлар эса сўз вазифасини бажаради. Ҳарфларингиз қанча кўп бўлса, шунча кўп сўз туза оласиз. Агар сиз камбағал, қолоқ мамлакат бўлсангиз, ҳатто энг янги технологияларни ўзлаштириш ҳам нисбатан кам ишлаб чиқариш имкониятини беради. Ривожланган иқтисодиётда янги технология бир вақтнинг ўзида кўплаб ёндош тармоқларда мультипликатив самара беради”.

Дунёнинг технологик харитаси

Бу мавзуда Хаусманн чоп этган илк ишлардан бири бу жаҳон технологик макони (product space) харитасини ишлаб чиқиш бўлган. Мураккаб боғланишлар назарияси (network science) асосида бу харита турли маҳсулотлар ўртасидаги технологик боғланишни кўрсатади. Унинг кўриниши қуйидагича:



Харитадаги ранглар иқтисодиётнинг турли тармоқларини англатади: тўқимачилик саноати (яшил), қишлоқ хўжалиги (сариқ), қурилиш материаллари (қизил), машинасозлик (кўк), электроника (фируза), кимё ва фармацевтика (бинафшаранг).

Ўнгдан чапга ва четдан марказга қараб маҳсулотларнинг мураккаблиги орта боради. Доира ўлчами – бу мазкур маҳсулотнинг халқаро бозордаги сотув ҳажми. Маҳсулотларни боғловчи чизиқлар узунлиги бир технология мавжудлигида бошқасини ўзлаштириш қанчалик осонлигини кўрсатади. Ўз-ўзидан тушунарлики, картошка етиштириш ва автомобиль ишлаб чиқаришни боғловчи чизиқ планшет ва смартфонларни боғлаган чизиқдан узунроқ бўлади.

Технологик маконнинг марказидаги рақобат устунлиги шарофати билан қўшни соҳалар ҳам осон ўзлаштирилади. Бу харитадаги мамлакат соҳаларининг жойлашуви жорий тараққиёт босқичида мазкур иқтисодиётнинг муайян технологияларни ўзлаштириш имконияти қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ҳам кўрсатади. Марказий бўғинларда рақобатчи секторларнинг йўқлиги иқтисодий тараққиётни секинлаштиради.

Масалан, технологик маконда Япония ва Германиянинг ривожланган иқтисодиётлари (ECI = 2,46 ва ECI = 2,15, мураккаблик бўйича дунёдаги биринчи ва учинчи иқтисодиёт) ва енгил саноатга таянувчи Камбоджа иқтисодиёти (ECI = -0,69, рейтингда 89-ўрин) мана бундай кўринишга эга.


Япония


Германия


Камбоджа
Ўзбек иқтисодиётининг харитаси

Глобал меҳнат тақсимотидаги Ўзбекистон харитаси мана шундай, анчайин туссиз кўринишга эга. Бизнинг кўрсаткичимиз: ECI = -0,89. Иқтисодиётнинг мураккаблиги бўйича дунёда 97-ўринда турамиз (қиёслаш учун: 1995 йилда 88-ўринда бўлганмиз).


Ўзбекистон

Жигарранг йирик доғлар – бу газ, мис ва бошқа металлар. Чап томондаги пушти доғ – уран ва радиоактив кимёвий элементлар. Яшил нуқталар – енгил ва тўқимачилик саноати. Маиший техника, автомобиль, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебель саноати ва бошқа “иқтисодиёт локомотивлари”ни кўз илғамайди. Хаританинг пастки бурчагидаги мевалар ва сабзавотлар ҳам нисбатан кичик. Кўриниб турибдики, бизда жаҳон бозорида рақобат устунлигини таъминлай оладиган тармоқлар кам. Имкониятларимиз чекка жойларда жойлашган ва технологик маконнинг “оддий” қисмига тўпланган, марказий тармоқларда рақобатбардош соҳалар мавжуд эмас.

Қўлимиздан нима келади?

Ўзбекистоннинг мавжуд технологик мавқеи ўзимиз янги технологиялар яратишимиз учун заифлик қилади. Бизда меҳнат ресурсларининг сифати паст ва капитал жалб қилиш баҳоси юқори. Қўлимиздан келадигани – енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги каби чекка тармоқларимизни ривожлантириш ва аста-секин технологик макон ичкарисига қараб силжишдир. Фақат мавжуд рақобат мавқеларини уйғунликда ривожлантириш ва технологик боғлиқликдаги ёндош тармоқларни ўзлаштиришгина кутилган натижаларга эришиш имконини беради. Янги технологиялар ва инновациялар мамлакатнинг технологик хаританинг марказий тугунларида мустаҳкам мавқега эга бўлишининг сабаб бўлмайди, балки бунинг натижаси ўлароқ юзага келади.

Мамлакатнинг ривожланиш истиқболида пайпоқ тўқиш ёки сабзавот консерваларини тайёрлашдан кўра, технологик жиҳатдан “содда” иқтисодиётимизнинг минтақа инновациявий марказига айланиши жозибалироқ эшитилади. Аммо афсуски (балки бахтимизгадир), бу биз учун мураккаброқ ва рангоранг тузилмали иқтисодиётга эга мамлакатга айланишимиз учун ягона имкониятдир.

Аслида бу йўл ўйлаганимиздек узоқ эмас – Малайзия ва Туркия иқтисодиётлари бунга мисол. Бу мамлакатлар содда товарлар ишлаб чиқаришдан тобора мураккаброқ технологиялар сари шошилмай борганлар ва бугунги кунга келиб ёрқин, диверсификацияланган иқтисодиётга эга мамлакатларга айландилар. Бу йўлга қадам қўйганларига унчалик кўп бўлмади, натижалар эса ҳайратга солади.


Туркия


Малайзия

Жанубий Корея, Мексика, Польша, Тайвань ва Хитой ҳам худди шу тариқа ривожланган.

Индекс муаллифлари содда иқтисодиётга эга мамлакатлар илғор технологияларни ўзлаштира бошлашлари жараёнига ўзига хос изоҳ берадилар. Муаллифлар товарларни жунглидаги дарахтларга ўхшатиб, корхоналарни маймунлар дея тасаввур қилишни тавсия қиладилар. Жунглининг камҳосил ва серҳосил қисмлари мавжуд, биз маймунлар камҳосил дарахтлар (паст қўшимча қиймат)дан ҳосилга бой дарахтлар (юқори қўшимча қиймат)га сакраб ўтишларини истаймиз. Баъзи жойларда дарахтлар бир-бирига яқин жойлашган, маймунлар бемалол сакраб ўта оладилар (масалан, смартфонлар ва уларнинг микроэлектроникаси). Бошқа жойларда эса, дарахтлар ораси узоқ. Бу бир турдаги маҳсулот тайёрлаш технологиялари бошқа маҳсулот тайёрлашда ёрдам бермадиган ҳолатлардир (масалан, тўқимачилик толалари ва ракета двигателлари). Технологик макон харитасида машинасозлик, кимё саноати, электроника ва тўқимачилик каби капиталталаб тармоқлар атрофида гавжумлик кузатилади. Бироқ, баъзида мамлакатлар қопқонга тушиб қолишлари мумкин: жунглининг камҳосил қисмида туриб, марказдан йироқ тармоқларни ривожлантиришга уринадилар.

Беҳзод Ҳошимов – иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти. 2016 йил май ойидан Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Сингапурдаги Нанянг технология университети математика бакалаври даражаларига эга. Висконсин университети жамоаси вакили сифатида Федерал захира тизими томонидан 2015 ва 2016 йилларда ўтказилган монетар сиёсат соҳасидаги энг яхши таклифлар танловида қатнашган.

Агар давлат юқори қўшимча қийматли тармоқни молиялаштирса ёки субсидиялар ажратса (истеъмолчи ҳисобидан, субсидиялар ёки протекционизм – бари истеъмолчи ҳисобидан бўлади) нима бўлади? Айтайлик, давлат электроника ишлаб чиқаришни истеъмолчилардан ишлаб чиқарувчиларга қарата қайта тақсимлаш йўли билан (имтиёзлар, субсидиялар, божхона тарифлари ёрдамида) қўллаб-қувватлайди. Муваффақиятга эришилганда ҳам (бу эҳтимолдан йироқ), бу ҳеч қандай ижобий экстерналиялар бермайди (яъни, ушбу жараёндан четда бўлганларга ижобий таъсир кўрсатмайди – тарж.) ва мультипликатив самарага эришилмайди, чунки жунглидаги бошқа “маймунлар” у ерга сакраб ўта олмайди.

Бу ҳол чекланган ресурсларимизни самарадорроқ тармоқлардан самараси пастроқ корхоналарга кўчириб ўтиш билан якун топади. Оқибатда, у ёки бу турдаги давлат дотациялари ёки солиқ имтиёзлари эвазига кун кўрадиган тармоқлар қолади, улар доимий қўллаб-қувватлаш ва рақобатдан ҳимояга муҳтож бўлиб қолаверадилар. Бу дотациядаги корхоналарнинг бизнес модели ишлаб чиқариш самарадорликни ошириш эмас, балки яна ҳам кўпроқ имтиёзлар ва дотацияларни ундириш бўлиб қолади. Бир нечта маймунларни ўта серҳосил дарахтларга ўтқазиб қўйиб, қолганларини у ерга кўчиб ўтиш имконидан буткул маҳрум этиш иқтисодиёт ва технология ривожланишини узоқ йилларга чўзиб юборади.

Давлатнинг роли

Албатта, давлатнинг бу борадаги роли минимал даражада бўлиши керак, идеал ҳолатда давлат ҳеч қандай саноат, хизмат кўрсатиш ёки қишлоқ хўжалиги соҳаларини (имтиёзлар ва субсидиялар билан) қўллаб-қувватламаслиги керак. Бунинг ўрнига бизнесга янги технологик ишлаб чиқаришлар очишда нималар тўсқинлик қилишини англаш лозим: бизнес билан шуғулланишдаги юқори тузилмавий хатарларми, инвестициялар ҳимояланиши даражасининг пастлиги, монополиялар, коррупция ёки катта солиқ юкими? Кейин эса, бу муаммони ҳал этиш йўлларини кўриш керак.

Шу тариқа, иқтисодий агентлар энг кам қаршилик йўлидан борадилар ва юқорида келтирилган умумий мувозанатга келадилар. Фақат шу тариқа узоқ йиллардан буён меҳнатнинг ўта чуқур тақсимланиши шароитида яшаб келаётган халқаро бозорда мутаҳкамланиб олиш мумкин. Иқтисодий салоҳиятимизни амалга ошириш учун бизнеснинг уйғунликда ривожланишига тўсқинлик қилаётган бир қатор тўсиқларни бартараф этиш лозим.

Нима қилмоқ керак?

Иқтисодий тараққиёт ҳақида сўз кетганда, илм-фанда шундай баҳсли масала кўтарилади: қолоқ мамлакатлар ривожланган мамлакатларга етиб олиши учун етарли шарт-шароитлар қандай бўлиши лозим? Зарурий шарт-шароитлар узоқ вақтдан буён умумий (қайтараман, илмий) консенсус саналади. Барча зарурий талабларнинг қондирилиши, табиийки, юз фоизлик муваффақиятни кафолатламайди, улар бежиз “зарурий” деб номланмаган. Аксинча, бу шартларнинг бажарилмаслиги инқирозга учрашни кафолатлайди.

Ўз дарвида Арасту “Никомах этикаси”да ёзганди: “Хатони турлича қилиш мумкин, тўғри йўл эса яккаю-ягона бўлади”. Толстойнинг фикрича барча бахтли оилалар ўхшаш бўлганидек, ривожланишга муваффақ бўлган барча мамлакатлар ҳам истисносиз барча шартларни бажаришган. Иқтисодий мураккаблик назарияси – бу эски ғояга батафсилроқ ва синчков назар ташлаш, холос.

Иқтисодий очиқлик. Юксак ривожланган иқтисодиётга олиб борувчи йўл халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиш ва дунё билан интенсив мулоқот орқали ётади. Товарлар ишлаб чиқариш-логистика занжири доирасида яратилади, шу арзонга тушади. Глобал етказиб бериш занжирига кириш учун мамлакатимизга инвестициялар ва янги технлогияларни жалб қилиш муҳимдир.

Аксарият ишлаб чиқариш жараёнларида ҳажм ортгани боис харажатлар пасаяди. Халқаро савдода фаол қатнашиш орқали катта бозорларга кира олиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардош бўлиш учун ягона чорасидир. Шу сабабли, савдога тўсиқларни камайтириш зарур: божхона тартибини соддалаштириш, ставкаларни пасайтириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва эркин савдо тўғрисида шартномаларни имзолаш. Шунда биз мўъжизага эмас, ўз кучимизга ишонган ҳолда, халқаро меҳнат тақсимотида ўз ўрнимиз учун ҳалол курашишимиз мумкин бўлади.

Рақобат. Ҳар қандай тармоқни ривожлантириш учун ички бозорларда иштирокчилар бир вақтнинг ўзида ҳам рақобат, ҳам ҳамкорлик қиладиган рақобат муҳитини яратиш талаб этилади. Давлат ёки ярим-давлат монополияларини бартараф этиш, имтиёзлар, преференциялар, дотациялар ва протекционистик чораларни йўқотиш рақобатни оширади ва бозордаги самарали соҳаларни аниқлаш имконини беради. Барча тармоқларга кириб бориш учун биз тўсиқларни йўқотишимиз ниҳоятда муҳим, шундагина соғлом рақобатни таъминлаб, корхоналар унумдорлигини оширишимиз мумкин.

Бунинг учун солиқ тизимини бирхиллаштириш ва соддалаштириш лозим, токи барча иштирокчилар бир хил қоидаларга амал қилсин ва афзаллик берилган солиқ тўловчилар бўлмасин. Банк тизимини эркинлаштириш ва қисман бўлса-да, хусусийлаштириш зарур. Бизда давлат банкларининг улуши ниҳоятда катта, бу уларнинг рақобатдан кучли ҳимояланганлигини англатади ва бозорда рақобатнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Паст рақобат капиталнинг нисбатан юқори нархда бўлишини англатади – паст рақобатда нархни туширишга рағбат йўқ.

Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, самарали суд тизими. Суд механизмлари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олишга бўлган ишонч тадбиркорлик ва инвестициялар киритишга рағбатни оширади. Бизнинг ҳолатимизда чет эл инвесторлари – бу фақат иқтисодиётга киритилаётган маблағ эмас, балки технологиялар ва бизнес-жараёнларга оид билимлар ўзлаштирилиши ҳамдир, зотан, фақат ишлаб чиқариш билимларигина бизнинг тараққий этишимизга кўмак беради.

Макроиқтисодий барқарорлик. Аввало, мустақил ва салоҳиятли, бозор ва аҳолида ишонч уйғота олувчи Марказий банк бўлиши керак. Валютанинг ўта волатиллиги (ўзгарувчанлиги), капиталнинг эркин айлануви олдидаги тўсиқлар ва инфляция келажагининг ноаниқлиги иқтисодиётдаги тузилмавий хатарларда акс этади. Бу режалаштиришнинг қисқа даврли бўлишига ва капиталнинг қимматлашувига олиб келади. Капиталнинг нархи юқори бўлганда технологик юксалишни кутиш иложсиздир.

Беҳзод Ҳошимов. Мақола оригинали Коммерсант.Uz сайтида чоп этилган

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги