13:56 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов: Буюк ҳукмдорми ёки ўз халқининг душманими?

29.08.2017 09:59 msk

Даниил Кислов

Роппа-роса бир йил олдин Ўзбекистонда “Президентимиз тирик ва соғ-саломат” деб номланган шов-шувли, аммо қалбаки бир томоша кўрсатилган эди.

“Фарғона” манбаларига кўра, 78 ёшли Ислом Каримовнинг ўлими икки кун олдин бўлган инсульт туфайли 2016 йилнинг 29 августида кундузи юз берган эди. Орадан икки кун ўтгандан кейин ҳам расмий ОАВ Каримовнинг мустақиллик байрамига табрик телеграммаларини қабул қилаётгани ҳақида айтган эди.

Ўттиз биринчи куни унинг ҳолати “барқарор” эди. Биринчи сентябрь куни Каримовнинг ўлганини бутун дунё билиб бўлган эди: Туркия ҳамдардлик билдирди, бир нечта қўшни давлат президентлари Самарқандга шошилинч учиб келди, бу ерга марҳумнинг жасади олиб келинган эди.

Аммо Каримовнинг расман вафот этган санаси 2 сентябрь бўлди: юртбошининг вафот этгани ҳақида кечки янгиликларнинг навбатдан ташқари сонида хабар беришди.

Умуман олганда, Каримовнинг қайси куни ўлгани унчалик муҳим ҳам эмас. Бугунги кунда унинг мероси қандай баҳоланаётгани муҳим. Пировардида, у ким ўзи? Буюк ҳукмдорми ёки давлат аҳамиятидаги жиноятчими? Доно сиёсатчими ёки бошқаларнинг фикрига қулоқ солмайдиган худбинми? Реформаторми ёки мамлакатнинг иқтисодиётига болта урган золимми?

Менимча, Ўзбекистондаги расмий мафкура бу саволга ҳозирча аниқ жавоб бермаяпти. Бир томондан, янги раҳбарият томонидан мамлакатнинг собиқ раҳбарини “фош қилиш” кетмаяпти. Марҳум президентни ҳеч ким ошкора танқид қилмаяпти. Буниси ҳам майли: Ислом Каримовнинг шаънига шундай мақтовлар ёғилмоқдаки, бунга фақатгина ҳақиқатан буюк давлат арбоби муносиб бўлиши мумкин.

Нодир Бобомуродов. “Жаннатда”.

Бу картина муаллифининг фикрига кўра, Ислом Каримов жаннатга тушган. Аммо унинг жаннати ҳурлар сайр қилаётган мусулмонча жаннат эмас, балки чет эл гуллари билан бурканган аллақандай тор коммунистик тобут...

Каримовнинг қабрига – тарихий Самарқанднинг қоқ юрагидаги деярли янги мусулмон “авлиё”си макон топган жойга узлуксиз равишда ҳасратга тўлган фуқаролар оқиб келмоқда, улар ўрнини қоплаб бўлмайдиган йўқотишдан қайғу чекмоқда. Тошкентда Каримовнинг суратлари ва портретлари туширилган манзарали расмлар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда, уларда Каримов содда бўлса ҳам, аммо ёрқин, куч-қувватга тўла ва мақсадлари бисёр одам сифатида ифодаланган. Мабодо дорулбақога кетган бўлса ҳам, жаннатга тушгани тасвирланмоқда.

“Нозик дид билан” танланган архив фотосуратлари ҳам, кўчадаги рассомлар томонидан шоша-пиша яратилган ёдгорликлар ҳам, ҳаммаси халқнинг тасаввурида Ислом Каримовнинг ижобий образини сақлаб қолишга қаратилган. Аммо бу образ тарихий ҳақиқатга умуман тўғри келмайди.

Ҳақиқат шуки, Ислом Абдуғаниевич мамлакатни деярли боши берк кўчага олиб кириб қўйди. Ундан чиқиб кетиш учун янги раҳбарият Каримовнинг бутун “буюк меросини” четга супуриб ташлашига тўғри келади. Бу бошқа томондан қарагандаги ҳолат.

Ўтган бир йил давомида Шавкат Мирзиёев айнан Каримовнинг ҳақиқий меросини ўчириш билан шуғулланди. Бу ерда гап фақатгина мулкларнинг қайта тақсимланиши ҳақида кетмаяпти: албатта, Тошкентда амалдорлар ва ишончли шахслар алмаштирилмоқда, аммо бу асосийси эмас. Агар Мирзиёев мамлакатни ботқоқдан тортиб чиқармоқчи бўлса, давлатнинг иқтисодий моделини алмаштириш ҳақида, Каримовнинг уқувсизлик билан ишлаб чиқилган маъмурий бошқарув стратегиясини қайта кўриб чиқиш ҳақида ўйлаши керак.

Аммо қандайдир натижага эришиш учун Шавкат Мирзиёев қўл остидагиларини койиши етарли эмас. Бу одамлар Каримов даврида унинг бош вазирлик вақтида узоқ вақт бирга ишлаган. Аллақандай мавҳум “ўтмишнинг ўғрилик тизими” ҳақида гапириш керак эмас, балки энг салбий натижаларга олиб келган кўплаб воқеалар ва жараёнларга айбдорнинг исмини аниқ айтиш керак.

Ислом Каримов характерининг барча қирралари ва қилган ишлари ҳақида гапириш керак. Унинг бозор иқтисодиётини қабул қила олмаслигидан тортиб, сиёсий мухолифатга қарши аёвсиз курашганини гапириш керак. Узоқ йиллар давомидаги яккаҳокимлиги ва инсон ҳуқуқларининг поймол этилишидан тортиб, Андижондаги қатлиомгача гапириш керак.

Оддий қилиб айтганда, “Каримовнинг мероси” ёдгорлик ва тантанала портретларга эмас, балки идрокли ошкора муҳокамага, холис таҳлилга, очиқ судга ва қатъий тарихий ҳукмга муносиб. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи диктатори амалга оширган барча жиноятлар шунга муносиб. Келгусида иккинчиси пайдо бўлмаслиги учун ҳам шундай қилиш лозим.

Даниил Кислов, “Фарғона” ахборот агентлиги бош муҳаррири

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги