05:35 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия Бош прокуратураси Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли кўчмас мулкни ҳибсга олиш тўғрисидаги сўровини олди

25.08.2017 07:43 msk

Фарғона

Россия Бош прокуратураси Ўзбекистон бош прокуратурасидан республиканинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли барча кўчмас мулкни ҳибсга олиш тўғрисида сўровнома олди, дея 24 август куни хабар беради “Интерфакс”.


Гулнора Каримова ва “Камелот” турар-жой комплекси, бу ерда унинг уч қаватли, умумий майдони 420м²га тенг квартираси бор

“РФ Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан Каримова айбловига оид жиноят иши бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровнома келган, унда кўчмас мулк объектларини ҳибсга олиш сўралади”, - дейилади хабарномада.

Айни пайтда сўровнома кўриб чиқиш жараёнида. “Ўзбекистон томони маълум қилишича, ушбу сўровномадаги маълумотлар маҳфий саналади”, - дея қўшиб қўйдилар РФ Бош прокуратураси матубот хизматида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июль куни Гулнора Каримовага қарши иккинчи жиноят иши қўзғатилганини ва у ҳибсга олинганини маълум қилганди. Биринчи жиноят иши 2013 йил 24 октябрда қўзғатилган, унинг фигурантларига “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ фаолиятида солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича айбловлар қўйилганди. Тергов аниқлашича, Гулнора Каримова назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001-2013 йиллар давомида қатор жиноятларни содир этдилар. Тошкент вилоят суди 2015 йил августида Каримовани беш йилга озодлигини чеклашга ҳукм чиқарди.

Каримованинг иккита жиноят иши бўйича давлатга ва фуқароларга етказган зарарининг умумий миқдори 8 трлн 115 млрд 617 млн 700 минг сўмни ташкил этган (28 июль ҳолатига расмий курс бўйича $1,994 млрд ва “қора бозор” курси бўйича $966,1 млн). Бундан ташқари, 12 та мамлакатда Каримовага алоқадор жиноий гуруҳларнинг қонунлаштирилган, умумий қиймати 1,5 млрд доллардан зиёд активлари аниқланган. Халқаро ҳамкорлик доирасида мазкур 12 мамлакатнинг тегишли органларига ушбу жиноий гуруҳнинг активларини ҳибсга олиш бўйича сўровномалар жўнатилган.

Хусусан, Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, Москвада “Камелот” турар-жой комплексида жойлашган пентхаус, “Рублевка” даҳасида ҳашаматли уй ва 8 та квартира, Ялтада –меҳмонхона комплекси, умумий қиймати 2 млн долларга тенг турар-жой биноси ва унга ёндашган ер участкаси ҳибсга олиниши керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги