19:32 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бош вазир журналистларни ҳақорат қилди ҳамда телевидениедаги жонли эфирни тақиқлади

23.08.2017 16:18 msk

Фарғона

Модератор Шерзодхон Қудратхўжаев бошчилигида олиб борилган Халқаро пресс клуб сессиялари энди яқиндагина ташкил этилган «Ўзбекистон 24» ва бошқа телеканаллар эфирида тўғридан-тўғри узатилмайдиган бўлди, дея 23 август куни эрталаб хабар берди Kun.Uz.


Абдулла Арипов (чапда), Шерзод Қудратхўжаев

Пресс клубнинг Телеграм мессенжеридаги журналистлар билан ахборот алмашинув гуруҳида 23 август куни соат 11:00да халқ таълими вазирлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган сессияси жонли эфирда узатилмаслиги ҳақида хабар берилди.

Ҳозирча Халқаро пресс клубнинг тўғридан-тўғри эфирга узатилмаслиги борасида бирор бир расмий изоҳ берилганича йўқ.

Шунингдек, «Ўзбекистон» телеканалида «Муносабат» кўрсатуви ҳам эфирдан йўқолган. Қуддус Аъзам бошловчилигидаги бу кўрсатув ҳар ҳафтада 4-5 марта жонли эфирда узатилиб келинаётганди.

“Озодлик” хабар беришича, жонли эфирларни тўхтатиш тўғрисидаги талаб МТРК Медиа марказида 21 август куни соат 10 дан 16 гача давом этган йиғилишни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов олиб борган мажлисда очиқланган.

Олти соат давом этган бу мажлисда иштирок этган журналистлар бош вазир ва ХПК модератори ўртасида “даҳанаки жанг” бўлиб ўтганини тасдиқладилар.

“Бош вазир Абдулла Арипов ХПК раҳбари Шерзод Қудратхўжаевга “Сен, бола ҳаддингдан ошиб кетдинг, сен ўзингни ким деб ўйлавоссан”, деб қаттиқ гапирди. Бундан жаҳли чиққан Шерзодхон “Бош вазир бўлсангиз ўзингизга, менга бақиришга ва сенлашга ҳаққингиз йўқ”, деди. Кейин даҳанаки жанг бошланди. Бош вазир Шерзодни қаттиқ ҳақорат қилди, "кўтинга бир тепсам икковин кеган жойинга қайтиб кетасан, домлачилигингни қилиб деди”, деди суҳбатдош.

Журналистнинг айтишича, Арипов “бундан кейин ҳеч қандай онлайн-понлайнинг бўлмайди, қисиб ишлайсан ҳамманг. Онлайнни эфирга яқинлаштирмайсан, ҳар бир кўрсатувни эфирга беришдан олдин Хайриддин Султонов билан маслаҳатлашасан”, - деб билдирган.

“Озодлик” қайд этишича, бош вазир ва президентнинг давлат маслаҳатчиси “телевидениени аввалги ҳолига қайтаришмоқчи”. Мажлис иштирокчиларига кўра, Арипов МТРК раиси Бобир Алихоновга хайфсан берган. Уч кун олдин МТРК раисининг биринчи ўринбосарилигидан бўшатилиб, “Ўзбекистон” телеканалига директор этиб қўйилган Хайрулла Нуриддинов яна ўз жойига қайтарилган. Мажлисда қатнашган журналистларнинг сўзларига кўра, аҳолининг ижтимоий муаммолари ҳақида жиддий кўрсатувлар тайёрлаган “Ўзбекистон 24” телеканали директори Озод Ҳамидхўжаев ҳам ишдан олинган ва унинг ўрнига илгари ишдан ҳайдалган Нодир Тўлаганов тайинланган. Уч ой бурун МТРКнинг техника масалалари бўйича биринчи ўринбосарлиги вазифасидан бўшатилган, Бош вазирнинг холаваччаси деб айтилаётган Нусрат Ҳакимов яна ўз жойига қайтариб қўйилган.

Фейсбук ижтимоий тармоғининг ўзбекларга оид сегментида бош вазирнинг бу ҳаракатлари қизғин мубоҳасаларнинг бошланишига туртки бўлди. “Хали тугилиб улгурмаган "эркинлик" ни аборт килмочсиз... Кейинчи? Кейин нима булади?..”, деб ёзади фойдаланувчи Акмал Муҳаммад. “Шерзод Қудратхўжаев бир шахс бу ерда. Биз эса унинг мисолида эркин сўз айтиш ҳуқуқини ҳимоя қиляпмиз”, деб билдиради Мусанниф Адҳам. “Шерзод Қудратхўжаевга ҳурматим ортди. Бош вазирга жойини кўрсатиб қўйгани учун. Шерзод Қудратхўжаев ҳақ, бош вазир бўлса ўзига. Бугун Қудратхўжаевни ҳақорат қилган эртага мани ҳақорат қилмайдими? Ман бош вазирнинг бу цензурасига қаршиман. Шавкат Мирзиёев бу ишдан гўёки бехабар қолганига қаршиман. Қари бобой ўз умрини яшаб бўлгани етмагандек, биз ёш авлодни ҳам ўзининг тутумида яшашга мажбур қилиб "онлайн-понлайнни йўқот" деган гапига қаршиман. Бош вазирни эски тарихидан хабардормиз. У биз кутган натижани бермади. Ишончни оқламади. Хайрулло Нуриддиновга ҳам тфу. Ҳаммасига қаршиман. Минг лаънат бўлсин бу ёлғон механизмга! Шерзод Қудратхўжаев энди маддоҳликни йиғиштириб бош вазирни танқид қиламиз”, дея чақиради Раҳимжон Турдиев.

Қайд этамиз, Ислом Каримов бошқаруви даврида давлат телевидениесида жонли эфирлар деярли имкониятсиз эди. Шавкат Мирзиёев президент лавозимини эгаллаганидан бери Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бўйнидаги сиртмоқ бироз бўшашгандек бўлди, баъзи нашрлар маҳаллий мутасаддиларни енгил танқид қилишга, эҳтиёткорлик билан йўллар, ободончилик каби муаммоларни кўтаришга бошладилар. Матбуот ва ОАВ ходимлари куни нишонланаётган 27 июнь куни муносабати билан маъруза қилган Мирзиёев оммавий ахборот воситалари реал тўртинчи ҳокимиятга айланиши, миллий медиа-майдонда фикрлар ва нуқтаи-назарлар плюрализми бўлиши, ҳар бир ОАВ диалог, фикрларни эркин изҳор қилиш майдончасига айлантириш керак, деб билдирганди.

Афтидан бош вазир президент билан ҳамфикр эмасга ёки давлат раҳбарининг сўз эркинлиги ва шунга ўхшаш фикрлари унинг ўтмишдошининг панд-насиҳатлари каби арзимаган сариқ чақага баҳоланишини намойиш этаётганга ўхшаяпти. Амалда аҳвол қандай эканлигини Мирзиёев Ариповнинг хулқи ва жонли эфирларни тақиқлашига нисбатан ўз фикрини билдирганидан сўнг маълум бўлади. Ёки индамайдими?

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама