19:32 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ғайритабаалар қасоси. Ўзбекистон тарихий қарзини Россияга қандай қайтармоқда

22.08.2017 16:42 msk

Пётр Бологов

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон бош вазири бўлган пайтида (уч ойдан сўнг президент этиб сайлаган) Шавкат Мирзиёев Россия билан муносабатларнинг “стратегик ҳамкорлик ва иттифоқдошлик бўлган ва шундай бўлиб қолади” дея баёнот берган эди. Шу йилнинг апрелида Мирзиёев энди президент сифатида ҳамкасби Владимир Путин билан Москвада учрашди ва шу муносабат билан иккала томон ҳам “Россия-Ўзбекистон муносабатларидаги жиддий, янги ривожланиш босқичи” ҳақида кўп ва хўп гапиришди. Аммо бундай расмий жумлалар билан Россиянинг ташқи сиёсатида аслида Ўзбекистон қандай ўрин тутиши ва юз йиллар давомида Россия билан ташкил топган муносабатларнинг Тошкент учун қанчалик муҳимлигини ифодалаб бўлмайди. Қайсики Россия билан дўстлашишга қарши эмас, аммо унга бўйсунишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Бундай позиция Кремлдаги стратегларни хурсанд қилмаслиги тайин – Москванинг нуқтаи-назарига кўра, собиқ совет республикалари олдиндан унинг таъсир доирасига киради ва унинг барча геополитик схемаларига риоя қилиши керак. Оддий россияликнинг нуқтаи-назарида эса Ўзбекистон – бу фақатгина қурувчилар, сотувчилар, ҳовли тозаловчилар ва айрим меваларнинг юрти бўлиб, ҳар қандай янгиликда унинг тилга олиниши бу хизматчилар ва меваларнинг кўча ва пештахталардаги миқдорига таъсир қилиши мумкин, холос.

Ҳақиқатда эса Россияда Кремлнинг ва унга эргашадиган жамоатчилик фикрининг Ўзбекистонга бўлган муносабати бошқа собиқ СССР республикалари ва айниқса Ўрта Осиёга бўлган муносабатидан деярли фарқ қилмайди. Иккала мамлакатнинг бир-бири учун қанчалик аҳамиятли эканини тушунишга кўп жиҳатдан совет давридан қолган стереотиплар халақит беради. Ўша пайтларда вужудга келган “халқлар биродарлиги”да барча халқлар шартли равишда ака-ука бўлган, аммо титул миллат учун “укалар”, айниқса битта регионда яшайдиганлари: болтиқбўйидагилар, кавказликлар, осиёликлар бир-биридан фарқланмас эди.

Бизнинг даврга келиб ҳам бундай муносабат аксариятда маиший даражада ҳам, давлат даражасида ҳам сақланиб қолган. Айнан шу туфайли собиқ совет республикалари билан муносабатларда зиддиятлар ва Москвага нисбатан маълум маънодаги хафагарчилик юзага келади, чунки Москва қийшиқ совет андозалари бўйича фикр юритади ва иш юритади. Бу андозалар бирор-бир халқ билан муносабатларнинг тарихий тажрибаси ёки унинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олмасдан, қуруқ мафкура асосида қурилгандир. Собиқ метрополиянинг кўзи билан қараганда, уларнинг ҳаммаси бир хил – биттасида қазилма бойликлари кўп, бошқасида қишлоқ хўжалиги бор, учинчисининг географик жойлашуви қулай. Ўзбекистонда буларнинг барчаси бор (олтин, уран, газ, пахта ва Ўрта Осиёдаги муҳим жойлашув), аммо бу ҳали ҳаммаси эмас.

Чорак аср давомида Ислом Каримов мамлакатни деярли ёпиб қўйди, бу соҳада у туркманлардек даражага эришмаган бўлса ҳам, Тошкент билан Москва ўртасида доим сергаклантирувчи салқинлик сезилиб турар эди. Табиийки, иқтисодиётда ҳам, сиёсатда ҳам қандайдир лойиҳалар биргаликда амалга оширилар эди, аммо буларнинг ҳаммаси бир бўлганда ҳам, ўзбекларнинг пул топиш мақсадида оммавий равишда Россияга миграция қилишидек иккала томонга кўп фойда келтирмаган. 2012 йилдаёқ ўзбек гастарбайтерлари уйга 6 миллиард доллар (республика ЯИМ 12 фоизини) юборишган, айрим ҳисоб-китобларга кўра, Тожикистон ва Қирғизистонлик биродарлари билан бирга Россия ЯИМнинг 7-8 фоизини таъминлашган. Ўзбекистон фуқароларининг оммавий равишда Россияга кўчишига Каримовнинг Мирзиёевга алмашгани ҳатто рублнинг курсичалик таъсир кўрсатолмайди. Ўзбек сиёсий тизимининг тезда ўзгаришга лаёқатсиз экани, бунинг натижасида ҳаётнинг хароблиги, турмуш тарзининг пастлиги, коррупциянинг баландлиги, ерларнинг саҳролашиши ва аҳолининг кўпайиб кетгани – шу объектив сабаблар туфайли республика фуқаролари бегона юртларга ишлаш ва яшаш учун кетишади. Бунинг устига Ўзбекистонда Россияга нисбатан илгаридан алоҳида муносабат юзага келган. Шу ўринда мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир.

Ўрта Осиёда “ўзбек” этнонимининг пайдо бўлиши (бир версияда “ўзбек” сўзи “ўз ўзига бек” деган маънони англатади) XVI асрга бориб тақалади. Темурийлар салтанатининг қулаши билан бу ерларда Шайбонийхоннинг авлодлари ўрнашиб, илк ўзбек давлатларини – Хива, Бухоро ва кейинчалик Қўқон хонликларини тузади. Русь билан савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатилади. Шундан кейин Россияда ўзбек диаспораларини ташкил этиш жараёни бошланади. XVIII аср охирига келиб, Сибирда, Уралда, Астрахан ва Оренбург туманларидаги ўзбеклар сони 20 минг нафардан ошган эди. Уларни келган жойига қараб “бухороликлар”, “тошкентликлар” ва хиваликлар” деб аташарди. 1806 йилда Санкт-Петербургдаги журналлардан бирида айтиб ўтилишича, Россиядаги ўзбек диаспоралари “бир-бирига таянади ва миллий урф-одатларига амал қилади… Ўзларини тутишида яхшигина табиий ақл-заковат, ҳалоллик, мулойимлик акс этади; нутқи мўътадил ва ёқимли бўлиб, бу мактабларининг дурустлигидан далолат беради”.

XIX асрнинг ўрталаридан бошлаб, Ўрта Осиёдаги ўзбек давлатларининг ҳудуди “Катта ўйин” – Россия ва Британия империясининг сиёсий тўқнашуви учун бош аренага айланади. Ўша пайтдаги эҳтиросларнинг авж уриши ҳозирги Украина ёки Сириядагидан баланд бўлса баланд эдики, аммо паст эмас эди. Дунёнинг етакчи икки державаси ўртасида қуролли тўқнашув келиб чиқишига оз қолган.

Ўртага минтақанинг ўзбек давлатлари тикилган “ўйин” дуранг билан тугади – Англия Ҳиндистонни ва Афғонистонга таъсир ўтказиш имкониятини ўзида сақлаб қолди, Россия эса бутун Ўрта Осиёни қўлга киритди. Қўлга киритиш осон бўлмади – истилочиларга Бухорода ҳам, Хивада ҳам, Қўқонда ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатилди. Улар Англиянинг манфаати учун эмас, балки ўз мустақиллиги учун курашишган. Натижада Россияга қарам бўлиб қолган Қўқон хонлиги бир нечта қўзғолондан сўнг тарқатиб юборилди, Хива хонлиги ва Бухоро хонлиги (бу пайтга келиб амирлик бўлган) империя таркибига протекторат сифатида кирди. Санкт-Петербургдан бу даражадаги мустақилликни на Финляндия, на Польша қўлга кирита олган эди. Россия таркибига кирилгани ўзбек давлатларининг ички ҳаётига деярли таъсир ўтказмади.

Аммо бу Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига кирган ва тўғридан-тўғри империя тартибига бўйсунадиган ҳудудларда яшайдиган ўзбекларга тегишли эмас эди. Бу ерда “Туркистон руслар учун” шиори амалда эди, шу сабабли минтақага метрополия аҳолисини фаол тарзда кўчириш бошланди. 1910 йилга келиб, Тошкентда 168 минг нафар ўзбекка деярли 50 минг нафар рус тўғри келарди (бу масалан Тбилисига қараганда анча кўп эди, у ерда руслар аҳолининг 8,4 фоизини ташкил этган). Ҳозирги Фарғона эса генерал Михаил Скобелев томонидан 1876 йилда ташкил этилиб, дастлабки номи “Янги Марғилон” бўлган ва аҳолиси асосан россиялик ҳарбийлар оилаларидан ташкил топган. Британия томонидан Ҳиндистоннинг колонизация қилинишига солиштирганда ўлкани руслаштириш умуман бошқача бўлган – Ўрта Осиёга фақатгина ҳарбийлар ва хизмат тақозоси билан келган амалдорларгина эмас, балки кўп сонли деҳқонлар, ишчилар, ўқитувчи ва шифокорлар доимий яшаш учун келишган, улар ўз фарзандлари учун янги ватанни танлашган.

Совет ҳукумати Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини тугатиш орқали ўзбек давлатчилигининг қолдиқларини йўқ қилибгина қолмасдан, балки чегараларни бир неча марта ўзгартириш орқали бугунги мустақил Ўзбекистон ҳудудини ташкил этди. СССР даврида минтақадаги бошқа республикалар орасида Ўзбекистон доим марказий ўрин тутган, ўша даврдаги барча стереотиплар – босмачилар, овуллар, қовунлар, наша, дўппи – айнан Ўзбекистонга тегишли бўлган. Совет кишиси учун ўзбеклар Ўрта Осиёда яшовчининг ифодасига айланди, Тошкент – Александр Неверовнинг машҳур қиссасидаги “нон шаҳри” эса бутун улкан минтақанинг саноат ва маданий марказига айлантириб, бошқа шаҳарларни ўз соясида қолдириб кетди.

Ҳолбуки, Улуғ Ватан уруши тугаганидан кейин уни тоза ўзбек шаҳри деб бўлмасди. Бу ғолиб совет интернационализмининг шаҳри эди – ундаги руслар, украинлар, татар, корейс ва қозоқлар сони маҳаллий аҳолидан кўп эди, ҳаётнинг барча жабҳаларидаги мулоқот тили рус тили эди. Тошкентдан кўра камроқ даражада бўлса ҳам, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Нукус ва бошқа йирик шаҳарларнинг аҳолиси ҳам интернационал эди. Маданий алоқалар туфайли Ўзбекистон иттифоқнинг энг руслашган чекка ўлкаларидан бирига айланди. 1966 йилги Тошкент зилзиласи оқибатларини бартараф қилиш эса СССРда оммавий интернационализмнинг энг ёрқин ифодаси бўлди.

Аммо Ўрта Осиёнинг марказий республикаси бўлган ва аҳоли сони бўича иттифоқда учинчи ўринда турган (РСФСР ва УССРдан кейин) Ўзбекистон иттифоқнинг сиёсий ҳаётидан четда қолиб кетган эди. Кавказ, Украина ёки Болтиқбўйи вакиллари Москвадаги раҳбар лавозимларга фаол тарзда жалб қилинар эди. Республика раҳбарлари марказга содиқлигини қанчалик намойиш қилмасин (кавказ ва болтиқбўйи республикалари эса ундай эмас эди, СССРнинг парчаланиши ўшалардан бошланган), айнан Ўзбекистон “пахта иши” марказида бўлди. Бу иш қайта қуришнинг символларидан бирига айланди ва совет бошқарув тизимининг коррупцион моҳиятини фош қилди.

Москва томонидан республика раҳбариятига нисбатан ўтказилган репрессиялар оқибатида маҳаллий партия элитаси орасида зиддият кучайиб, асабийлик ва ишончсизлик муҳити юзага келди. СССР парчаланиши арафасида Ўзбекистонда шундай муҳит ҳукм сурган эди. Мустақил Ўзбекистоннинг илк йилларида бошқа собиқ иттифоқ республикаларидагидек, миллатлараро зиддиятлар рўй берди – ўзбеклар ва турк-месхетинлар ўртасида, ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида бўлиб ўтган бу зиддиятлар русийзабон аҳолига деярли таъсир ўтказмади. Бунга президент Ислом Каримовнинг бу борада ўта қатъий позицияда бўлганигина ёрдам бермади. Ўтган йилнинг сентябрида “ота” ўлгунига қадар Ўзбекистонда қолган русийзабон аҳолининг аксарияти унинг фаолиятини миннатдорлик билан эслашарди. Айнан Ислом Каримов ўз вақтида республикада миллатчиликка йўл қўймаган эди, кўп йиллар бирга яшаш оқибатида Ўзбекистонда руслар “ўзимизникилар” деб ҳисобланиб қолди. Аммо руслар ўзларини бегона ва ташландиқ деб ҳисоблай бошлашди, бунга маҳаллий ҳукуматнинг сиёсати эмас, балки Россиянинг четда қолган ватандошларни бир тийинга олмаслиги сабаб бўлган эди.

2000-йилларнинг биринчи ярмига келибгина, Каримов қисқа вақт давомида ғарбга мойил сиёсат юритганида, ўн минглаб рус оилаларининг тарихий ватанларига қайтиши оқибатида Ўзбекистонда русийзабонлар камайиб кетди (иттифоқнинг сўнгги йилларига солиштирганда, республика аҳолиси таркибидаги руслар ҳиссаси 8 фоиздан 4 фоизга тушиб кетди, ҳозирги кунда 2,3 фоизни ташкил этади). Аммо шундан кейиноқ, Тошкент расмий даражада ҳозирги ўзбек давлати билан илгариги Темур ва Шайбонийхон даврларини тенглаштирган пайтда тескари жараён бошланди. Ҳозирда республикага Россиянинг нафасини ўзбекларнинг ўзи олиб келмоқда, улар пул топиш учун миллионлаб Россияга кетмоқда ва уйга қайтиб, “Russia” ёзувли спорт курткаларида юрибди. Улар миграцион тўсиқлар ва россияликлар орасидаги ксенофобик кайфиятга қарамасдан, аксарият ҳолларда Россияга қайтиб кетиш истагида юришади.

Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, СССР парчаланаётганида Ўзбекистон минтақада кучли саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятига эга бўлган ягона республика эди. Бу ердаги турмуш даражаси РСФСР даражасидан унча фарқ қилмасди, қўшни республикалардан эса сезиларли тарзда юқори эди. 1991 йилдан сўнг кўпчилик руслар, биринчи навбатда олий маълумотлилар, яъни ҳарбийлар, техник ва бошқа мутахассислар республикани тарк этди, заводлар ёпила бошлади, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва унинг ортидан маҳаллий аҳолининг даромади кескин тушиб кетди. Натижада мамлакатнинг русийзабон аҳолиси ҳис қилган “ташландиқлик” ҳиссини ўзбеклар ҳам туя бошлашди. Катта ёшдагиларга хос бўлган совет давридаги тўқчиликни соғиниш ҳисси ёш авлод учун шунчаки ҳаётини яхшилаш истагига айланиб кетди.

Подшо қўшинлари билан урушган ўша бухороликлар ва хиваликларнинг авлоди бўлган, кейинчалик Россия империясида “ғайритабаалар” деб аталган ўзбеклар бугунги кунда совет интернационализмининг етакчиларига, яъни Россиядаги энг йирик ва энг тез ўсаётган миллий озчиликка айланишди. Ҳаттоки Россия валютаси қийматининг тушиб кетиши ва иқтисодиётнинг секинлашишидан кейин ҳам Россияда доимий ишлаб юрган Ўзбекистон фуқароларининг сони 1,7 миллион кишидан ортиқ (йил бошидан буён ўсиш тахминан 600 минг кишини ташкил этди, бу 2016 йилга қараганда 10 фоизга кўпроқдир). Бу расмий статистик рақамлар бўлгани учун уларни бемалол икки-учга кўпайтириб айтиш мумкин. Шу билан бирга Россия паспортини олишга ҳаракат қилаётган фуқаролар сони бўйича ҳам Ўзбекистон кейинги йилларда етакчиликни қўлдан бермаяпти. Келгусида чиқиш визасининг бекор қилиниши, апрел ойида имзоланган ҳукуматлараро келишувга кўра Россияга ўзбекистонликларни ташкилий равишда юбориш эса ўзбек диаспорасининг янада кенгайишига хизмат қилади.

Шундай қилиб, асосан кўчиб келган руслар, совет муҳандислари ва партия ишчилари томонидан қурилган замонавий Ўзбекистон ҳозирги кунда юз минглаб (собиқ ёки ҳозирги) фуқароларининг кучи билан келажакдаги Россияни яратмоқда. Ўзбекистон аҳолиси 32 миллиондан ошди ва бундай суръатда давом этса, тез орада Ўрта Осиё мамлакатларининг жами аҳолиси сонига етиб олади. Москва билан Тошкент муносабатлари ҳақида эслаганда ўзбекнинг гази, урани ёки пахтасидан ҳам кўра масаланинг шу томонини кўпроқ ҳисобга олиш керак. Қолаверса, Тошкент протекторат бўлишга ҳеч ҳам шошаётгани йўқ ва ЕАЭС ёки ОДКБ сингари Кремл ташаббуси билан тузилган тузилмалардан изчил равишда узоқлашмоқда.

Пётр Бологов, мустақил журналист

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама