19:32 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Олий суд ғазабланган оламоннинг суд дарвозасини бузгани тўрисидаги хабарларга раддия берди

22.08.2017 12:05 msk

Фарғона

Ўзбекистон Олий суди 19 август куни “Фарғона” ахборот агентлигининг 15 август куни республика Олий суди раиси томонидан қабулни узоқ кутилишидан ғазабланган оламон тарафидан суд биноси дарвозасини йиқитгани тўғрисидаги хабарга раддия берди.

“Реал ҳолатни бузиб кўрсатган айрим нашрлар муаллифлари ўқувчиларга “ғазабланган фуқароларнинг кучли бақириқлари”, “мустаҳкам бекитилган дарвозаларнинг бузиб ташлангани” ва ҳоказо хабарларни тарқатди. Афсуски, мазкур веб сайтлар интернетда тарқатилган ахборотни текшириб кўрмасдан хулоса чиқаришга шошилишди, аслида содир бўлган ҳодисани бўрттириб кўрсатишди”, — дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарномасида.

Унда таъкидланишича, ”қабул вақтида Олий суд биноси қаршисида кутиб ўтирган айрим фуқаролар милиционер ва суд ходимлари диққатини чалғитган ҳолда қабулга навбатсиз кириш мақсадида ўзбошимчалик билан дарвозани очиб, бино ичкарисига кирмоқчи бўлди. Улар бино фойесига кирганларида уларга қабул тартиблари тўғрисида тушунтирилди, уларнинг айримлари Олий суд раиси ўринбосарлари ва судьялари томонидан қабул қилинган бўлса, қолганлар раис қабулида бўлишди. 16 август, яъни кейинги куни 9:30 дан 17:30 га қадар Олий суд раиси томонидан 60 нафардан зиёд киши қабул қилинди.

Натижада, Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, 15 август куни 9:30 дан 21:00 га қадар раис Козимжон Комилов 100 нафардан зиёд кишини фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича қабул қилди. Худди шу куни 27 кишидан шикоят ва аризалар қабул қилинган бўлса, 72 киши турли масалалар бўйича оғзаки мурожаат билан қабул қилинди”. 16 август, яъни кейинги куни 9:30 дан 17:30 га қадар Олий суд раиси томонидан 60 нафардан зиёд киши қабул қилинди.

“Раис ва унинг ўринбосарлари томонидан ҳар куни фуқаролар қабул қилинмоқда”, дейилади матбуот хизмати хабарининг якунида. Шу билан бирга, Олий суд сайтида фуқароларни қабул қилиш жадвали жойлаштирилган бўлиб, унда ОС раиси ҳар ойнинг биринчи ва учинчи сешанба куни соат 15.00 дан бошлаб, унинг фуқаролик ишлари бўйича ўринбосари ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи чоршанбасида, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича ўринбосари ҳар ойнинг биринчи ва учинчи пайшанбасида қабул қилиши кўрсатилган. Бир ойда саккиз кун “ҳар куни” деган тушунчани англатмайдику?! Кимга ишониш керак?


Ўзбекистон Олий суди раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадвали. ОС сайти саҳифаси скриншоти

Эслатиб ўтамиз, ўн бешинчи август куни Ўзбекистон Олий суди биноси олдида Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг қабулига ёзилган ва узоқ вақт кутишдан чарчаб ғазабланган бир неча юз кишидан иборат оламон югуриб суднинг темир дарвозасини ишғол қилди ва дарвозани ичкарига қаратиб қулатиб юборди. Суд раиси одамларнинг ҳаммасини жисмонан қабул олмаслиги тўғрисидаги хабарни эшитиб кўпчилик ғазабдан жунбушга келди.

Ушбу ҳодиса ҳақида “Фарғона” агентлигига биринчи бўлиб Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи 80 ёшли пенсионер Любовь Чуракова сўзлаб берди. Кейинроқ “Озодлик” дарвоза билан боғлиқ инцидент ҳақида воқеанинг бошқа гувоҳига таяниб хабар тарқатди. Қизиғи шундаки, оммавий ахборот воситаларида ушбу шов-шувли хабар тарқаганининг эртасига 17 август куни Олий судидаги фуқароларни қабул қилиш жараёни идеал тартибда ўтди. Ажабки, аризачилар кўчада тиқилинчда тўпланишмай тартибли равишда бино ичкарисига киритилар, бу ерда уларни ўнтадан зиёд ходимлар кутиб олишарди. Энг қизиғи эса – Олий суд раисининг ўринбосарларидан бири Ҳолмўмин Ёдгоров қабулга келган фуқароларни эшик олдида шахсан ўзи ҳушмуомалалик билан кутиб олиб, керакли мутахассис ва хоналарга йўналтирар эди.


Одамлар Олий суд биноси олдида қабул навбатини кутишмоқда, “тез ёрдам” етиб келди. Фото “Азиятерра”

Олий суд қабулига тўпланган одамлар миқдори ҳақида сўз юритиладиган бўлса, уларнинг сони кунига бир неча юз кишига етади. Олдинроқ “Азиятерра” Олий суд биноси олдида қуёшнинг ўткир тиғлари остида бир неча соат навбат кутган аёлнинг ҳушидан кетгани ҳақида хабар берганди. Ўша куни эрта тонгдан бошлаб Ёдгоровнинг қабулига ёзилишга уринган 300 дан зиёд одамлар тўпланганди. Бироқ ўша куни қабулга 85 киши кира олди, холос.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама