19:32 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Олий судда тартиб ўрнатилдими? Бу ишда “Фарғона”нинг қўли борлиги аниқ!

19.08.2017 15:06 msk

Фарғона

Ўтган пайшанба 17 август куни Ўзбекистон Олий суди раҳбариятига фуқароларнинг қабули деярли идеал тартибда ўтказилди. Олдиндан ёзилиб қўйганларнинг навбатда кутиш вақти 10-15 дақиқадан ошмади. Ажабки, аризачилар кўчада тиқилинчда тўпланишмай тартибли равишда бино ичкарисига киритилар, бу ерда уларни ўнтадан зиёд ходимлар кутиб олишарди. Энг қизиғи эса – Олий суд раисининг ўринбосарларидан бири Ҳолмўмин Ёдгоров қабулга келган фуқароларни эшик олдида шахсан ўзи ҳушмуомалалик билан кутиб олиб, керакли мутахассис ва хоналарга йўналтирар эди.

“Бу муассасада тез-тез бўлиб тураман, бироқ бунақанги ҳолатни биринчи бор кўряпман – ҳеч қанақа ур-сур, шовқин-сурон йўқ, гарчи аризачилар озаймаган бўлса ҳам киришга тўсиқ йўқ. Мен эрта тонгда, соат олтида келиб шахсий қабул ва шикоят аризаларни берувчиларнинг умумий навбатида 66-чи бўлибман, - дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашади тошкентлик Шоҳиста исмли аёл. – Яқинда ҳам одамларни бинонинг олдига яқинлаштиришмасди, ичкарида эса биттагина пўрим ходим тўраларча ўтирарди. У қабулга келган одамни биргина қуйида турган мутасаддиларнинг қабулида бўлмагани сабабли қайтариб юбориши мумкин эди”.

Шоистага кўра, 15 август куни у туни билан навбатда турган ёш болали аёлнинг қабулга киритилмагани боис жазавага тушиб йиғлаганининг гувоҳи бўлган. Ўша куни кўриниши бухороликка ўхшаган ёши улуғ одам ғазабланиб “Агар қабулга киритишмаса, ўзининг “Дамас” автомашинасини суд дарвозасини ураман”, дея бақира бошлаган.

Кейинроқ Шоиста ғазабга минган фуқаролар бир ёқадан бош чиқаргандек суднинг нафратомуз дарвозасини бузганларини эшитиб ҳайрон қолди...

Дарвоза бузилишининг шоҳидлари Олий судда фуқароларни қабул қилишда ташкилий тартибнинг ўрнатилишига ҳодиса содир бўлган куннинг эртасига “Фарғона” порталида пайдо бўлган ва кўплаб ОАВ томонидан тарқатилган хабар сабаб бўлган, деган фикрда.


Яндекс қидирув тизимига “Ўзбекистон Олий суди” (“Верховный суд Узбекистана”) деб сўров берилганда чиққан сўнгги натижалар

“Ушбу суд идорасида тартибнинг ўрнатилишида бевосита президент Мирзиёевнинг қўли борлигини истисно этиб бўлмайди. У салбий янгиликларни ижтимоий тармоқлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари орқали кузатиши кўпчиликка маълум. Турли тузилмалар раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишлардан бирида у мулозимларга “залда ўтирганлар орасида ижтимоий тармоқларда, хусусан, Фейсбукда рўйхатдан ўтганлар борми?” деб сўраган. Шундда 40 кишидан аттиги олти киши қўл кўтарган. Шундан кейин Шавкат Миромонович ҳамма зудлик билан шундай қилишларини қатъий тарзда талаб қилди”, - дейди Олий суд дарвозаси ишғол этилишини кузатган одамлардан бири эшитган миш-мишлари билан ўртоқлашиб.

Эслатиб ўтамиз, ўн бешинчи август куни Ўзбекистон Олий суди биноси олдида Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг қабулига ёзилган ва узоқ вақт кутишдан чарчаб ғазабланган бир неча юз кишидан иборат оламон югуриб суднинг темир дарвозасини ишғол қилди ва дарвозани ичкарига қаратиб қулатиб юборди. Суд раиси одамларнинг ҳаммасини жисмонан қабул олмаслиги тўғрисидаги хабарни эшитиб кўпчилик ғазабдан жунбушга келди.

“Фарғона” агентлигига бу фавқулодда ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшайдиган 80 ёшли Любовь Чуракова сўзлаб берди. У бўлган ҳодисани ўз кўзи билан кўрганини айтади.

Ёш улуғ аёл ҳодисанинг бошқа шоҳидлари каби кўрганларидан лол қолган. “Штурм” иштирокчиларининг аксарияти аёллардан иборат эканлигидан яна бир бор ҳайрон бўлган. “Мутасаддилар учун яхши дарс бўлди, бундан тегишли хулоса чиқариб олсалар яхши бўларди. Тўхтовсиз таҳқирлаш ва бошбошдоқликлар билан халқни бунақанги умидсизликка туширмаслик ва беҳуш бўлиб йиқилишгача етказмаслик керак эди. Халқ ўрнидан туриб қўзғалиши ва ҳукуматга ўз характерини кўрсатиб қўйиши мумкин”, - дейди ишонч ила нашр суҳбатдоши.

Ўзбекистон Олий судининг Тошкентдаги биноси олдида ҳар куни бутун республикадан келган кўп сонли халойиқ тўпланади. Одамлар бор имкониятларини ишга солиб олий суд раҳбарияти билан учрашишга интиладилар. Вилоятлардан келганлар машиналарда тунайдилар ёки қабулга киришга эришгунича пойтахтда ижарага уй олишга мажбур бўладилар. Рўйхатга ёзилиш тунги соат иккида бошланади, эрталаб соат 9 га келиб рўйхатдаги одамларнинг сони бир неча юз кишига етади. Улардан фақат 50-60 киши қабулга кира олади.


Олдинроқ ОАВ Ўзбекистон Олий суди биноси олдида тўпланган навбатдаги одамлар узоқ вақт давомида қуёшнинг ўткир тиғлари остида ҳатто ҳушларини йўқотиб қўяётганлари ҳақида хабар бериб туришарди

Агар Ўзбекистон судлари адолатли ҳукм чиқарганларида, шунингдек, қарорлар устидан кассация тартибида шикоят қилишнинг самарали тизими мавжуд бўлганида, шубҳасиз, Олий суд олдида бунақанги улкан оламон тўпланмас ва кўнгилсиз можаролар рўй бермасди, - дейишади Ўзбекистон олий суд органи биноси олдида турган “Фарғона” агентлигининг суҳбатдошлари.

“Фарғона” Ўзбекистон Олий судига оид янгиликларни кузатишда давом этади. Агар сиз ушбу давлат органига олдин мурожаат қилган бўлсангиз, бизга ўз таассуротларингиз ҳақида ҳикоя қилиб беришингизни илтимос қиламиз. Таҳририятга қуйидаги электрон манзил орқали ёзишингиз мумкин: ferghananews@gmail.com.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама