19:32 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон телевидениесида ислоҳотлар: Ҳайбаракаллачилик даври ўтдими?

16.08.2017 12:04 msk

Наврўз Мелибоев

2017 йилнинг ўттизинчи март куни бўлиб ўтган видеоселекторда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек телеканалларининг фаолиятини кескин танқид қилди. Уларнинг эскирган методлар билан ишлашини айтди. “Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришимиз керак”, - деди президент.

Совет телевидениесининг вориси

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) – Ўзбек ССР Давлат телерадиокомпаниясининг вориси бўлиб, бевосита республика ҳукуматига бўйсунади. Мустақиллик йилларида ўзбек телевидениесининг вазифалари ва стилистикаси аслида ўзгармасдан, совет телевидениесининг аналоги шаклида қолди. Телерадио эшиттиришлари ва давлатга тегишли босма нашрлар журналистларининг луғатида “танқид” тушунчаси деярли йўқ эди, фақат ўзбекистонликларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги ижобий воқеа-ҳодисалар ёритиларди. Кўнгилсизроқ янгиликлар фақатгина “юқоридан” бевосита кўрсатма келганидагина кўрсатилар эди.

Эфир учун материалларни танлаб олишда тахминан қуйидагича фильтр мавжуд эди: бир томондан, ҳар бир янгилик ёки сюжетда ўзбекистонликларнинг фаровон ҳаёти тилга олиниши керак бўлган, бошқа томондан – янгилик ёки сюжет таркиби фуқароларнинг зеҳнияти ёки дунёқарашига ҳамда миллий истиқлол ғоясига мувофиқ келиши ёки ҳеч бўлмаганда зид келмаслиги шарт эди. Мавзу долзарб бўлиши, материал чиройли ёритилиши керак. Шу йўсинда ўзбек журналистларида маълумотларни танлаб олиш ва телекўрсатувларни тайёрлашнинг муайян кўникмаси ҳамда материалларни ёритишнинг андозавий услуби шаклланди. Бу кўникмалар, андоза ва услублар барқарор бўлиб қолди, уларга риоя қилмасликни бутун бир авлод журналистлари тасаввур ҳам қила олмайди. Ишлашнинг бундай шароитига мослашишни истамаган ёки қўлидан келмаганлар “заиф бўғин” бўлиб қолди ва телевидениеда узоқ қолмади. Натижада Ўзбекистоннинг давлат телеканаллари аудиторияни йўқота борди.

МТРК тузилмасидаги ўзгаришлар ва кадрлар алмашиши

Президент ўзбек телевидениесини танқид қилганидан сўнг тахминан бир ой ўтгач, МТРК ташкилий тузилмасида ўзгаришлар бошланди. 2 май куни эса Мирзиёев туну-кун ишлайдиган миллий “O‘zbekiston 24” ахборот-таҳлилий телерадиоканалини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Янги телерадиоканалнинг асосий вазифаларига мамлакатдаги ва хориждаги “воқеаларни ўз вақтида ва ишончли ёритиш”, “уларни холисона ва объектив баҳолаш”, бундан мақсад “аҳолининг сифатли ахборот олиш эҳтиёжини қондириш ва ишончсиз, сиёсий жиҳатдан нотўғри ва бошқа хилдаги ташқи деструктив ахборотлар ва ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик” киради. Янги телерадиоканал 24 июлда – президентнинг туғилган кунида иш бошлади. “O‘zbekiston 24” МТРК таркибига киради.

Феврал ойида МТРК раҳбари қилиб Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш собиқ вазири Хуршид Мирзоҳидов тайинланган эди. У телевидениени 2005 йилнинг декабридан бошлаб узлуксиз бошқарган Алишер Хўжаевнинг ўрнига келди. Айрим кузатувчилар ва экспертлар ўзбек телевидениесида айнан 2017 йилнинг февралида МТРК раҳбари алмашиши билан ўзгаришлар бошланганини айтишмоқда.

“Ёшлар” телеканалининг бош директори қилиб халқ артисти, қўшиқчи Озодбек Назарбеков тайинланган эди. У бу лавозимда икки ойдан камроқ ишлади – ўз ихтиёрига кўра ишдан кетди, аммо телерадиоканалда бош продюсер сифатида ишни давом эттирди. МТРК раҳбарлигига эса тугатилган “Тошкент” телеканалининг собиқ директори Мадамин Сафаров келди. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, “Ахборот” информацион дастури раҳбариятида ҳам ўзгаришлар бўлган.

Ўзбек телевидениеси ҳақида жамият қандай фикрда

Ўзбекистон президенти МТРК фаолиятини ўрганиш бўйича махсус комиссия ташкил қилди. Бу комиссия барча хоҳловчиларни миллий телерадиокомпанияни қайта тузиш борасида фикр-мулоҳаза беришга таклиф қилди. Тез орада “Подробно.Uz” сайти танлаб олинган жавобларни чоп этди. Мана улардан айримлари:

“Вилоят телевидениесидаги кўрсатувларда воқеалар сиёсий нуқтаи назардан юзаки ёритилади, шошма-шошарлик билан тайёрланади. Ҳудудий электрон ОАВда танқидий ва муаммоли эшиттиришлар деярли йўқ, ҳақиқатан ҳам одамларни қизиқтирадиган, ўзига эътибор тортадиганлари йўқ. Мазкур Концепцияда ҳудудий бўлимларга бағишланган алоҳида боблар бўлиши керак”.


“Ўзбекистон 24” телеканали сайтидан скриншот

“Амалдорлар учун телевидение орқали одамлар билан суҳбатлашиш – вақтдан фойдаланишнинг энг унумли йўлидир. Айрим кичик янгилик сайтларининг барча даражадаги ҳокимлардан жуда мазмунли интервью олганини кўриб, журналистларга ҳавас қиласан киши – уларни видеохостинг сайтларида, матнли стенограммалар билан кўриш мумкин. Давлат ОАВси улардан ўрнак олса арзийди”.

“Чуқур таҳлилий материаллар, жиддий сиёсий, иқтисодий ва халқаро шарҳлар, баҳс-мунозараларнинг йўқлиги ҳақида кўп гапирилади... Ҳали ҳам профессионал журналистлар, сиёсатшунос ва шарҳловчиларнинг етишмаслиги сезилади. Университетлар бир неча йилдан бери сиёсатшунослик бўйича кадрлар тайёрламаётганини ҳамма биладими? Ахир бусиз замонавий тележурналистика яшай олмайди-ку?”.

“Телевидениедан узоқроқ бўлган бир муаммо, яъни суръат (темп) ҳақида гапиргим келади. Ҳа, ўша суръат (бозор иқтисодини ифодалайдиган суръат). Бизнинг телевидениеда секинлаштирилган кадрлар кўп, профессионал байрамларда амакилар ва холалар шошилмай юриб бориб, чиннигулларни олади, тарихий кўрсатувларда асосан саҳро, судралиб юрган туя, тахтда узоқ ўй сурадиган хон, ҳафсаласиз ўтаётган оилавий зиёфат, дастурхондаги бананлар... 80-йиллар охири, 90-йиллар бошидаёқ тарихчиларимиз ўзбек халқининг “сулолавий” тарихини тиклаб бўлганини биламиз, уни телевидениеда кўрсатишдан нима фойда? Тарих мавзусида янги, ёшлар учун қизиқарли бўлган кўрсатувлар цикли яратилганида, мақсадга мувофиқ бўлар эди”.

“Амалдорлар ниҳоят матбуот, телевидение, радио ва Интернет билан ишлашни ўрганиши лозим. Тушунамиз, уларга ўргатишмаган. Аммо кўплаб таниқли давлат ва жамият арбобларига ҳам ҳеч ким ўргатмаган. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг малака ошириш дастурларида “Амалдорнинг ОАВ билан ишлаши” деган фан борми?”.

“Тележурналистика 25 йилда ҳам баландпарвозликдан қутула олмади. Ҳар ерда мавжуд мақтанчоқлик, пойтахт шевасини тиқиштириш, камерага кўрсаткич бармоғини ниқташ, нотекис талаффуз, қўл учида қилинган, чала-чулпа дизайн... Шуниси равшанки, бугун сифатли телевидениега эга бўлиш учун жамоатчиликнинг қатъий назорати, сиёсатшунослар, социологлар, филологлар, психологлар, рассомларнинг ҳамкорлиги, ўзбек адабий тилини ҳурмат ва ҳимоя қилиш, манзилли ва самарали тижорий реклама керак”.

Янги форматга ўтишдаги қийинчиликлар

Телевидениени қайта шакллантириш жараёни бошланди, телекўрсатувларнинг таркиби аста-секинлик билан бўлса ҳам ўзгармоқда. Телевидение ходимлари ишлашнинг эски форматидан янгисига ўтишда асосий қийинчиликни бошдан ўтказишмоқда. Ўзбек телевидениесида танқид ва таҳлил мактабининг йўқлигини ҳисобга олсак, ошириб юборишлар ҳам учраб турибди. Бунга мисол қилиб, яқинда “Таҳлилнома” кўрсатувининг бир сонидаги ҳолатни олиш мумкин.

30 июль кунги кўрсатувда Ўзбекистоннинг биринчи президент Ислом Каримов олиб борган сиёсат кескин танқид қилинди. Унинг исми тилга олинмаган бўлса ҳам, кўрсатувда шундай сўзлар айтилди: “етакчи иқтисодий ташкилотлар томонидан Ўзбекистонга нисбатан билдирилган маломатлар, бизнинг мутахассисларимиз нопрофессионал эканлиги ҳақидаги барча айбловлар фақатгина шу валюта сиёсати туфайли билдирилган. Бугун бу ҳақда очиқ гапирмоғимиз лозим. Яна чет эл валютасининг тўртта курси мавжудлиги ва “қора бозор” каби шармандаликнинг иқтисодиёт ривожига тўсиқ бўлганини ҳам қўрқмасдан айтиш лозим. Аммо президент томонидан бошланган ислоҳотлар шарофати билан бу муаммоларнинг барчаси секин-аста ўз ечимини топмоқда”.

Кўрсатувда кадр ортидаги дикторнинг мураккаб жумлалардан иборат нутқи МТРК журналистларига хос бўлгани учун сўзма-сўз келтирмадик.

Кейин аввалги президентнинг ташқи сиёсатдаги фаолияти, айнан Марказий Осиё давлатлари билан муносабати танқид қилинди. Етакчилик даъвосида қўшни мамлакатлар билан рақобат қилиш оқибатида муаммолар чуқурлашиб кетгани, улар Ўзбекистоннинг ҳозирги президентининг саъй-ҳаракатлари билан ҳал қилинаётгани ҳақида гапирилди. “Бошқарувнинг биринчи соатлариданоқ қўшнилар билан муносабатларимиз бу устунлик учун кураш эмас, аксинча, самимийлик ва ўзаро ишонч эканлиги ҳақида эълон қилиниши билан Ўзбекистоннинг қўшни республикалар билан муносабатларини яхшилади ва мустаҳкамлади. Ростини айтганда, кўп йиллардан бери, айниқса чегара борасида йиғилиб қолган муаммолар бир-бирига эътироз билдириш ва ўзининг устунлигини таъкидлаш билан эмас, балки бир оғиз ширин сўз ва узлуксиз меҳнат билан ҳал қилинди”, - дейилганди кўрсатувда.


МТРК сайтидан скриншот

“Таҳлилнома”нинг бу сони эфирга чиққанидан бир неча кун ўтиб эса МТРК раиси (ўз ихтиёрига кўра деб айтилган ҳолда) лавозимидан бўшатилди. ЎзМТРК раҳбарлигини Мирзоҳидовнинг ўринбосари бўлган Бобур Алихонов вақтинчалик бажармоқда, унгача эса узоқ вақт “Ахборот” дастурининг директори бўлиб ишлаган. Айнан шу кўрсатувни президент қайта тузишни талаб қилганди.

Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, Ислом Каримовнинг ташқи ва ички сиёсати расмий ўзбек ОАВда биринчи марта танқид қилинди. Аммо нутқнинг ўзига хос мураккаблиги туфайли моҳиятни англаш қийин бўлди. Марҳум президентнинг фаолияти очиқдан-очиқ танқид қилиндими ёки Мирзиёев давридаги иқтисодиёт ва ташқи сиёсат ислоҳотларининг муваффақияти ҳақида ҳикоя қилиндими? Яна шуниси ҳам қизиқки, бундай танқид МТРК ходимлари учун одат бўлган андоза ва услуб бўйича тузилди ва сўзлаб берилди.

Нима бўлганда ҳам, ислоҳотлар силлиқ кечиши, янги механизмлар ва усуллар тез ҳамда самарали тарзда татбиқ қилинишига ҳеч ким ваъда бермаган. Афтидан, МТРК олдига қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун жуда кўп вақт ва куч сарфланадиган кўринади.

Наврўз Мелибоев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама