13:57 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Жасурбек Ибрагимов иши”: калтакланган ўсмирнинг ўлимига шифокорларни айбдор қилишмоқчи

14.08.2017 18:30 msk

Ўз мухбиримиз

Суратда – Жасурбек Ибрагимов

“Фарғона”га маълум бўлишича, 4 август куни Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-болалар жарроҳлик (собиқ 14-сонли) шифохонасининг учта врачини, кейинчалик яна иккитасини ишдан чалғитган ҳолда зудлик билан Тошкент прокуратурасига чақиртиришган. Уларнинг ҳаммаси пойтахтдаги Боровский номидаги тиббий коллежнинг иккинчи курс талабаси Жасурбек Ибрагимовнинг 1 июнь кунги фожиали ўлимига алоқаси бўлган: бу мутахассислар унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда қатнашган.

Врачлар ўз таажжубини яширмаяпти: уларнинг гапига қараганда, прокуратура тиббиёт ходимларининг ҳаракатларида бирорта хато топишга ҳаракат қилиб, шифохонани тинч қўймаяпти, бундан мақсад эса асосий фактни – гуруҳ бўлиб шафқатсизларча калтаклаш содир бўлганини назардан четга суришдир. Афтидан, терговчилар ўсмирнинг фожиали ўлимига ҳақиқий сабабчиларни аниқлаш ва жазолаш эмас, балки унинг ўлимида бошқаларни, масалан, шифокорларни айбдор қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганга ўхшайди.

Чунки, Ибрагимовнинг танасини суратга олган врач-реаниматорга ташаккур билдириш ўрнига, унинг нима сабабдан суратга олгани билан қизиқишган. Ибрагимовнинг танасида зўравонлик аломатлари (масалан, қориндаги оёқ кийимдан тушган изнинг сурати) яққол кўриниб турибди. Агар бу суратлар сабабли Жасурбекни бир неча киши калтаклагани исботланмаганида эди, тергов бу ишни тескарисига айлантириб юборар эди. Чунки энг жиддий гематома излари ҳам вақт ўтиши билан йўқолади, мазкур ҳолатда эса орадан бир ой ўтиб кетганди.

“Нимага суратга олгансиз?”

“Жасурбек Ибрагимов иши”да тергов шаффоф юритилмаётгани юзасидан матбуотда ва ижтимоий тармоқларда норозилик кўтарилганидан бери болалар шифохонасига кўплаб текширувчилар ташриф буюрди. Жумладан, ўзбек тиббиётининг юлдузлари бўлган профессор Салимов ва Муҳитдиновалар даражасидаги иккита олий комиссия бу ерга июнь ойида ташриф буюрди. Улар критик ҳолатдаги беморнинг шифохонага ётқизилиши ва даволаниши мобайнидаги тиббий ходимларнинг ҳаракатлари тўғри бўлгани ҳақидаги объектив хулосаларини бердилар. Тиббиёт нуқтаи назаридан ҳаммаси аниқ-равшан бўлганга ўхшади.

Шифохонага навбатдаги прокуратура комиссияси келиб кетганига роппа-роса бир ой бўлди. Унинг олдига қўйилган вазифа – Жасурбекни операция қилишдан олдин чақирилган шифокорлар консилиумининг натижаларини текшириш эди. Шифохона ходимларининг фикрича, текширувчиларга буни Абдужамил Расулов (шафқатсиз калтаклашдаги бош айбдор – Ислом Тўлагановнинг отаси) маслаҳат берган. “Фарғона” шуни аниқладики, илгари Расулов Тошкентнинг Олмазор тумани прокурори бўлган, ҳозирда эса адвокат бўлиб фаолият юритади, унинг хотини Зумрад Мамбетова ҳам адвокат. Айнан Расулов ўзининг собиқ ҳамкасбларига мурожаат қилиб, 2-болалар шифохонаси врачларининг “нотўғри” хулоса чиқарганидан шикоят қилган.

Энди прокурорлар врачлар билан “ўз” ҳудудларида учрашишни хоҳлаб қолишган. Болалар врачи бу ерда вақтини совураётган пайтда ўнлаб ёш беморларнинг ёрдамсиз қолиши эса уларни қизиқтирмайди.

Шифохона бош врачининг ўринбосари Тоҳир Ҳасанов ўша куни оғир беморни шахсан қабул қилганлардан биридир (Жасурбекнинг ўта жиддий жароҳат олгани ва ҳушида эмаслигини ҳисобга олиб, уни одатдагидай травмотология бўлимига эмас, балки дарров реанимацияга ётқизиш қарор қилинган). Бемор олиб келинганидан икки кун ўтиб, уни операция қилганлар орасида болалар хирурги Евгений Бутохченко ва Норбутай Қурбоновлар бўлишган. Айнан шу тиббий муассасада Жасурбекни дастлабки иккита операциядан ўтказишган, умумий ҳисобда у беш марта операция қилинган. Прокуратурага “суҳбатга” чақирилган врачлардан яна бири – Ҳотам Файзиев, - Ибрагимов келганининг иккинчи кунида навбатчилик қилган ва уни текширишда қатнашган. Реанимация бўлими мудири Маҳфуза Абдуллаеванинг нимага чақиртирилгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади: у ўша кунги воқеалар марказида бўлган. Айнан шу мутахассислар шошилинч ёрдам бергани учун боланинг онаси Нилуфар Алиева кўзида ёш билан миннатдорчилик билдирган эди.

Аммо прокуратурада хирург Ҳасановга айтишларича, у Алиева билан суҳбатда Жасурбек олган жароҳатлар ҳақида “нотўғри” фикрлар билдиргани (уларни битта одам эмас, балки бир нечта одам етказганини айтгани) сабабли, боланинг онаси воқеанинг бошқа версияларини қабул қилмаслигига сабабчи бўлган. Масалан, Абдужамил Расуловнинг версиясини қабул қилмаяпти. Унга кўра, Жасурбек “бор кучи билан югуриб келиб, Ислом ҳимояда турганида келиб урилган”. Бу версиянинг бўлмағур эканини кейинчалик Миробод тумани ИИБда ҳам тасдиқлашди.

Бу ҳақда ҳалок бўлган боланинг онаси шундай дейди: “Врачлар менинг тахминимни тасдиқлашди: ўғлимни бир неча киши ҳар томондан урган. Унинг ўзи ҳушига келганида менга айтувди, биринчи зарбадан кейин йиқилган, кейин ўрнидан турмоқчи бўлиб, тиззада турган, шу пайтда ҳар томондан тепкилаб ташлашган, кейин ҳушидан кетган”.

Прокурорларнинг айрим саволлари эсанкиратиб қўяди. Масалан, реанимация мудири Маҳфуза Абдуллаевадан нимага Ибрагимов реанимацияда ётганида унга оғриқни қолдирувчи укол қилганини сўрашган. “Кечирасиз-у, мен хирург эмас, реаниматолог-анестезиологман. Бола оғриққа чидай олмаётганди, унинг дардини енгиллатиш учун оғриқни қолдирувчи укол қилиш – бу менинг вазифам”, - деб жавоб берган Абдуллаева.

Нега терговчилар бошқа бир нарсани сўрамаяпти? Бегона одам – Абдужамил Расулов қандай қилиб реанимация бўлимига кирган ва у ерда нима қилган, нима деган, нималарни сўраган? Абдуллаев ундан болага ким бўлишини сўраганида Расулов унинг бобоси эканлигини айтиб, алдагани бутун жамоатчиликни ғазабга солди. Кейинчалик ёлғон фош бўлгач, врачлар ундан нега бундай виждонсизлик қилгани, нега ўз ўғлининг қурбони ётган палатага киргани ҳақида сўрашган. Савол жавобсиз қолган.

Дарвоқе, бир ойдан олдинроқ ҳам Маҳфуза Тўлқиновнани прокуратурага чақиришган эди. Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, врачни Жасурбек Ибрагимовнинг “фош қилувчи” суратлари юзасидан қаттиқ сўровга тутишган. “Нимага суратга олдингиз?” – деб терговчи қатъий оҳангда сўраган. – Нима мақсадда?”. Абдуллаева бамайлихотир жавоб берган: “Билмадим, аммо нимадир шундай қилишга ундади, кўнглим сезган шекилли”. Унинг шарофати билан Жасурбекка бир неча киши ваҳшийларча ҳужум қилганининг ҳужжатли далили бор.

Бошқа ҳақиқат йўқ

“Гуруҳ бўлиб амалга оширилган жиноятнинг шундай ишончли исботи борлигидан терговчилар қайтага хурсанд бўлиши керак, ахир тергов иши енгиллашади, - деб фикр юритмоқда тиббий муассаса мутахассислари. – Боланинг танасидаги бу аниқ-тиниқ излар бир неча киши калтаклаганига гувоҳлик беради, буни барча мутахассислар тасдиқламоқда. Аммо барибир айбни шошилинч ёрдам кўрсатган врачларга тўнкашмоқчи. Бундан мақсад, жамоатчилик эътиборини муштлашувнинг асосий иштирокчиларидан чалғитишдир. Ҳаттоки агар врачлар қаердадир адашган ва вақтни бекорга ўтказиб юборган деган фикр пайдо бўлса ҳам, бу эътирозни 1-болалар (Юнусободдаги собиқ 5-сонли) шифохонасига билдириш лозим. Улар ҳаёти қил устида турган болани нима сабабдан қайтариб юборишган? Улардаги госпитализация ва даволаш шароитлари ҳам худди биздагидек бўлса? Ўсмирнинг ҳолати ва ўлимга олиб келувчи жароҳатларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, зудлик билан реанимацияга ётқизиш керак эди. Мутахассис бўлмаганларга ҳам шу нарса аёнки, Ибрагимовда бўлгани каби ички органлар ёрилган ҳолларда организмнинг бузилиши ва тўқималарнинг йиринглаши бир неча маротаба тезлашиб кетади”. Жасурбекнинг онасига кўра, “тез ёрдам” келганидан бошлаб, болани 2-шифохонанинг реанимациясига ётқизгунча икки соатдан ортиқ вақт ўтган …

Прокуратурага чақирилган шифокорларнинг сўзларига кўра, улар Жасурбекнинг иши бўйича ҳар гал битта воқеани сўзлаб беришмоқда, чунки бошқача бўлмаган. Бу сафар уларни бир нарса ҳайратда қолдирди ва сергаклантирди: сўров пайтида прокурорлар профессионал тиббий терминларни бемалол ишлатишаётган эди. Масалан, нега врачлар операция пайтида лапароскопиядан фойдаланмаганини сўрашган (бу хирургиянинг замонавий усули бўлиб, унда ички органларнинг мураккаб бўлмаган операциялари кичкина тешик орқали қилинади, аммо анъанавий хирургияда кесик жой катта бўлади. – муаллиф изоҳи).

“Прокурорлар тиббиётга хос терминларни қаердан билади? Шуниси равшанки, уларга кимдир ўргатган ва ўша одамнинг хирургияга алоқаси бор. Бу 16-шифохонанинг (ҳозирда РШТЁИМ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази) ходимлари бўлса керак, улар ўзларидан соқит қилиш учун шундай қилган бўлиши мумкин: уларнинг бир мутахассиси бизнинг муассасада Жасурбекнинг энг мураккаб операцияларидан бирида қатнашган эди. Аниқ тасдиқлай олмаймиз, аммо буни прокуратура томонидан РШТЁИМ ходимларига нисбатан муайян босим деб баҳолаш мумкин, чунки кейинги операцияларда ва умрининг охирги кунларида бола ўша ерда эди. Аммо бир нарса аниқ: ўсмирнинг ўлимига олиб келган гуруҳ бўлиб қийнаш фактини терговчилар хаспўшлашга ҳаракат қилмоқда. Терговнинг нохолислигини тан олгандан кўра, бўлиб ўтган воқеада врачларни айбдор қилган осонроқ”, - дейишди “Фарғона” суҳбатдошлари.

Нега терговчилар ҳалок бўлган боланинг онаси билан учрашмаяпти?

Прокурорлар билан учрашувда шифокорлар уларга Жасурбекнинг онаси билан учрашиб, ҳамма нарсага аниқлик киритиб олишни маслаҳат беришган. Аммо назорат органига фарзандини йўқотган онаизор айтадиган ҳақиқатнинг кераги йўқ шекилли. Ўғлини даволаган тиббиёт ходимларига нисбатан бу аёлнинг ҳеч қандай эътирози йўқ, ҳамма эътирозлар тергов томонидан чиқмоқда, аммо улар бу эътирозлар марҳумнинг оиласидан чиққандек қилиб кўрсатишга уринмоқда.

Нилуфар Алиеванинг ўзи текширув ўтказишга мажбур бўлди ва унинг натижалари ҳақида президент Шавкат Мирзиёевнинг номига ёзган очиқ хатида сўзлаб берди. Шундан сўнг матбуотда ва ижтимоий тармоқларда кўтарилган ғазаб ва қаттиқ танқиддан кейин терговчилар ҳаракатга тушиб қолишди.

Жиноят ишида битта жиноятчи эмас (тергов органлари ҳозир ишни шу тарзда кўрсатишмоқчи), балки олти кишининг номи бўлиши кераклигини жамоатчилик талаб қилди. Жасурбекнинг онасига кўра, унинг ўғлини калтаклашда иккинчи курс талабалари Ислом, Ўлмас, Тимур, Бегзод ва учинчи курс талабалари Тимур ва Ҳурмат қатнашган. Улар илгари ҳам бир неча марта бошқа талабаларга зўравонлик қилишган, аммо ҳар гал сувдан қуруқ чиқишган. Қизиғи, бу факт кейинчалик шаҳар ИИБ томонидан тасдиқланди.

“Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси, май ойининг бошида курсдошлари томонидан калтакланган ва бир ойдан сўнг вафот этган Жасурбек Ибрагимовнинг ўлимида айбдорларнинг ҳаммаси жазоланади”, - деб ваъда берди 4 июнда Дўстлик (собиқ Бобур) паркида йиғилганларга Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев. У Ўзбекистон ИИВга ёзилган мурожаатни имзолашга келган фуқаролар билан учрашиш учун атайлаб шу паркка келди. Бу мурожаатда айбдорларни аниқлаш ва жазолаш талаб қилинган эди.

Аммо ваъда қилинган “адолатли тергов” ва “ҳамма айбдорларни аниқлаш” ўрнига терговчилар бутунлай бошқа йўлдан кетишга қарор қилди. Адолатли тергов ўтказилишини ва вояга етмаган жиноятчиларни жазолашни талаб қилган ўта ташаббускор фуқаролар билан паркда бўлиб ўтган ўша учрашувдан сўнг бу фуқароларни битта-битталаб тегишли органларга чақиришди. Бу ерда уларга ўта фаол бўлишнинг оқибатлари борлиги ҳақида огоҳлантириб, “жим ўтириш” ҳақида ёзма розилик беришга мажбур қилишган.

Ўша кунлари Фейсбукдаги “Добрый ангел мира.UZ” гуруҳида тегишли ёзув ҳам пайдо бўлди: “Энди биз фақатгина Жасурнинг ота-онасини эмас, балки уларнинг оиласини ҳимоя қилганларни ҳам қўллаб-қувватлашга мажбурмиз!”.

Ҳукмни кутиб

18 ёшли Жасурбек Ибрагимовнинг ўлимидан бери икки ойдан кўпроқ вақт ўтди. Бош прокуратура ва ИИББ бу шов-шувли жиноят ишининг натижаси ҳақида жамоатчиликка мунтазам хабар бериб туришни ваъда қилган бўлса ҳам, бу вақт оралиғида тергов юзасидан ҳеч қандай самарали иш сезилмади, ҳеч қандай хабар берилмади. Аммо кўриб турибмизки, врачларга босим ўтказилаётгани ва “Жасурбек иши” бўйича холис ва адолатли тергов ўтказилишига чақирган кампаниянинг фаол ва кўзга ташланган қатнашчилари билан муайян ишлар олиб борилганига қараганда, тергов ишлари тўхтаб қолгани йўқ.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги