06:59 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ўзгаришлар иллюзияси ва инвесторлар учун хатарлар – Фарғона вилояти мисолида

08.08.2017 20:48 msk

Аарон Бергман

Суратда – Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев

“Ўзбекистонда илоҳотлар бошланди”, - дея мамлакат оммавий ахборот воситалари жар солмоқда, уларга Россия матбуоти ва минтақа билан шуғулланадиган хорижий матбуот жўр бўлмоқда. Ҳақиқатан ҳам, биринчи президент Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин эски янги ҳукумат иқтисодиётнинг либерализацияси, режимнинг юмшатилиши, халқ манфаати йўлида коррупция ва амалдорларнинг ўзбошимчалигига қарши курашиш ҳақида гапирмоқда. Барча даражадаги виртуал қабулхоналар, яъни шикоят қилиш учун “порталлар” очилди. Янги президент Шавкат Мирзиёев бир неча марта қаттиқ танқид қилган прокурорлар, судьялар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса тавба қилиб, халққа содиқлигига қасам ича бошлади. Айрим ёқимсиз орган раҳбарлари ва амалдорлар лавозимдан бўшатилди, айримларига нисбатан жиноий иш очилди.

Ўзгаришлар ва либерализация қанчалик ҳақиқат? Ўзбекистон расмийлари ислоҳотлар учун нималарга тайёр? Бу саволларга аниқ жавоб йўқ. Аммо эътибор бериш лозим бўлган фактлар бор.

Биринчидан, шуни эсда тутиш лозимки, Ислом Каримов бошқарувининг охирги ўн уч йилида ҳозирги президент бош вазир бўлган – мамлакатдаги иккинчи шахс бўлган. Аммо шу билан бирга Мирзиёев ҳеч қачон ташаббус кўрсатмаган ёки бозор иқтисодиётининг тарафдори бўлмаган. Аксинча, бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усулида иш юритган. Бунинг исботи сифатида қуйидагиларни эслашнинг ўзи кифоя: мажбурий пахта кампаниялари, йирик корхоналарда касаначилик тизимини мажбуран татбиқ этиш, йирик саноат корхоналарида ёрдамчи хўжаликларнинг мажбурий ташкил этилишига оид кўрсатмалар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектларини турли фондларга маблағ ажратишга мажбур қилиш (болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Маҳалла” ва шу кабилар). Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятида ҳоким бўлган даврида (2001-2003 йиллар) Россиянинг “Балтимор” агросаноат холдингининг иккита заводи ноқонуний тарзда олиб қўйилган эди (кейинчалик вазиятни тартибга солишди), бунинг сабаби худди шу – хайрия фондларига маблағ ўтказмаслик бўлган. Мирзиёев янги лавозимга, давлатнинг олий мансабига келганидан сўнг қабул қилган айрим қарорлари ҳам унинг бозор иқтисодиётининг ишлаш механизмларини тушунишига шубҳа туғдиради. Жумладан, товуқ боқиш борасидаги ташаббуси натижасида маҳаллий ҳокимият вакиллари аҳоли учун товуқ сотиб олишни тадбиркорларга мажбуран юклади. Истеъмол кредитларининг ҳажмини ошириш бўйича ташаббуси натижасида жойлардаги амалдорлар банк филиаллари бошқарувчиларидан талаб қилиб, кредит олишни уйма-уй юриб, таклиф қилдира бошлашди. Аслида эса ҳеч қандай эволюция кўринмаяпти, маъмурий-буйруқбозлик тизимидан воз кечилмаган, расмийлар ҳам бозор иқтисодиётининг ишлаш механизмларини тушунмаслиги кўзга ташланиб қолмоқда.

Иккинчидан, бозор иқтисодиёти институтларининг ишини ташкил қилиш, мустақил судларни яратиш юзасидан ҳеч қандай ҳақиқий чоралар кўринмаяпти. Ҳозирча фақат мавжуд структуралар номини ўзгартириш ва давлат аппаратини кенгайтириш кетмоқда. Янги бюролар, комиссиялар, қўмиталар ташкил этилмоқда, янги мансаблар очилмоқда. Масалан, Бош прокуратура қошида коммунал тўловларни ундириш юзасидан алоҳида бюро ташкил этилди. Суд ижрочиларининг иш механизмини такомиллаштириш ўрнига, чексиз ҳуқуқларга эга коллектор агентлиги тузилмоқда. Виртуал қабулхоналар (“порталлар”) ташкил этилиши натижасида марказий ижроия ва қонун чиқариш ҳокимияти бўғзигача шикоятларга ботди, бу шикоятларнинг аксарияти оддий чақув ёки шахсий илтимослардан иборат. Амалдаги ҳокимият институтларининг (суд, прокуратура, ижроия органлари) самарасизлиги шикоятлар оқимини туғдирмоқда, уларни кўриб чиқиш учун эса жойларда алоҳида халқ қабулхоналари ва вертикал бўйича янги лавозимлар тузилмоқда, булар президент аппаратидан тортиб, маҳаллий ҳукумат органларигача қамраб олмоқда. Буларнинг ҳаммасига маблағ сарфланмоқда.

Виртуал қабулхонага чақув юбориш ҳам шантаж воситасига айланди, ундан рақобатчиларга қарши курашиш ёки фирибгарлик учун фойдаланилмоқда. Чунки, қонунчиликка ва ижроия ҳокимияти органларининг қарорига кўра, ҳар битта мурожаатга жавоб бериш шарт. Ислоҳотлар натижасида мавжуд институтларнинг самарадорлиги ошиш ўрнига, маъмурий-бюрократик аппарат кенгайиб, чақувлар сони ошиб кетди.

Учинчидан, кадрлар тубдан янгиланмади. Янги тайинланганлар ичида бирорта ҳам бозор ислоҳотларининг тарафдори йўқ. Кўпинча Ислом Каримов даврида юқори лавозимда бўлган, аммо айрим сабабларга кўра ишдан бўшатилганлар тайинланмоқда. Бу сабабларнинг рўйхатига бозор иқтисодиётига ва ижтимоий тараққиёт ғояларига тарафдорлик кирмайди. Аммо худди эски даврлардагидек, тайинлаш ёки олдинги юқори лавозимда қолдириш учун шахсан содиқлик ҳисобга олинмоқда.

Тўртинчидан, мамлакат вилоятларида, жойлардаги вазият жиддий ўзгаргани йўқ. Айнан шу жойларда бошқарувнинг буйруқбозлик усули кўзга ташланади. У ерларда режим Тошкентдагига қараганда анча қаттиқ бўлиб, Тошкент билан вилоятлар умуман бошқа-бошқа юрисдикциялар каби тасаввур уйғонади. Вилоят раҳбарлари алмашгани билан бошқарув ўзгармади, айрим ҳокимлар эса лавозимда қолди, бунга янги президентга нисбатан ўта содиқлик сабаб бўлган бўлса керак.

Бизнинг нуқтаи назаримизга кўра, бизнес иқлимини яхшилаш ниқоби остида ислоҳотларни имитация қилишдан мақсад Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилишдир. Инвестицион иқлим ҳақиқатан ҳам яхшиланганми-йўқми, бу минтақада инвесторларни қандай “сюрпризлар” кутаётганини Фарғона вилояти мисолида таҳлил қиламиз.

Ўзига хос регион

Фарғона вилояти – эҳтимолки, Ўзбекистонинг ҳар иккала президенти учун ўзига хос регион ҳисобланади: бу ердаги Қувасой шаҳри Ислом Каримов рафиқасининг ватанидир, Қўқонда эса Шавкат Мирзиёевнинг хотини туғилган. Бундан ташқари, Фарғона вилояти – мамлакатда Тошкентдан кейин саноати энг ривожланган региондир, у ерда бир нечта жуда муҳим корхоналар жойлашган бўлиб, улар Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ва инфраструктураси тараққиётига улкан ҳисса қўшади ва аҳолининг бандлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ижтимоий даражадаги муҳим ҳисобланади.

Вилоят маркази Фарғона шаҳри архитектура, инфраструктура ва коммуникациялар бўйича Фарғона водийсидаги энг европалашган шаҳардир. Водийнинг бошқа шаҳарларига қараганда у ерда электр энергияси камдан-кам ўчади, бошқа жойларда энергоресурслар вазиятини фожиали деб аташ мумкин. Фарғонада уй-жой қурилишининг ҳажми кичкина эмас, шаҳарни 2030 йилгача реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Фарғонанинг афзалликларидан бири сифатида нисбатан юмшоқ иқлимини келтириш мумкин, у ерда Тошкентга қараганда қишда илиқроқ, ёзда эса салқинроқдир.

Шунга қарамасдан, Фарғона вилоятида ҳам Ўзбекистоннинг аксарият вилоятларига хос бўлган муаммолар жуда кўп. Фарғона ва Қувасойдан ташқари деярли ҳеч қаерда газ берилмайди, совуқ пайтда электр энергиясини кунига бир неча соатга ёқишади, ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори. Қувасой алоҳида туради, чунки бу ерда учта йирик саноат корхонаси жойлашган: давлат тасарруфидаги “Кварц” шиша заводи ва хусусий хорижий бизнесга тегишли иккита завод – “Қувасойцемент” АЖ ва “Қувасойшифер” АЖ. Бу корхоналар биргаликда 4000 нафардан ортиқ кишини иш билан таъминлайди, уларнинг ҳиссасига маҳаллий ва республика солиқларининг йирик қисми тўғри келади.

Бажарилиши шарт

Мажбурий тўловлардан ташқари бизнесга оғзаки мажбуриятлар қўйиш Каримов даврида ҳам бор эди, Мирзиёев даврида ҳам қолди. Барча корхоналар, жумладан, хориж капитали иштирокида тузилганлари ҳам ҳар кузда ўз ҳисобидан пахта теримига одам жўнатиши шарт, бунда иш ҳақи сақланиб қолади, яъни аслида улар фермерларнинг харажатини тўлайди. Пахтага одам юбориш талабини расман бажармаса ҳам бўлади, аммо у ҳолда кўнгилсизликларга тайёрланиш лозим.

Йирик корхоналар далага юзлаб одам юбориш, ўз ҳисобидан уларни озиқ-овқат, ётаржой буюмлари билан таъминлаш ва айрим ҳолларда уларнинг тураржой ижарасини тўлашга мажбурланади. Буғдой ўрими даврида корхоналар фермерларга транспорт бериш, уларга ўз ҳисобидан ёқилғи қуйишга мажбур.

Балансида транспорт бор бўлган бизнес субъектлари, вақти-вақти билан уларни турли байрамларни ўтказиш учун шаҳар ва вилоятга бериб туришга мажбур. Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида Қувасойда давлатга тегишли бўлмаган бир нечта корхона зиммасига уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, фуқароларнинг хусусий мулки бўлган уйларни ўз ҳисобидан таъмирлаш юклатилган. Тошкентда эса уйларни ТСЖ орқали шу ерда яшовчилар таъмирлайди.

Раҳбариятга, шу жумладан, хорижликларга нисбатан қўпол муносабат

Маҳаллий расмийларнинг корхоналар раҳбариятига, жумладан хорижликларга нисбатан муносабатини қуйидаги мисолларда кўриш мумкин

2014 йилнинг ёзида “Қувасойшифер” АЖга Қувасой ҳокими билан бирга вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ташриф буюрди. Меҳмонлар ўзи билан олиб келган бир кишини ходимларга заводнинг янги директори сифатида таништиришди. Улар заводга эгалик қиладиган хорижий инвесторга қўнғироқ қилиб, ўзларининг одамини директор қилиб тайинлашни ультиматив талаб қилишди. Хорижлик буни қатъий тарзда рад этиб, бироз вақтдан сўнг бошқа одамни директор қилиб тайинлайди. Аммо маҳаллий ҳокимият вакилининг пайдо бўлиши ва “ўзининг” одамини тайинлашга ҳаракат қилиши рейдерчасига қўлга олишга уринишга ўхшайди.

Яна бир ғаройиб воқеа. 2014 йилнинг кузида “Қувасойшифер” ишлаб чиқаришни тўхтатди, бунга сабаб сифатида қўшни “Қувасойцемент” АЖдан трубопровод транспорти орқали цемент етказиб беришда келишувга эришилмагани кўрсатилди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев кучишлатар тузилмаларнинг вакиллари ҳамроҳлигида “Қувасойшифер”га етиб келиб, “Қувасойцемент”нинг бош директори – Россия фуқаросини ҳузурига чақиртирди ва сўкина бошлади, дарров қўлига кишан солиб, подвалга тиқишини айтди. Кейин 15 дақиқа ичида трубопроводни тиклашни талаб қилди.

Илгарироқ, 2013 йилда, заводнинг бош директори Германия фуқароси бўлганида, ҳоким уни кечаси соат иккида чақиртириб, ҳар хил нарсаларни талаб қиларди, масалан, қишлоқ жойларида уйлар қуриш лойиҳаси доирасида қурилган уйларни сотиб олишни талаб қиларди.

Бошқарувга тўғридан-тўғри аралашув

Фарғона вилоятидаги амалдорларнинг ҳаёти мажлисларда ўтади. Бу мажлислар эрталаб еттиларда бошланиб, ярим кечаси тугайди, чунки охиргисига 23:00да йиғилишади. Бундай мажлисларда барча турдаги, жумладан, хорижий корхоналарнинг биринчи шахслари қатнашиши талаб этилади. Агар биринчи раҳбар келмаса, милицияни жўнатилади, милиция эса уни сутканинг исталган вақтида олиб келиши шарт. Бир йил давомида “Қувасойцемент”ни бошқарган Германия фуқаросини шунақа мажлисларга кўп марта ва асосан тунда чақиришган.

Ўз-ўзидан маълумки, корхона раҳбарлари бемаъни тунги ёки тонгги бедорликдан қочишга ҳаракат қилади, бундай мажлисларда одатда мавзунинг тутуруғи бўлмайди, лоақал уларнинг корхонага ҳеч қандай қизиғи йўқ. Бирмунча вақтдан сўнг биринчи раҳбарнинг йўқлиги ҳокимнинг ғашига тега бошлайди ва уни лавозимдан четлатишга ҳаракат қилади. Лавозимдан бўшашни талаб қилиб, амалдорларни юборади, соҳа вазирликлари/ассоциацияларга хат ёзиб, ўзига ёқмай қолган директорнинг ишдан бўшатилишини талаб қилади.

Давлат амалдорларида корхона раҳбарларини ишга олиш ёки бўшатиш ваколати йўқлиги сабабли, улар инвесторларга психологик тазйиқ ўтказишни бошлайди ёки Ташқи миграция агентлигидан хорижий раҳбарнинг Ўзбекистонда ишлаш рухсатномасини олиб қўйишни талаб қилишади. 2012 йилдан бошлаб “Қувасойшифер” ва “Қувасойцемент”да айнан вилоят ҳокимининг тазйиқи остида бир неча марта директор алмашди.

Ишга олиш юзасидан босим

Фарғона вилоятида жойлашган йирик корхоналар маҳаллий расмийлар учун “соғин сигир”гина эмас, балки бандлик муаммоларининг ечими ҳамдир. Улардаги ходимлар сони собиқ совет иттифоқи давлатларида ишлаётган бир хил қувватли корхоналарга солиштирганда, бир неча маротаба кўп. “Қувасойцемент”да ходимлар сонига талаб 600-700 нафар бўлишига қарамасдан, 1700 киши ишлайди, “Қувасойшифер”да 400 киши керак, аммо 800 киши ишлайди.

Ишчилар ҳаддан ташқари ортиқчалигига қарамай, амалдорлар турли йўллар билан раҳбарларга тазйиқ ўтказиб, ишчилар сонини оширишни талаб қилади. Масалан, 2017 йилнинг бошида Фарғона вилояти ҳокими Қувасойда мажлис ўтказиб, “Кварц” АЖ, “Қувасойцемент” АЖ ва “Қувасойшифер” АЖга ўнлаб одамларни ишга олишни талаб қилди. Мажлисда прокуратура ходимлари, милиция ва “жамоат вакиллари” қатнашишди. Ғаниев корхона раҳбарларини ўрнидан турғизиб, сўкарди, “жамоат вакиллари” эса уни олқишлашарди.


“Қувасойцемент” АЖ

Эртаси куни вилоят ҳокимлигининг вакиллари ишга кирмоқчи бўлган оломон билан заводларнинг дарвозасига келиб, кескин тарзда уларни қабул қилишни талаб қилишди. Бу одамлар виртуал ва халқ қабулхоналарига хат ёзиб, моддий аҳволи ёмонлиги сабабли шундай талаб қўйишган эди. Ҳокимиятда рўйхат тузиб, улани заводларга тақсимлашган, бунда уларнинг малакаси ва олдинги меҳнат стажига эътибор берилмаган. Шу йўсинда уларни ишга олишга раҳбариятни мажбурламоқчи бўлишган.

Бундай шароитда ишчилар сонини оптимизация қилишни орзу қилмаса ҳам бўлади. Региондаги инвесторлар деярли ҳар бир ишламаётган ходимни таъминлашга тайёр туришлари керак.

Кўча популизми, тартибсизлик ва иш ташлашлар

Фарғона вилоятининг аксарият йирик корхоналари совет саноатининг хусусийлаштирилган етакчиларидир. Уларда ҳали ҳам советча намунадаги коллектив шартномалар ишлатилади, унда барча турдаги имтиёз ва тўловлар, ҳаттоки Тошкентда тасаввур қилиб бўлмайдиганлари киритилади. Бу шартномаларга кўра, Қувасойдаги корхоналар камида қуйидагиларга мажбур:

- ишчиларни иш жойига ва уйига олиб бориш учун транспорт билан таъминлаш;

- бепул овқат билан таъминлаш;

- ишчилар ва уларнинг оила аъзоларининг профилакторийларда бепул даволанишини таъминлаш;

- ҳар кузда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун пул ажратиш;

- корхона пенсионерларига ҳар байрамда пул тўлаш;

- давлат, касбий ва бошқа байрамларда бепул дастурхон ёзиш;

- ходимларнинг барча фарзандларига бепул мактаб формаси, болалар лагерида бепул дам олиш, яна уларни кепка, майка, спорт кийимлари билан таъминлаш;

- иш ҳақининг юқори даражада бўлишини таъминлаш, вилоят бўйича ўртачадан деярли уч баравар ва пойтахтга қараганда икки баравар кўпроқ қилиш;

- ишдан ҳайдашлар, жумладан, меҳнат интизомини бузганлик учун ҳайдаш фақат касаба уюшмаси қўмитаси розилиги билан бўлади, бунда профком ишдан бўшатишни рад этиш сабабини келтириши шарт эмас.

Зара келтирадиган бундай коллектив шартномалардан хиёл четга чиқилса, дарҳол корхона ҳудудида иш ташлашлар, исён ва тартибсизликлар келиб чиқади ва коллектив ёзма чақувлар тузилади.

Аммо исён ташкиллаштириш ва чақув ёзиш ишлари фақат коллектив шартнома бузилгандагина бўлмайди. Масалан, корхона ишчиларида шундай ишонч борки, пенсияга чиққанларида уларнинг ўрнига фарзандларини қабул қилишлари шарт.

Сўнгги беш йил ичида “Қувасойцемент” ва “Қувасойшифер” ҳудудида бир нечта йирик тартибсизлик бўлиб ўтди. Жумладан, 2012-2013 йилларда “Қувасойцемент”да хавфсизлик хизмати бошлиғининг маоши юқори бўлгани сабабли маъмурият вакиллари калтакланган. Яна бир марта менюга товуқ гўшти қўшилгани сабабли тартибсизлик юзага келган. Муайян “обрўли” ходимларнинг ишдан бўшатилиши муносабати билан бир нечта муҳокама бўлиб ўтган. Ишлаб чиқаришнинг мавсумий камайиши ортидан “Қувасойшифер”да ходимларнинг ўз ҳисобидан таътилга чиқарилиши натижасида мунтазам равишда тартибсизликлар бўлиб туради.

Бу жараёнларга расмийлар қўшилмайди, аксинча улардан популизм учун фойдаланишади ва халқнинг кўз ўнгида очко ишлаб олишга ҳаракат қилишади. Ходимлар сонини қисқартириш ва ишчиларни бўшатиш ҳаддан ташқари қийин. Меҳнат интизоми бузилгани учун ҳайдалганлар ҳам судга мурожаат қилишади, судлар эса аксарият ҳолларда даъвогарнинг тарафини олади. Ўғирликда қўлга тушганларни ҳам ишга қайта тиклаш ҳоллари бўлган. Меҳнат интизомини ўта қўпол равишда бузган айримлар эса президент маслаҳатчисининг “халқ қабулхонаси”га ташриф буюргандан сўнг ишга қайта тикланган. Бундай қабулхоналарга борганлар одатда кўзёш тўкиб, ночор аҳволдалиги ва эртага очдан ўлишини айтишади.

Вилоят расмийлари инвесторларга босим ўтказиш учун популизм йўлидан юришига яна бир воқеа мисол бўла олади. Ўз вақтида “Қувасойцемент” соҳиблари миноритар акционерлардан акциялар пакетини юқори нархда сотиб олишган эди. Бу битимдан бир неча йил ўтиб, 2012 йилда “Қувасойцемент” собиқ бош директори Сергей Денещукка нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Денещук Қозоғистонга кетишга улгурди ва ҳали ҳам қидирувда ҳисобланади. Унга тақалган айблардан бири бу миноритар акционерларни алдаш ва акцияларни сотиб олиш пайтида уларга босим ўтказиш айби бўлган. Тергов ишлари кетаётганида прокуратура ходимлари ўз акцияларини сотган миноритарийларга битта намунадаги аризани беришган, бу аризада Денещук уларни алдагани айтилган ва акцияларни қайтариш сўралган эди. Шундан сўнг суд битимни ҳақиқий эмас деб топади. Илгари акцияларини сотган барча миноритарийларга депозитарий орқали маблағ қайтарилган, аммо улардан акцияларни сотишдан тушган пуллар сўралмади. 2014 йилда бўлиб ўтган суд мажлиси пайтида инвесторларнинг адвокатларига нисбатан оломон таҳдид солган, айримлар ҳаттоки қўлига тош ҳам олган.

Ўзбекистон расмийлари сиёсий мақсадлардаги ёки давлатдан норозилик сабабли юзага келадиган тартибсизликларга ўта тезкор ва шафқатсиз муносабатда бўлади. Аммо инвесторларни, айниқса хорижликларни “халқ ғазаби”дан ҳимоя қилмайдилар. Инвесторларга ўзини ҳимоя қилиш осон бўлмайди, чунки Ўзбекистонда хусусий қўриқлаш фаолияти қонунан тақиқланган.

Пировард натижада нима бўлди?

Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифидан сўнг ҳоким Шуҳрат Ғаниев ўз мансабида қолди. Унинг ўз мансабини суиистеъмол қилгани ҳақадиг кўплаб фактлар ва матбуот ҳамда Интернетга чиқиб кетган компромат ҳам иш бермади. Унинг сўконғичлиги ва қўполлигини кечиришди. Аммо гап фақат унда эмас. Вилоятлардаги расмийлар ҳамма ерда деярли бир хил тамойилда ишлайди. Ҳокимлар ҳисобот бериши керак, Тошкентдан келган молиявий асосланмаган ташаббусларни амалга ошириш учун пул ундириши керак, айбдорларни топиши ва жазолаши керак, айбларни эса хўжалик субъектлари раҳбарларига тўнкаш осонроқ. Ҳокимлар чексиз кўзёшли илтимослар ва чақувларга жавоб бериши керак, улар тўхтовсиз равишда виртуал қабулхоналарга оқиб келмоқда.

Хорижий инвестор маҳаллий ҳокимият билан шахсий муносабат ўрната оладими? Ўрната олади, аммо бунинг фойдаси йўқ. “Қувасойцемент” собиқ бош директори Сергей Денещук вилоят расмийлари билан жуда илиқ ва норасмий муносабат ўрнатган эди, аммо охир-оқибат жиноят иши очилиб, корхонага нисбатан улкан молиявий санкциялар қўлланди. Ҳатто унинг директорлик даврида корхона хайрия жамғармаларига йирик маблағлар ўтказгани ва шаҳар билан вилоятга жуда катта ҳажмда ёрдам кўрсатгани ҳам ёрдам бермади.

Фарғона вилоятида регионга жиддий ёрдам кўрсатган ва вилоят раҳбарияти билан шахсий муносабат ўрнатган бир нечта йирик бизнес вакиллари бор. Аммо улар ҳам муаммолардан қутула олишмади.

Ўзбек расмийлари популизм йўлидан юриб, ижтимоий оғирликни бизнес субъектларига юклашади. Улар корхоналарнинг активларининг қадр-қимматини тушириб юбориб, уларга жиддий зарар етказиши ва банкротликкача олиб келиши мумкин. Ишчилар сонининг ошиб кетиши натижасида “Қувасойшифер” банкротлик ёқасига келиб қолди. Корхонани 2011 йилда сотиб олган покистонлик инвестор уни 2017 йилда бошланғич инвестицияга солиштирганда арзимаган пулга сотишга мажбур бўлди. Бу активнинг қиймати тушиб кетишига ходимлар сонининг (ишга олинганлар миқдорининг) ҳаддан зиёд ошиб кетиши ягона омил эмас эди, аммо энг муҳими бўлди.

Бу мақолада тавсифланган хатарлар ҳаттоки энг истиқболли бизнес-лойиҳани ҳам барбод қилиши мумкин, айниқса уни Фарғона вилоятида амалга ошириш кўзда тутилган бўлса.

Аарон Бергман

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама