06:59 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Янгийўл мактабидан чиққан жинсий зўравон жазосиз қоладими?

07.08.2017 09:53 msk

Ўз мухбиримиз

2017 йил баҳорида ўн ёшли Денис Безъязичнийнинг онаси ўғлининг орқа пешоби бўшашиб қолганини сезди. Тошкент болалар касалхонасидаги проктолог болани кўрикдан ўтказган заҳоти милиция чақирди. Янгийўл туман ички ишлар бўлимида Денис Акмал деган 15 ёшли ўспирин мактаб хожатхонасида уни беш марта зўрлаганини ёзиб берди. Бироқ милиция билан прокуратура бу ишни шов-шув кўтармай бартараф этиб юбормоқчи бўлдилар, мактаб маъмурияти бунга керакли тарзда ўз муносабати билдирмади, Акмалнинг ота-онаси эса Дениснинг онаси бунақанги “арзимаган иш” бўйича милицияга ариза берганидан аччиқланди.

Ўн ёшли боланинг тарафини олиб опаси Татьяна Фейсбукда шовқин кўтара бошлади ва шундан сўнг “Фарғона” таҳририятига мурожаат қилиб, содир бўлган воқеани кўпчиликка етказишни сўради. Афсуски, на Татьяна ва на унинг онаси Оксана Суд-медицина экспертизаси Янгийўл тумани бўлими билан ёзишмаларидан бошқа ҳеч қанақа ҳужжат тақдим эта олмадилар. Уларнинг айтишича, иш бўйича материалларнинг ҳаммасини милицияга топширишган, бироқ ксеронсхасини олиш хаёлларига келмаган. Шу боис вазиятни фақат уларнинг оғизларидан эшитилган ҳолда ҳикоя қиламиз.

Гулбаҳор поселкаси кичкина

Воқеа Тошкент вилояти Янгийўл туманининг Гулбаҳор поселкасида содир бўлди. Жабрланганнинг онаси Оксана Безъязичная олдин ошхонада ишлаган, ҳозир эса Тошкент халқаро аэропортида зал бўйича навбатчи бўлиб ишлаяпти. “Зал бўйича навбатчи”нинг вазифаси оддий фаррошнинг вазифасидан фарқ қилмайди. У хусусий фирманинг ходими бўлгани боис худди шунақа ишларни бажарувчи аэропорт ходимларига нисбатан икки баробат кам иш ҳақи олади.

Унинг қизи Татьянинг маоши ҳам унчалик катта эмас. Ҳолбуки у Тошкентдаги тўқимачилик фирмаларидан бирида “режим бўйича назоратчи” бўлиб ишлайди.

Оилада эркаклар йўқ: Оксананинг беникоҳ эри, Дениснинг отаси Михаил Кокоша оилани тарк этганига анча бўлган, эҳтимол у айни пайтда бомж бўлиб қолгандир.

Энди Безъязичнийлар педофилликда айблаётган 15 ёшли Акмал оиласи ҳақида сўз юритамиз. Татьянага кўра, уларнинг оиласи ҳам бой эмас, ўз квартираси йўқ, қариндошларининг уйида яшашади. Ўспириннинг отаси Дониёр Ҳасанбоев авторемонтчи бўлиб ишлайди, Настя исмли онаси бир неча ой олдин квартирага пул ишлаб олиш умидида Туркияга чиқиб кетган.

Бу икки оила ўртасидаги муносабатлар яқин кунларгача ёмон бўлмаган. Настя ҳатто Оксана билан аэропортда, фақат бошқа-бошқа бригадаларда ишлашган. Аэропортдаги “Аист” қаҳвахонасида маст бўлиб столларни ағдариб юборгани учун ишдан ҳайдалмаганида, билки ҳозиргача ишлаб юрган бўлармиди. Бу оилаларнинг вакиллари бўлмиш учинчи синф ўқувчиси Денис ва 15 ёшли Акмал Гулбаҳор поселкасидаги №1 мактабда ўқишган.

Ота-она ўртасидаги можаро учун учинчи синф боласи жабрланди

Оксана Безъязычная
Икки оила ўртасидаги тўқнашувлар 2016 йилда бошланган эди. Ёш болалар орасида ўралашиб юришни яхши кўрадиган Акмал Денисга “Ойингни чақириб қўй, меникини ялаб қўйсин”, деб айтган. Бола ўспириннинг гапини онаси ва опасига етказган. Татьяна Акмални олдига бориб нега бунақа гапларни гапираётганини сўраган. Ўспирин уни учта ҳарфли манзилга жўнатиб, бувиси олдиган югуриб борган ҳамда “Дениснинг опаси менга ташланди” деб шикоят қилган.

Безъязичнийларнинг қариндоши Коля амаки Акмалнинг номақбул хулқи борасида бувисига шикоят қилгани борганда, “Оксананинг ўзи айбдор” деган гапни эшитиб қайтган.

Ўшандан бошлаб икки оила ўртасидаги муносабатда дарз пайдо бўлди, Акмал Денисдан қасд ола бошлади. Кунларнинг бирида у Денис синфда ёлғиз қолганини пойлаб кетига қаттиқ тепган. Шунчалик қаттиқ тепганки, боланинг бадани ҳатто кўкариб қолган.

Оксана ва Татьяна мактаб директорига шикоят қилгани келишган. Ўша пайтдаги директор Сайёра Бердибаева Акмални синф раҳбари билан ўз ҳузурига чақирган. Ўспирин Денисга қўлимни теккизмаганман, деган. Бироқ директор унинг ота-онаси мактабга келишини талаб қилган. Улар келган-келмаганини на Оксана ва на Татьяна билади.

Мактаб ҳожатхонасида беш марта зўрлади

2017 йил баҳорида Безъязичнийлар Дениснинг аҳволида ғалати ўзгаришларни сезиб қолдилар. Бола мактабдан тушкун кайфиятда келар, ҳожатхонада узоқ қолиб кетар, стол остига яшириниб олар, йиғларди. Кейин эса орқа пешоби бўшаб қолгани аломатлари пайдо бўлиб қолди. Ташвишга тушиб қолган она нима бўлганини билмоқчи бўлар, бироқ Денис индамасди. 13 март куни она “агар гапира олмасанг ёзиб бер”, деди. Бола қоғозга қуйидагиларни ёзиб берди: “Агар айтсам, Акмал бутун оиламни сўйиб ташлайман, Татьянани эса сени қилгандек қиламан, деб айтди”.

Безъязичнийлар бу гапларга ишонмадилар, бироқ яхши мутахассисни қидира бошладилар. Ваниҳоят Оксана ўғли билан Тошкент шаҳар Мирзулуғбек туманидаги №2 болалар жарроҳлик касалхонасига келдилар.

Оксанага кўра, Денисни проктолог Номоз Қозоқов, бош врач ва яна бир врач кўрикдан ўтказдилар. Улар боланинг орқа пешобида шилинган жойлар ва гематомалар борлигини аниқладилар. Қозоқов юмалоқ ва учбурчак муҳр билан тасдиқланган справка бериб: “Кечирасиз, бироқ мен “02” рақамига телефон қилишим керак. Негаки баччабоз бугун битта болани зўрлаган бўлса, эртага уни тўхтатмасак, у бошқасини ҳам ҳаром қилади”, деб айтди.

Оксана Денис билан уйига етиб бормай туриб уларга милициядан телефон қилишди ва Янгийўл туман ички ишлар бўлимига таклиф қилишди. Шоҳсанам исмли балоғатга етмаган болалар бўйича инспектор №1 мактабнинг ҳозирги директори Азиз акани, Денис ва Акмалнинг синф раҳбарлари ҳамда ўспириннинг ота-онасини чақиртирди.

Шоҳсанам Денисга бир варақ қоғоз бериб бўлиб ўтган ишларни ёзиб беришни сўради. Бола ёзма равишда Акмал уни мактаб ҳожатхонасида беш марта зўрлаганини тан олди.

Жиноий иш қўзғашдан участка инспектори бош тортди

Бундан ташқари Денис бир йил олдин унинг дадаси унга ишқаланганини айтиб берди – бир марта уйида, иккинчи сафар сой бўйида, буни жинсий зўрлашга уриниш каби малакалаш мумкин.

Бироқ афтидан ёш инспектор унга ишонмади. У Акмални ҳимоя қилишга ўтиб: “Бу оилани ёмонотлиқ қилишни сенга ким ўргатди?” дея Денисни сўроқ қила бошлади.

Оксананинг таъкидлашича, қонун бўйича экспертиза эртаси куни ўтказилиши керак эди, бироқ бир ҳафта ўтиб – 20 апрелга белгилашди.

“Янгийўл СМЭ (суд-медицина экспертизаси) бюросининг бош эксперти, - фамилиясини унутибман, кўзойнакли тўладан келган одам, - ўшанда фақат тилини чаккиллатиб: “Бу доктор Қозоқов гематомларни қаердан топди, шилинган ерларни қаерда кўрди?” деди, холос”, - эслайди Оксана.

Натижада Акмал ва унинг отасига қарши жиноят иши қўзғатишдан бош тортдилар. Кейинчалик Оксана ва Татьяна уларнинг иши билан ким шуғулланганини ва рад жавобини ким ёзганини топдилар. Денис онасига кўра, балоғатга етмаган болалар бўйича инспектор жиноят ишлари билан шуғулланишга ҳақи йўқлигини айтди, Янгийўл ТИИБнинг қолган ходимлари эса елкаларини қисдилар, холос.


Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги президент виртуал қабулхонаси орқали май ойида келган мактуб

Безъязичная билан Тошкент ички ишлар бошқармаси ўртасидаги ёзишмадан маълум бўлишича, жиноят ишини қўзғатишни рад этувчи мактубни қандайдир профилактика инспектори, соддароқ қилиб айтилганда участка инспектори ёзган.

Жабрланган боланинг оиласи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ёқмади

Денис онасининг кўплаб шикоятлари боис вилоят прокуратураси 5 май куни “иш қонунга мувофиқ кўриб чиқилсин” дебе буйруқ берди. 6 май куни эса Оксана Дениснинг кийимида пайдо бўлган оқ доғларни кўриб сурбет Акмал боласини яна зўрлаган деган хулосага келди ва ўша куниёқ Татьяна билан Янгийўл туман прокуратурасига борди.

Прокурор ўринбосари Музаффар Хўжаев ўн ёшли болани ёлғиз ўзини сўроқ қилмоқчи бўлди, бироқ Оксана ва Татьяна бунга йўл қўймадилар. шундан сўнг Хўжаев аччиқланиб милиция ходимига “Уларни тинчита олмасанг, қанақа оперсан!” дея уришиб берди.

Шундай қилиб, Янгийўл прокуратураси Безъязичнийлар оиласини аввали бошданоқ ёқтирмай қолди. Бироқ Хўжаев суд-медицина экспертизасини ўтказиш тўғрисида қарорни имзолади ҳамда аризачилар билан бирга Янгийўл СМЭ бюросига келди. Бу ерда боланинг орқа пешобидан мазок олишди. Янгийўлда бунақа текширувлар ўтказилмаслиги боис мазокни Қибрай тумани СМЭ бюросига юборишлари керак эди.

Текширув учун материал деярли бир ҳафтадан сўнг – 12 май куни жўнатилди. Бундан бир кун олдин - 11 май куни эса Гулбаҳор поселкасининг Фаҳриддин исмли участка инспектори маҳаллани тўплаб, Денисни зўрлаган Акмал эмас, деб билдирди.

Кейинроқ, кўплаб шикоятлар ортидан бу участкавойни бошқа ишга кўчирдилар, бироқ Денис бутун поселкага отнинг қашқасидек танилиб қолди. Фахриддиннинг маҳаллада ўтказган йиғилишини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларнинг кўнгли кўпроқ Ҳасанбаевлар оиласига мойил дегаг хаёлга олиб келади.

Айтгандек, Янгийўл СМЭ бюроси ҳақида ҳам худди шунақа хулосага келиш мумкин. Гарчи бюро раҳбарияти ўзининг мактубида мазок олинганидан ўтган вақт қанчалик кўп бўлса ҳам, таҳлил натижасига таъсир қилмайди, дея таъкидлагани билан, бу сўзлар Қибрай тумани бюроси ходимларини ажаблантирди. Татьяна у ерга борганида, бюро ходимлари янгийўллик ҳамкасблари боланинг кийимларини нега юбормадилар деб ҳайрон бўлдилар.


Президент виртул қабулхонасига мурожаат қилинганидан сўнг жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги чиқарилган қарор

Суд бўлмайдими?

Безъязичнийлар оиласи экспертиза хулосаси билан таниш эмаслар ва унда нималар ёзилгани ҳақида тасаввур ҳам қилмайдилар – прокуратурадагилар унинг мазмунини сир сақлаяптилар.

Оксана айтишича, кейингни тергов ишлари уни Денис билан психиатрия касалхонасида ўтказишдан иборат бўлди. Аввалига 6 июнь куни у ердагилар боладан бу чўпчакларни гапиришни ким ўргатганини билмоқчи бўлдилар. 9 июнь куни эса Оксанадан унинг алкоголизм ва наркоманияга ружу қўйган-қўймаганини аниқлашга уриндилар.

Боланинг онаси ақли расо эканлигини билишганидан сўнг (бола ҳақида психиатрлар ҳеч нарса ёзмадилар, буни қонун тақиқлайди) Безъязичнийлар педофилни жазога тортадиган суд қачон бошланар экан деб кута бошладилар. Бироқ вақт ўтган сайин суд ҳақида ҳеч қанақа хабар келмади. Бироқ Акмалнинг бошбошдоқлиги тинмади, 20 июнь куни Денис яна ўспирин онаси ҳақида ҳар-хил ифлос гапларни гапираётгани борасида шикоят қилди. Оксана ва Таня ўз шаънини ҳимоя қилгани йўл олдилар, бироқ Ҳасанбаевлар оиласи жанжал кўтарди. Ўспириннинг отаси Дониёр ҳатто муштини кўтариб ўдағайлади ва Безъязичнийларни урмоқчи бўлди.

Дониёрнинг опаси Шаҳноза эса бақира кетди: “Акмал Денисни қилиб қўйган бўлса нима бўпти, нега “терпила”ларга ўхшаб ариза ёздиларинг?” Боланинг бувиси “суд ҳаммасини аниқлайди”, деб бақирганида, Ҳасанбаев оиласининг қолган аъзолари жўровозда “Суд бўлмайди!” деб билдирдилар.

Ташвишга тушиб қолган Безъязичнийлар оиласи прокуратурага чопа кетдилар. Прокурор ўринбосари улар билан гаплашгиси келмай ёрдамчиси Сардорбек Каримоқнинг олдига жўнатди. Иш нима билан тугайди деган саволга у очиқ-ойдин “Рад этилади”, деб жавоб берди.

Оксана №1 мактабга яқинда ўрнатилган кузатув видеокамераларидан олинган суратларни кўрсатишни талаб қилди. Бунга жавобан прокурор ёрамчиси кузатув камералари ишламаслиги тўғрисида мактаб тақдим этган справкани кўрсатди.

Содир бўлган воқеалар шу қадар жирканчки, уни ҳатто шарҳлашга на хоҳиш ва на истак бор. Фақат бир нарса қувонтирмоқда – ўтган жума куни Тошкент вилоят прокуратураси ишни ўзига чақириб олди. Балки шу ерда ушбу жиноят иши қонуний равишда кўриб чиқилади.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама