01:12 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда гўшт нархи нега бунчалик кўтарилди? Сабабларини ўрганиб чиқамиз

02.08.2017 18:55 msk

Наврўз Мелибоев

Гўшт нархининг кескин тарзда кўтарилиши сўнгги кунларда Ўзбекистон истеъмол бозорида муҳокама қилинадиган асосий мавзулардан бирига айланди. Тошкент бозорларида сўнгги бир неча кун давомида мол гўшти 35 минг сўмдан (расмий курс бўйича $8,6 ва “қора бозор” курси бўйича $4,1), қўй гўшти 38 минг сўмдан ($4,5) сотилди. Тошкентнинг турли супермаркетларида бир кило мол гўштининг нархи 35-45 минг сўмдан, қўй гўшти эса 38-48 минг сўмдан сотилди. Вилоятлардаги гўшт нархи Тошкентга қараганда ўн фоизга арзон сотилади.

Асосий ингредиент

Гўшт нархининг ўсиш суръатини аниқлаш учун унинг 2016 йил декабрдаги нархини эслаш кифоя. Ўшанда Тошкент бозорларида мол гўштини ўртача 22 минг сўмдан ($2,6), чакана савдо дўконларида эса ўртача 27 минг сўмдан ($3,2) сотиб олса бўларди. Яъни, ўтган йил охиридан 2017 йил июлигача гўшт нархи бозорларда ўртача 60 фоизга, чакана савдо дўконларида эса 50 фоизга ўсган. Нарх ўсишнинг бу каби суръатлари аҳолини ташвишга солмай қўймайди, албатта.

Бутун дунё бўйича, шу жумладан, иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нархлар мавсумга қараб ўзгариб туради. Бироқ Ўзбекистонда ойлик иш ҳақи ўртача 1,2 млн сўмга ($140) тенг бўлган ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўйнашининг аҳолига таъсири жуда ҳам юқори. 2016 йил декабрда бир кило гўштнинг нархи ўртача ойлик иш ҳақининг 2 фоизига тенг бўлган ҳолда, 2017 йил июль ойига келиб бу кўрсаткич 3 фоиздан ошиб кетди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда ўрта статистик оила даромадининг 50 фоизи озиқ-овқат сотиб олишга сарфланишига ажабланмаса ҳам бўлаверади.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турига (картошкадан ташқари) нархларнинг кўтарилиши аҳолида бунчалик ташвиш уйғотмасди, лекин гўшт нархи озиқ-овқат маҳсулотларига нархларнинг асосий индикаторларидан бири саналади. Ўзбеклар гўштни севиб истеъмол қиладилар ва миллий таомларнинг аксариятида гўшт асосий ингридиентлардан бири саналади. Мисол учун, тўйда тайёрланадиган 50 кило гуручли паловда энг камида 17 килограмм гўшт бўлиши керак. Бундан ташқари, ўзбеклар ҳафтасига икки марта – пайшанба ва якшанба кунлари палов пиширишни анъана деб биладилар. Ҳар қандай меҳмондорчиликда камида икки турдаги гўштлик таом тортилади. Кўчадаги ошхона, кафе ва ресторанлардаги овқатларнинг аксарияти гўшт билан.

Ўзбекистоннинг у ёки бу вилоятидаги турмуш даражаси қанақалигини аниқлаш учун биринчи навбатда гўштнинг, ундан кейин картошка, гуруч, пиёз ва бошқа мавҳсулотларнинг нархи суриштирилади. Қизиғи шундаки, Фарғона ва Андижон вилоятларида мардикорларнинг бир кунлик иш ҳақи ҳам гўшт нархига қараб белгиланади.

Гўшт нархи ўсишининг сабаблари

Ўзбекистонда гўшт нега бунчалик қимматлашгани сабабларини аниқлашга уриниб кўрамиз. Оммавий ахборот воситаларида қуйидаги сабаблар келтирилган:

- гўшт ва гўшт маҳсулотлари экспортига тақиқнинг олиб ташланиши;

- мавсумий омил: ёзда чорва камроқ сўйилади, ўз-ўзидан истеъмол бозорида гўшт миқдори қисқариши кузатилади;

- ем-хашак нархининг кўтарилиши;

Ҳар бир сабабни алоҳида кўриб чиқамиз.

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 4 май кунги №ПФ-5034 фармони билан экспорт қилиниши тақиқланган предметлар ва маҳсулотлар рўйхатига тузатишлар киритилган бўлиб, президент ёки ҳукумат рухсатига асосан гўшт ва гўшт маҳсулотлари экспортга чиқарилиши мумкин бўлиб қолди. Ҳозирча бу тақиқнинг олиб ташланиши ортидан ҳукумат ёки президент томонидан қандайдир экспортчига нисбатан бирор-бир тегишли қарор қабул қилингани ҳақида ОАВ хабарлар йўқ. Эҳтимол тақиқнинг бу каби “шартли” олиб ташланиши бозорга психологик таъсир кўрсатиб, гарчи мамлакатдан гўшт ёки гўшт маҳсулотлари олиб чиқиб кетилмаётган бўлса ҳам эҳтиёж ва таклиф ўртасидаги тафовутни ўзгартириб юборган бўлиши мумкин. Демак, бу нархлар динамикасига сезиларли таъсир кўрсатмаётган бўлиб чиқади.

Мавсумийлик омили ҳақида сўз юритиладиган бўлса, ёзги мавсумда мол республикадаги иқлим хусусиятлари боис яхши семирмайди. Боз устига, республиканинг жанубий – Қашқадарё ва Сурхондарё, шунингдек, Жиззах вилоятларида чорвани яйловларга олиб чиқадилар. Шу боис мол сўйиш ва бозорга гўшт етказиб бериш ҳам камаяди. Сўнгги бир неча йил давомида мавсумий омиллар боис гўшт нархи ҳозиргидек 50-60 фоизга эмас, балки 10-15 фоизга ошган, холос.

Учинчи сабаб сифатида фермерлар ва мамлакат аҳолиси ем-хашакнинг қимматлашувини кўрсатишмоқда. Тошкент вилоятида истиқомат қилиб, кўп йиллардан бери уйда чорва боқиш билан шуғулланувчи бир кишининг айтишича, ўтган йилнинг кузидан бери ем-хашак нархи турига қараб 30-100 фоизга ўсган. Натижада уй ҳайвонлари қимматлаган. Тошкентлик қассобларнинг айтишича, сотиб олинаётган ҳайвоннинг бир килоси 26 минг сўмга ($3) тўғри келяпти. Ем-хашак қимматлашувининг асосий сабаби – ем-хашак базасининг заифлигида. Ем-хашак етиштиришга ажратилган экин майдонлари республикада чорвачиликни ривожлантириш учун етарли эмас. Импорт ҳақида гапириладиган бўлса, ҳозирги бозор курсида ем ўтган йилги даврга нисбатан 30-40 фоизга қимматроқ бўлади.

Нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон расмийлари аҳоли учун муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари учун нархининг барқарор ўсиши қанақа ижтимоий оқибатларга олиб келишини англаган ҳолда нарх ўсишига қарши чора кўрмоқда. Мисол учун, 23 июнь куни президент шу муносабат билан ўзининг № ПП-3082 қарорини чиқарди. Ҳужжатда айтилишича, республикада Тадбиркорлик фаолиятини қўллаш давлат жамғармаси тузилади. Бу жамғарма саноат, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан банд бўлганларга тижорат банкларидан олинган кредитлар фоизининг бир қисмини қоплаб беради. Қарорга мувофиқ тегишли маҳкамаларга мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган ёки етарли миқдорда ишлаб чиқарилаётган ижтимоий аҳамиятли озиқ-овқат товарларнинг асосий турларини, шунингдек, ғалла, уруғ материаллари ҳамда ем ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бошқа хом ашё ресурсларини импорт қилганда божхона тўловларини пасайтириш бўйича ҳукуматга таклиф киритиш вазифаси топширилган.


Сигирлар адирда ўтлаб, топганини еб юришибди

Бундан ташқари, ички бозордаги нархларни барқарорлаштириш бўйича бюджети 100 млн долларга тенг жамғарма тузилмоқда. Жамғарма маблағлари ички бозорда озиқ-овқат товарларига талаб ва таклиф ўртасидаги кескин тебранишни юмшатишга қаратилган. Сўз биринчи навбатда гўшт, ўсимлий ва ҳайвон мойи, ғалла, ун, картошка, сабзи, пиёз ва бошқа ижтимоий аҳамиятли озиқ-овқатлар ҳақида кетмоқда. Жамғарма танлов асосида ички ва ташқи бозордан гўшт, ўсимлик ва ҳайвон мойи ва бошқа муҳим озиқ-овқатларни керакли миқдорда сотиб олиш билан шуғулланади. Фонд 2018 йил 1 апрелгача импорт қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари бож тўловларидан озод этилади. Ушбу товарлар ижтимоий савдо дўконлар тармоқлари орқали истеъмолчиларга етказиб берилади. Афтидан, тез орада Ўзбекистонда “ижтимоий савдо дўконлари” пайдо бўлиб, озиқ-овқат товарларини паст нархларда сотадиганга ўхшаяпти. Қанақа навбатлар пайдо бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Нархлар инфляциясини жиловлаш механизмининг ўзини муҳокама қилмай Жамғарма маблағлари миқдорига эътибор берайлик. аҳолиси 30 млн бўлган Ўзбекистон учун 100 млн доллар нима бўлади? Киши бошига ҳисоблаганда, бир кило гўштнинг нархидан ҳам озку! Режалаштирилаётган чоралар самарали бўлиш учун Жамғарма маблағлари айланмаси даражаси юқори бўлишига эришиш зарур. Жамғарма аппарати ҳеч бўлмаса аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ҳимоя қила оладими? Ҳозирча бу саволга жавоб йўқ.

Шу вақтнинг ўзида ижтимоий аҳамиятли озиқ-овқат товарлари ва уй ҳайвонлари учун ем-хашак нархи устидан назорат қилишнинг маъмурий чоралари киритилмоқда. Бу иш билан Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги солиқ, валюта жиноятларига қарши кураш департаменти шуғуллана бошлади. Унга нафақат нархларнинг ноқонуний равишда сунъий кўтарилишини олдини олиш, балки нарх шаклланишининг белгиланган механизмига риоя қилинишини назорат қилиш, назорат органлари ва бозор маъмуриятлари ходимлари томонидан амалга оширилган коррупция ҳаракатларини, ҳарид, етказиб бериш, сотиш ва бошқа ҳолатларда суистеъмолликларни аниқлаш вазифаси қўйилган.

Нарх-наволарни маъмурий йўл билан чеклаш амалиёти нечоғлиқ самарасиз эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бу чоралар давлат ҳокимият органлари вакиллари учун суистеъмолликларга замин яратиб беради, холос. Мисол учун, Андижон вилоятида гўшт нархи 34 минг сўмга чиққанидан аҳоли шикоят қилгани боис вилоят ҳокимлиги 18 июль куни ҳамма қассобларга гўштни 29 минг сўмдан сотиш мажбуриятини қўйганди. Бунгача расмийлар таҳлил қилиб, ўзлари учун оптимал ҳисобланган 29 минг сўмни белгиладилар ва вилоятдаги 622 та қассобхоналарга тегишли кўрсатма бердилар. Ўша пайтнинг ўзида, Uz24.Uz хабар беришича, Наманган Чорсу бозорида расмийлар мол гўштига 25 минг сўм нарх қўйиб бердилар. Бироқ ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарларга кўра, оқибатда гўшт нархи кўтарилиб кетди ва Андижонда 40-42 минг сўмга етди.

Бозор иқтисодиёти шароитида нархларни қатъий белгилаш йўли билан исталган иқтисодий самараларга эришиб бўлмайди.

Наврўз Мелибаев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги-