01:12 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентлик шифокорларга пуллар қайтарилмади. Прокуратура шунчалик нотавонми?

27.07.2017 15:43 msk

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” яқинда Тошкентдаги шаҳар болалар касалхонасида бош врач “Маҳалла” жамғармаси филиалига ўтказиш учун ходимларининг розилигисиз маошларидан пул ушлаб қолгани ҳақида ҳикоя қилганди . Ўшанда касалхона касаба уюшмалари қўмитасининг аъзоси Лариса Кузнецова бош врачнинг ўзбошимча ҳаракатларига қарши чиқиб, президентнинг виртуал қабулхонасига ва шундан кейин прокуратурага ва бошқа инстанцияларга мурожаат қилганди. Бош врачга ҳайфсан эълон қилдилар, бироқ тиббиёт муассасасининг ходимларига ноқонуний ушлаб қолинган пуллар қайтариб берилмади. Ушбу воқеанинг давоми – бизнинг янги мақоламизда.

Амал поғоналаридан кўтарилиш учун ўзбошимча бўлиш керак

Мана 5 ой бўлибдики, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган №2 (илгари №14 эди) болалар жарроҳлик клиника касалхонасининг ходимлари ойлик маошларидан ушлаб қолинган пулларнинг қайтарилишини кутиб ўтирибдилар. Пуллар Меҳнат кодексининг 164 моддасига хилоф тарзда, меҳнат коллективининг ёзма розилигисиз “Маҳалла” жамғармасина ёрдам кўрсатиш мақсадида бош врач Дониёр Собиров томонидан ушлаб қолинган эди. Умуман олганда, бош врачнинг фармойиши Жиноят кодексининг 229 моддаси бўйича (Ўзбошимчалик) малакаланиб, жавобгарликка тортишга асос бўлиши мумкин эди, аммо негадир содир бўлган ишларнинг ҳаммасидан воқиф прокуратура бунақа ҳисобламаётганга ўхшайди.

Бюрократлар томонидан қўйилаётган сон-саноқсиз тўсиқларга қарамай, болалар касалхонаси лабораторияси мудири, можароли вазиятлар бўйича касаба уюшмаси қўмитасининг аъзоси Лариса Кузнецова бош врач Собировни жавобгарликка тортишга уринмоқда. Президент виртуал қабулхонасига кўп маротаба мурожаат қилиб, жарроҳлик муаммолари ва болалар соғлиғи ўрнига ўзининг амал поғоналаридан кўтарилиш бўйича манфаатлари борасида қайғураётган бош врач томонидан содир этилган бир неча қонунбузарликларни бартараф этди. Мисол учун, Кузнецова ўзи бошқараётган лабораториядан ноқонуний равишда ҳайдалган бир неча тажрибали ходимларнинг қайтаришга эришди ҳамда тиббиёт муассасаси ҳудудида пайдо бўлган “InVivo” хусусий лабораториясининг тижорат фаолиятига чек қўя олди.

- Касалхона ходимлари Собировга унинг ноқонуний ҳаракат қилаётганини тушунтирмоқчи бўлганларида, у кўкрагига уриб, ушлаб қолинган пулларни мукофот пуллари билан қоплашга ваъда қилди. Бироқ март ойидан бошлаб у шу кунгча одамларга ушлаб қолинган пуллар қайтариб берилгани йўқ, бош врач эса жавоб беришдан ўзини олиб қочиб юрибди. Ҳолбуки мен ушбу масала бўйича президентнинг виртуал қабулхонасига, Бош прокуратурага ва Олий Мажлис Сенатига 5-6 марта мурожаат қилдим, - дейди Кузнецова. – Бош врач ўзининг жазосиз қолишига ишонади, негаки у юқоридаги ҳомийларининг яширин кўрсатмаларини сўзсиз бажариб келади. Шунинг учун ҳам у тажрибали мутахассисларни қисқартириш ва ишдан бўшатиш бўйича ички буйруқларни осонлик билан имзолаб, санитаркаларни президент келиши кутилаётган участкалардаги подъездларни ювиб-тозалашга жўнатади; медикларни ўз ҳисоби эвазига ремонт қилдиради.

- Бизнинг бош врач учун ҳозирги эгаллаб турган лавозими - юқорига кўтарилиш учун трамплин. Ички муаммолар уни қизиқтирмайди, бироқ у юқоридаги кураторларининг ҳар қандай ноқонуний талабларини бажаришга тайёр. Бу одам ўнгида ҳам тушида ҳам депутатликка ўтиб олишни орзу қилади, шунинг учун ҳам у “Адолат” партиясининг касалхонадаги ячейкасини бошқаради, - дея куюниб гапиради Лариса Владимировна.

Мутасаддиларнинг баҳоналари

Кузнецова жабрланган ходимларга ноқонуний ушлаб қолинган пулларни қайтариб беришга касалхона раҳбариятини мажбур қилиш учун охиригача курашмоқчи. Бироқ бу кураш асабни кемириб келмоқда – адолатни тиклашга масъул бўлган прокуратура амалда ходимларининг ҳуқуқларини мунтазам равишда бузиб келаётган одамни ўз ҳимоясига олган.

- Шу кунгача мен шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимидан ва прокуратурадан ўз мурожаатларимга саводсиз ёзилган бир нечта жавоб хати олдим, - дея давом этади Кузнецова. – Ишни ҳал қилиш наҳотки шунчалик қийин бўлса? Бош врачнинг, керак бўлса ойлик маоши ҳисобидан пулларни қайтариб беришга мажбурламайдими. Бироқ прокурорлар унинг айбини тан олган ҳолда, пулларни қайтариб бериш бўйича ҳеч қандай кўрсатма бермаяпти. Ҳолбуки, прокурорларнинг хулосасига кўра шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бош врачга ҳайфсан эълон қилган. Назорат органи ходимларининг ушбу ҳаракати кишини ажаблантиради. Бош прокуратура топшириғига биноан бир неча кун давомида ушбу масала билан шуғулланган Назорат-ревизия бошқармасининг ҳисоб-китобига кўра, 104 нафар ходимга жами 3 млн 700 минг сўм қайтарилиши керак ($915 расмий курс ва $438 қора бозор курси бўйича).

Шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимининг собиқ мудири А.Иботовнинг 5 май кунги хатида Собиров коллективнинг 200 нафар ходимига қонунга хилоф тарзда ушлаб қолинган пулларни қайтариб бериб бўлди, дейилган. Ҳолбуки бу бизнинг одатий квартал мукофот пулимиз эди. Унинг ортидан бошқарманинг янги раҳбари У.Эгамбердиев “Сизларнинг ойлик иш ҳақи маошларингиздан “Маҳалла” жамғармасига пул ушлаб қолиш амалга оширилмаган”, деган хатини олдик. Мен ахир ўзим учун қайғураётганим йўқ-ку, - дея қайд этади Кузнецова.

Касаба уюшмаси қўмитаси аъзоси сифатида у ойлик маошларидан ушлаб қолинган пулларни қайтартиришга ҳаракатини давом этмоқда ҳамда назорат органларига янгидан-янги аризалар билан мурожаат қилмоқда. Сўнгги бор у Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов 28 июнь куни имзолаган жавоб хатини олди, унда айтилишича, “№2 шаҳар болалар жарроҳлик клиник касалхонасининг 104 нафар ходимидан ушлаб қолинган пуллар 2017 йилнинг июль ойида ойлик маошлари билан бирга тўланади”. Бироқ прокуратура ваъда қилганидек медиклар июнь маоши билан бирга “Маҳалла” жамғармаси учун ноқонуний равишда ушлаб қолинган пулларини ололмадилар.

Анестезистларга тўланадиган пулларни тежаяпмиз

Шу кунларда бош врач Собиров ўз хоҳишича анестезистларнинг иккинчи постини қисқартиришга ва шу билан ортиқча кадрлар – 14 нафар аёллардан қутилишга қарор қилди, ҳолбуки уларнинг ҳар бирида бир нечтадан ёш болалари бор ва оладиган маошлари 350 минг сўмдан ошмайди. Анестезист ҳамшираларнинг вазифаси – операциядан чиққан гўдак беморларнинг наркоз уйқусидан чиққунига қадар кузатиш.

Операциялар кўп бўлгани учун штатларнинг қисқариши дарров билинди: ишчи қўллари етишмаслиги боис бемор болалардан бири ҳушига келмай туриб танасидаги барча катеторлар ва симлари билан бирга кроватдан йиқилиб тушди. Яна бир ҳолат: битта койкага иккита операция қилинган бемор гўдакларни бошини қарама-қарши томон қилиб ётқизиб қўйдилар – афтидан ходимлардан кимдир операциядан чиққан болани палатага олиб кириб, ўзининг ишлари бўйича шошиб, беморни қаровсиз ташлаб чиқиб кетган.

- Дониёр Мираҳмадович августдан бошлаб кадрларнинг ажабланарли ротациясини ўтказмоқчи – анестезистлар билан реанимация бўлими ҳамшираларини ўзаро алмаштирмоқчи. Бу жуда хатарли режа. У ёки бу касбни тўлиқ эгаллаш учун вақт керак, бу ерда эса гап беморлар, бемор бўлганда ҳам гўдаклар ҳақида кетмоқда. Реанимацияда алоҳида талаб ва қоидалар мавжуд.ҳар ким ўз ўрнида яхши, ўйламай иш қилинеса, оқибати ачинарли бўлиши мумкин. Боз устига, қоидага кўра реанимация бўлимларига иш стажи 5 йилдан кам бўлмаган ҳамширалар ишга олинади, - дейди анестезист ҳамширалардан бири.

Унга кўра, бош врач ўзбошимчалик қиляпти. “Ман иш берувчиман, ман ўзим биламан! Агар ёқмаса, ишдан бўшанг! Меҳнат шартномасини имзолаётганда менинг ички буйруқларимга бўйсунамиз деб қўл қўйгансизлар”, дея эътироз билдирган ҳар бир кишининг оғзини ёпади. Ишдан бўшатилган анестезистлар тегишли органларга бош врач устидан шикоят қилишмоқчи.

Сувараклар, чивинлар ва инвентарь етишмовчилиги тўғрисида

Бу одамнинг нақадар ўзига ишонгани ва қўрслигига қараб миш-мишларга ишонмай бўлмайди: Собировнинг ҳамма ерда, шу жумладан, шаҳар прокуратурасида “криша”си бор бўлиб туманнинг 34 ёшли ҳокими Шерзод Кудбиев ҳам унга ҳомийлик қилади.

- Касалхона раҳбарияти мажлисларда иш учун зарур медицина асбобларини (инструментарий), оддий резина қўлқопларини ҳам сотиб олишга маблағ йўқ дея таъкидлашдан чарчамайди, бироқ қандайдир жамғармаларга пул ўтказиш керак бўлса, доим топилади, - дея ажабланади Лариса Кузнецова. – Ҳар сафар пятиминуткада (дўхтурларнинг мажлиси. – таҳр.) жарроҳлар бош врачга операция учун асбоб ва жиҳозлар етишмаслигини эслатадилар – стериализация бўлими аврал тартибда ишламоқда, норматив талабларга биноан асбобларни етказиб беришга улгурмаяпти, кўп ҳолларда “хом” асбоблардан фойдаланишга тўғри келмоқда. Қон билан бевосита ишлайдиган жарроҳлик бўлимида бу нимани англатишини гапириб ҳам ўтирмайман.

- Мисол учун, ҳозир йирингли хирургия бўлими тўлиб кетган. Бунинг сабаби – шаҳарнинг тиббиёт муассасалари навбати билан режали ювишга (мойка) ёпилмоқда (бизда июль бошида ўтган). Энди бошқа болалар касалхоналаридаги беморларни бизга олиб келишмоқда. Бизнинг лабораторияда мана икки ой бўлибдики сув крани йўқ, шунинг учун лаборантларимиз қўлини ювгани бошқа хонага боришга мажбур. Ҳолбуки СЭС меъёрларига кўра, ҳар бир хонада ўзининг ювиниш хонаси бўлиши керак. Бош врач эшитиб, бошини ирғайди, бироқ шу билан нуқта қўйилади. Бордию, бирорта фавқулодда ҳодиса юз берса, бунга албатта врачлар айбдор бўладилар, - дея қайд этади Кузнецова.

Касалхонанинг барча ичк муаммолари кичкина беморларнинг соғлиғига таъсир этиши уни ранжитади. Мисол учун, касалхонада катта пул сарфлаб ҳашоротларга қарши санобработка ўтказилди, лекин натижа ноль! Сувараклар ҳатто кундузи ҳам бемалол болалар кроватларида, тумбочкаларда бемалол “сайр” қилиб юришибди. Чивинлар тўдаси тўлиб кетганидан кўпчилик ота-оналар болаларини операциядан кейин уйларига олиб кетишга мажбур бўлишмоқда, ҳолбуки улар операциядан сўнг шифокорларнинг қатъий назорати остида қолишлари керак.

- Муаммоларимиз кўп ва агар раҳбариятимиз уларни ҳал қилишга киришса ёрдам беришга тайёрмиз. Бироқ ушбу истак-хоҳишни кўрмаяпмиз. Ўз вақтида, бош врачликка номзод истаб юрганимизда мен ўзим Собиров учун елиб-югуриб юрганман – ташаббускор, ёш хирург, клиникани илғор позицияларга олиб чиқади, деб ўйлагандим. Бироқ қаттиқ адашибман – бу одам шифокор эмас, карьерист экан, - дея афсусланади Кузнецова.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги