10:42 msk, 20 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик сиёсатшунос: Олий таълим муассасаларига барча истаганларни қабул қилиш керак, ана ўшанда коррупцияга ўрин қолмайди

26.07.2017 08:48 msk

Марям Ибрагимова

Ўзбекистонда кириш имтиҳонлари ўтадиган биринчи августга ҳам саноқли кунлар қолди. Тез орада бизни тарк этаётган ёзнинг энг асосий дасисаси ҳал бўлади: ким қанақа пуллар эвазига олий таълим муассасаларига (ОТМ) кира олади?

Жорий йилнинг май ойи бошидан бери бу мавзудаги фармонлар, қарорлар ва тўхтамларни кузатиб бораман. Президентнинг “ЎЗбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига 2017-2018 ўқув йилига қабул қилиш тўғрисида” фармонини ўрганиб чиқиб, тўғрисини айтсам ҳафсалам пир бўлди, негаки порахўрлик тўхтамаслиги мутлақо аён бўлиб қолмоқда.

Ўқишни хоҳлаган барча абитуриентларга ҳеч қанақа чекловларсиз (руҳий ҳасталардан ташқари) пул тўлаб ўқиш имкониятини яратиб бериш лозим. Бунинг ўрнига расмийлар олий мартабали порахўрлар учун яна битта ем тўла охур – қанча абитуриент қабул қилиш ва контракт миқдори қанчалигини белгилаб берадиган комиссия тузмоқда. Шу билан бир пайтда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базаси имкониятини ва иқтисодиётдаги кадрларга эҳтиёжни ҳисобга олиш керак, дея кўрсатма берилмоқда.

Аҳволдан воқиф бўлмаганлар учун тушунтириб қўяй.

Биринчиси. Моддий-техника базаси деганда институтдаги бинолар, парталар, компьютерлар ва бошқа буюмларнинг миқдори тушунилади. Лекин ОТМлар “контракт” пулларини олишса, бу муаммоларнинг ҳаммасини ҳал қила олади. Биз 26 йилдан бери бозор иқтисодиётини ривожлантириш ҳақида гапириб келамиз, бироқ шу билан бирга эскирган советлар стандартлари доирасида фикр юритамиз. Замонавий дунёда энг қимматбаҳо ва энг зарур товар – бу прогрессив билимлар бўлиб қолган. Бутун дунёдаги каби бизнинг ОТМлар таълим сифатини кафолатлаши ва контракт асосида ўқишга барча хоҳловчиларни қабул қилиш керак. Мана сизга моддий-техник таъминотга зурур бўлган пуллар.

Иккинчиси. Гўёки, иқтисодиёт эҳтиёжи билан ҳисоблашиш керак эмиш. Яъни, агар уларни иш билан таъминлай олмасак иқтисодиёти учун ортиқча бўлган одамларни ўқитмаймиз, дейиляпти. Бу порахўрлар учун яна битта баҳона. Агар жамият хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ўтаётганини эълон қилган экан, унда у битирувчиларни ишга жойлашга мажбур эмас. Қуёш остидан жой излаш борасида битирувчиларнинг ўзлари қайғурадилар. Расмийларнинг биринчи вазифаси – прогрессив иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш. Агар мамлакат иқтисодиёти ривожланаётган бўлса, қуёш остидаги жойни ҳамма топади. Наҳотки 26 йил ичида амалдорлар иқтисодиёт назариясининг энг жўн қоидаларини ўзлаштира олмаган бўлишса?!

Учинчиси. Бозор иқтисодиёти қонунларига кўра, агар товарга талаб бўлса, уни таклиф этинг. Фуқаролар контракт пулини тўлаб ўқишга тайёр бўлсалар, албатта ўқисинлар. Наҳотки олий маълумотли одамлар кўп бўлишидан жамият фойда кўрмаса? Балки ўшанда халқимиз ўзининг давлат бизни боқиши, ишга жойлаштириши керак, деган “текинхўрлик” фалсафасидан воз кечар? Бепул таълим, бепул медицина, транспорт, арзон нон ва ҳоказолар ҳақида орзу қилишни тўхтатар? Ўз тақдири учун мустақил тарзда ўзи қайғуриши, ўзи ўқиши кераклигини тушуниб олиш керак. Ҳатто бой давлатлар ҳам юз фоизлик бепул ўқишни таъминлашга қодир эмас. Бепул ўқиш билан бир пайтда доим нархи юқори бўлган пуллик ўқишлар мавжуд. Ва ҳар доим пуллик ўқиш бепул ўқишдан сифат жиҳатидан аъло бўлиб келган. Хорижий мамлакатлардаги бепул ўқишлар бизнинг пуллик ўқишимиздан яхшироқ эканлиги эса коррупциянинг даражасига оид бошқа муаммо.

Албатта давлат энг заифларнинг ҳимоя қилиш ҳамда ҳамма учун мактаб таълимини кафолатлашга мажбур, биз эса ҳалол ишлаб ўзимизга керак бўлган олий таълим ва медицинага пул тўлашимиз керак. Биз расмийлардан коррупцияга қарши кураш олиб боришини, қариялар, етимлар ва ногиронлар борасида қайғуришини талаб қилишимиз шарт. Бошқалар ишласин.

Марям Ибрагимова

Ҳаммага маълум, сийқаси чиққан ҳақиқатни ёзаётганим борасида узр сўрайман – расмийлар ва жамият ушбу оддий нарсаларни гўё тушунмагандай туяпти ўзини. Ёки чиндан ҳам тушунишмаяптими?

Ана энди биз учун энг асосий бўлган коррупцияга қарши кураш масаласи ҳақида фикр юритайлик. (Бу мақолани ёзаётган пайтда контрактлар миқдори бўйича қарор қабул қилинди: қўшимча контракт учуне одамлар 2,5, 10 баробар қимматроқ пул тўлаши керак бўлади). Одамлар боласи кўпроқ балл тўплаши ва камроқ пул тўлаши учун порага пул кўтариб келмайдилар, деб ким кафолат бера олади?

Шунинг учун ишонч биланайта оламамнки, ҳар бир ОТМда “бунккер”лар бу йил ҳам фаол ишлайдилар (бункер – ОТМдаги порахўрлар томонидан ташкил этилган хона. Бу ерда пора берган абитуриентлар учун тестлар ечиб берилади).

Бироқ институтга кириш билан порахўрлик масаласи ўз долзарблигини йўқотиб қўймайди. Ўзбекистоннинг олий таълим муассасаларида профессионал этикага риоя қиладиган, арзимаган маош эвазига талабаларга холисона билим берадиган одамлар деярли қолмади. Ўқитувчилар билан шифокорларнинг ҳалол ва виждонан ишлашини истасак, уларга ўзимиз ҳам ҳалол ва яхши ҳақ тўлашимиз керак. Фақат иккиюзламачиларга ёқмайдиган яна бир оддий ҳақиқат мана шу.

Барча истаганларни контракт асосида ўқишга қабул қилиш маош масаласини ҳал қилади. Бу пуллар (агар маъмурият ҳиёнат қилмаса) ОТМ ходимларига муносиб маош тўлашга етарли бўлади.

Ушбу муаммонинг яна бир бошқа томони бор – ўқитувчилар ва шифокорлар ишини жамият ўз назорати остига олиши керак. Айнан жамият, асло бошлиқ эмас. Биз давлат мулки ҳукмдор бўлган 100 йиллик бюрократия даври мобайнида битта нарсага амин бўлдик: бошлиқлар иш сифатига туфуриб қўйган, уларни фақат мансабидан фойдаланиб қўшимча даромад топиш ва юқорироқ лавозимни сотиб олиш қизиқтиради.

Жамият қандай қилиб назорат қилиши мумкин? Жуда жўн! Ҳар бир пуллик мактабда уқувсиз педагогни ишдан ҳайдалишини талаб қилиш ҳуқуқига эга ота-оналар қўмитаси бўлиш керак. Ҳар бир олий таълим муассасасида уқувсиз педагоглар ва порахўрларни ишдан ҳайдалишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган талабалар қўмитаси бўлиши керак. Шу билан бирга, ишдан ҳайдалишда сўнгги қарор қабул қилиш ҳуқуқи маъмуриятда эмас, балки ушбу қўмитанинг қўлида бўлиши шарт. Агар шунақа қилинмаса, иш ҳеч қачон жойидан силжимайди, аҳвол ўзгармайди.

Шу ерда яна бир бор мактаб муаммосига қайтмоқчиман. Умумий таълим муассасаларимизнинг аҳволи нақадар ачинарли эканлиги ҳаммага аён. Бу муаммони ҳал қилишнинг фақат битта йўли бор – пуллик мактаблар тармоғини ривожлантириш керак. Кўпчилик ота-оналар болалари учун репититорларни ёллаши ҳаммага маълум. Бундан кўра, балки яхши мактабга пул тўлаб ўқитиш афзалроқ эмасми? Умуман олганда, хусусий мактабларга рухсат берилган. Бироқ улар жуда оз бўлиб, давлат мактабларидан кўпам фарқ қилмайди. Улар эришган битта ютуқ бор – интизом нисбатан яхшироқ. Прогрессив методикалар ва дунё миқёсида билимлар даражаси ҳақида гапирилса, уларда ҳам мос келмаяпти.

Нега бунақа дейсизми? Сабаби жуда оддий: уларни сон-саноқсиз текширувлар қийнаб қўйган. Мамлакатимизда ҳар бир одам шуни яхши биладики, текширувлар ишни яхшилаш мақсадида эмас, балки пора олиш мақсадида ўтказилади.

Тасаввур қилинг, прогрессив мактаб яратиб янги методология бўйича ўқишни ташкил этишни ният қилган истеъдодлик ташкилотчи бор. У профессионал жамоани тўплаши ва уларга яхши маош тўлаши керак. Бундан ташқари, бутун қалби, кучини ишга бағишлаши керак. Ана ўшанда бу мактаб идеал тарзда фаолият юритади. Бунинг ўрнига у яшил далага ёпирилган чигирткадек кўп сонли назоратчилар билан вақт ўтказиши керак. Истайдими-истамайдими, уни пора беришга мажбур қиладилар. Қайсарлик қилса, Миллий хавфсизлик хизматига мактабда қандайдир сиёсий, диний ёки ахлоққа зид ишлар содир этилаётгани ҳақида “юмалоқ хат” ёзадиган аблаҳни топишади.

Мустақил мактаб директорининг ҳаёти қанақанги дўззахга айланаётганини тасаввур қила оласизми? У жон сақлаши учун пора беришга мажбур бўлганидан кейин, профессионалларга яхши маош тўлаш учун қаердан пул топа олади? Оқибатда, хусуий мактаб ҳам давлат мактаби каби сифати паст бўлиб қолади.

Токи биз коррупцияни ва мутасаддиларнинг чеки йўқ ҳукмдорлигини жиловламас эканмиз, Ўзбекистонда прогрессив таълим бўлмайди.

Марям Ибрагимова, сиёсатшунос (Тошкент)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама