06:59 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликларга иккинчи паспорт нега керак бўлиб қолди?

17.07.2017 09:43 msk

Умида Ниязова

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўн биринчи июль куни паспортларнинг ичига ёпиштириладиган ҳамда виза тартиби амал қилаётган хорижий мамлакатларга чиқиш ҳуқуқини берувчи чиқиш стикерлари ўрнига хорижий паспортларни жорий этиш бўйича қарорни имзолади. Ҳужжат келиб чиқишича, хорижий паспорт киритиш масалаларини ишлаб чиқиш учун махсус маҳкамалараро комиссия тузилган бўлиб, у бир ой давомида ўз таклифларини киритиши лозим. Хорижий паспортларни бериш 2019 йилдан бошланиши мумкин, демак унгача эса чиқиш стикерлари тизими сақланиб қолади.

Бироқ ўзбекистонликларга хорижий мамлакатларга чиқиш учун иккинчи паспорт керакми?

Gazeta.uz ёзишича, амалдаги биометрик паспортлар аслида хорижий паспортнинг ўзгинасидир. Демак, иккинчи махсус паспортни жорий этишга ҳеч қанақа ҳожат йўқ. Аслида ўзбекистонликларнинг ҳар бирида шунақа хорижий паспорт бор бўлиб, улардан ҳеч қанақа тўсиқларсиз ҳар қандай сафар ва саёҳатларда фойдаланиш мумкин. Ана шундан қуйидаги савол келиб чиқади: иккинчи паспортни жорий қилиш учун бюджет пулларини ва инсонийлик ресурсларини сарфлаш шартми?

Чиқиш стикерларини оддийгина йўл билан бекор қилиш нега мумкин эмас?

Ўзбекистонда чиқиш визалари тизими фуқаролар ҳуқуқининг чеклови саналади. Қонун мамлакатдан чиқиши чекланиши мумкин бўлган фуқаролар тоифасини белгилаб беради. Бу одамлар давлат сирига алоқадор бўлиши ёки уларга қарши жиноят иш қўзғатилган бўлиши ёки суд қарори билан мамлакатдан чиқиши тақиқланган бўлиши мумкин. Милиция назорати остидаги одамлар, ҳарбий хизматга чақирилаётганлар ёки бўлмаса фуқаролик судида ўзига нисбатан қандайдир даъво аризаси кўрилаётган шахслар ҳам мамлакатдан чиқа олмайдилар. Буларнинг ҳаммаси қонуний чеклов саналади.

Бироқ ҳар бир одамнинг мамлакатдан чиқиши учун рухсатнома олишига қаратилган талаблар ноўрин. Ўзбекистон ИИВ ва Миллий хавфсизлик хизмати чиқиш визалари тизимининг сақланиб қолишидан манфаатдор, деб ҳисоблайман негаки бу ҳолат ёппасига назорат остига олишдан ташқари мамлакатдан чиқишга рухсат олишга мажбур бўлаётган ҳар қандай одамдан пул таъма қилиш учун қулай имконият яратиб беради.

Яна бир муҳим омилни қайд этмоқ жоиз. Ўзбекистон расмийлари чиқиш визаларини оқлай туриб, бошқа мамлакатларда хорижий паспортлар мавжудлигини далил сифатида келтирадилар. Чиндан ҳам мамлакатдан чиқмоқчи бўлган ҳар қандай фуқаро самолётга чипта олиш кераклиги каби паспорт олиши керак, бироқ уларда бу процедура рухсат берувчи характерга эга эмас. Яъни, ҳеч қайси мусаллам давлатда “Сизга паспорт бермаймиз, негаки сизнинг чет элга чиқишингиз мақсадга мувофиқ эмас” деб айтишмайди. Ўзбекистондаги ҳар бир одам жиноятчи бўлиши мумкин, дея шубҳаланувчи жирканч чиқиш визалари тизимининг принципиал аломати ҳам шунда.

Яна бир хорижий паспортнинг жорий этилиши давлат Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқишларини чеклаш ҳуқуқини ўзида қолдирмоқчи эканлигини билдиради ва амалда ҳеч нарса ўзгармайди. Шахсни тасдиқловчи асосий ҳужжатни беришдан бош тортиш учун жиддий баҳоналар керак, бироқ иккинчи паспортнинг жорий этилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига уларнинг ҳуқуқини чеклаш учун жуда қулай имкониятни тақдим этади.

БМТ Олий комиссари Зайд ал-Ҳусайн май ойининг охирида Шавкат Мирзиёевга нома юбориб, суд-адлия ислоҳотларини амалга ошираётгани ҳамда чиқиш визалари процедураларини бекор қилгани учун миннатдорлик билдирганди. Ўйлашимча, Олий комиссар миннатдорлик билдиришга бироз шошганга ўхшаяпти.

Умида Ниязова

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама