00:34 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон очиляптими? ОАВ бўйича ЕҲҲТ Марказий Осиё конференцияси Тошкентда бўлиб ўтади

14.07.2017 17:48 msk

Даниил Кислов

Ҳозиргина маълум бўлишича, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили офиси томонидан ташкил этилган “Марказий Осиёда очиқ журналистика” длея аталувчи XIX регионал Марказий Осиё конференцияси 2017 йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

“Икки кунлик конференция давомида 80 нафар иштирокчи, шу жумладан, журналистлар, ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари ва илмий доиралар вакиллари халқаро экспертлар билан Маркзий Осиёда ОАВ эркинлигининг жорий муаммоларини муҳокама қилиб оладилар. Мисол учун, анжуманда ОАВ тарқатиш тенденциялари масалалари, рақамли муҳит ҳамда адоватни авж олдириш шароитида ОАВ эркинлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муммолар кўтарилади. Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Мўғулистон вакиллари иштирок этиши кутилмоқда”, - дейилади ЕХҲТ расмий пресс-релизида.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича Биринчи Марказий Осиё конференцияси 1999 йилда Бишкекда бўлиб ўтганди. Мазкур форум журналистлар ва ноширлар, экспертлар ҳамда ҳокимият органлари, илмий доиралар вакиллари бирга тўпланиб ўз мамлакатларидаги сўз эркинлиги билан боғлиқ аҳволни очиқ-ойдин муҳокама қилиш имкониятини берувчи ягона минтақавий ташаббус саналади. Конференция ҳар йили ўтади, унинг ўтказиладиган жойи одатда ротация негизида белгиланади, бунақа конференциялар собиқ СССРнинг барча Ўрта Осиё республикалари пойтахтида ва Мўғулистонда ўтказилган, сўнгги бор XVIII конференция Австриянинг пойтахти Венада ўтган.

Ўн беш йиллик танаффус

ЕХҲТнинг Тошкентдаги сўнги медиа-конференцияси 2002 йилда ўтган (мавзу – “ОАВ ва коррупция”, унинг материалларини бу ерда fergananews.com/arcive/2017/tashkentconf.pdf, таҳлилчи Алишер Тақсановнинг шарҳини эса бу ерда fergananews.com/articles/919 ўқишингиз мумкин). Ўн йеш йил олдин конференцияни ЕХҲТнинг ўша пайтдаги вакили, таниқли немис ҳуқуқ ҳимоячиси Фраймут Дуве очган эди. Бироқ ташкилотнинг ОАВ бўйича кейинги вакиллари Миклош Хорости билан Дунья Миятовичга бу каби конференцияларни Тошкентда уюштириш насиб қилмади. “Фарғона” маълумотига кўра, шу йилнинг августида ЕХҲТ медиа-офисига янги раҳбар этиб франциялик социалист сиёсатчиси Арлем Дезир тайинланади ва айнан шу одам мазкур шов-шувли тадбирни ўтказади.

ЕХҲТ медиа-конференцияларини Марказий Осиё мамлакатларида ўтказиш доим муаммоли бўлиб келган. Мисол учун, 2016 йилда минтақанинг барча постсовет мамлакатларининг ташқи ишлар вазирликлари ўз юртларида меҳмонларни қабул қилишдан бош тортганлари учун бу йиғилиш Австрия пойтахтида бўлиб ўтди.

Бишкек ва Душанбеда ЕХҲТ мақомининг пасайтирилиши муносабати билан Европа билан ҳамкорлик ниҳосига етиб келди, дея хулосаге келиш мумкин эди, аммо 2016 йилнинг декабрида расмий Тошкент кутилмаганда европалик шерикларга сўз эркинлиги ҳақида мунозара қилиш учун ўз майдончасини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Воқеанинг моҳияти нимада?

Конференциянинг Тошкентда ўтказилиши кўплаб саволларнинг туғилишига олиб келди. Ўзбекистон расмийлари чиндан ҳам очиқроқ бўлмоқдами ёки бу янги президент ва унинг жамоасининг “реформатив” характерини намойишга интилишми? Давлат цензураси амал қилаётган ҳамда мустақил веб-сайтларга ҳамон тўсиқ қўйиб келинаётган, бир неча мустақил журналистлар ҳамон турмада қолаётган мамлакатда ОАВ эркинлиги бўйича конференциянинг ўтказилиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, унда иштирокчилар ўртасидаги мулоқот нечоғлиқ норасмий ва давлат “буюртмачилигидан” мосуво бўлади?

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий ва халқаро ташкилотлар ва институтлар билан ўтмишдоши Ислом Каримов даврида йўқотилган яхши муносабатларни тиклашга интилаётгани очиқ ва равшан. Бугунги кунда у халқ қабулхоналарини ташкил этиб ҳам миллий майдонда, ҳам халқаро майдонда бир хилда фаол ишламоқда. Сўнгги бир неча ой ичида мамлакатга ўнлаб дипломатлар, халқаро молия институтлари вакиллари келиб кетдилар. Шу кунларда эса мамлакатга Европа Комиссиясининг халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича бош директори бошлиқ Европа Иттифоқи делегацияси ташриф буюрмоқда.

Ушбу ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам адолатга интизор бўлиб қолган аҳолини, ҳам Шавкат Мирзиёев сиймосида сал бўлмаса реакцион кучларга қарши кураш олиб бораётган инқилобчини кўраётган ташқи кузатувчиларни руҳлантирмоқда. Гарчи минтақа бўйича мутахассисларга Мирзиёевнинг Ислом Каримов даврида ўзи кўп йиллардан бери ўтирган шохни кесиб ташлаётганини тасаввур қилиш қийин бўлсада, уларнинг кўксини ўзгаришлар илинжидаги романтик умидлар тўлдириб ташлаган.

Эркинлик бўладими?

Деярли бутун “веб-Ўзбекистон” бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ҳаёт кечирмоқда. Илгари мавжуд бўлган цензурани замонавий технология прогресси шароитида қўлланиши иложсиз бўлиб қоляпти. Сўнгги ойларда фаолиятини асосан онлайн олиб бораётган мамлакатнинг расмий масс-медиа воситалари ўзларини анча эмин-эркин тутишмоқда. “Янгилик” маҳсулотлари миқдорининг жадал суратларда ўсиб бораётгани кузатилмоқда ва шу билан бирга, мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий жараёнларига оид жиддий таҳлилларга ҳозирча қўл етиб бормаяпти.

Навбатдаги халқаро анжуман Ўзбекистоннинг янги ҳукумати эришган ютуқлари рўйхатига киритилиши очиқ-равшан. Бироқ анжуман давомида бир-бирлари билан онда-сонда учрашиб юрган марказий осиёлик журналистларнинг ўзаро мулоқотига ҳеч қандай тўсиқ бўлмайдими? ЕХҲТ таклиф этган анжуман иштирокчиларининг рўйхатини Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги рад қилмасмикан? Авваллари содир бўлганидек, чет эллик журналистлар ва олимларнинг мамлакатга киришига тақиқ қўйиб, ушбу муҳим халқаро анжуманнинг мусаффо осмонини тундлаштириб қўйишмасмикан?

Ундан кейин эса, Мирзиёев бош вазирлик пайтида, 2006 йилда Тошкентда ёпилган ЕХҲТ Марказини қайта очиб, мазкур ташкилотга аввалги ваколатларини қайтариб берармикан? Журналистлар учун конференция яхши, бироқ бунақа анжуман икки-уч кун давом этиб, ортидан аҳвол илгариги ҳолатга тушиб қолмайдими? Ўзбекистон расмийлари ташкилотнинг мамлакатдаги мақомини чиндан ўзгартиришга ботинармикан?

Умуман олганда, ушбу саволларга берилажак жавоблар кўп нарсаларни белгилаб беради. Тошкентдаги ЕХҲТ конференцияси мамлакат расмийларининг имижини оқлаб қўядиган бутафориясифат воқеа бўлиб қолиши ҳам мумкин. Лекин, қотиб қолган ва авторитар мамлакатдан замонавий намунадаги демократияга айланаётган янги Ўзбекистоннинг ривожланишида бурилиш нуқтасига айланиши ҳам мумкин.

Албатта биз иккинчисига умид қиламиз.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги