10:44 msk, 20 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда “Врачлар иши”: Прокуратура Жасурбек Ибрагимовни кўпчилик ургани йўқлиги аломатларини кўришни истамоқда

13.07.2017 14:21 msk

Фарғона

Боровский номидаги Тошкент медицина коллежи талабаси Жасурбек Ибрагимовнинг фожиали ўлими атрофида кўтарилган шов-шувлар тинди. Интернет ҳамжамияти жим, расмийлар жим, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан эса садо ҳам чиқмаяпти. Мана бир ой бўлибдики, терговнинг бориши тўғрисида ҳеч қанақа маълумот йўқ: коллежнинг ёпилиши тўғрисидаги хабардан сўнг ушбу иш бўйича бошқа ҳеч ким қўлга олинмаган.

Шунингдек, биз Жасурбек иши бўйича адолатли текширув ўтказилишини талаб қилиб митинг ҳамда петиция иимзолашни уюштирган ташкилотчилар ва фаолларга нисбатан расмийлар бирор-бир босим ўтказганлари борасида ҳеч қандай маълумот топа олмадик. Тошкентдаги адолатли судловни ёқлаб чиққан баъзи нашрларнинг журналистлари бизга айтишларича, уларни тегишли органларга чақириб, “индивидуал суҳбат” ўтказишган. Республикада оммабоп саналган оммавий ахборот воситалари ходимларига ушбу оғриқли мавзуда материалларни чоп этмаслик ҳамда “эҳтиросларни жунбушга келтирмаслик” тавсия қилинди.

Тергов ваъдасига кўра, иш бўйича текширувлар август ойигача ниҳоясига етиши керак, бироқ иш мураккаблашиб кетса, жорий йил охиригача чўзилиши мумкин. Одамлар ўспирин жиноятчиларга чиқарилган ҳукмнинг овоза қилинишини қўрқув ила кутишмоқда. Ва бунга асослар бор.

Боровский номидаги коллежининг 2 курс талабаси, 1999 йилда туғилган Ибрагимов Жасурбек 2017 йил 3 май куни оғир тан жароҳатлари билан Тошкент шаҳар №2 Болалар жарроҳлик касалхонасига етказилган. Шифокорлар томонидан ўтказилган бешта мураккаб операцияларга қарамай, ўспирин 1 июнь куни №16 касалхонада жон берган. Жамоатчилик босими остида Миробод ИИБ терговчилари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 моддаси 3 қисми (“д” банди”) бўйича (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) жиноят иши қўзғатишган. Жабрланувчининг онаси 5 июнь куни берган аризасига кўра, пойтахт прокуратураси 4 июнь куни бу ишни кўриб чиқишни бошлаган. Тергов органлари ўзларининг ҳаракатсизлигини “терговгача текширув” билан оқлашга уринишлари иш бермади, негаки қонун бунга бир ой эмас, 10 кун муддат ажратади, холос. Тўпланган далилларга асосан ҳозирча олти нафар гумонланувчидан фақат биттаси – марҳум Жасурбекнинг курсдоши Исломбек Тўлаганов қўлга олинган. Айни пайтда унга нисбатан қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси кўрилган.

Ҳар ҳолда бўлгуси медик Ибрагимовнинг ўлдирилиши бўйича ишда ноаниқликлар оз эмас. терговнинг ношаффофлигидан фойдаланган айбланувчи томон ўз ҳаракатларини фаоллаштириб юборгани ташвишга солмоқда.

Прокурорларга нима керак?

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги №2 касалхонага олтинчи июль куни прокуратуранинг навбатдаги комиссияси келди. Касалхона шифокорлари “Фарғона” мухбирига айтишича, комиссия бу ерга Жасурбекнинг операцияси арафасида бўлиб ўтган шифокорлар консилиумининг кўрсатмаларини қайта текшириш учун келган экан. Олинган жароҳатлардан ўлар ҳолатга келиб қолган Жасурбекнинг дастлабки икки операцияси айнан шу медицина муассасида ўтказилган. Касалхонага ҳозиргина келтирилган Жасурбекда гапиришга ҳоли бор, у 3 май куни бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида врачларнинг саволларига жавоб беришга улгурган эди. Операция қилишдан олдин бу ердаги жарроҳлар кенг қамровли текширув ўтказдилар ва унинг натижасига кўра ёш йигит кўпчилик томонидан шавқатсиз равишда калтакланган деган хулосага келган эдилар. Ўша пайтнинг ўзида жароҳатлар нечоғлик оғирлигини ҳисобга олган ҳолда ўспириннинг тирик қолишидан кўра жон бериши эҳтимоли кўпроқлиги маълум бўлганди.

“Мутахассисларимиз бу маълумотларни прокурор комиссиясига маълум қилдилар ҳамда ушбу фожиали инцидент бўйича барча далилий базаларни тақдим этдилар”, - дейди касалхонага етказиб келинган боланинг аҳволини кўрикдан ўтказган жаррорҳлардан бири. – Аммо ташриф буюрганларни бу жавоблар қониқтирмаётгани шундоқ ҳам тушунарли эди. Биз интернетда ўқиганимиз, калтакалаган болалардан бирининг (Ислом Тўлагановнинг – муаллиф изоҳи) отаси милицияда ўтган брифингда сўзга чиқиб, ўғли фақат ўзини ҳимоя қилгани, шунинг учун қўлини ва оёғини олдинга чиқариб турганини айтганди. Ибрагимов бўлса юугуриб келиб шу оёқ билан қўлга тўқнаш келган, жароҳатлар ҳам шундан келиб чиққан, деб айтди. Бу гапларнинг ўта тутуриқсиз, қип-қизил ёлғон эканлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Бунақа ёлғонни энг мутаҳам адвокат ҳам гапирмайдику. Гапи рост бўлса, Жасурбекнинг белидаги, бошидаги, ички органларидаги жароҳатлар қаердан келган? Унинг ичида бирорта аъзо соғ қолмаган – деярли титилиб, қонли массага айланиб кетган эдику! Мутахассис бўлмаган одам учун ҳам бунинг ортида нима тургани тушунарли. Айтгандек, шу одам бизнинг тиббиёт муассасамизга келиб ўзини Ибрагимовнинг бобосиман деб таништирган ва боланинг аҳволи ҳақида суриштирганини айтиш лозим.


Тошкентдаги норозилик акциясида тўпланган одамлар расмийлардан фожиани ҳар томонлама текширишни ҳамда ушбу жиноятни содир этишда айбдор бўлган ҳар бир шахсни қонун олдида жавобгарликка тортишни талаб қилишганди.

Шифокорлар айбдор, улар нотўғри хулоса чиқардилар...

Шифокорларнинг гапларини марҳумнинг онаси Нилуфар Аҳмедова ҳам ўзининг президент Шавкат Мирзиёев номига ёзган очиқ хатида тасдиқлайди (мактуб матнини Интернетдан топиш қийин эмас). “Врачлар ўғлим оғир аҳволда, операция ҳам оғир кечади, Жасурнинг ўн икки бармоқ ичаги йиртилиб кетган, бўйрагида гематома бор, ошқозоности бези қаттиқ шикастланган, бошқа органларда ҳам шикастлар бор, перитонит (йиринглаш) бошлангани учун қорин бўшлиғининг бир қисми олиб ташланган, деб тушунтирдилар. Врачлар, шунингдек, ўғлимни бир вақтнинг ўзида бир неча киши ҳар томондан туриб калтаклагани ҳақидаги гумонимни тасдиқладилар. Унинг ўзи ҳам ҳушига келганида менга биринчи зарбадаёқ йиқилиб тушганини, ўрнидан туришга уриниб, тиз чўкканида турли томондан тепки зарбалари остида қолганини, кейин бўлса ҳушидан кетиб қолганини айтди”.

Шу ерда қайд этиш жоиз, врачлар ҳеч кимга расмий хулоса тақдим этганлари йўқ – бу ерда гап фақат кўпчилик бўлиб ургандагина пайдо бўладиган қаттиқ жароҳатлар устида кетмоқда. Врачларнинг ҳаракатларини ҳамда уларнинг норасмий хулосаларини текшириш кимга керак бўлиб қолди?

“Фарғона” маълумотига кўра, жанжални бошида турган Ислом Тўлагановнинг отаси Абдужамил Расулов прокуратурага мурожаат қилиб, №2 касалхона врачларининг “нотўғри” хулосаси устидан шикоят қилган. Айни пайтда Расулов адвокат бўлиб ишлаяпти, ўтмишда прокуратура ходими бўлган (айнан қаерда ишлаганини ҳозирча аниқлаб бўлмади). Айтгандек, унинг хотини Зумрад Мамбетова ҳам адвокат бўлиб ишлайди.

Июнь ойи охирида Тошкентда ёш ўспиринлар иштирокида яна бир мудҳиш қотиллик содир этилди. Шавқатсиз муштлашув оқибатида юридик коллеж битирувчиси Акмал Абдураҳмонов ҳалок бўлди. Бироқ бу фожиали ҳодиса жамоатчилик орасида шов-шув кўтарилишига олиб келмади. Норасмий маълумотларга кўра, расмийлар марҳумнинг қариндошларига керагидан ортиқ даражада фаоллик кўрсатмаслик борасида огоҳлантириш берган.

Собиқ прокуратура ходими Расулов фарзандини қатъий жазодан қутқариб қолишга уриниб, жанжал “яккама-якка” кечган деган фаразни илгари суриб, ўғли Ислом танишининг синглиси номусини ҳимоя қилиш учун шу машмашага аралашиб қолган деган фикрда қатъий турибди. У ҳар қандай йўл билан Жасурбекни кўпчилик эмас, бир киши калтаклаганини исботламоқчи. Адвокат Ўзбекистонда кўпчилик иштирокида содир этилган жиноят учун жавобгарлик ёлғиз одам содир этган жиноятга қараганда анча қаттиқроқлигини яхши билади. Унинг нуқтаи-назаридан келиб чиқадиган бўлса, бир неча киши томонидан амалга оширилган калтаклашлар натижасида етказилган оғир тан жароҳатлари тўғрисида “нотўғри хулосалар” берган медикларни жазога тортиш керак.

“Комиссия аъзолари билан мулоқот чоғида Расуловнинг ўғлини бегуноҳ қилиб кўрсатишга йўналтирилган кампания кетяпти, деган ғалати ҳисиёт бизни тарк этмади, - дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашади болалар касалхонасидаги “Фарғона” суҳбатдошларидан бири. – Бу ҳолатни “қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” деган ибора билан таърифлаш мумкин. Афтидан, собиқ прокурор деган гап йўққа ўхшаяпти. Уларга биз ҳақиқатни гапирганмиз. Биз Жасурга етказилган жароҳатлар битта зарбадан эмас, балки кўпчилик томонидан, турли томонлардан ёғдирилган жуда аёвсиз зарбалар натижасида пайдо бўлган фикрда қатъиймиз. Бироқ прокурорларнинг хулосаси бизнинг хулосамизга мос келади, деб айта олмаймиз. Улар ўзларича нималарни ёзишини Худо билади...”

Баттоллар Жасурбекнинг қорнида қолдирган пойафзал изи. “Фарғона” таҳририятида ҳалок бўлган йигитга нисбатан содир этилган зўравонлик изларнинг бошқа фотосуратлари ҳам бор

Терговнинг чўзилишидан манфаатдорлар борми?

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тергов органларининг ушбу долзарб иш бўйича шошилмаётганларини муҳокама қила туриб, терговнинг чўзилиши процесснинг барча манфаатдор томонлари учун фойдали бўлиб қолаётганини қайд этишмоқда. Бугунги кунда агар қўлга олинган Ислом Тўлагановнинг ёлғиз ўзи жавобгарликка тортилса, 104 модда 3 қисм “д” бандига мувофиқ 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бир-икки йил ўтмай адвокатлардан иборат ота-оналарнинг сай-ҳаракатлари натижасида у амнистия билан очиққа чиқиши ҳеч гап эмас.

Жиноят иши очилганидан деярли бир ярим ой ўтганидан сўнг унда янги фигурантларнинг пайдо бўлиши эҳтимолдан йироқ, дея тахмин қиладилар тармоқ фойдаланувчилари. Бу ҳолат гарчи шавқатсиз калтаклашда бир гуруҳ жиноятчиларнинг иштирокига қатор далиллар борлигига қарамай юзага келган. Аввали-бошдан кўплаб саволларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган терговнинг инерт ҳаракатлари ушбу масалада кимдир ташқаридан туриб “режиссёрлик” қилаётганини кўрсатмоқда.

Тергвочиларнинг қўлидаги ишда фақат Ибрагимов ва Тўлагановнинг учрашув жойининг кадрлари борлиги (қолганлари қаерда?) ҳам бежиз эмасга ўхшаяпти. Миш-мишларга қараганда, содир бўлган ҳодисани қайд этиши мумкин бўлган (ИИББ бурни остидаги) кузатув камералари ўша пайтда ишламаётган бўлган (?). Шунингдек, улардаги “номақбул маълумот” ўчириб ташланиб, ишдан чиқарилган бўлиши мумкин.

Бу миш-мишларинг ҳаммасини очиқ ва профессионал ҳамда жиноятчиларни оқлаб, бегуноҳ одамларни қоралашга мойил бўлмаган тергов чиппакка чиқариши мумкин эди. Бундан ташқари, ушбу иш қандай кечаётгани борасида жамоатчиликка маълумотларнинг тақдим этилиши фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончини кўтарарди, холос. Бутун мамлакат бўйича ҳам...

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама